Кадрлар хизматининг 2024 йил декабрь ойидаги устувор вазифалари

20.11.2024
author avatar

Валерия ЛЯНДРЕС

«Норма» эксперти

Йил якуни ташкилот фаолиятида муҳим давр ҳисобланади. Бу даврда ўз фаолияти натижаларини таҳлил қилиш ва баҳолаш, ҳисобот тузиш ва бошқа бир қатор вазифаларни бажариш зарур. Йилнинг самарали якунланиши ташкилотнинг, шу жумладан кадрлар хизматининг ҳам, келгуси йилда янги мақсадларни ўзлаштиришга тайёрлиги ва самарадорлигини таъминлайди.

Кадрлар бўлимининг 2024 йил декабрь ойидаги устувор вазифалари

1. Жорий кадрлар бўйича иш юритиш таҳлили 

  • Ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва долзарблиги юзасидан ходимларнинг шахсий йиғмажилдларини аудитдан ўтказинг. Ходимнинг ҳар бир шахсий йиғмажилдида барча зарур ҳужжатлар (меҳнат шартномаси, қўшимча келишув, ариза, ишга қабул қилиш, бошқа ишга ўтказиш ва ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқлар нусхалари, бошқа мажбурий ҳужжатлар) борлигига ишонч ҳосил қилинг. Бирор ҳужжат мавжуд бўлмаган ёки долзарб бўлмаган ҳолларда уларни ўз вақтида янгилаш лозим. Шахсий йиғмажилдга унда бўлмаслиги керак бўлган ҳужжатлар киритилмаганлигини текширинг. Бу ишда сизга мутахассисларнинг тавсияномаси ёрдам беради.
  • Ходимларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни текшириш ва уларнинг амал қилиш муддатини аниқлаш. Паспорт/ID-карталарнинг амал қилиш муддати тугаётган ёки аллақачон тугаган ходимларга уларни алмаштириш зарурлиги ҳақида хабар беринг. Эҳтимол, ходимлардан кимдир (айниқса, масофадан туриб ишлайдиган) ҳужжатларни алмаштирган, кадрлар хизматини эса хабардор қилмаган. Ходимлардан сўранг, номувофиқликларни аниқланг ва ЯММТга қандай паспорт маълумотлари киритилганини текширинг. Агар керак бўлса, ушбу маълумотларни янгиланг;
  • Барча Т-2 шахсий карточкаларини тўлиқ ва аниқ тўлдирилганлиги юзасидан солиштириш. Янги лавозимларга ўтказиш, таътиллар, паспорт маълумотлари ва оилавий аҳвол тўғрисидаги маълумотларни ўзгартириш, ходимларга ижтимоий имтиёзлар бериш бўлимларини тўлдиришга алоҳида эътибор қаратинг. Фаолиятдаги ходимларнинг шахсий карточкаларидан ишдан бўшатилганларнинг Т-2 карточкаларини кейинчалик архивда сақлашга топшириш учун ажратинг.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Шахсий карточкаларни юритишнинг белгиланган регламенти борми? Т-2 карточкаларини электрон шаклда юритиш мумкинми? Т-2 карточкасига қандай асосий маълумотларни киритиш керак? Тавсияномада билиб олинг
  • Ходимларнинг ҳарбий-ҳисоб ҳужжатлари мавжудлигини, шунингдек улардаги маълумотларнинг ҳақиқийлигини: яшаш ҳудуди маълумотларининг ходим ҳарбий рўйхатда турган ҳудуд маълумотларига мос келишини; ҳарбий хизматдан илгари берилган кечиктириш муддати ва тиббий кўрикдан ўтказиш муддати ўтмаганлигини текшириш. Агар номувофиқликлар аниқланса, ходимларни мудофаа ишлари бўлимларига юборинг.         
Муҳим
Иш берувчи ҳарбий хизматга мажбурни ёки чақирилувчини ишга қабул қилар экан, унинг ҳарбий рўйхатга олишни юритиш учун жавоб беради, ҳарбий хизматни кечиктириш муддатини расмийлаштиришни, чақирилиш муддатини ва тиббий комиссиялардан ўтишни назорат қилади. Ташкилотда ҳарбий ҳисоб юритишни қандай ташкил этиш мумкин ва ҳарбий ҳисоб тўғрисидаги қонунчилигига риоя қилинмаган тақдирда иш берувчи қандай жавоб беради – тавсияномада.
  • Меҳнат шартномалари аудитини ўтказиш. Меҳнат шартномалари ва қўшимча келишувларда барча амалдаги меҳнат шартлари, шу жумладан меҳнатга ҳақ тўлашдаги ўзгаришлар, иш жадвали ва йил давомида кучга кирган бошқа қоидалар акс эттирилганлигини текширинг. Барча шартлар амалдаги қонунчиликка мос келишига ишонч ҳосил қилинг. Бу ишда Ленара Хикматованинг «Меҳнат шартномасига қандай шартларни киритиш керак» тавсияномаси сизга ёрдам беради

