ИМТҚ қандай ишлаб чиқилади

05.11.2024
author avatar

Гулрух НИЯЗМЕТОВА

халқаро алоқалар бўйича Бошқармаси катта мутахассиси
author avatar

Юрий ФЕОКТИСТОВ

«Норма» эксперти

Ички меҳнат тартиб қоидалари (ИМТҚ) ташкилотда меҳнат интизомини ўрнатади.  Бу:

  • ишга қабул қилиш ва ходимлар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби;
  • меҳнат шартномаси тарафларининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги;
  • иш режими ва дам олиш вақти;
  • ходимларга нисбатан қўлланиладиган имтиёзлар ва жазо чоралари;
  • меҳнат муносабатларини тартибга солишга оид бошқа масалаларни белгиловчи ички ҳужжатдир.

ИМТҚ – ташкилотнинг тавсия этиладиган локал ҳужжатларидан бири. Бироқ уларни текшириш вақтида биринчи навбатда меҳнат инспекцияси сўраб олади. МК ИМТҚни тасдиқлаш мажбуриятини юкламайди, аммо ИМТҚ иш берувчи ва ходим ўртасидаги меҳнат муносабатлари масалаларини, айниқса интизом ва жавобгарликни таъминлаш масалаларини қатъий белгилаб беради.

Эътибор беринг

Ходимни меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлик учун ИМТҚсиз ишдан бўшатиш мумкин эмас, чунки бундай бузилишлар рўйхати, умумий қоидага кўра, айнан ИМТҚда белгиланади МК 162-моддаси. Бундан қуйидагилар мустасно:

1) корхона раҳбари – унинг учун бир марта бузганлик учун ишдан бўшатиш мумкин бўлган бузилишлар рўйхати у билан корхона мулкдори ўртасида тузилган меҳнат шартномасида белгиланади;

2) мазкур асосга кўра ишдан бўшатилиши бошқа ҳужжатларни (интизом тўғрисидаги уставлар ва низомлар) қўллаган ҳолда амалга ошириладиган алоҳида тоифадаги ходимлар.

Иш берувчи, ўз навбатида, ишга кираётган ҳар бир ходимни унинг меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган барча локал ҳужжатлар, шу жумладан ИМҚТ билан қўл қўйдириб таништириши шарт. Агар бундай қилинмаса, иш берувчи кейинчалик уларни бажармаганлик учун ходимга нисбатан интизомий жазони қўллай олмайди.

Вазият
Икки ходимдан иборат фирмада ИМТҚни келишиш

МЧЖда штат жадвалига кўра икки киши ишлайди. Ички меҳнат тартиби қоидалари иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқланади. МЧЖда касаба уюшмалари қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи йўқ.  

Ходимлари сони икки кишидан иборат бўлган МЧЖда ИМТҚ ким билан келишилади?

Агар ташкилот микрофирмалар жумласига кирса, Сиз ИМТҚ расмийлаштирмасликка ҳақлисиз.

Сизнинг ташкилот ходимлари сони бўйича микрофирма ҳисобланиши сабабли, микрофирмалар жумласига киритилган иш берувчиларда ходимларнинг меҳнатини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиш лозим.

Иш берувчи бўлган микрофирма ички ҳужжатларни (ички меҳнат тартиби қоидаларини, меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги низомни, мукофотлаш ҳақидаги низомни, сменалар жадвалини ва бошқаларни) қабул қилишдан тўлиқ ёки қисман воз кечишга ҳақли. Бунда якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш учун, иш берувчи бўлган микрофирма ходимлар билан тузиладиган меҳнат шартномаларига меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ ички ҳужжатлар билан тартибга солиниши зарур бўлган шартларни киритиши керак . Шуни ҳам ёдда тутиш керакки, агар сизнинг ташкилот микрофирмалар жумласига кирмайдиган бўлса, давлат статистика органлари томонидан иш берувчи бўлган микрофирма тўғрисида тегишли маълумотлар киритилган пайтдан эътиборан ушбу иш берувчида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликка ҳамда меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ, белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинмаган ҳолда, амалга оширилиши керак.

