Пенсионер огоҳлантириш муддатини ишлаб бермаса бўладими

preview

«Пенсионер унга 3 йил олдин пенсия расмийлаштирилган бўлишига қарамай, пенсияга чиқиши муносабати билан ўз хоҳишига кўра ишдан бўшамоқчи. У  меҳнат шартномасини 2 ҳафталик огоҳлантириш муддатисиз дарҳол бекор қилишни талаб қилмоқда. Уни бошқа ходим топилгунча 2 ҳафта «ишлаб беришга» мажбур қилиш мумкинми?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

– Ходим меҳнат шартномасини (номуайян муддатга тузилган ёки муддатли меҳнат шартномасини – муддати тугагунга қадар)  икки ҳафта олдин иш берувчини ёзма равишда огоҳлантириб, бекор қилишга ҳақлидир . Ушбу икки ҳафталик муддат тугагандан сўнг ходим ишни тўхтатишга ҳақли, иш берувчи эса ходимга меҳнат дафтарчасини бериши ва у билан ҳисоб-китоб қилиши шарт.

Агар меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги ариза ўз ишини давом эттиришининг имкони йўқлиги (ўқув юртига қабул қилинганлиги, пенсияга чиққанлиги, сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганлиги ва бошқа ҳоллар) боис ёзилган  бўлса, иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши керак .

Агар ходим пенсия ёшига етгач, пенсияга кетиши муносабати билан ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза берган бўлса, иш берувчи Меҳнат кодексининг 99-модда 5-қисми асосида меҳнат шартномасини 2 ҳафталик огоҳлантириш муддатини қўлламасдан ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши шарт.

Бироқ, кўриб чиқилаётган мисолда ходимга пенсия 3 йил аввал расмийлаштирилган. Тегишинча, агар аллақачон ёшга доир пенсия олаётган ходим ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш учун ариза билан мурожаат қилса, у иш берувчини Меҳнат кодексининг 99-модда 1-қисмида белгиланган тартибда хабардор қилиши керак. Бу вазиятда меҳнат шартномасини дарҳол ёки 2 ҳафтадан сўнг бекор қилишни танлаш ҳуқуқи иш берувчида қолади.