Жамоа (бригада)нинг моддий жавобгарлиги қандай расмийлаштирилади

24.10.2024

Тавсияда:

– жамоанинг жавобгарлигини қачон белгилаш мумкин;

– жамоанинг жавобгарлигини қандай расмийлаштириш керак;

– жамоанинг моддий жавобгарлигида зарар қандай қопланади.

Жамоанинг моддий жавобгарлигини қачон белгилаш мумкин

Жамоа (бригада)нинг моддий жавобгарлиги сиз моддий қимматликларни ишониб топширган бир гуруҳ шахслар, жамоа (бригадалар) учун белгиланади.

Бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар мавжуд бўлган тақдирда жамоанинг жавобгарлигини жорий этиш мумкин:

  • жамоа (бригада) ходимлари ўз лавозим вазифаларига мувофиқ уларга топширилган қимматликларни сақлаш, қайта ишлаш, сотиш (бериш), ташиш, қўллаш ёки улардан бошқача тарзда фойдаланиш билан боғлиқ ишларни биргаликда бажарадилар;
  • ҳар бир ходимнинг зарар етказганлик учун жавобгарлигини чегаралаш ва у билан тўлиқ индивидуал моддий жавобгарлик тўғрисида алоҳида шартнома тузиш мумкин эмас;
  • жамоа (бригада) аъзолари – 18 ёшдан кичик бўлмаган ходимлар.

Жамоанинг моддий жавобгарлиги жорий этилиши мумкин бўлган бўлинмалар рўйхати жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, ходимларнинг вакиллик органи билан келишувга биноан иш берувчи томонидан белгиланади МК 343-м.9-қ.

Вазият
Касаба уюшмаси ва жамоа шартномаси бўлмаса, жамоанинг жавобгарлигини қандай белгилаш мумкин?
Ташкилотда на касаба уюшмаси, на ходимларнинг бошқа вакиллик органи (кейинги ўринларда ХВО деб юритилади) ташкил этилмаган. Жамоа шартномаси ҳам тузилмаган. Аммо ташкилотда фаолиятнинг ўзига хослиги ходимлар учун жамоанинг моддий жавобгарлигини жорий этишни талаб қиладиган бўлинмалар мавжуд.

Бундай вазиятда иш берувчи қандай йщл тутиши керак? 

- Бундай ҳолда жамоанинг моддий жавобгарлигини қонуний асосда белгилаш учун иш берувчи меҳнат жамоасига ёзма равишда мурожаат қилиши керак. Мурожаатда иш берувчи жамоани алоҳида бўлинмалар учун жамоанинг жавобгарлигини жорий этиш ва шу муносабат билан касаба уюшмаси ёки бошқа ХВО ташкил этиш нияти тўғрисида хабардор қилади.

Агар бундай ахборот олинган кундан эътиборан икки ҳафта ичида меҳнат жамоасининг ХВО ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинган умумий йиғилиши (конференцияси) ўтказилмаса, иш берувчи тегишли масалаларни мустақил равишда ҳал қилишга ҳақлидир. Яъни, кўриб чиқилаётган вазиятда – жамоанинг моддий жавобгарлиги жорий этилиши мумкин бўлган бўлинмалар рўйхатини якка тартибда тасдиқлаш.

Иш берувчи ташкилотда жамоа шартномаси ва ХВО мавжуд бўлмаганда ХВОни ташкил этиш чораларини кўрмасдан, жамоанинг моддий жавобгар бўлинмалари рўйхатини мустақил равишда тасдиқласа, бу меҳнат қонунчилигини бузиш ҳисобланади. Тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузиш учун белгиланган Меҳнат кодекси талабларига риоя этмаганлик учун иш берувчининг айбдор мансабдор шахсига МЖтКнинг 49-моддаси бўйича маъмурий жарима солиниши мумкин.

Пул ёки товар қимматликларига хизмат кўрсатиш билан қандай касблар ва лавозимлар боғлиқ бўлиши мумкинлиги ҳақида тасаввурга эга бўлиш учун Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган Намунавий рўйхат билан танишиб чиқинг (21.08.2023 й. АВ рўйхат рақами 3452-сон). Унинг асосида ташкилотингиз фаолиятининг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, ходимлар билан жамоанинг тўлиқ моддий жавобгарлиги тўғрисида шартномалар тузиш мумкин бўлган бўлинмалар рўйхатини тасдиқланг. Бундай жавобгарликни, масалан, курьерлик хизматлари, сотувчилар, юк ташувчилар, омборчилар ва бошқалар учун жорий этиш мумкин. Шунингдек, бу маиший техникани таъмирлаш, кир ювиш ва кимёвий тозалаш хизматларини кўрсатиш, юкларни ташиш, етказиб бериш билан шуғулланувчи ташкилотлар учун ҳам мақсадга мувофиқдир. 

Жамоа жавобгарлиги қандай расмийлаштирилади

Жамоанинг (бригаданинг) жавобгарлигини жорий этиш учун:

1. Жамоанинг (бригаданинг) моддий жавобгарлигини белгилаш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг ва гуруҳ аъзоларининг ҳар бирини у билан имзо қўйдириб таништиринг.