ИМТҚга қандай бўлимларни киритиш керак

Унификацияланган ИМТҚ йўқ. Ушбу локал ҳужжат ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари, тузилиши, ишлаб чиқариш жараёнининг хусусиятлари ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ихтиёрий шаклда тузилади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Сиз тизим экспертлари томонидан ишлаб чиқилган тахминий ИМТҚдан  намуна сифатида фойдаланишингиз мумкин, лекин бунга жуда расмий ёндашманг. Ҳар қандай бошқа локал ҳужжат каби, ИМТҚ ҳам муайян ташкилот учун, унинг фаолияти, тузилиши, ишлаб чиқариш жараёни хусусиятлари ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилиши керак.

Асосийси – ИМТҚда белгиланган қоидалар амалдаги қонунчилик нормаларига зид бўлмаслиги ва ходимларнинг ҳолатини ёмонлаштирмаслиги керак.

ИМТҚга қуйидаги бўлимларни киритиш мақсадга мувофиқ бўлади:

  •  умумий қоидалар – сиз ИМТҚни қандай мақсадлар учун ишлаб чиқаётганингизни, Қоидаларнинг амал қилиши кимларга тааллуқлилигини аниқланг, атамаларнинг маъносини очиб беринг;
  • ходимларни ишга қабул қилиш ва ишдан бўшатиш тартиби – МК 12 бобининг 2, 3, 4 параграфларига кўра, ишга қабул қилиш, меҳнат шартномасини бекор қилиш, ходимн бошқа ишга ўтказиш тартибини белгиланг, ишга қабул қилиш учун зарур бўлган ҳужжатларни санаб ўтинг;
  • тарафларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари – МК 21, 22, 24, 25 моддаларига мувофиқ, ходим ва иш берувчининг асосий ҳуқуқ ва мажбуриятларини кўрсатиб ўтинг;
  • иш режими, дам олиш вақти – ташкилотнинг иш вақти режимини (иш куни ва ҳафтасининг давомийлиги), иш куни тартибини белгиланг. Дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслар сонини, уларнинг давомийлигини, иш куни (смена)нинг бошланиши ва тугашининг аниқ вақтини, иш вақти ҳисобини юритиш тартибини ва шу кабиларни кўрсатинг. Агар айрим бўлинмалар учун алоҳида иш режими белгиланган бўлса – аниқ кўрсатинг;
  • меҳнатга ҳақ тўлаш – корхонада меҳнатга ҳақ тўлашнинг қандай тизими қўлланилишини белгиланг. Иш ҳақининг энг кам миқдорини, унинг таркибини, шу жумладан компенсация ва рағбатлантириш тўловларини, ходимларга у қандай шаклда, қайси саналарда тўланишини ва ҳоказоларни кўрсатинг. Шунингдек алоҳида ходимлар, масалан, тўлиқсиз ёки қисқартирилган иш вақтида ишлайдиган вояга етмаганлар меҳнатига қандай ҳақ тўланиши, иш ҳақидан ушлаб қолишлар қайси ҳолларда ва қанча миқдорда амалга оширилиши ва ҳоказоларни ҳам белгилаб қўйинг;
  • ходимларга нисбатан рағбатлантириш ва жазо чораларини қўллаш тартиби – ходим ишдаги ютуқлари учун қандай рағбатлантириш турларини олиши мумкинлиги, уларни қўллаш тартиби қандайлигини кўрсатинг. Интизомий жазоларни қўллаш тартиб-таомилини тавсифланг (МК 300, 312, 313-моддалари). Қандай қоидабузарликлар учун иш берувчи ҳайфсан эълон қилишга, жарима солишга (шу жумладан – ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда) ҳақли эканлигини кўрсатинг. Содир этилганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилишга йўл қўйиладиган меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузилишлари рўйхатини тузинг;
  • тарафларнинг моддий жавобгарлиги – агар иш берувчи ходимларнинг ҳуқуқларини бузса, қандай жавобгарликка тортилиши, шунингдек, агар ходим иш берувчига зарар етказса, қандай жавобгарликка тортилишини кўрсатинг.

