Ходимнинг вафоти муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тартиби
Тавсияда:
- ходимнинг вафоти ёки бедарак йўқолиши муносабати билан ишдан бўшатиш учун ҳужжатлар;
- ходим вафот этган тақдирда қариндошларига компенсация;
- ходимнинг вафоти муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш.
Меҳнат шартномаларини МКнинг 168-модда 1-қисм 8-бандига мувофиқ қуйидаги ҳолларда бекор қилинг:
- ходимнинг вафот этиши;
- суд томонидан ходимни бедарак йўқолган деб эътироф этилиши;
- суд томонидан ходимни вафот этган деб эълон қилиниши.
Ходим вафот этган ёки бедарак йўқолган бўлса, меҳнат шартномасини бекор қилиш учун қандай ҳужжатлар зарур
Агар меҳнат шартномасини ходимнинг вафоти муносабати билан бекор қилаётган бўлсангиз, ходимнинг қариндошларидан ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини сўранг. Агар ходим бедарак йўқолган бўлса, қариндошларидан уни бедарак йўқолган (вафот этган) деб эътироф этиш тўғрисидаги суд қарорининг нусхасини сўранг.
Агар ходимнинг қариндошлари бўлмаса ёки улар алоқага чиқмаса, ҳужжатларнинг дубликатларини олиш учун туман ФҲДЁга ёки фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга мурожаат қилинг.
Ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқни ўлим тўғрисидаги гувоҳнома ёки ходимни бедарак йўқолган деб эътироф этганлик тўғрисидаги суд қарори асосида чиқаринг; ушбу ҳужжатлар олинган кун буйруқ санаси бўлади. Меҳнат шартномаси бекор қилинган сана вафот этган сана ёки суднинг ходим бедарак йўқолганлиги тўғрисидаги қарори чиқарилган сана бўлади. Яъни, ходим вафот этган тақдирда шартномани бекор қилиш санаси буйруқ чиқарилган санадан олдинроқ бўлиши мумкин.
Ходим вафот этди. Унинг меҳнат дафтарчасининг 2-устунида қайси сана кўрсатилиши керак? Иш берувчи зарур ёзувларни киритгандан сўнг меҳнат дафтарчасини кимга бериши шарт?
«Иш тўғрисидаги маълумотлар» бўлимининг 2-устунида ўлим тўғрисидаги гувоҳномага кўра вафот этган санани кўрсатинг. Худди шу маълумотларни ЯММТга киритинг.
Меҳнат дафтарчасини марҳумнинг энг яқин қариндошига беринг ёки унинг талабига кўра почта орқали юборинг
. Қариндошнинг шахси ва марҳум билан қариндошлик алоқалари мавжудлигини ҳужжатлар орқали текширинг. Масалан, эр-хотин учун – никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома бўйича, ота-она ва болалар, ака-укалар ва опа-сингиллар учун – паспорт ёки туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома бўйича.
Буйруқ асосида меҳнат дафтарчасига ёзув киритинг ва кейин ходимнинг шахсий варақасини ёпинг. Ходим одатда имзо чекадиган буйруқ ва шахсий варақадаги устунларни тўлдирмасдан қолдиринг. Меҳнат дафтарчасида иш тўғрисидаги ёзувлар ҳам фақат иш берувчи вакилининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланади.
Меҳнат дафтарчасини ходимнинг қариндошлари қўлига беринг. Меҳнат дафтарчалари ҳисобини юритиш китобида бериш тўғрисидаги ёзувни умумий тартибда қайд этинг ва олувчидан дафтарчани олганлиги тўғрисида имзо қўйишини сўранг. Берилмаган иш ҳақи ва ходимга тегишли бошқа тўловларни унинг оила аъзоларидан бирига беринг.
Марҳумнинг турмуш ўртоғи кадрлар бўлимига ўлим тўғрисидаги гувоҳномани бир ойдан кейин олиб келди. Вафот этган сана 15 март деб кўрсатилган. Иш вақтини ҳисобга олиш табелига кўра ходим ишда бўлган охирги кун – 13 март. Буйруқни қайси сана билан расмийлаштириш керак? Меҳнат муносабатларини бекор қилиш санаси сифатида охирги иш кунини кўрсатиш қонунийми? Агар йўқ бўлса, қайси санани кўрсатиш керак: вафот этган сананими ёки кадрлар бўлимига ўлим тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилган сананими?
