«Таътил ҳисобидан» отгуллар бериш мумкинми

preview

Ходим оилавий сабабларга кўра бир кунлик тўланадиган меҳнат таътили берилишини сўраб, аризада буни «таътил ҳисобига отгул» деб кўрсатган. Бу қонунийми?

Ходимга таътил ҳисобидан отгуллар бериш тартибини «Норма» эскперти, ҳуқуқшунос Ленара ХИКМАТОВА тушунтириб ўтди:

 

«Гапни Меҳнат кодексида «отгул» сўзи фақат 157-моддада тилга олинганидан бошласак. Унда байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкинлиги келтирилган. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир ҳисса миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Шунинг учун агар ходим ортиқча иш вақти ёки дам олиш кунида ишлаган бўлса, у ишга бормайдиган куни компенсациядан отгул олиш билан фойдаланиши мумкин. Аммо отгулни олдиндан ишлатиш мумкин эмас: бугун ишга чиқмай, масалан, келаётган дам олиш кунида ишлаб бериш. Фақат содир бўлган ишдан ташқари иш компенсация қилинади.

МК моддаларида “таътил ҳисобидан” отгуллар ҳақида бирорта эслатма йўқ.

Шунинг учун таътил ҳисобига отгул олиш мумкин эмас, буйруқдаги “таътил ҳисобидан” ибораси меҳнат қонунчилиги нормаларига мос келмайди.

 

Ходимга шу ишдан бўш кун керак бўлса, нима қилиш керак?

Кўриб чиқилаётган вазиятда ходим иш берувчининг розилиги билан қисмларга бўлинган йиллик пуллик меҳнат таътилини олиши мумкин. Меҳнат кодексининг 146-моддасига биноан ходим қуйидаги шартларда бундай ҳуқуққа эга:

1) жорий иш йили учун таътилдан ҳали фойдаланмаган бўлса;

2) ходим ташкилотда камида 6 ой ишлаётган бўлса, чунки биринчи иш йили учун йиллик асосий таътил ҳуқуқи 6 ой ишлагандан кейин қўлга киритилади. Меҳнат кодексининг 143-моддаси 3-қисмида келтирилган ходимларнинг айрим тоифалари бундан мустасно;

3) таътилнинг бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаслиги лозим.

Масалан, ходим таътилининг давомийлиги 15 иш куни. У бир вақтнинг ўзида 12 кунлик таътилдан фойдаланиши керак (бу бўлинмас қисм). Қолган 3 кунни эса иш берувчи билан келишув асосида "бир кундан" олиши мумкин. Бунда бу отгуллар эмас, балки  айнан таътил кунлари бўлади. Буйруқда ҳам уларни айнан шундай кўрсатиш керак.

Ходим асосий таътилдан фойдаланиб бўлган бўлса, иш берувчининг розилиги билан бир кунлик ҳақ тўланадиган таътил ўрнига иш ҳақи сақланмайдиган таътил олиши мумкин.

Шундай қилиб, агар ходим бирон сабабга кўра бир ёки бир неча кун давомида ишга келолмайдиган бўлса, иш берувчининг розилиги билан қуйидаги вариантлардан бири билан  таътил расмийлаштиринг:

йиллик ҳақ тўланадиган таътилни бўлинг ва унинг бир қисмини олинг;

иш ҳақи сақланмайдиган таътил расмийлаштиринг.

Таътилни қисмларга ажратиш имконияти ёки иш ҳақи сақланмайдиган таътил давомийлиги ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгиланади. Бунда иш ҳақи сақланмайдиган таътил ўн икки ойлик давр мобайнида жами уч ойдан ортиқ бўлмаслиги керак .

Агар раҳбарият қарши бўлмаса, ходим камида ҳар ҳафта бир кунлик таътилга чиқиши мумкин. Асосийси, Меҳнат кодексининг 143 ва 146-моддаларида белгиланган талабларга риоя қилиш».

Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари Таътиллар ва бошқа дам олиш вақтлари /uz/publish/doc/text182201_tatil_hisobidan_otgullar_berish_mumkinmi