Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Меҳнат дафтарчаси йўқ – стаж ҳам бўлмайдими?
Пенсияга ҳужжатларни йиғаётган шахсга охирги ишдан бўшаган жойида раҳбар билан бўлган можародан кейин меҳнат дафтарчасини беришмаяпти. Ходим меҳнат дафтарчамни йўқотиб қўйишган деган шубҳага боряпти. Шу туфайли пенсияни расмийлаштиришда тўсиқ пайдо бўлган. Бўлғуси пенсионер меҳнат дафтарчаси йўқлиги сабабли пенсиясиз қолиши мумкинми? Buxgalter.uz қуйидаги вазиятга ойдинлик киритди: иш берувчи меҳнат дафтарчасини беришни рад этишга ҳақлими?
Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқ нусхаси билан бирга меҳнат дафтарчасини ҳам ходимга бериши лозим . Меҳнат дафтарчасини беришни бирор-бир сабабларга кўра ортга суриш мумкин эмас.
Бундан ташқари, меҳнат дафтарчасининг ўз вақтида берилмаганлиги иш берувчига қимматга тушиши мумкин. Иш берувчининг айби билан меҳнат дафтарчаси берилмай ушлаб турилган ҳолларда ходимга мажбурий прогул вақти учун ўртача иш ҳақи тўланади. Масалан, моддий жавобгар ходим томонидан моддий қимматликлар ўз вақтида топширилмаган ҳолатларда меҳнат дафтарчасининг ушлаб турилишини олайлик. Мазкур ҳолатда ишдан бўшатиш куни меҳнат дафтарчаси берилган кун ҳисобланади. Ишдан бўшатишнинг янги санаси ҳақида буйруқ чиқарилади ва меҳнат дафтарчасига бошқа ёзув киритилади, дастлабки ёзув бекор қилинади .
Иш берувчи ишдан бўшатилган ходимга унинг меҳнат дафтарчасини бермаётган бўлса, ходим жавобгар унга меҳнат дафтарчасини беришини ва меҳнат дафтарчаси ноқонуний ушлаб турилган мажбурий прогул вақти учун иш ҳақи ундирилишини талаб қилган ҳолда судга мурожаат қилиши мумкин.
Меҳнат дафтарчаси йўқолганда стажни қандай тасдиқлаш керак
Ҳақиқатан ҳам, меҳнат дафтарчаси – бу иш стажини тасдиқловчи асосий ҳужжат . Бироқ меҳнат дафтарчаси мавжуд бўлмаган ҳолатларда ёки унга зарур ёзувлар киритилмаганда ёхуд улар нотўғри ва ноаниқ бўлганда, иш стажини тасдиқлаш учун қуйидаги ҳужжатлар қабул қилинади :
- маълумотномалар, шу жумладан архив маълумотномалари;
- буйруқлардан кўчирмалар;
- шахсий ҳисобрақамлар ва иш ҳақи тўлаш бўйича қайдномалар;
- меҳнат шартномалари (контрактлар);
- меҳнат фаолияти даврлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган бошқа ҳужжатлар.
Маълумотномада қуйидагилар кўрсатилади:
- ишга қабул қилиш тўғрисидаги маълумотлар;
- ишдан ишга ўтказишлар (лавозимлар) ҳақидаги маълумотлар;
- асос келтирилган ҳолда меҳнат дафтарчасини бекор қилиш тўғрисидаги маълумотлар.
Маълумотнома ташкилот ёки архив раҳбари, шунингдек уни тайёрлаган ходим томонидан имзоланади ҳамда уни берган ташкилот ёки архив муҳри билан тасдиқланади .
2005 йилдан амалга оширилган меҳнат фаолияти бўйича стажни тасдиқлаш учун архив маълумотлари зарур бўлмайди. Меҳнат стажини тасдиқлаш ва пенсия ҳисоблаш учун иш ҳақи миқдорини аниқлашда қуйидаги маълумотлардан фойдаланилади:
- 2005–2016 йиллардаги даврлар учун – ШЖБПҲга мажбурий бадаллар тўғрисидаги маълумотлар;
- 2016–2018 йиллардаги даврлар учун – бюджетдан ташқари ПЖга ҳисобланган фуқароларнинг суғурта бадалларини якка тартибда ҳисобга олишнинг электрон марказлаштирилган реестридан маълумотлар;
- 2019 йил учун – Фуқароларнинг ҳисобланган иш ҳақини персоналлаштирилган ҳисобга олишнинг электрон марказлаштирилган реестридан маълумотлар.
Ушбу даврлар учун архив маълумотлари фақат тизимларда зарур маълумотлар мавжуд бўлмаган тақдирда ёки ариза берувчининг мурожаатига кўра талаб этилиши мумкин. Тақдим этилган ҳужжатларни текшириш зарурати туғилганда, шунингдек қўшимча архив маълумотлари талаб этилганда, пенсия кейинчалик қайта ҳисоблаш билан энг кам миқдорда расмийлаштирилади .
Шу тариқа, пенсияни расмийлаштиришда 2005 йилгача амалга оширилган меҳнат фаолияти бўйича стажни қоғоз шаклидаги ҳужжатлар билан, 2005 йилдан кейинги стажни эса электрон маълумотлар билан тасдиқлаш мумкин.
2020 йил 1 январдан кейин меҳнат стажи «Ягона миллий меҳнат тизими» (ЯММТ) идоралараро аппарат-дастурий комплексида мавжуд маълумотларга асосан тасдиқланади. Унда меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказиш, уни ўзгартириш ва бекор қилиш асосида электрон меҳнат дафтарчаси шакллантирилади .
Меҳнат дафтарчаси ва архив маълумотларисиз фақат суд орқали
Меҳнат дафтарчаси йўқотилган, меҳнат фаолияти амалга оширилган корхона эса тугатилган ҳолатлар ҳам учраб туради. Тугатилган корхонада ҳуқуқий ворис бўлса, стаж ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар ҳуқуқий ворис томонидан берилади. Бундай ворис бўлмаса, зарур ҳужжатларни архивлардан излаб топиш лозим . Архивда ҳужжатлар топилмаган тақдирда, фақат судга мурожаат қилинади .
Суд томонидан давлат пенсиясига бўлган ҳуқуқни амалга ошириш билан боғлиқ қуйидаги ишлар кўриб чиқилади:
- меҳнат стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда меҳнат фаолияти даврларини тасдиқлаш тўғрисидаги ишлар;
- меҳнат стажини тасдиқловчи ҳужжатларнинг тегишлилиги тўғрисидаги ишлар;
- иш ўринларини аттестациядан ўтказиш тўғрисидаги ва бошқа ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, зарарли ва хавфли шароитларда меҳнат қилганликни исботлаш тўғрисидаги ишлар .
Меҳнат стажи тўғрисидаги ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда, фуқаро яшаш жойидаги фуқаролик ишлари бўйича судга меҳнат фаолияти даврларини тасдиқлаш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилиши лозим. Бунда у 1 БҲМ миқдорида давлат божи ва БҲМнинг 7%и миқдорида почта харажатларини тўлайди.
Ленара ХИКМАТОВА, «Норма» компаниясининг меҳнат ҳуқуқлари бўйича эксперти.