Меҳнат муносабатларини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни ўлим тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилган куни расмийлаштиринг. Буйруқда меҳнат муносабатларини бекор қилиш куни сифатида ходим вафот этган санани кўрсатинг. Меҳнат муносабатларини бекор қилиш санаси сифатида охирги иш кунини белгиламанг.
Ходим вафот этганда қандай компенсациялар тўланади
Иш берувчи дафн этиш нафақасини тўламайди. Бунинг учун марҳумнинг қариндоши нафақани тўлаш мажбурияти юкланган тижорат банкига мурожаат қилади.
Пенсия жамғармаси ҳар ойнинг 5-санасигача нафақани тўлаш учун маблағларни тижорат банкининг ҳисобрақамига ўтказади 20.10.2023 й. 550-сон ВМҚ 9-б.
Ариза берувчи нафақани олиш учун вафот этган санадан бошлаб 60 кун ичида тижорат банкига мурожаат қилиши керак.
Ариза берувчи банкка: ФҲДЁ бўлими томонидан берилган давлат герби туширилган муҳр билан тасдиқланган вафот этганлик тўғрисидаги гувоҳномани ёки тиббиёт муассасаси томонидан берилган QR-код билан тасдиқланган гувоҳномани тақдим этади.
Нафақа олиш учун қуйидагилар ариза берувчилар бўлиши мумкин:
- марҳумнинг эри, хотини, ота-онаси, фарзандлари;
- марҳумнинг бошқа қариндошлари;
- марҳумнинг қонуний вакиллари;
- дафн этиш мажбуриятини ўз зиммасига олган бошқа шахс.
Нафақанинг миқдори вафот этган кунда амалда бўлган БҲМнинг 4 баравари миқдорида белгиланади 20.10.2023 й. 550-сон ВМҚ 10-б.
Иш берувчи боқувчисини йўқотганлик оқибатида компенсацияни, агар ходим меҳнатда майиб бўлиш, касб касаллиги ёки меҳнат мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ соғлиғига етказилган зиён туфайли вафот этган бўлса, тўлайди.
Агар қариндошлар ходимнинг вафоти ҳақиқатда меҳнат фаолияти туфайли юз берганлигини исботлашса, қуйидагиларни тўланг
.:
- бир йўла бериладиган нафақа – марҳумнинг ўртача йиллик иш ҳақининг камида олти баравари миқдорида;
- боқувчининг йўқотилган иш ҳақи ўрнини қоплаш учун ҳар ойлик тўловлар – марҳумнинг иш ҳақи қарамоғида бўлган шахслар сонига бўлинади;
- қўшимча харажатларни компенсация қилиш – марҳумнинг жасадини ташиш, зиённинг ўрнини қоплаш рад этилганлиги устидан шикоят қилиш ёки тўловларнинг миқдори хусусида низолашиш, адвокат хизматларини тўлаш ва ҳоказолар учун МК 330, 332-м..
Вафот этган ходимнинг турмуш ўртоғи иш берувчига мурожаат қилди. Ходимнинг вафоти табиий равишда юз берган ва унинг меҳнат фаолияти билан боғлиқ эмас. Марҳумнинг турмуш ўртоғи ходимнинг вафоти муносабати билан зиённи қоплаш компенсацияси тўлашни талаб қилди, чунки у уч нафар фарзанди билан қолган, улардан икки нафари вояга етмаган, биттаси эса олий ўқув юртида шартнома асосида ўқийди. Бу ҳолатда иш берувчи нимани тўлайди?
Ходим меҳнат фаолияти туфайли вафот этмаганлиги сабабли, марҳумнинг турмуш ўртоғига олинмаган иш ҳақи ва фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўланг. Дафн этиш учун БҲМнинг 4 баравари миқдоридаги нафақани олиш учун у нафақани тўлаш мажбурияти юкланган банкка мурожаат қилиши керак 25.02.2022 й. 89-сон ВМҚга 1-илова 2-б. «г» к. б.. Қонун бошқа компенсацияларни тўлашни талаб қилмайди
.