Бундан ташқари, ИМТҚга ходимларнинг ҳолатини қонун ҳужжатларида белгиланганига нисбатан ёмонлаштирмайдиган бошқа қўшимча шартларни ҳам киритишингиз мумкин. Масалан:

  • дресс-кодга риоя қилиш қоидалари. Ходимларга қўйиладиган ташқи кўринишга доир аниқ талабларни белгиланг. Агар сиз ушбу қоидани ИМТҚга киритсангиз, дресс-кодга риоя қилиш ходимнинг мажбуриятига айланади, уни бузганлик учун ишдан бўшатишгача бўлган интизомий жазо чоралари қўлланилиши мумкин;
  • ишга ўз вақтида келиш, ишдан кетиш, тушлик танаффусидан қайтишни назорат қилиш мақсадида видеокузатув маълумотларидан фойдаланиш тартиби;
  • тижорат сирини сақлашнинг нозик жиҳатлари;
  • компанияда ҳужжат билан ўтказиш режимини ўрнатиш ва ҳоказо.
Вазият
ИМТҚга «Ишга чиқмайдиган куни эрталаб хабар бериш» шартини киритиш мумкинми

Директор ички меҳнат тартиби қоидаларига ходимлар ўзи ишга чиқмаган  биринчи куни эрталабдан ишга чиқмаслик сабаби ҳақида хабардор қилишлари кераклиги тўғрисидаги бандни киритишни талаб қилмоқда. Бундай бандни киритиш мумкинми?

Бундай шарт қонун ҳужжатларига зид эмас, лекин маълум хавфларни келтириб чиқаради.

Ходим турли сабабларга кўра ишга чиқмаслиги ва узоқ вақт давомида унга нима бўлганини хабар қилмаслиги мумкин. Бу иш берувчига сабабнинг узрлилигини баҳолашга, алмаштириш тўғрисида қарор қабул қилиш ва ҳоказоларга тўсқинлик қилади. ИМТҚга ходимлар учун ишга чиқмаслик сабаби тўғрисида – ишга чиқмаслик арафасида ёки ишга чиқмаган биринчи куни эрталабдан ишга чиқмаслик сабаби ҳақида тезкор хабардор қилиш шартининг киритилиши – асосли ва ҳеч кимнинг ҳуқуқларини бузмайди.

Агар аввал бошдан ИМТҚни тасдиқлашда бундай талаб белгиланмаган бўлса, иш берувчи касаба уюшмаси қўмитасига бундай тузатишга розилик беришни ва ушбу талабни бажармаслик меҳнат интизомини бузиш (ёки қўпол равишда бузиш) деб ҳисобланишини назарда тутишни сўраб мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Муҳим
Ходим ишга чиқмаслик ҳақида жисмонан огоҳлантира олмайдиган ҳолатлар бўлиши мумкин. Ва бу қоидабузарлик деб ҳисобланиши мумкин эмас. Масалан: бахтсиз ҳодиса, оғир касаллик, алоқанинг йўқлиги, бошқа форс-мажор вазиятлар. Агар ИМТҚда бундай истиснолар назарда тутилмаса, иш берувчи кейинчалик бу масалани ўз ихтиёрига кўра ҳал қила олмайди, касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиш зарур бўлади.

ИМТҚга қандай шартларни киритиш мумкин эмас

ИМТҚда Меҳнат кодексининг барча нормаларини такрорлашнинг ҳожати йўқ. Улар тарафлар томонидан бажарилиши шарт. Бундан ташқари, МКга ҳар бир тузатиш киритилганда, иш берувчи Қоидаларнинг янги таҳририни тасдиқлаши ва у билан барча ходимларни қўл қўйдириб таништириши керак бўлади.

ИМТҚда қонун ҳужжатларига зид бўлган ва ходимларнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган нормалар бўлмаслиги керак. Масалан, ИМТҚда қуйидагиларни белгилаш тавсия қилинмайди:

  • ходим ишга киришда қўшимча ҳужжатларни олиб келиши лозим: фотосурат, никоҳ тўғрисида гувоҳнома, судланмаганлик тўғрисида маълумотнома – қонунга кўра бўлғуси ишни судланган шахслар бажара олмайдиган ҳоллар бундан мустасно;
  •  ходим ҳисобот топшириш даврида, бирор-бир муҳим лойиҳа ёки моддий қимматликлар топширилгунга қадар, ишдан бўшамаслиги керак;
  • ходим ҳамкасби билан турмуш қурмаслиги керак, агар шундай бўлса – ишдан бўшаши лозим;
  • ходим бошқа жойда ўриндошлик асосида ишламаслиги ёки фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома бўйича қўшимча даромад олмаслиги керак;
  • ходим бошқа ходимлар билан мулоқот қилмаслиги, масалан, ишдан ташқарида жамоа билан учрашмаслиги ёки иш куни давомида «ишлаб чиқариш заруриятисиз» гаплашмаслиги, ишдан бўшаганидан кейин маълум вақт давомида рақобатчиларга ишга жойлашмаслиги керак.
Эътибор беринг
ИМТҚга ноқонуний ва ходимларнинг ҳолатини ёмонлаштирадиган шартларни, ҳатто ходим рози  бўлган ва улар билан танишиб чиққан тақдирда ҳам, киритиш мумкин эмас. ИМТҚдаги бундай бандлар ҳақиқий эмасдир. Бундай қоидаларнинг мавжудлиги – МЖтК 49-моддасига кўра жарима солиш учун сабаб бўлади.

ИМТҚни қандай тасдиқлаш керак

ИМТҚни тасдиқлаш тартиби билан белгиланган. Ҳужжатни иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган ҳолда тасдиқлайди.   

ИМТҚ лойиҳасини ишлаб чиқинг ва уни келишиш зарурлиги тўғрисида ёзма мурожаат билан касаба уюшма қўмитасига юборинг. Касаба уюшмаси қўмитаси ўз мажлисида ушбу масалани кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор тўғрисида иш берувчига ёзма равишда хабар қилади. Агар ушбу орган томонидан эътирозлар бўлмаса, лойиҳа иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланади, ИМТҚнинг юқори чап бурчагига эса қуйидаги белги қўйилади: «______ даги _____-сонли буйруқ билан тасдиқланган». Касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиш грифи (белгиси) ҳужжатнинг титулига ёки охирги саҳифасига қўйилади: «NAVRUZ» МЧЖ касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган (_______ даги ____-сон баённома)».

Агар касаба уюшмаси қўмитаси ИМТҚ лойиҳасига рози бўлмаса, лойиҳа тушган эътирозлар билан бирга қайта ишлаш учун иш берувчига қайтарилади.

Агар ходимларнинг вакиллик органи иш берувчининг локал ҳужжатни келишиш тўғрисидаги ёзма мурожаатига 20 кун муддатда жавоб бермаса, унда: «NAVRUZ» МЧЖ вакиллик органи локал ҳужжатни келишиш тўғрисидаги ўз қарорини белгиланган муддатда тақдим этмади» деган белги қўйилади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Иш берувчи локал ҳужжатни қабул қилмоқчи бўлса, аммо ташкилотда касаба уюшмаси қўмитаси бўлмаса, у қандай ҳаракат қилиши кераклигини тавсияномадан билиб олинг.
Вазият
Жамоани электрон почта орқали хабардор қилиш

ИМТК лойиҳаси, у тасдиқланишидан олдин барча ходимларга корпоратив электрон почта орқали ушбу масалани муҳокама қилиш учун, MЖК тузиш таклифи билан бирга юборилган. Бироқ 2 ҳафта давомида ҳеч ким жавоб бермади. Иш берувчи якка тартибда, мустақил равишда ИМТҚни қабул қилди.

