Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомни қандай ишлаб чиқиш керак

14.11.2024
author avatar

Гулрух НИЯЗМЕТОВА

халқаро алоқалар бўйича Бошқармаси катта мутахассиси
author avatar

Юрий ФЕОКТИСТОВ

«Норма» эксперти

Агар меҳнатга ҳақ тўлашнинг барча шартлари меҳнат шартномасида ёки жамоа шартномасида, Ички меҳнат тартиби қоидаларида акс эттирилган бўлса, Меҳнат кодекси иш берувчига меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомни тузиш мажбуриятини юкламайди. Бироқ ушбу Низом – меҳнатга ҳақ тўлаш тузилмаси ва тизими, иш ҳақини бериш саналари ва тартиби тўғрисидаги барча маълумотларни бирлаштирувчи ташкилотнинг алоҳида локал ҳужжатининг тавсия этиладиган вариантларидан биридир. Шунингдек ҳужжатда ташкилотда қўлланиладиган компенсация ва рағбатлантириш хусусиятига эга бўлган қўшимча тўловлар ва устамалар тизимлари, моддий ёрдам тўловларини мустаҳкамлаш мумкин.

Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва шартлари, шу жумладан ходимнинг тариф ставкаси ёки маоши миқдори, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловларни меҳнат шартномасида кўрсатиш лозим. Масалан, агар ташкилотда ходимлар маошдан ташқари қандайдир қўшимча тўловлар, компенсациялар олса ёки турли тоифадаги ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ҳар хил тизимлари қабул қилинган бўлса, у ҳолда тўловларни батафсил тавсифлаш меҳнат шартномасини «оғирлаштиради», ҳужжатни катталаштириб юборади.

Агар алоҳида ҳужжат тасдиқланган бўлса, у ҳолда меҳнат шартномасида маош қисмини кўрсатиш, рағбатлантирувчи (мукофот) тўловлар бўйича эса Низомга ҳавола қилиш мумкин, масалан: «Мукофотлар ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомга / Мукофотлаш тўғрисидаги Низомга мувофиқ тўланади».

Вазият
Мукофотлаш тизими қандай ташкил қилинади

Иш берувчи ходимларни мукофотлаши шартми? Мукофот тўлаш ёки ундан маҳрум қилиш сабаблари қатъий белгиланганми? Мукофотлаш ҳужжат билан қандай расмийлаштирилади?

Иш берувчи ходимларни мукофотлашга мажбур эмас, аммо мукофотлаши мумкин. У рағбатлантириладиган ходимлар доираси ва тўловлар миқдорини ўзи мустақил белгилайди. У ҳам алоҳида (аниқ ходимни), ҳам жамоавий (ташкилот ёки бўлимнинг барча ходимларини ва ҳ.к.) мукофотлаши мумкин. Ҳар бир ходимга бериладиган мукофотлар миқдори ҳам фарқ қилиши мумкин.

Мукофотлар:

  • бир марталик (олдиндан белгиланмаган, аниқ ҳолат бўйича тўланади);
  • доимий (олдиндан белгиланган сабабга кўра мунтазам равишда тўланади) бўлиши мумкин.

Байрамлар арафасида мукофотлаш мумкин:

  • умумдавлат (Наврўз, 8 Март ва ҳоказо);
  • ички (корхона куни, товарлар бозорида мавжудлик юбилейи ва ҳоказо);
  • шахсий (ходимнинг туғилган куни, тўй, фарзанд туғилиши ва ҳоказо).

Шунингдек мукофотлар юқори меҳнат кўрсаткичларига эришганлик учун, масалан, ишлаб чиқаришнинг олдиндан айтилган кўрсаткичини бажарганлик, мижозлар сонини оширганлик ва ҳоказолар учун ёки муайян вақт давридаги (чорак, йил) ишлар якунлари бўйича тайинланади.

Агар мукофотлаш бир марталик бўлса, буйруқ расмийлаштириш етарли бўлади. Унда мукофот тўланадиган шахслар рўйхатини ва мукофот миқдоларини кўрсатинг.

