Меҳнат дафтарчаси ходимга берилганда ким жавобгар бўлади

preview

«Ходим шахсий мақсадлари учун бир неча кунга меҳнат дафтарчасини беришни сўраяпти. Кадрлар бўлими ходими сифатида унинг илтимосини қаноатлантиришга ҳақлиманми? Агар ходим уни йўқотиб қўйса ёки яроқсиз ҳолга келтирса, бунинг учун ким жавобгар бўлади?».

 

– Ҳа, ходимга меҳнат дафтарчаси вақтинчалик берилиши мумкин . Бунинг учун унинг ёзма равишдаги илтимосномаси бўлиши лозим, унда меҳнат дафтарчасини қайтариб бериш шарти билан олиниши сўралади. Бироқ чекланган муддат белгиланганлигини унутмаслик керак, меҳнат дафтарчаси унинг эгасига 5 кундан ортиқ бўлмаган муддатга берилади.

Сиз меҳнат дафтарчасига охирги иш жойи ва лавозими ҳақида киритилган маълумотларнинг тасдиғи сифатида маълумотнома беришингиз лозим.

Меҳнат дафтарчаси унинг эгасида бўлган даврда унга қўшимча ёзувлар киритиш, ёзувларни ўзгартириш, гаровга бериш ёки йўқ қилиш қатъиян ман этилади. Барча жавобгарлик ходимнинг зиммасига юклатилади.

Меҳнат  дафтарчасини қайтариб олаётганингизда эгасининг ёнида уни очинг ва эътибор билан текшириб чиқинг. Бланк бошланғич ҳолатига мувофиқлигига, ходим унга ёзувлар киритмаганлигига, уни яроқсиз ҳолга келтирмаганлигига ишонч ҳосил қилинг. Тузатишлар киритилганлигини аниқласангиз, гувоҳларни жалб этган ҳолда далолатнома тузинг. Ҳужжатни очиб кўрмасдан қайтариб олсангиз, кейинчалик меҳнат дафтарчасини кадрлар бўлими ходими эмас, балки ходимнинг ўзи яроқсиз ҳолга келтирганлигини исботлаш мушкул бўлади.

Меҳнат дафтарчасини яроқсиз ҳолга келтирганлик учун иш берувчи ходимга МКнинг 181-моддасида назарда тутилган интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли.

 

Ходим меҳнат дафтарчасини йўқотиб қўйганда

Мазкур ҳолатда қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини тиклаб бўлмайди, сабаби 2020 йилдан бошлаб ЯММТ тизими орқали электрон меҳнат дафтарчалари жорий этилгандан кейин дафтарчалар бланклари чиқарилиши тўхтатилган  . Ходим иш стажини тасдиқлаш учун аввалги иш жойларидан архив маълумотномаларини тўплашига тўғри келади. Бу ҳам имконсиз бўлса, меҳнат стажини суд орқали тиклаш, иш ҳақидан солиқ органлари ва Пенсия жамғармасига ушлаб қолинган солиқлар бўйича аниқлаш лозим. Буларни ходимга меҳнат дафтарчасини бераётганда тушунтириб ўтишни тавсия қиламиз.

Эътибор беринг
2022 йил 1 июлдан бошлаб давлат пенсияларини тайинлашда фуқаролардан меҳнат стажи, иш ҳақи, олий таълим муассасаларидаги ўқиш ҳамда ҳарбий хизмат даври тўғрисидаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинади .

Давлат пенсиялари ЯММТ ИДАКга киритилган электрон маълумотларга асосан тайинланади. Пенсия жамғармаси барча зарур маълумотларни электрон ҳужжатлар айланиши асосида ЯММТ ИДАК орқали олади.

 

Ленара ХИКМАТОВА,

«Норма» компанияси эксперти.

Кадрларга доир ҳужжатлар Кадрларга доир ҳужжатлар Кадрларга доир ҳужжатлар /uz/publish/doc/text180400_mehnat_daftarchasi_hodimga_berilganda_kim_javobgar_buladi