Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Иш берувчи томонидан жамоа шартномаси шартларининг бекор қилиниши
Жамоа шартномасида қайд этилганидек, корхонада 5 йилдан ортиқ узлуксиз иш стажи учун йиллик асосий таътилга яна 3 кун қўшиб берилади ва ҳақ тўланади. Бироқ, ишлаб чиқариш кенгашида директор молиявий аҳвол оғирлиги туфайли ҳақ тўланадиган қўшимча таътилни бекор қилишга фармойиш берганини маълум қилган. Иш берувчининг ҳаракатлари тўғрими?
– Иш берувчининг ҳаракатлари ноқонуний.
Жамоа шартномасида қайд этилган шартларни ўзгартириш ёки бекор қилишнинг фақат бир усули мавжуд. Бунинг учун жамоа шартномасига меҳнат жамоасининг йиғилиши (конференцияси) томонидан маъқулланган тегишли тузатишлар киритилиши лозим . Ушбу ҳужжатни қабул қилиш учун айнан шундай таомил назарда тутилган, МКнинг 88-моддасига мувофиқ эса меҳнат шартлари қандай тартибда белгиланган бўлса, шундай тартибда ўзгартирилади.
МКнинг 34-моддасига мувофиқ иш берувчининг манфаатларини ифода этувчи шахслар жамоа шартномаси мажбуриятлари бажарилиши учун жавобгар бўладилар. Уларни бузганлик учун МЖТКнинг 49-моддасига мувофиқ 5–10 БҲМ миқдорида жарима солиниши назарда тутилган.
Жамоа шартномасида назарда тутилган мажбуриятларнинг бажарилишини иш берувчининг вакиллари, меҳнат жамоаси, шунингдек Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг тегишли органлари текшириб борадилар .
Жамоа шартномаси – корхонада иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга оид, ижтимоий-иқтисодий ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир .
Жамоа шартномасига корхонанинг иқтисодий имкониятларини ҳисобга олган ҳолда қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган нормалар ва қоидаларда кўрсатилганига қараганда имтиёзлироқ меҳнат шартлари ва ижтимоий-иқтисодий шартлар ҳам киритилиши мумкин :
- қўшимча таътиллар;
- пенсияларга тайинланадиган устамалар, муддатдан илгари пенсияга чиқиш;
- транспорт ва хизмат сафари харажатлари учун компенсациялар;
- ходимларни ишлаб чиқаришда ҳамда уларнинг болаларини мактабда ва мактабгача тарбия муассасаларида текин ёки қисман ҳақ тўланадиган тарзда овқатлантириш;
- бошқа рағбатлантирувчи шартлар.