Жамоанинг масъулиятини белгилаш тўғрисидаги буйруқ билан жамоа (бригада) раҳбарини ҳам тайинланг. У бутун жамоа иши учун жавобгардир. Аммо бу камомад бўлганда у бригаданинг бошқа аъзоларига нисбатан кўпроқ ёки камроқ миқдорда зарарни қоплаши кераклигини англатмайди;

2. Иш берувчи ва ходимлар жамоаси (бригадаси) ўртасида жамоанинг тўлиқ (бригада) моддий жавобгарлиги тўғрисида шартнома тузинг. Ташкилотларга кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ходим билан тўлиқ индивидуал моддий жавобгарлик ёки жамоанинг (бригаданинг) тўлиқ моддий жавобгарлиги тўғрисида шартнома тузиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқди. У ерда тақдим этилган Шартноманинг намунавий шаклидан фойдаланишингиз мумкин.

Шартномада қуйидагиларни кўрсатинг:

  • ташкилот номи ва ходимлар эгаллаб турган лавозим, уларнинг  Ф.И.Ш.;
  • жамоага  бериладиган пул ёки товар қимматликларининг номи, миқдори ва ҳолати (бутлиги);
  • тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;
  • ходимнинг моддий жавобгарлигини истисно қиладиган ҳолатлар;
  • етказилган зарар учун ходимга тўлиқ моддий жавобгарлик юклатиладиган ҳолатлар;
  • жамоа томонидан иш берувчига етказилган зарар миқдорини аниқлаш тартиби;
  • тарафларнинг реквизитлари.

Бундан ташқари, шартномада тарафларнинг қўшимча ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги белгиланади.

Шартнома бир хил юридик кучга эга бўлган камида икки нусхада ёзма шаклда тузилади. Иш берувчининг вакили ва жамоа (бригада) раҳбари томонидан имзоланади. Бундан ташқари, унга жамоанинг жавобгарлиги жорий этиладиган барча ходимлар имзо чекишлари керак. Шартноманинг бир нусхаси жамоанинг (бригаданинг) ҳар бир аъзосига топширилади, иккинчи нусхаси эса иш берувчида сақланади.

Агар жамоанинг моддий жавобгарлигини белгилаш учун асослар мавжуд бўлса, жамоа (бригада) аъзоси бундай шартномани тузишдан, ҳатто у меҳнат шартномаси билан бир вақтда тузилмаган бўлса ҳам, бош тортишга ҳақли эмас. Агар тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тузишни талаб қиладиган лавозимга, ишга талабгор шахс жамоанинг моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартномани имзолашдан бош тортса, ишга қабул қилишни рад этишингиз мумкин МК 343-м. 3-қ.

Вазият
Жамоа (бригада)нинг бир ёки бир неча аъзосини алмаштириш.
Жамоанинг моддий жавобгарлиги таркибига кирувчи ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган. Унинг ўрнига янги ходим ишга қабул қилинди.

Бундай вазиятда иш берувчининг кейинги ҳаракатлари қандай бўлади?

- Ходим жамоа (бригада) таркибидан чиқиб кетганда, жамоанинг жавобгарлиги тўғрисидаги шартномада унинг имзоси қаршисида чиқиб кетиш санасини кўрсатинг. Жамоа (бригада)га янги ходим қабул қилинганда эса у билан шартнома тузинг ва унинг жамоа (бригада)га кирган санасини кўрсатинг.

Жамоадан ходимларнинг 50% дан ортиғи унинг дастлабки таркибидан чиқиб кетган тақдирда шартномани қайта тузиш мақсадга мувофиқдир.

Эътибор беринг
Агар шартномага жамоанинг (бригаданинг) бирон-бир аниқ иштирокчиси киритилмаган бўлса, уни жамоанинг моддий жавобгарлигига тортиш деярли мумкин эмас.

Агар сиз жамоанинг тўлиқ жавобгарлиги тўғрисида шартнома тузмаган бўлсангиз, ходимлардан зарарни фақат уларнинг ўртача ойлик иш ҳақи доирасида ундириш мумкин. Тўлиқ жавобгарлик тўғрисидаги шартнома тузилган ёки тузилмаганлигидан қатъи назар, ходим учун бундай жавобгарлик юзага келадиган алоҳида ҳоллар бундан мустасно. Булар иш берувчига зарар қуйидаги ҳолларда етказилган ҳолатлар:

  • бир марталик ҳужжат (товар-моддий қимматликларни олиш учун ишончнома, қабул қилиш-топшириш далолатномаси ва бошқалар) бўйича олинган қимматликларнинг сақланиши таъминланмаганлиги;
  • қасддан зарар етказиш;
  • алкоголь, гиёҳвандлик ёки токсик мастлик ҳолатида зарар етказилганлиги;
  • суд томонидан аниқланган жиноий ҳаракатлар натижасида зарар етказилганлиги;
  • маъмурий ҳуқуқбузарлик натижасида зарар етказилганлиги, агар бу тегишли давлат органи ёки суд томонидан аниқланган бўлса;
  • қонун билан ҳимояланган сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиш (тижорат, расмий ёки бошқа);
  • ходим томонидан ўз меҳнат вазифаларини бажармаслик оқибатида зарар етказилганлиги;
  •  МК ёки бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ҳолларда.