ИМТК қонуний равишда тасдиқланган деб ҳисоблашимиз мумкинми? Корпоратив ахборот тизимларидан фойдаланиш орқали меҳнат жамоасини хабардор қилиш ёзма мурожаатнинг аналоги ҳисобланадими?

ИМТКни тасдиқлаш тартиби МКнинг 296-моддасида белгиланган. Ҳужжатни иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда тасдиқлайди.   

Kadrovik.uz тавсия қилади
Қайси локал ҳужжатларни ходимларнинг вакиллик органи билан келишиш кераклиги ҳақида тавсияномада билиб олинг
Агар иш берувчи ИМТКни қабул қилмоқчи бўлса, ташкилотда эса касаба уюшмаси органи бўлмаса, у меҳнат жамоасини ёзма равишда қуйидагилар ҳақида хабардор қилиши шарт:

1) локал ҳужжатни қабул қилиш нияти тўғрисида;

2) ходимларнинг вакиллик органини тузиш ҳуқуқи тўғрисида.

Турли усуллар билан хабардор қилиш мумкин:

  • ҳужжатни ташкилотнинг электрон корпоратив порталига ёки ҳар бир ходимнинг шахсий электрон почтасига юбориш;
  • эълонни ҳамма кўриши мумкин бўлган жойга осиб қўйиш ва ҳоказо.

Лекин қайси вариантни танлашингиздан қатъи назар, асосийси – мурожаат ҳақиқатан ҳам меҳнат жамоаси эътиборига етказилганини исботлаш. Бунда корпоратив электрон почта орқали хабар бериш, агар қуйидаги шартларга риоя этилган бўлса, ёзма хабар беришнинг аналоги деб эътироф этилиши мумкин:

  • барча ходимлар корпоратив почтадан фойдаланиш имкониятига эга;
  • Тизим хатларни жўнатиш ва қабул қилиш фактини қайд этиш имконини беради (масалан, тарқатиш журнали, ўқиш ҳолати, етказиб бериш тўғрисидаги хабарлар орқали).
Маслаҳат
Меҳнат низоси юзага келган тақдирда ходим билдиришнома олмаганини, муҳокамада иштирок этмаганини, демак унга нисбатан ИМТҚ татбиқ этилмаслигини айтиши мумкин.

Ҳуқуқий хавфларни минималлаштириш учун, электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги локал актни ишлаб чиқинг. Унда ходимларни корпоратив электрон тизимлар орқали ёзма равишда хабардор қилиш тартибини ва танишиб чиққанлик фактини қайд этиш усулларини назарда тутинг. Корхонани электрон ҳужжат айланишига ўтказишда қандай қийинчиликлар юзага келиши мумкинлиги ҳақида батафсил маълумот – тавсияномада

Шуни ҳам тушуниш муҳимки: локал ҳужжатни тасдиқлаш воситаси мустақил равишда янги бўлганлиги сабабли, ҳозирги вақтда ушбу масала бўйича ҳуқуқни қўллаш ва суд амалиёти шаклланмаган. Шу муносабат билан ваколатли органлар томонидан ушбу қарор ноқонуний деб топилиши хавфи мавжуд.

