Вафот этган ходимнинг меҳнат дафтарчасига ёзув киритиш

preview

Корхона ходими тўсатдан вафот этди. Бу вазиятда унинг меҳнат дафтарчаси 2-устунида қайси сана кўрсатилади? Вафот этган ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқ қайси сана билан расмийлаштирилади? Иш берувчи меҳнат дафтарчасига зарур ёзувларни киритиб бўлгач, уни кимга бериши керак?

 

Меҳнат кодексининг 106-моддаси 5-бандига биноан ходимнинг вафот этиши меҳнат шартномасини бекор қилишнинг тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолати ҳисобланади. ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган ўлим ҳақидаги гувоҳнома ходимнинг ўлимини тасдиқловчи асос ҳисобланади. Кўрсатилган ҳужжат бўлмаганда иш берувчи меҳнат муносабатларини тугатишни расмийлаштиришга ҳақли эмас.

Меҳнат кодексида ходим вафот этган тақдирда меҳнат муносабатларини қайси санадан бошлаб бекор қилиш белгиланмаган. Мазкур ҳолатда меҳнат шартномасини бекор қилиш куни охирги иш куни эканлигини белгиловчи МКнинг 107-моддаси иккинчи қисмини қўллаш мумкин эмас.

Ўлим ҳақидаги гувоҳнома вафот этган шахснинг қариндошлари томонидан тақдим этилади ва унга асосан иш берувчи гувоҳнома берилган кунда меҳнат муносабатларини тугатиш тўғрисида буйруқ (фармойиш) чиқаради. Мазкур ҳолатда меҳнат муносабатларини тугатиш санасига ўлим ҳақидаги гувоҳномада кўрсатилган сана кўрсатилади. У, шунингдек, буйруқда ҳам, вафот этган ходим меҳнат дафтарчасининг 2-устунида ҳам кўрсатилади. “Иши тўғрисидаги маълумотлар” бўлимида тартиб рақами ва сана кўрсатилгандан сўнг 3-устунда “Меҳнат муносабатлари тугатилди” ёзуви киритилади, 4-устунда эса буйруқ санаси ва рақами кўрсатилади. Бу ёзув белгиланган тартибда тасдиқланади.

Меҳнат дафтарчаси вафот этган шахснинг энг яқин қариндошларига тилхат асосида берилади ёки уларнинг талабига кўра почта орқали жўнатилади (АВ томонидан 1998 йил 29 январда 402-сон билан рўйхатга олинган Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида Йўриқноманинг 3.4-банди).

Қариндошнинг шахси ва вафот этган шахс билан қариндошлик алоқалари мавжудлиги ҳужжатлар билан тасдиқланиши керак. Мисол учун, эр-хотин учун бундай ҳужжат никоҳ тузилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома бўлади, ота-она ва болалар, ака-ука ва опа-сингиллар учун паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, бошқа шунга ўхшаш ҳужжатлар ёки уларнинг лозим даражада тасдиқланган нусхалари бўлиши мумкин.

 

 

 

 

 

Вафот этган ходимлар билан меҳнат шартномаларига оид маълумотлар базаси Вафот этган ходимлар билан меҳнат шартномаларига оид маълумотлар базаси Вафот этган ходимлар билан меҳнат шартномаларига оид маълумотлар базаси /uz/publish/doc/text176327_korhona_bulimlaridan_birining_hodimi_tusatdan_vafo