Агар ходимларни мунтазам равишда мукофотлашни режалаштирсангиз, локал ҳужжатни (масалан, мукофотлаш тўғрисидаги Низомни) ишлаб чиқиш ва белгиланган тартибда тасдиқлашни тавсия қиламиз. Унда қуйидагиларни назарда тутинг:

1) мукофотнинг нима муносабат билан тўланиши;

2) рағбатлантириладиган ходимлар доираси (мутахассислик ва лавозимлар бўйича) ёки мукофот тўлаш учун ходимларни танлаш мезонлари;

3) тўловларнинг миқдори, шартлари, тартиби, даврийлиги ва бошқа масалалар.

Навбатдаги мукофотларни тўлаш муддатлари келиши ёки тўлаш учун сабаблар вужудга келиши билан сиз фақат буйруқни расмийлаштирсангиз, холос.

Қандай бўлимларни киритиш керак

Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомнинг мазмуни ва тузилишини қонунчилик белгиламайди. Шунинг учун унинг таркиби ва мазмунини иш берувчи, ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари ва молиявий имкониятларидан келиб чиққан ҳолда, мустақил равишда белгилайди.

Низомга қуйидаги бўлимларни киритинг:

  • умумий қоидалар – Низомнинг мақсадлари ва уни қўллаш тартибини ёзиб белгиланг, меҳнатга ҳақ тўлаш масалалари тартибга солинадиган амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни (қонунлар, қонун ости ҳужжатлари, ташкилотнинг локал ҳужжатлари) кўрсатинг;
  • меҳнатга ҳақ тўлаш тизими – ташкилотда қўлланиладиган меҳнатга ҳақ тўлаш тизимларини (вақтбай, ишбай) кўрсатинг. Ҳар хил тоифадаги ходимлар учун меҳнатга ҳақ тўлашнинг ҳар хил тизимлари назарда тутилган бўлса – барча қўлланиладиган тизимларни тавсифланг. Меҳнатга ҳақ тўлаш шаклини бегиланг: касса орқали нақд пулда ёки банк карталарига ўтказиш йўли билан. Иш ҳақини тўлаш муддатларини кўрсатинг;
  • лавозим маошлари – ходимларнинг ҳар бир тоифаси учун лавозим мошлари ва тариф ставкаларини кўрсатинг. Шунингдек меҳнатнинг нормал шароитларидан четга чиқилган ҳолларда меҳнатга ҳақ тўлаш қоидаларини белгиланг. Масалан, ҳар хил малака талаб этиладиган ишлар бажарилганда, бир неча касбда ишлаганда, дам олиш кунларидаги ёки ишланмайдиган байрам кунларидаги иш учун, тунги вақтдаги иш учун, иш вақтидан ташқари иш учун. Меҳнат нормалари бажарилмаганда, шунингдек бекор туриб қолинган вақтда ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни кўрсатинг.
  •  ходимларни мукофотлаш, устамалар, қўшимча тўловлар – агар ташкилотда мукофотлаш тўғрисида алоҳида низом ишлаб чиқилмаган бўлса, ушбу бўлимни Низомга киритинг. Иш берувчи томонидан белгиланган мезонларга: тўловлар мунтазамлиги, ходимларнинг хизматлари, молиялаштириш манбаларига боғлиқ бўлиши мумкин бўлган мукофотлаш кўрсаткичлари ва турларини белгиланг. Масалан, муайян вақт оралиғи (ой, чорак, ярим йил, йил) давомида мунтазам равишда тўланадиган жорий ёки даврий мукофотлар; бирор-бир ишлаб чиқариш кўрсаткичларига ёки аниқ воқеалар, саналарга тўғри келадиган бир йўла бериладиган мукофотлар.
  • иш берувчининг жавобгарлиги – иш ҳақини кечиктириш, тўламаслик ва меҳнатга ҳақ тўлаш тартибининг бошқа бузилиши ҳолатлари учун иш берувчининг жавобгарлигини кўрсатинг;
  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг бошқа шартлари – низомнинг кучга кириш, унга ўзгартиришлар киритиш қоидалари ва бошқаларни тавсифланг.

