Кадрлар бўйича мутахассис учун меҳнат нормалари борми

preview

«Биз 200 нафарга яқин ходимлар штатига эга бўлган хусусий компаниямиз. Бутун корхонага – битта кадрлар бўйича инспектор мавжуд. Кадрлар қўнимсизлиги  юқори, иш ҳажми жуда катта. Директор штатни кўпайтиришни ва кадрлар бўйича яна битта мутахассисни ишга олишни рад этмоқда.

Битта кадрлар бўйича мутахассис  учун юклама нормалари борми? У қанча ходимларга хизмат кўрсатиши керак?» 

Саволга kadrovik.uz илтимосига кўра «Норма» эксперти, юрист Ленара ХИКМАТОВА жавоб берди.

 

Амалиётчи-мутахассисларнинг тушунтиришларини ўтказиб юбормаслик учун телеграм-каналимизга аъзо бўлинг.

 

– Амалдаги қонунчилик кадрлар бўйича мутахассислар сони нормативларини белгиламайди. Иш берувчилар ушбу масалани мустақил равишда ҳал қилишга ҳақли.

Албатта, бу ерда ташкилотнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда оқилона ёндашув зарур. Кадрлар бўйича мутахассиснинг юкламасини қуйидагилар сезиларли даражада оширади:

  • корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти;
  • тиббий кўрикдан ўтиш зарур бўлган зарарли меҳнат шароитлари бўлган иш жойлари;
  • ходимларни мунтазам ўқитиш ва аттестациядан ўтказиш;
  • ҳарбий рўйхатга олиш;
  • меҳнат ва статистика органларига ҳисоботларни топшириш ва бошқалар.

Кадрлар бўйича мутахассисга жуда катта юклама унинг ишида хато ва камчиликлар хавфини туғдиради. Бу ўз навбатида меҳнат қонунчилигининг айрим талабларига риоя қилмаслик, назорат қилувчи органларнинг танбеҳи ва маъмурий жарималарга олиб келиши мумкин.

Яна бир хавф «инсон омили»га боғлиқ: ходимлар бўйича мутахассис бошқа ходимлар сингари касаллик таътили кетиши, таътилга чиқиши, хизмат сафарига бориши мумкин ва ҳоказо. Аммо ҳеч ким ушбу муносабат билан кадрлар ишини бекор қилмайди. Ушбу даврда қандайдир кадрлар тартиб-таомилини расмийлаштириш керак бўлиб қолиши мумкин – ходимни зудлик билан ишга қабул қилиш ёки ишдан бўшатиш ва ҳоказо. Бундай вазиятда кўпинча кадрлар бўйича мутахассисни ҳаммасини, шу жумладан ЯММТда тўғри расмийлаштира оладиган мутахассис билан алмаштиришда қийинчиликлар юзага келади.

 

Ишга кўмиб ташланган кадрлар бўйича мутахассис нима қилиши керак

1. Агар сиз раҳбарга ортиқча юклама, вақт етишмаслиги, бошқа муаммолар ва улар билан боғлиқ хавфлар ҳақида хабар берсангиз, буни ёзма равишда амалга оширинг. Мисол учун, билдириш хатида.

Агар корхонада касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи бўлса, уларга мурожаат қилиш ортиқча бўлмайди.

Агар келгусида сизнинг профессионал номувофиқлигингиз ҳақида савол туғилгудек бўлса, сизда ўз айбингиз бўйича эмас, балки объектив сабабларга кўра ишни уддалай олмаётганингиз ҳақида далиллар бўлади.

2. Кадрлар бўйича мутахассис сифатида ишингизни нормалашни бошланг. Бунинг учун ҳар бир кадрлар тартиб-таомилига сарфланган вақтнинг тахминий ҳисоб-китобини қилинг. Олинган натижалар кадрлар бўйича мутахассис қанча вазифани бажаришини ва уларга қанча вақт кетишини кўрсатади.

Меҳнат кодексининг 16-боби меҳнатни нормалаштиришга бағишланган.

Маълумот учун

Меҳнатни нормалаштириш – бу меҳнат натижалари ва меҳнатга ҳақ тўлаш ўлчови ўртасидаги тенглаштирилган ўзаро нисбатларни белгилаш. Улар ушбу ишлаб чиқариш шароитида қуйидагиларга имкон беради:

  • аниқ ишни ёки операцияни бажариш учун энг кўп йўл қўйиладиган вақт миқдорини аниқлаш;
  • ходимларнинг турли тоифалари (гуруҳлари) сони ва асбоб-ускуналар сони ўртасидаги мақбул ўзаро нисбатни аниқлаш .

 

Меҳнат кодексининг 273-моддаси меҳнат нормаси турларини белгилайди: вақт,  ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, ходимлар сони нормаси ва ҳ.к. Хусусан,  хизмат  кўрсатиш нормаси тушунчаси келтирилади. Бу смена давомида муайян ташкилий-техник шароитларда бир ходим ёки тегишли сон ва малакадаги ходимлар гуруҳи томонидан хизматлар кўрсатилиши керак бўлган асбоб-ускуналар, ҳудудларнинг майдонлари ва хизмат кўрсатиш объектларининг белгиланган бирлиги сони.

Меҳнат нормаларини ишлаб чиқиш иш берувчи томонидан аниқ ташкилий-технологик меҳнат шароитларида ходимларнинг меҳнат вазифаларини бажариши учун меҳнат сарфларини таҳлил этиш асосида амалга оширилади .

Меҳнат нормаларини жорий этиш, алмаштириш ва қайта кўриб чиқиш жамоа шартномасида белгиланади, жамоа шартномаси бўлмаганда эса иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

 

Кадрлар бўйича мутахассиснинг  юкламасини қандай ҳисоблаш мумкин

Хронометражни бажаринг: юкламанинг табиий тебранишларини ҳисобга олиш учун камида бир ой, янаям маъқули – 2–3 ой. Иш куни давомида қандай иш турларини бажараётганингизни ва 1 соатлик кадрлар тартиб-таомили учун ўртача қанча вақт кетишини ҳисобланг.

Масалан, ишга киришда ходимни ички ҳужжатлар билан таништириш учун 10 дақиқа, меҳнат шартномасини тузиш учун – 15 дақиқа, ходимни my.mehnat.uz сайтида ЯММТда рўйхатдан ўтказиш учун – 10 дақиқа, Т-2 шаклидаги шахсий карточкани тўлдиришга – 20 дақиқа, ходимни меҳнат шартномаси, буйруқ ва Т-2 билан таништиришга – 10 дақиқа кетади.

Олинган натижаларни қўшинг ва 1 нафар ходимни ишга қабул қилиш тартиб-таомилига сарфланган умумий вақтни олинг. Кейин ой учун бундай жараёнларнинг тахминий сонини аниқланг ва уларни бажариш вақтига кўпайтиринг.

Мисол учун:

  • 1 нафар янги ходимни ишга қабул қилиш учун зарур бўлган умумий вақт – 120 дақиқа;
  • ойига бундай тартиб-таомилларнинг ўртача сони – 15;
  • жами: 120 х15 = 1 800 дақиқа (ёки 30 соат ёхуд 3,75 иш куни).

Шундай қилиб,  барча кадрлар тартиб-таомилини  ҳисоблашга тўғри келади: ишдан бўшатиш, бошқа ишга ўтказишлар, касаллик таътилини расмийлаштириш, иш вақтини ҳисобга олиш жадвалини тўлдириш ва ҳоказо.

Иш кўп вақтни талаб этади, лекин у бунга арзийди, чунки кўргазмали тарзда – рақамлар тилида – иш берувчингизга сизнинг иш жараёнини кўрсатишга ва бепарволик, паст касбий маҳорат ва ҳоказо каби масалаларни ортга суришга имкон беради.

Кейинчалик, меҳнат нормалари жорий этилгандан кейин иш берувчи уларининг бажарилиши учун зарур шарт-шароитларни, хусусан техник ва ҳужжатлар билан ишлаш учун зарур бошқа ускуналар, техник воситалар билан таъминлаши шарт .