Электрон почта орқали юборишдан ташқари, тартибни бузган ҳолда ИМТКни тасдиқлаш хавфини минималлаштириш учун:

  • хизмат хати ёки ИМТК лойиҳаси ҳақиқатан ҳам юборилганлиги тўғрисидаги далолатномани расмийлаштиринг;
  • ахборот стендига билдиришномани жойлаштиринг;
  • 2 ҳафта давомида вакиллик органини ташкил этиш бўйича таклифлар келиб тушмаганлиги тўғрисида далолатнома тузинг.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Ходимларнинг вакиллик органи билан келишилган ҳолда ҳал этилиши лозим бўлган масалалар сонини ҳисобга олиб, ташкилотда касаба уюшмаси ёки МЖКнинг мавжудлиги у ёки бу қарорлар ва локал ҳужжатларни қабул қилишда тезкорликка ижобий таъсир кўрсатади. Ходимларнинг вакиллик органини (касаба уюшмалари, МЖК) қандай ташкил этиш ҳақида батафсил маълумотни тавсияномада билиб олинг

Ходимларни ИМТҚ билан қандай таништириш керак

Қуйидаги усулларнинг биридан фойдаланинг:

  1. Меҳнат шартномасида. Меҳнат шартномасининг охирида ходимнинг ИМТҚ ва бошқа локал ҳужжатлар билан таништирилганлиги тўғрисида, ушбу ҳужжатларнинг номларини кўрсатган ҳолда, белги қўйинг.
  2. Локал ҳужжатнинг ўзида. ИМТҚга танишиш варақаларини тикинг, уларга ишга қабул қилиш жараёнида барча ишга кирувчилар имзо чекади.
  3. Махсус таништириш журналида. Ходимлар унда ўз имзоларини қўйишади.
  4. Ҳар бир ходим учун алоҳида танишиш варақаларида. Бундай варақда шахсни ишга қабул қилиш чоғида сиз уни таништирган локал ҳужжатларнинг тўлиқ рўйхатини келтиринг. Ходим ҳар бир локал ҳужжатнинг қаршисига имзо қўяди.
Вазият
Қоидалар стендга жойлаштирилган бўлса, ходим ИМТҚ билан танишган деб ҳисобланиши мумкинми

Корхонада ИМТҚ 1996 йилдан эътиборан эълонлар тахтасига жойлаштирилган. Ходим 2015 йилда ишга қабул қилинган. Ҳозир уни меҳнат интизомини бир марта қўпол равишда бузгани — 3 соатдан ортиқ прогул қилгани учун ишдан бўшатишмоқчи. Агар ходим ИМТҚни имзоламаган бўлса ва қоидалар шунчаки стендга жойлаштирилган бўлса, у ИМТҚ билан лозим даражада таништирилган деб ҳисобланиши мумкинми.

Йўқ. Эълонлар тахтасига ИМТҚни жойлаштириш лозим даражада таништириш ҳисобланмайди. Агар ходим улар билан имзо қўйдириб таништирилмаган бўлса, интизомий жазо қўлланилиши қонунга хилоф деб топилиши мумкин.

Муҳим
Иш берувчининг мажбурияти – шунчаки ички ҳужжатларга эга бўлиш эмас, балки ходимни улар билан лозим даражада таништиришдир

Таништириш тартиб-таомили даврида, меҳнат шартномаси тузилгунга қадар, иш берувчи ходимни имзо қўйдириб қуйидагилар билан таништириши шарт:

ИМТҚнинг стендда жойлаштирилиши ёки кўп йиллар давомида амал қилишининг ўзи ходимни имзо қўйдириб шахсан таништиришнинг ўрнини босмайди. Иш берувчи муайян ходим улар билан таништирилганлигини тасдиқловчи ҳужжатларга эга бўлиши керак.
Агар бундай тасдиқнома бўлмаса, ҳатто ИМТҚ офисда жойлаштирилган бўлса ҳам, лозим даражада таништирилмаган деб ҳисобланади. Бу ҳолатда интизомий қилмиш учун ишдан бўшатиш уни ноқонуний деб топиш хавфи юқорилиги билан боғлиқ.

ИМТҚга ўзгартиришлар қандай киритилади

ИМТҚга ўзгартиришлар киритиш тартиби қонунчиликда белгиланмаган. Бироқ, умумий қоидага кўра, меҳнат шартлари қандай тартибда белгиланган бўлса, худди шундай тартибда ўзгартирилади. Ички меҳнат тартиби қоидаларини тасдиқлашда касаба уюшмасининг фикри инобатга олиниши керак, демак, ушбу қоидаларни ўзгартиришда ҳам касаба уюшмасининг фикрини инобатга олган маъқул.  

Агар касаба уюшмаси қўмитаси томонидан эътирозлар бўлмаса, ИМТҚ лойиҳасини иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланг. Буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • ИМТҚга ўзгартиришлар киритилиши сабаблари;
  • бевосита ўзгартиришларнинг ўзи;
  • ўзгартиришлар киритиладиган сана.

Агар Қоидаларга кенг кўламли ўзгартиришларни киритадиган, масалан, янги бўлим қўшадиган бўлсангиз, у ҳолда ИМТҚнинг янги таҳририни тузиш ва бу ҳақида буйруқ чиқариш яхшироқ.

Эътибор беринг
ИМТҚга киритилган ўзгартиришлар билан ушбу ўзгартиришлар татбиқ этиладиган барча ходимларни қўл қўйдириб таништириш керак.

ИМТҚ амал қилиш муддати қандай

ИМТҚнинг амал қилиш муддати амалдаги қонунчиликда белгиланмаган. Шунинг учун бу масалани ташкилотнинг ўзи локал тартибда ҳал қилади. Агар иш берувчи ИМТҚнинг амал қилишини вақт бўйича чекламоқчи бўлса, уларни тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқда ҳужжатнинг амал қилиш муддатини кўрсатиш зарур. Агар бундай қилинмаса, у ҳолда ИМТҚ муддатсиз амал қилади деб ҳисобланади.

Вазият
Директор алмашгандан кейинги янги ИМТҚ

Компанияда янги директор. Аввалги раҳбар тасдиқлаган ички меҳнат тартиби қоидаларини қайта тасдиқлаш керакми?

Ташкилот директорининг ўзгаришининг ўзи – ИМТҚни қайта тасдиқлаш учун асос эмас. Агар амалдаги Қоидалар ходимларга ҳам, янги раҳбариятга ҳам маъқул бўлса, уларни ўзгартириш шарт эмас. Агар янги раҳбар амалдаги қоидаларни қайта кўриб чиқмоқчи бўлса – бу унинг ҳуқуқи.

Ҳужжатнинг янги таҳрири лойиҳасини касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан албатта келишиш керак. Шундан сўнг иш берувчи буйруқ билан янги ИМТҚни тасдиқлайди.

Буйруқда ИМТҚнинг янги таҳрири тасдиқланиши, эски таҳрири эса ҳақиқий эмас деб топилишини кўрсатиш зарур.

Иш берувчи янги ИМТҚни тасдиқлаб, амалга киритгандан сўнг, ўз кучини йўқотган Қоидалар 1 йил давомида сақланади. Бунинг учун улар архивга жойлаштирилади ёки уларни сақлашнинг бошқа усули таъминланади.

Эътибор беринг
ИМТҚни сақлаш муддати (1 йил) Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари фаолиятида тузиладиган намунавий бошқарув ҳужжатлари рўйхатининг 823-бандида белгиланган. Бошқарув ҳужжатларининг намунавий рўйхати «Ўзархив» Агентлиги томонидан 2011 йилда ишлаб чиқилган ва тасдиқланган. Бу расмий ҳужжат эмас (у Адлия вазирлигида рўйхатдан ўтказилмаган). Бунда Марказий давлат архиви мутахассислари Намунавий рўйхатда кўрсатилган сақлаш муддатларига риоя этиш, мулкчилик шаклидан қатъи назар, барча ташкилотлар учун мажбурий деб ҳисоблайдилар.
Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг