Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Хусусий корхонада кадрлар бўйича инспектор бўлиши шартми
«Хусусий корхонада кадрлар бўйича инспектор учун алоҳида штат бирлиги бўлиши керакми? Ёки кадр масалаларини ўриндошлик асосида бошқа мутахассис юрита оладими?»
Kadrovik.uz тушунтиради:
– Кадрлар масалалари бўйича ходим учун алоҳида штат бирлиги бўлиши шарт эмас. Ҳеч бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан Меҳнат кодекси иш берувчига бундай мажбуриятни юкламайди.
Ташкилот раҳбари ташкилотда ҳосил бўладиган ҳужжатли фонд учун шахсан жавобгардир. Унинг ўзи алоҳида штат бирлиги керакми ёки кадрлар бўйича ходим вазифасини ўриндош ходим бажарадими, шуни ҳал қилиши лозим. Масалан, кўпинча амалиётда бўлгани каби – бу вазифани бухгалтер бажариши мумкин.
Кадрлар бўйича мутахассис бўлса хотиржамроқ бўлади
Кадрлар хизматининг штат бирлиги бўлган ва бу лавозимни малакали мутахассис эгаллаган корхона раҳбари меҳнат қонунчилиги талаблари бажарилиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келишидан хавотирланмаса бўлади.
Касбий маълумотга ва иш тажрибасига эга кадрлар бўйича ходим тўғридан-тўғри вазифаларини бажараётганда, Меҳнат кодекси нормалари, Меҳнат дафтарчалари ва меҳнат муносабатларини тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ кадрлар ишини юритишни таъминлай олади (шахсий таркиб бўйича буйруқларни расмийлаштириш, ходимларнинг меҳнат дафтарчаларини тўлдириш ва ҳ.к.).
Мураккаб ва масъулиятли (худди бухгалтер каби) асосий иши билан бир қаторда ўриндошлик асосида кадр ишини бажарувчи ходим доим ҳам ҳар бир ҳужжатнинг асосий мазмунини тўғри туза олмайди ва уни амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатга мувофиқ расмийлаштирмайди. Бу, айниқса, қонун ҳужжатлари ўзгарганда, ўрганиш учун вақт талаб қилинадиган янги норматив ҳужжатлар жорий қилинганда сезилади.
Ҳужжатларни тайёрлаш пайтида йўл қўйиладиган хатолар меҳнат дафтарчалари эгалари учун муаммоларга айланиши мумкин – иш стажининг бир қисмини йўқотиш ва бошқалар шулар жумласидан. Хусусан, бунга қуйидагилар сабаб бўлиши мумкин:
- шахсий кадр ҳужжатларида алоҳида реквизитларнинг йўқлиги;
- уларни ўз вақтида ёки нотўғри расмийлаштириш.
Бошқа томондан, улар иш берувчига ҳам зарар етказиши – маъмурий жарималар ва бошқа жавобгарлик чораларини келтириб чиқариши ёки, агар ходим судга мурожаат қилса, суд низосида йўқотишларга олиб келиши мумкин.