Жамоанинг моддий жавобгарлигида зарар қандай қопланади

Зарар шартномани имзолаган барча ходимлар ўртасида уларнинг ҳар бирининг айби даражасига мувофиқ тақсимланади. Аммо гуруҳнинг айрим аъзоси ўз айби йўқлигини исботласа, у жавобгарликдан озод қилинади МК 343-м. 7-қ.

Жамоанинг моддий жавобгарлигида иш берувчига етказилган зарарни МКнинг 344–347-моддаларида назарда тутилган умумий қоидалар бўйича ундиринг. «Ходимдан зарарни қандай ундириш керак».

Агар ходимлар ташкилотга етказилган зарарни ихтиёрий равишда қоплашга рози бўлса, бу ҳақда ёзма келишув тузинг. Ҳар бирининг айбдорлик даражасини жамоанинг барча аъзолари билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан аниқланг МК 343-м. 11-қ. МК 346-м.

Агар жамоа аъзолари зарарни ихтиёрий равишда қоплашдан бош тортсалар ва ҳар бир ходимдан ундириш суммаси унинг ўртача ойлик иш ҳақидан кўп бўлмаса, бу суммани иш берувчининг фармойиши бўйича ундириб олинг. Зарар аниқланган кундан эътиборан 1 ойдан кечиктирмай буйруқ чиқаринг.

Мисол

Зарар суммасини бригада аъзолари ўртасида тақсимлаш

Ҳисобот ойи охирида ўтказилган хатлов натижаларига кўра, 1 000 000 сўмлик товар камомади аниқланган.

Зарар жамоанинг тўлиқ моддий жавобгарлиги тўғрисида шартнома тузилган ходимлар бригадаси томонидан етказилган.

Бригада 3 кишидан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири ҳисобот ойида:

А ходим – 160 соат;

Б ходим – 152 соат;

В ходими – 148 соат ишлаб берган.

Ҳақиқатда ишлаб берилган иш вақти (бир ой учун) учун иш ҳақи суммаси (ойлик ставкадан келиб чиққан ҳолда) иш вақти нормаси 168 соат бўлганда (бир ойда) қуйидагиларни ташкил этади:

А ходим – 1 500 952 сўм (1 576 000 сўм) (ойлик ставка): 168 соат х 160 соат);

Б ходим – 1 352 619 сўм (1 495 000 сўм) (ойлик ставка): 168 соат х 152 соат);

В ходим – 1 202 500 сўм (1 365 000 сўм) (ойлик ставка): 168 соат х 148 соат).

Бригаданинг жами иш ҳақи суммаси 4 056 071 сўмни ташкил этади.

Етказилган зарарни бригада аъзолари ўртасида қуйидаги тартибда тақсимлаш мумкин:

А ходим – 370 051 сўм (1 500 952 сўм). : 4 056 071 сўм х 1 000 000 сўм);

Б ходим – 333 480 сўм (1 352 619 сўм) : 4 056 071 сўм х 1 000 000 сўм);

В ходим – 296 469 сўм. (1 202 500 сўм) : 4 056 071 сўм х 1 000 000 сўм).

Жами – 1 000 000 сўм.

Агар ундирув суммаси ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақидан ортиқ бўлса ёки бир ойлик муддат ўтган бўлса, етказилган зарар суд тартибида ундирилади МК 347-м. 2-қ.

Судга даъво аризасида қуйидагиларни кўрсатинг:

  • тўғридан-тўғри ҳақиқий зарар суммасини – уни инвентаризация материаллари билан тасдиқланг;
  • ҳар бир жамоа (бригада) аъзосининг зарар етказишда айбдорлик даражаси, шунингдек зарар етказилишининг бошқа ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар;
  • ходимларга зарарни ихтиёрий равишда қоплаш таклиф қилингани.

Даъво аризасига қуйидагиларни илова қилинг:

  • жамоанинг барча аъзолари (бригадалар) билан меҳнат шартномалари;
  • уларни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқлар;
  • лавозим йўриқномалари (улар мавжуд бўлган тақдирда);
  • жамоанинг моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартнома;
  • моддий бойликларнинг жамоа томонидан олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • ташкилотда моддий бойликларни сақлаш учун шароитлар яратилганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
  • текшириш далолатномалари;
  • ходимларнинг етказилган зарарни ихтиёрий равишда тўлашни рад этиш тўғрисидаги тушунтиришлари;
  • ходимларнинг лавозим маошлари (тариф ставкалари) миқдорлари тўғрисидаги маълумотномалар;
  • жамоа моддий жавобгарлиги тўғрисидаги шартномада белгиланган услуб бўйича ҳар бир бригада аъзоси томонидан қопланадиган зарар миқдорини ҳисоблаш.

Жамоа (бригада) ҳар бир аъзосининг айбдорлик даражасини суд белгилайди МК 343-м. 11-қ.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг