Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ижтимоий таътиллар кимга ва қай тарзда тақдим этилади
Тавсияда:
– ҳомиладорлик ва туғиш таътили;
– болаларни парваришлаш таътили;
– янги туғилган болаларни фарзандликка олган ёки болалар устидан васий қилиб белгиланган шахсларга таътил;
– ўқиш билан боғлиқ таътил;
– ижодий таътиллар.
Иш берувчи ходимларга қуйидаги таътилларни беришга мажбурдир :
- ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари;
- болаларни парваришлаш таътиллари;
- ўқиш билан боғлиқ таътиллар;
- ижодий таътиллар.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили
Туғишдан олдин 70 календарь куни ва туғишдан кейин 56 календарь куни (қийин кечган туғишларда ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда – 70 кун) миқдорида таътиллар берилиб, давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақа тўланади . Таътилни расмийлаштириш учун асос – ўрнатилган тартибда берилган меҳнатга вақтинчалик лаёқатсизлик варақаси .
Ходима томонидан тақдим этилган меҳнатга вақтинчалик лаёқатсизлик варақасига асосан ҳомиладорлик ва туғиш таътили бериш тўғрисида буйруқ чиқарилади.
Туғиш қийин кечган ёки икки ва ундан ортиқ бола туғилган ҳолларда туғруқ муассасаси туғишдан кейинги таътил даврини яна 14 кунга узайтиради, бу ҳақда меҳнатга лаёқатсизлик варақасининг “давомини” беради (56 кун + 14 кун = 70 кун). Унга асосан ҳомиладорлик ва туғиш таътилини узайтириш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг.
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили жамланган ҳолда ҳисоблаб чиқилиб, туғишга қадар амалда бундай таътилнинг неча кунидан фойдаланилганидан қатъий назар аёлга тўлиқ берилади .
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили давомида ходиманинг иш жойини (лавозимини) сақланг. Бу ўринга бошқа ходимни қабул қилаётиб, у билан таътил охиригача муддатли меҳнат шартномаси тузинг. Таътилни ходиманинг иш стажига, шу жумладан, мутахассислик бўйича иш стажига, шунингдек кейинчалик меҳнат таътили олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қўшинг .
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили бериш мулкчилик шаклидан қатьий назар, барча иш берувчилар учун мажбурийдир. Ушбу қоидани бузиш мансабдор шахсни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилишига олиб келиши мумкин.
Ходимага ҳомиладорлик ва туғиш бўйича нафақа тўланг. Унинг миқдори аёл ишга қабул қилинган пайтдан бошлаб ҳақиқатда ишлаган вақтига боғлиқ бўлади:
- ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб 12 ойгача – ўртача ойлик маошнинг 75 %;
- ишга қабул қилинган вақтдан бошлаб 12 ойдан ортиқ – ўртача ойлик маошнинг 100 % .
Ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини мулкчилик шаклидан қатьий назар, барча ташкилотлар тўлашга мажбур. Ушбу қоидани бузиш мансабдор шахсни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-3-моддасига мувофиқ жавобгарликка тортилишга олиб келиши мумкин.
Ходимани ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида иш берувчининг ташаббусига кўра Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми билан ишдан бўшатиш мумкин эмас, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно.
Корхона тугатилган тақдирда ходима тўғрисидаги маълумотларни уни кейинчалик ишга жойлаштириш учун меҳнат бўйича маҳаллий органга жўнатинг .
Бола 2 ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун таътил
Ҳомиладорлик ва туғиш таътили тугаганидан кейин аёлнинг хоҳишига кўра унга боласи 2 ёшга тўлгунга қадар болани парваришлаш учун таътил берилиб, нафақа тўланади . Бюджет ташкилотлари томонидан ушбу нафақа тўланмайди .
Ходиманинг аризасига кўра болани парваришлаш таътили тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг.
Бюджетдан ташқари ташкилотлар ходимага бола 2 ёшга тўлгунича бериладиган таътил давомида нафақа тўлашлари шарт. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб унинг миқдори МҲТЭКМнинг 60%ини ташкил этади .
Нафақа тайинлаш ва тўлаш тартиби Низом билан тартибга солинади.
Бюджет ташкилотлари бола парвариши бўйича нафақа тўламайди.
Таътил тугаганидан кейин аёлга хоҳишига кўра бола парвариши учун у 3 ёшга тўлгунича ойлик маоши сақланмаган ҳолда қўшимча таътил берилади. Бу таътил ҳам ЯММТда рўйхатга олинади.
Ходимадан таътил тақдим қилиш тўғрисида ариза ва боланинг туғилганлик гувоҳномасидан нусха олинг. Уларга асосан бола парвариши учун у 3 ёшга тўлгунича ойлик маоши сақланмаган ҳолда қўшимча таътил бериш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг .
Бола парвариши таътилидан, шунингдек боланинг отаси, бувиси, бобоси ёки уни ҳақиқатда тарбиялаётган бошқа қариндоши тўлиқ ёки қисман фойдаланиши мумкин .
Бола парвариши таътили даврида аёлнинг иш ўрни (лавозими) сақланади . Ходима бола парвариши таътилидан хоҳлаган вақтда, муддатидан олдин ишга чиқиши мумкин. Агар бу ўринда бошқа шахс ишлаётган бўлса ҳам, иш берувчи буни тақиқлаши мумкин эмас. Аёл ишга муддатидан олдин чиққан тақдирда, унинг ўрнига ишга қабул қилинган ходим билан меҳнат шартномаси шу кундан бошлаб бекор қилинади .
Бола парвариши таътилидан муддатидан олдин ишга чиқишни ходиманинг ишга чиқишга хоҳиши тўғрисидаги аризасига биноан буйруқ билан расмийлаштиринг.
Бола парвариши таътили даврини меҳнат стажига, шу жумладан, мутахассислик бўйича иш стажига қўшинг, бироқ бу давр 3 йилдан ортиқ бўлмаслиги керак .
Иш берувчининг ташаббусига кўра ходимани боласи 3 ёшга тўлгунича Меҳнат кодексининг 100-моддаси 2-қисми билан ишдан бўшатиш мумкин эмас, корхона бутунлай тугатилган ҳоллар бундан мустасно .
Корхона тугатилган тақдирда ходима тўғрисидаги маълумотларни уни кейинчалик ишга жойлаштириш учун меҳнат бўйича маҳаллий органга жўнатинг .
Бола парвариши таътилидан чиқиш санасини аниқлашда қуйидаги қоидаларни қўлланг:
- боланинг туғилган куни, яъни у мос равишда 2 ёки 3 ёшга тўлган кун таътилнинг охирги куни (унинг тугаш куни) ҳисобланади;
- ходим шу кундан кейинги иш кунида ишга чиқиши лозим;
- агар боланинг туғилган куни иш кунига тўғри келмаса, ундан кейинги биринчи иш куни ишга чиқиш куни ҳисобланади;
- агар боланинг туғилган куни иш кунига тўғри келса, ундан кейинги кун эса иш куни бўлмаса, ходим ундан кейинги биринчи иш кунида ишга чиқиши керак бўлади.
Янги туғилган болаларни фарзандликка олган ёки болаларга васий қилиб белгиланган шахсларга бериладиган таътиллар
Бундай таътил фарзандликка олган (васийлик белгиланган) кундан бошлаб бола туғилган кундан бошлаб 56 календарь куни миқдорида тақдим этилади. Икки ёки ундан ортиқ янги туғилган болаларни фарзандликка олган (васийлик белгиланган) ҳолларда эса – бола туғилган кундан бошлаб 70 календарь кунигача .
Шунингдек, бундай шахсларга уларнинг хоҳишига кўра болани парваришлаш бўйича у 3 ёшга тўлгунича қўшимча таътиллар берилади .
Бундан ташқари, бу шахслар Меҳнат кодексининг 238-моддасига мувофиқ аёллларга бериладиган оналик билан боғлиқ кафолат ва имтиёзлардан ҳам фойдаланишга ҳақлидир. Таътил даврида уларнинг иш ўринлари (лавозимлари) сақланади.
Ўқиш билан боғлиқ таътиллар
Иш берувчи бундай таътилларни ишни таълим билан бирга қўшиб олиб борувчи шахсларга тақдим этиши шарт.
Бу таътилларга қуйидаги талабалар ҳақли:
- олий таълим муассасалари (ОТМ) ва ўрта махсус касбий таълим муассасалари (ЎМКТМ)нинг сиртқи бўлимларидаги I ва II курс талабаларига, лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этиш учун – ҳар йили камида 30 календарь куни миқдорида;
- ОТМ ва ЎМКТМнинг сиртқи бўлимларидаги III ва ундан юқори курс талабаларига, лаборатория-имтиҳон сессияларида иштирок этиш учун – ҳар йили камида 40 календарь куни миқдорида;
- ОТМ ва ЎМКТМда якуний имтиҳонларни топшириш учун – камида 30 календарь куни;
- диплом лойиҳаси (иши)ни ёқлаш учун: ОТМда – 4 ой, ЎМКТМда – 2 ой .
Ижодий таътиллар
Ижодий таътиллар қуйидаги муддатларга берилади:
- 3 ойгача – номзодлик диссертациясини якунлаш учун ҳамда дарсликлар ва ўқув-услубий қўлланмалар қўлёзмалари муаллифларига;
- 6 ойгача – докторлик диссертациясини якунлаш учун.
Бундай таътил даврида ходимнинг ўртача ойлик маоши ва асосий иш жойидаги лавозими сақланиб қолади .
Ижодий таътиллар тақдим этиш учун махсус Тартиб қабул қилинган.
Таътилларнинг бошқа турларини тақдим этиш тўғрисида қаранг: «Меҳнат таътиллари кимга ва қай тарзда тақдим этилади».