2. Якуний ҳисоботларни шакллантириш 

Кадрлар бўлимининг муҳим вазифаларидан бири тўртинчи чорак учун ҳисоботларни тузишдир: ишнинг асосий кўрсаткичлари, ходимлар сони, кадрлар қўнимсизлиги ва бошқалар. Ҳисобот қонун ҳужжатларига ва ички стандартларга мувофиқ тақдим этилиши керак.

  • Жорий йилнинг декабрь ойи учун иш вақтини ҳисобга олиш жадвалини ёпинг. Агар ташкилотда иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш жорий этилган бўлса ва ҳисобга олиш даври – йил белгиланган бўлса, бунга алоҳида эътибор қаратиш керак. Декабрь учун табель ёпилгандан кейин, ходимларда қайта ишлаш бор-йўқлигини текширинг.
Kadrovik.uz тавсия қилади

Иш вақтини ҳисобга олишни қандай танлаш, ҳисобга олиш даври учун нормаларни ҳисоблаш, шунингдек ҳақиқатан ишланган вақт назоратини қандай ташкил этиш бўйича экспертларнинг материаллари ёрдам беради:

  • Ноябрь ойи учун ҳисобланган иш ҳақи миқдори бўйича ходимлар сони тақсимоти тўғрисида ҳисобот топширинг (1-nh Шакли). Ушбу ҳисоботни, кичик корхоналар ва микрофирмалардан ташқари, юридик шахслар ва уларнинг алоҳида бўлинмалари 16 декабргача топширадилар.
  • Ҳарбий рўйхатга олиш ва бронлаштириш бўйича иш режасини, ходимларнинг Т-2 шахсий карточкаларини туман МИБ билан солиштириш жадвалини тайёрланг ва МИБ билан келишинг, ташкилотдаги ҳарбий хизматга мажбурлар сони бўйича йиллик ҳисоботни топширинг. Шунингдек тўртинчи чоракда ҳарбий ҳисобни юритиш бўйича масъул шахсни тайинлаш тўғрисидаги буйруқни янгилаш керак. Батафсил «Ходимларнинг ҳарбий ҳисобини қандай юритиш» тавсияномасида.

3. Ички ҳужжатларни янгилаш 

Лавозим йўриқномалари ва ички (локал) ҳужжатлар қоидаларини, шу жумладан Жамоа шартномаси, Ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ) ва Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги низомни қайта кўриб чиқинг. Ички ҳужжатнинг амал қилиш муддати тугамаганига ишонч ҳосил қилинг ва қонунчиликдаги сўнгги ўзгаришларга мувофиқлигини текширинг. Керак бўлса, ходимларни самарали бошқаришни қўллаб-қувватлаш учун келгуси йил учун долзарб бўлган янги шакллар, сиёсат ва тартиб-таомилларни тайёрланг.

Бу ишда сизга қуйидаги материаллар ёрдам беради:

Ҳар бир ташкилотда бутун иш йили давомида ички текшириш (ишчи) комиссияларини тузиш, меҳнатга ҳақ тўлаш тизими, ходимларга қўшимча ҳақ тўлаш ва бошқалар бўйича кўплаб ҳужжатлар (буйруқлар) чиқарилади. Бундай ҳужжатлар (буйруқлар) ни албатта қайта кўриб чиқиш, уларни кейинги йилга янгилаш керакми ё йўқми – аниқлаш керак. Йил давомида бир қатор қабул қилинган бир хил турдаги ҳужжатлар бирлаштирилади. Юридик хизмат билан биргаликда келгуси йил учун ҳужжатлар (буйруқлар) лойиҳаларини тайёрланг хамда ўзгартириш ва қўшимчаларни келишиб олинг. Ўз кучини йўқотган буйруқлар рўйхатини аниқланг.

4. Ҳужжатларни архивга топшириш учун тайёрлаш 

Одатда ҳужжатларни архивга топшириш иш йили тугагандан сўнг, январь ойида амалга оширилади. Бироқ декабрь ойидаёқ ҳужжатларнинг қийматини экспертизадан ўтказишни бошлаш мумкин: доимий сақлаш, вақтинча сақлаш ёки йўқ қилишни талаб қиладиган ҳужжатларни тақсимлаш.

Муҳим
Қонунчилик ҳужжатларни сақлашга, уларнинг махфийлигига қатъий талабларни белгилайди ва иш берувчи ишончли архивни ташкил этиш учун шарт-шароитларни таъминлаши лозим. Бундан ташқари, қонунда ҳар бир ташкилот риоя қилиши керак бўлган ҳар хил турдаги ҳужжатлар учун турли хил сақлаш муддатлари белгиланган. Бу ҳақда батафсил – экспертлар материалида.

5. Кейинги йил учун таътиллар жадвалини тасдиқлаш

2024 йилда ходимларнинг меҳнат таътилларидан фойдаланишини ҳозироқ албатта текширинг. 2024-йилги жадвал бўйича максимал таътил беришга ҳаракат қилинг. Таътил берилмаган ходимларни белгиланг, сабабларини аниқланг ва, раҳбарият билан келишган ҳолда, таътил бериш ёки уни бошқа вақтга кўчириш чораларини кўринг.

Диққат
Таътилни кўчиришни буйруқ билан расмийлаштиринг ва албатта Т-2 карточкасига тегишли ўзгартиришлар киритинг.

2025 йил учун таътиллар жадвалини тасдиқлаш ишларини якунланг:

  • ҳар бир ходим учун, ташкилотдаги стажи , ёши, соғлиғининг ҳолати, болалар сони ва бошқаларни ҳисобга олган ҳолда, келгуси йилда таътилининг давомийлигини белгиланг.
  • таркибий бўлинмалар раҳбарлари ёрдамида ходимлардан 2025 йилда таътилга чиқишнинг исталган вақти, шунингдек ундан фойдаланиш бўйича мўлжаллар: таътилни тўлиқ ёки қисмларга бўлиб олиш ҳақидаги маълумотларни тўпланг;
  • тўпланган маълумотларни таҳлил қилинг ва таътиллар жадвалини тасдиқланг. Ишлаб чиқариш зарурияти омилини ҳисобга олинг, ходимларга таътилларни бир вақтнинг ўзида беришга йўл қўйманг – агар улар бир-бирини алмаштиришса ва бир вақтнинг ўзида уларнинг иш жойида йўқлиги мумкин бўлмаса, шунингдек таътиллар улар учун қулай бўлган вақтда берилиши шарт бўлган ходимлар рўйхатини белгиланг.

Бу ишда қуйидаги материаллар сизга ёрдам беради:

6. Кейинги йил учун йиғмажилдлар номенклатурасини тузиш 

Ишлар номенклатураси асосан мураккаб тузилишга эга бўлган йирик ташкилотларнинг хизматлари томонидан олиб борилади. Йиғмажилдлар номенклатурасини тузиш – бу барча хизматларнинг биргаликдаги иши бўлиб, ташкилотда юритиладиган йиғмажилдларни ҳисобга олиш, мавзу бўйича ҳужжатларни гуруҳлаш, шунингдек архивга жўнатиш ёки йўқ қилиш учун жилдларни аниқлаш ва саралаш бўйича бир қатор вазифаларни ҳал қилиш имконини беради.

Муҳим
Номенклатура ҳужжатларни тизимлаштиришга ёрдам беради ва зарур ҳолларда уларни тезда топиш имконини беради.

Шунинг учун, келгуси календарь йилида барча ҳужжатлар қонунчилик талабларига мувофиқ тўғри расмийлаштирилиши учун, декабрь ойида ҳужжатлар йиғмажилдлари номенклатурасини тузиш ишларини олиб бориш муҳимдир.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Агар ташкилотда ягона йиғмажилдлар номенклатураси мавжуд бўлмаса, кадрлар хизмати учун алоҳида номенклатура ишлаб чиқинг. Бу кадрлар ҳужжатларини ҳисобга олиш ва тизимлаштиришни соддалаштиради, ишлаш қулайлигини оширади ва архивлашни осонлаштиради.

7. Жорий йилдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда келгуси йил учун штат жадвалини тасдиқлаш

Штат жадвалини қандай даврийликда янгилаш кераклиги бўйича нормативлар йўқ. Бироқ, одатда, штат жадвали йил бошида тасдиқланади. Аммо барча режалаштирилган ўзгаришларни, шу жумладан янги позицияларни, иш ҳақини тўлашда қисқартириш ва тузатишларни олдиндан ҳисобга олиш учун, тайёргарликни декабрь ойида бошлаган маъқул. Бу бюджетни тасдиқлаш, ресурсларни ўз вақтида тақсимлаш ва йил бошида кечикишларнинг олдини олиш имконини беради.

Эслатамиз
Бюджет ташкилотларида штатлар таркиби тузилмасини ва штатлар сонини расмийлаштириш учун штатлар жадвали мажбурий ҳисобланади. Нобюджет ташкилотлари учун иш берувчининг штат жадвалини расмийлаштириш мажбурияти мустаҳкамланмаган.

Лавозимлар номларини ХАЛИКК-2020га мувофиқлигини текширинг, жорий штатдаги ўзгаришларни таҳлил қилинг, компаниянинг режаларига кўра янги лавозимларга ёки мавжудларини қисқартиришга бўлган эҳтиёжни баҳоланг.

Эътибор беринг
ЯММТ ИДАКда штатдаги барча ходимларни назоратдан ўтказинг. Барча ходимлар my.mehnat тизимида рўйхатдан ўтганлигига ишонч ҳосил қилинг.

Раҳбарият учун штат бирликлари сони, ходимлар сони ва бўш иш ўринлари сони тўғрисидаги, шунингдек қуйидаги шахслар бўйича ҳам маълумотларни тайёрланг:

  • пенсионерлар;
  • ногиронлиги бўлган шахслар;
  • сўнгги 3 йилдаги коллеж (лицей) ва олий таълим муассасалари битирувчилари;
  • ҳомиладорлик ва туғиш таътилларида ҳамда 2-3 ёшгача болаларни парваришлаш таътилларида бўлган ходималар, таътилларнинг тугаш муддати кўрсатилган ҳолда.

Барча ўзгаришларни акс эттирган ҳолда, штатлар жадвали лойиҳасини тузинг ва уни тасдиқлаш учун раҳбариятга тақдим этинг.

Эслатамиз

Янги штат жадвали тасдиқлангандан сўнг янгиланган маълумотларни ЯММТга ташкилот маълумотлари бўлимига киритинг.

8. Келгуси йил учун ўқув ва ривожланиш режаларини тайёрлаш 

Ходимларнинг баҳолари ва компаниянинг стратегик мақсадлари асосида, малака оширишнинг асосий йўналишларини аниқлаб, ўқитиш эҳтиёжларини таҳлил қилинг. Ички ва ташқи тренинглар, семинарлар, курслар, шунингдек мотивацияни ошириш ва корпоратив маданиятни мустаҳкамлаш учун тадбирларни ўз ичига олган ўқув ва ривожланиш режасини ишлаб чиқинг.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ҳар бир бўлимнинг ўзига хос эҳтиёжларини ҳисобга олиш учун, бўлинмалар раҳбарлари ва кадрлар хизматининг фақатгина биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан ривожланиш режаларини тайёрлаш самарали бўлиши мумкин.

 

2024 йил декабрь учун муҳим ишлар чек-варағи

Kadrovik PRO фойдаланувчилари учун экспертларимиз томонидан махсус тайёрланган 2024 йил декабрь ойи учун кадровик муҳим ишлари чек-варақидан фойдаланинг! Чек-варақни нафакат юклаб олиш, балки чоп этиш ва хамкасбларингизга тарқатиш мумкин, токи вазифаларни тўғри тақсимлаш ва йилни муаммосиз якунлаш мумкин бўлсин.

ЧЕК-ВАРАҚИНИ ЮКЛАБ ОЛИШ

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг