Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Иш берувчи таътилни пуллик компенсация билан тўлиқ алмаштирди
Ходим таътилни пуллик компенсация билан алмаштиришни сўради. Иш берувчи унинг илтимосини қаноатлантирди. Шу сабабли муаммолар юзага келиши мумкинми?
– Ҳа, иш берувчи МК 151-м. талабларини бузган.
Ходимга иш даврида унинг хоҳишига кўра тўлиқ таътил ўрнига унинг фақат бир қисми – 15 иш кунидан ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланади .
Масалан, ходимнинг таътили 21 иш кунини ташкил этса, ходимнинг аризасига кўра таътилнинг фақат 6 иш куни (21 – 15 = 6) учун пуллик компенсация тўланиши мумкин. Ходим таътилнинг 15 иш кунидан асли ҳолида – айнан дам олиш кунлари сифатида фойдаланиши керак.
Фақат ходимнинг ўзи шундай хоҳиш билдириб, иш берувчига тегишли ариза берса, таътилнинг бир қисмини пуллик компенсация билан алмаштириш мумкин. Ҳатто ходимнинг ўзи дам олишни истамай, тўлиқ таътил ўрнига пуллик компенсация олишни истаса, – бундай илтимосни қаноатлантириб бўлмайди. Жавобгарлик ходимнинг эмас, балки иш берувчининг зиммасига юклатилади.
Иш берувчи учун оқибатлар
Иш берувчининг хатти-ҳаракатлари МЖТКнинг 49-м. назарда тутилган ҳуқуқбузарлик таркибини ҳосил қилади. Иш берувчининг айбдор мансабдор шахси 5 БҲМдан 10 БҲМгача миқдорда жаримага тортилиши мумкин.
Хатони тузатиш тартиби
Буйруқ расмийлаштириб, ходимга тўлиқ таътил беринг. Ёхуд – у билан келишиб, таътилнинг бир қисмини пуллик компенсация билан алмаштиринг.
Ходим меҳнат шароити ноқулай ва ўзига хос бўлган ёхуд оғир ва ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқидан фойдаланса – ушбу ҳолатни ҳисобга олинг. Бундай таътилларнинг биронта қисмини пуллик компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди .
«Таътил пулини» ҳисоблаётганда илгари тўланган пуллик компенсация суммасини таътил учун тўланган ҳақ деб ҳисобга олиш мумкин.