Низомга, зарур бўлганда, қўшимча бўлимларни киритиш мумкин. Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомга асосий талаб – ҳужжат ходимларнинг ҳолатини амалдаги қонунчилик нормаларига нисбатан ёмонлаштирмаслиги керак.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомни қандай тасдиқлаш керак

Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низом лойиҳасини ишлаб чиқиш учун, ишчи гуруҳ тузилиши ёки масъул мансабдор шахс тайинланиши мумкин. Низомни ишлаб чиқишда бухгалтерлар, иқтисодиёт бўлими, юридик хизмати мутахассислари иштирок этишлари мумкин.

Ишлаб чиқилган Низом лойиҳасини келишиш учун касаба уюшмаси қўмитасига юборинг МК 12246-моддалари. Касаба уюшмаси қўмитаси ўзининг йиғилишида ушбу масалани кўриб чиқади ва қабул қилинган қарор ҳақида иш берувчини ёзма равишда хабардор қилади. Агар ушбу орган томонидан эътирозлар бўлмаса, лойиҳа иш берувчининг буйруғи билан тасдиқланади, Низомнинг юқори чап бурчагида қуйидаги белги қўйилади: «______ даги _____-сонли буйруқ билан тасдиқланди. Касаба уюшмаси қўмитаси билан келишув белгиси ҳужжатнинг титули ёки охирги саҳифасига қўйилади: «NAVRUZ» МЧЖ касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилди (________даги ___-сонли баённома)».

Ташкилот раҳбари меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомни тасдиқлаш тўғрисидаги буйруғи билан ҳужжатни амалга киритади. Низом у тасдиқланган кундан ёки унда ёхуд тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилган кундан эътиборан кучга киради.

Агар ходимларнинг вакиллик органи иш берувчининг локал ҳужжатни келишиш тўғрисидаги ёзма мурожаатига 20 кун муддатда жавоб бермаган бўлса, унда «НАВРУЗ» МЧЖ вакиллик органи локал ҳужжатни келишиш тўғрисидаги ўз қарорини белгиланган муддатда тақдим этмади» деган белги қўйилади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Батафсил алгоритмдан фойдаланинг, у локал ҳужжатни ишлаб чиқиш ва тасдиқлашнинг барча босқичларида ёрдам беради.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низом билан ходимларни қандай танишитириш керак

Тасдиқланган Низом ҳақида ташкилотнинг барча ходимларини қўл қўйдириб хабардор қилиш керак. Бунинг учун алоҳида таништириш варақасини расмийлаштириш мумкин; ходим локал ҳужжатнинг ўзида ёки махсус рўйхатга олиш журналида имзо қўйиши мумкин.

Эътибор беринг
Янги ишга қабул қилинадиган ходимларни локал ҳужжатлар билан меҳнат шартномасини тузишдан кейин эмас, балки унга қадар таништириш керак.

Агар Низом технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар муносабати билан ишлаб чиқилган бўлса, у ҳолда бундай ўзгаришлар ҳақида ходимларни янги қоидалар кучга киришидан камида 2 (икки) ой олдин огоҳлантириш лозим МК 137247274-моддалари.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар қандай киритилади

Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритиш тартиби қонунчилик томонидан белгиланмаган. Бироқ, умумий қоидага кўра, меҳнат шартлари қандай тартибда белгиланган бўлса, худди шундай тартибда ўзгартирилади. Буни иккита усулда амалга ошириш мумкин:

  • амалдаги таҳририга ўзгартиришлар киритиш;
  • ҳужжатни янги таҳрирда қабул қилиш, агар катта миқёсдаги ўзгартиришлар киритиладиган бўлса.
Эътибор беринг
Агар Низомни тасдиқлашда касаба уюшмасининг фикри инобатга олинган бўлса, у ҳолда Низомга ўзгартиришлар киритишда ҳам касаба уюшмасининг фикрини инобатга олган маъқул.

Иш берувчи қуйидаги ҳолларда меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритади:

  • агар меҳнат ҳуқуқи нормаларини ўз ичига олган янги норматив-ҳуқуқий ҳужжат кучга кирган бўлса, ёки унга ўзгартиришлар киритилган бўлса;
  • агар иш берувчида меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини ўзгартириш зарурати вужудга келган бўлса.

Низомга ўзгартиришларни киритиш учун қуйидаги алгоритмга амал қилинг:

1. Ўзгартиришларни тайёрлаш. Тузатишларни ҳужжатнинг дастлабки матнига киритиш ёки киритиладиган ўзгартиришлар кўп бўлса, янги Низом тайёрлаш мумкин.

2. Касаба уюшмаси қўмитасининг фикрини эътиборга олиш. Иш берувчи меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомни касаба уюшмаси қўмитасининг фикрини ҳисобга олган ҳолда қабул қилар экан, унга ўзгартиришларни ҳам худди шу тартибда киритиш зарур.

3. Ўзгартиришларни тасдиқлаш. Раҳбар ўзгаришларни ёки Низомнинг янги таҳририни тасдиқлаш тўғрисида буйруқ чиқаради.

4. Ходимларни таништириш. Низомга киритилган ўзгартиришлар ёки локал ҳужжатнинг янги таҳрири билан барча ходимларни қўл қўйдириб таништириш лозим.

5. Меҳнат шартномаларига қўшимча келишув тузиш (зарур бўлганда). Ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари, қўшимча тўловлар, устамалар ва рағбатлантирувчи тўловлар – меҳнат шартномасининг мажбурий шартларидир. Шунинг учун агар меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомга ўзгартиришлар киритиш меҳнат шартномаси шартларининг ўзгаришига олиб келадиган бўлса, меҳнат шартномаларига қўшимча келишувларни тузиш зарур МК 133135247-моддалари. Агар меҳнатга ҳақ тўлаш ва мукофотлаш тўғрисидаги Низомга киритилган ўзгартиришлар меҳнат шартномаси шартларига таъсир кўрсатмаса, унга ўзгартиришлар киритиш керак эмас. Масалан, агар ўзгаришлар мукофотлаш тизимига тааллуқли бўлса, меҳнат шартномасида эса кўрсатиб ўтилган тизим қайд этилмаган, балки ўзгартиришлар киритилаётган Низомга ҳавола қилинган бўлса, шундай қилиш мумкин.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Меҳнат шартларини қандай тўғри ўзгартириш ҳақида батафсил тавсияномада билиб олинг.
Вазият
Корхонада меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини қандай ўзгартириш керак

Компания меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини ўзгартирмоқчи – қатъий белгиланган маошни камайтириб, иш натижалари бўйича мукофотни киритмоқчи. Буни қонуний равишда қандай қилиш мумкин?

Шартлар қандай тартибда белгиланган бўлса, худди шундай тартибда ўзгартирилади.

Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш тартибини фақат улар қандай тартибда белгиланган бўлса, худди шундай тартибда ўзгартириш мумкин.

Иш берувчилар уларни ходимларнинг меҳнат шартномаларида ва/ёки локал ҳужжатларда белгилайдилар. Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори тарафларнинг келишувига кўра белгиланади МК 104246-моддалари. Меҳнатга ҳақ тўлаш шакллари ва тизимлари, мукофотлар, қўшимча тўловлар, устамалар, рағбатлантирувчи тўловлар жамоа шартномаларида ва бошқа ички ҳужжатларда белгиланади. Локал ҳужжатларни иш берувчи касаба уюшмаси қўмитаси билан келишган ҳолда қабул қилади, жамоа шартномасини эса меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши (конференцияси) маъқуллайди.

Агар ҳақ тўлаш шартлари локал ҳужжатларда белгиланадиган бўлса, меҳнат шартномасининг тегишли графасида уларга ҳавола қилинг. Масалан: «...мукофотлар миқдори ва тўлаш тартиби мукофотлаш тўғрисидаги Низом билан белгиланади». Ходимни унинг меҳнат фаолияти билан бевосита боғлиқ бўлган ички ҳужжатлар билан қўл қўйдириб таништиринг.

Агар: «ўзгартириш тартиби белгилаш тартибига тенг» деган қоидага амал қилинадиган бўлса, ҳақ тўлаш шартлари:

  • меҳнат шартномасида кўрсатилган бўлса – унга қўшимча келишувни расмийлаштириш ва иш берувчининг буйруғини чиқариш йўли билан ўзгартирилади;
  • локал ҳужжатларда кўрсатилган бўлса – касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиш ва иш берувчининг буйруғи билан тасдиқлаш йўли билан ўзгартирилади. Агар касаба уюшмаси қўмитаси меҳнатга ҳақ тўлаш тизимидаги янгиликларга рози бўлмаса, уларни жорий қилиш мумкин эмас.

Жамоа шартномасига келсак, унга киритиладиган барча тузатишлар меҳнат жамоасининг умумий йиғилиши ёки конференциясида маъқулланиши керак.

Эътибор беринг
Ходимнинг розилигисиз тўлов тизимини фақат алоҳида ҳолларда ўзгартириш мумкин

Умумий қоида бўйича меҳнат шартларини фақат ходимларнинг розилиги билан ўзгартириш мумкин.

Ишга жойлаштиришда иш берувчи бўлажак ходимни ташкилотда ишлаш шартлари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлаш шартлари билан таништиради. Ва айнан шу шартларда ходим ишлашга рози бўлади. Шунинг учун, шартлар локал ҳужжатларда ёки меҳнат шартномаларида белгиланган ёки белгиланмаганлигидан қатъи назар, иш берувчи уларни ўзгартириш учун бу тааллуқли бўлган ҳар бир ходимдан ёзма равишда розилик олиши шарт.

Эътибор беринг
Ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмларининг қисқарганлиги сабаб бўлган тақдирда йўл қўйилади.

Масалан, сиз ишлаб чиқариш линиясини сотиб олдингиз ва технологик жараёнларнинг кўп қисмини автоматлаштирдингиз, илгари ишчилар, шартли равишда айтганда, ҳамма ишни қўлда бажаришарди. Натижада бу иш вақти режимининг ва шунга мувофиқ равишда меҳнатга ҳақ тўлаш тизимининг ўзгаришига, қандайдир имтиёзлар, кафолатларнинг бекор қилинишига олиб келиши мумкин.

Агар аввалги шартларни сақлаб қолиш мумкин бўлмаган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, меҳнатга ҳақ тўлаш тизимини бир томонлама тартибда ўзгартириш мумкин эмас. Масалан, сиз маҳсулот таннархини пасайтириш учун ишчиларнинг маошини камайтиролмайсиз.

Унутманг, технологиядаги ва бошқа санаб ўтилган омиллар билан шартланган келгусидаги ўзгаришлар ҳақида ходимни камида 2 (икки) ой олдин огоҳлантириш керак. Агар ходим янги меҳнат шартларида меҳнат қилишни рад этса, у билан тузилган меҳнат шартномаси ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан, унга ишдан бўшатиш нафақаси тўланган ва МК 100-моддасида назарда тутилган кафолатлар тақдим этилган ҳолда, бекор қилиниши мумкин.   

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан меҳнат шартномасини қандай бекор қилиш ҳақида батафсил тавсияномада билиб олинг.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомнинг амал қилиш ва сақланиш муддати қандай

Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомнинг амал қилиш муддатини иш берувчи мустақил равишда белгилайди ва уни локал ҳужжатда мустаҳкамлайди. Агар иш берувчи Низомнинг амал қилишини вақт бўйича чеклашни хоҳласа, тасдиқлаш тўғрисидаги буйруқда ҳужжатнинг амал қилиш муддатини кўрсатиш зарур. Агар бундай қилинмаса, Низом муддатсиз амал қилади деб ҳисобланади.

Ҳужжатларни сақлаш муддатлари Ўзбекистон Республикаси ташкилотлари фаолиятида вужудга келадиган намунавий бошқарув ҳужжатлари Рўйхатида белгиланган.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тўғрисидаги Низомлар (Рўйхатнинг 31, 329-бандлари):

  • ишлаб чиқилган ва тасдиқланган жойи бўйича – доимий;
  • бошқа ташкилотларда – янги Низомлар билан алмаштирилгандан кейин 3 (уч) йил сақланиши керак.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Ташкилот тугатилганда қандай ҳужжатларни ва қандай архивга топшириш кераклиги ҳақида батафсил экспертнинг жавобида билиб олинг.
Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг