Штат жадвали қайси шакл бўйича тузилади

preview

Ҳар бир корхона штат жадвалига эга бўлиши шартми? Тасдиқланган бланка ва уни тўлдириш бўйича йўриқнома мавжудми? Хусусий корхонанинг штат жадвалига лавозимлар Классификаторида мавжуд бўлмаган лавозимни киритиш мумкинми? Ушбу масалаларни тушуниб олиш учун buxgalter.uz ҳужжатларининг намуналаридан ва «Норма»нинг кадрлар масалалари бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВАнинг тушунтиришидан фойдаланинг.

Зарурми ёки йўқ

- Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик иш берувчига штат жадвалини тузиш мажбуриятини юкламайди. Меҳнат кодексида ушбу ҳужжат тури ҳатто зикр қилинмаган. Бироқ бундай ҳужжат сизда барибир бўлиши лозимлиги фойдасига салмоқли далил мавжуд.

Биринчидан, штат жадвали зарурлигига ҳаволалар талай норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда, шунингдек ОС Пленумининг 17.04.1998 йилдаги “Судлар томонидан меҳнат шартномаси (контракти)ни бекор қилишни тартибга солувчи қонунларнинг қўлланиши ҳақида”ги 12-сон қарорида келади.

Иккинчидан, штат жадвалини тузиш сизга компанияга зарур ходимлар сони, уларни сақлаш учун пул суммалари ва ташкилотнинг тузилмасини аниқлаштириб олиш имконини беради. Ахир моҳиятига кўра штат жадвали – бу компания тузилмаси, унинг бўлимлари, ходимларининг сони, шунингдек улар иш ҳақининг миқдорини акс эттирувчи ҳужжат.

Бундан ташқари, штат жадвалига ходимларга лавозимга боғлиқ ҳолда қўшимча тўловларни (қўшимча ҳақ, устама) киритиш мумкин.

Албатта, агар сизда минимум штат билан кичкина ташкилот бўлса, сизда штат жадвали тузиш учун жиддий зарурат йўқ. Бироқ йирик ташкилотда – бу ҳужжатсиз бўлмайди.

Хуллас, агар меҳнат шартномаларида иш ҳақининг аниқ миқдори кўрсатилган бўлса, у ҳар гал оширилганда ҳар бир ходим билан қўшимча келишув тузиш зарур. Агарда корхонада штат жадвали мавжуд бўлса ва меҳнат шартномаларида иш ҳақини “штат жадвалига асосан” белгилаш айтиб ўтилган бўлса, у оширилганда қўшимча келишувни расмийлаштириш зарур эмас.

Шакли

- Меҳнат қонунчилиги ташкилотга штат жадвалига эга бўлиш мажбуриятини юкламагани боис унинг қандайдир бирхиллаштирилган шакли ҳам назарда тутилмаган. Сиз компаниянгиз эҳтиёжидан келиб чиқиб, мустақил равишда ҳужжатнинг таркибини белгилашингиз мумкин. Шунингдек, бизнинг унча катта бўлмаган ва йирик компаниялар учун штат жадвали намуналаримиздан фойдаланишингиз мумкин.

Ишлаб чиқилган штат жадвалини иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланг. Унга ҳар қандай ўзгартиришни худди шу йўсинда киритинг.

Ҳужжатни «Excel»да тузган маъқул, сабаби мазкур дастур ойлик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасини автоматик тарзда ҳисоблаш имконини беради.

Агар штат жадвалига лавозимлар Классификаторида кўрсатилмаган мутахассисликни киритиш масаласи юзага келса, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига мурожаат қилинг. У касб ёки лавозимнинг Классификаторда кўрсатилганларига айнанлигини белгилайди.

Кадрларга доир ҳужжатлар Кадрларга доир ҳужжатлар Кадрларга доир ҳужжатлар /uz/publish/doc/text175560_shtat_jadvali_qaysi_shakl_buyicha_tuziladi1