Ходимнинг вафоти муносабати билан меҳнат шартномасини бекор қилишни қандай расмийлаштириш керак
Агар ходим вафот этган ёки бедарак йўқолган бўлса, меҳнат шартномасини бекор қилиш учун:
1. Ходимнинг қариндошларидан, суддан ёки ФҲДЁ органларидан қуйидагиларни сўранг:
- ўлим тўғрисидаги гувоҳнома нусхасини – вафот этган тақдирда;
- уни бедарак йўқолган деб эътироф этиш тўғрисидаги суд қарорини – агар ходим бедарак йўқолган бўлса;
- ходимни вафот этган деб эътироф этиш тўғрисидаги суд қарорини – агар суд бедарак йўқолган ходимни вафот этган деб эътироф этган бўлса.
Агар қариндошлар бўлмаса ёки алоқага чиқмаса, ходим рўйхатдан ўтган жойдаги туман ФҲДЁ бўлимига ёки фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судга ходимнинг ўлим тўғрисидаги гувоҳноманинг дубликатини ёки уни бедарак йўқолган (вафот этган) деб эътироф этиш тўғрисидаги суд қарорининг нусхасини бериш илтимоси билан мурожаат қилинг. ФҲДЁ бўлимига ёки судга мурожаат қилганда қуйидагиларни тақдим этинг:
- иш берувчининг гувоҳномани оладиган вакилга ишончномасини;
- ўлим тўғрисидаги гувоҳноманинг дубликати ёки суд қарорининг нусхасини бериш тўғрисидаги сўровни. Унда марҳумнинг қариндошларидан ўлим тўғрисидаги ҳужжатларни олиш имконияти йўқлигини ва гувоҳнома ёки суд қарорининг нусхаси меҳнат муносабатларини бекор қилишни ҳужжатли расмийлаштириш учун зарурлигини кўрсатинг;
- меҳнат шартномасининг нусхасини.
Суд ходимни вафот этган ёки бедарак йўқолган деб эътироф этиш тўғрисидаги қарорнинг нусхасини беришни рад этиши мумкин, чунки иш берувчи ишнинг тарафи эмас. Бу ҳолда суд қарорининг нусхасини адвокатлик сўрови орқали олиш учун адвокатурага мурожаат қилишни тавсия қиламиз.
Шунингдек, ходимнинг рўйхатдан ўтган жойидаги манзил-маълумот бюросига мурожаат қилишингиз мумкин. Манзил-маълумот бюросининг маълумотномаси меҳнат шартномасини бекор қилиш учун етарли. Бу қоида фақат ходим вафот этган деб эълон қилинган ҳолда амал қилади.
2. Ўлим тўғрисидаги гувоҳнома ёки суд қарорининг нусхаси олинган куни меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Яъни, ходим вафот этган тақдирда шартномани бекор қилиш санаси буйруқ чиқарилган санадан олдинроқ бўлиши мумкин.
. Шунинг учун ходим вафот этган деб эътироф этилган тақдирда меҳнат шартномаси бекор қилинган сана сифатида суд қарори кучга кирган санани кўрсатинг.3. Ходимнинг меҳнат дафтарчасига (мавжуд бўлган тақдирда) ёзув киритинг.
4. ЯММТда меҳнат шартномасининг бекор қилинганлигини рўйхатдан ўтказинг.
5. Т-2 шахсий варақасига ёзув киритинг.
6. Қариндошларга ЯММТдан кўчирмани, шунингдек ходимнинг қоғоз меҳнат дафтарчасини беринг. Бериш тўғрисидаги ёзувни меҳнат дафтарчалари ҳисобини юритиш китобида умумий тартибда қайд этинг ва олувчидан дафтарчани олганлиги ҳақида имзо қўйишини сўранг.
7. Ходимнинг қариндошига берилмаган иш ҳақи ва ходимга тегишли бўлган бошқа тўловларни беринг. Иш ҳақи ариза ва тегишли ҳужжатлар тақдим этилган кундан бошлаб етти кундан кечиктирмай тўланади
.
- Тарафларнинг ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолатлар бўйича меҳнат шартномасини қандай бекор қилиш мумкин
- Меҳнат шартномасини бекор қилиш қандай расмийлаштирилади
- Ишга қабул қилиш қоидалари бузилиши муносабати билан меҳнат шартномасини қачон бекор қилиш керак
- Иш берувчининг ходим олдидаги моддий жавобгарлиги
- Меҳнат шартномаси қандай бекор қилинади
Телеграм канали