«Кийимларни алмаштириш» ҳам иш вақтига кирадими

preview

«Иш куни аввалида ходимлар махсус иш кийимларини кийиб, ўз иш жойларини тайёрлашади. Иш кунининг охирида уларга иш жойини тартибга солиш, чўмилиш ва кийимларини алмаштириш учун яна вақт керак. Ушбу вақт иш вақтига кирадими? Агар ходим бу ишни иш куни бошланишидан аввал амалга оширса, иш жойини тайёрлаш вақти ишдан ташқари иш ҳисобланадими? Агар ходимларни уй-уйига хизмат транспорти олиб бориб қўйса, бундай вазиятда келиш ва кетиш вақтини қандай белгилаш керак?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

– Ходим иш тартиби ёки графигига ёхуд меҳнат шартномаси шартларига мувофиқ ўз меҳнат вазифаларини бажариши лозим бўлган вақт иш вақти ҳисобланади .

Кўриб чиқилаётган вазиятда кўпгина масалалар умуммиллий қонунчилик билан эмас, балки корхонанинг ички ҳужжатлари ва ходимлар билан тузилган меҳнат шартномалари асосида тартибга солинади. Шу билан бирга улар бўйича умумий тавсиялар бериш мумкин. 

 

1. Хизмат автобуси

Агар меҳнат шартномаси, жамоа шартномаси ёки бошқа ички меъёрий ҳужжатда иш берувчининг ишчиларни иш жойига олиб бориш ва олиб кетиш мажбурияти белгиланган бўлса, хизмат автобусининг ҳудуддан чиқиб кетиши иш кунининг охирига  белгиланиши керак. 

Хизмат автобусининг аниқ жўнаш вақти буйруқларда ва бошқа ички ҳужжатларда назарда тутилиши мумкин. Бунда, фикримизча, у ишчиларнинг транспорт тўхташ жойига етиб келиши учун оқилона вақт заҳирасини ўз ичига олиши керак. 

Агар ходимлар кетиш вақтига рози бўлмасалар ва ушбу масала бўйича иш берувчи билан низо пайдо бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёки зиммасига иш берувчи олдида ходимларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси юклатилган ходимларнинг бошқа вакиллик органини жалб қилиш тавсия этилади. 

 

2. Иш жойини тайёрлаш + махсус иш кийими

Агар иш тартиби ёки  жадвали ёхуд меҳнат шартномаси шартларида бошқача белгиланмаган бўлса, иш жойини тайёрлаш ва кийим алмаштириш вақти иш вақтига киритилади деб ҳисоблаймиз. Ушбу тартиб-таомиллар ҳар бир иш куни аввалида бошланиши керак, чунки иш жойини тоза ва тартибли сақлаш, махсус иш кийимини кийиб юриш каби  одатда, ходимнинг меҳнат вазифаларига киради. 

Хусусан, Меҳнат кодексининг 212-моддасига биноан, ходим меҳнатни муҳофаза қилиш нормаларига, қоида ва йўриқномаларига, шунингдек маъмуриятнинг ишни бехатар олиб бориш ҳақидаги фармойишларига риоя қилиши, олинган шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланиши ва ҳ.к. керак. Ўз навбатида, иш берувчи хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган меҳнат шароитларини яратиши шарт.

 

3. Гигиена

Ички  меъёрий ҳужжатлар (меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги бўйича йўриқнома ва бошқалар), корхонанинг лавозим йўриқномаларида тегишли қоидалар мавжуд бўлган тақдирда, душ қабул қилишни меҳнат вазифаларини бажариш деб тан олиш мумкин.

 

4. Иш вақтидан ташқари иш

Юқоридаги хатти-ҳаракатларни ортиқча иш вақтидан ташқари иш деб тан олиш учун, биринчидан, улар ходимнинг меҳнат вазифаларига киритилиши керак.

Иккинчидан, ушбу хатти-ҳаракатлар белгиланган 8 соатлик иш вақтидан кўпроқ бажарилиши керак.

Учинчидан, ходим уларни ўз ташаббуси билан эмас, балки иш берувчининг фармойиши билан бажариши керак.

Ходимни унинг розилигисиз иш вақтидан ташқари ишларга жалб қилишга  йўл қўйилмайди .