Қачон ва қандай тартибда ўртача иш ҳақи ҳисобланиши керак

21.05.2025

Тавсияда:

– ўртача иш ҳақи ҳисобланадиган ҳолатлар;
– ҳисоб-китоб даврида барча ойларда тўлиқ ишлаб берилган ҳолда ўртача иш ҳақини ҳисоблаш:
      ҳисоб-китоб даврини аниқлаш;
      меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасини аниқлаш;
      ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоб-китоби;
      ўртача кунлик ва ўртача соатлик иш ҳақи ҳисоб-китоби;
– ходимда ҳисобланган иш ҳақи мавжуд бўлмаганда ўртача иш ҳақи ҳисоб-китоби;
– ҳисоб-китоб даврида тўлиқ ишлаб берилмаган ойлар мавжуд бўлганда ўртача иш ҳақи ҳисоб-китоби;
– тариф (маош) оширилганда ўртача иш ҳақини қайта ҳисоб-китоб қилиш.

Эътибор беринг

Тавсияга 13.02.2025 й. ЎРҚ-1030-сон Қонунга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган.

Қонун 2025 йил 14 февралдан кучга киргани сабабли тавсия ушбу санадан бошлаб амал қилади.

Қандай ҳолатларда ўртача иш ҳақи ҳисобланади 

Ўртача иш ҳақини қуйидаги ҳолатларда вазиятларда ҳисобланг: 

Ўртача иш ҳақи ҳисобланадиган ҳолатлар

Меҳнат кодексига ҳавола

Ходимларнинг вакили бўлган ва ишлаб чиқаришдаги ишидан озод этилмаган шахсларга иш вақтида ходимларнинг манфаатларини ифодалаш ҳамда ҳимоя қилиш мажбуриятларини бажариш

МК 45-модда

Жамоавий музокараларда, жамоа келишуви (шартномаси) лойиҳасини тайёрлашда иштирок этадиган шахсларни асосий ишидан тарафларнинг келишуви билан белгиланадиган муддатга, ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда озод этиш

МК 64-модда

Айрим асослар бўйича ишдан бўшатишда иш қидириш даврида

МК 100-модда

Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш муносабати билан ходим бошқа ишга вақтинча ўтказилганда (меҳнат ҳақи бажарилган ишлар бўйича, бироқ аввалги ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда тўланади)

МК 145-модда

Ўз айбисиз меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида ўқувдан ҳамда билим ва кўникмалари текширувдан ўтмаган ёки мажбурий тиббий кўрикдан ўтмаган ходим ишдан четлаштирилганда.

Ходимга иш берувчи томонидан шахсий ва (ёки) жамоавий ҳимоя воситалари берилмаганда.

Ходимга нисбатан хизмат текшируви ўтказилиши муносабати билан ишдан четлаштирилганда

МК 152309-модда

Ишдан бўшатиш нафақаси тўланганда (тўлов миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у ўртача ойлик иш ҳақидан фоизларда аниқланади)

МК 173-модда

Ноқонуний равишда ишдан бўшатилганда маънавий зарар учун компенсация (компенсация миқдори иш берувчининг ҳаракатларини баҳолашни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан, бироқ ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда белгиланади)

МК 174-модда

Ходим йиллик меҳнат таътилида бўлганда (таътил пули тўланганда)

МК 233-модда

Ходим ўқув ёки ижодий таътилда бўлганда, олий таълим ташкилотларига ўқишга кирганда бериладиган иш ҳақи сақланмайдиган таътил бундан мустасно

МК 237-модда 3-қисми

Ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланганда (нафақа миқдори ўртача ойлик иш ҳақининг 75 %дан кам бўлмаслиги керак)

МК 237-модда 4-қисми404-модда

12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ нафар бола ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бири (ота-онанинг ўрнини босувчи шахс) давомийлиги 4 календарь кун бўлган ҳар йилги ижтимоий таътилда бўлган даврида

МК 237-модда 6-қисми

Ходимнинг қонунчиликда белгиланмаган бошқа ижтимоий таътилларда бўлиш даври (никоҳ тузилганлиги муносабати билан, бола туғилиши муносабати билан боланинг отасига, ходимнинг яқин қариндоши вафот этганлиги муносабати билан ва бошқалар) ёки ижтимоий таътиллар давомийлигини уларнинг қонунчиликда белгиланган давомийлигига нисбатан кўпайтирилганда (агар жамоа келишувларида (шартномасида) иш ҳақи ёки унинг бир қисми сақланиб қолиши назарда тутилган бўлса)

МК 238-модда

Иш берувчининг айби билан меҳнат меъёрлари, меҳнат (лавозим) мажбуриятлари бажарилмаганда (меҳнат ҳақи ҳақиқатда ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисобланган ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда тўланади)

МК 265-модда

Иш берувчининг айби билан бекор туриб қолинганда (иқтисодий, технологик, техник ёки ташкилий сабабларга кўра ишни вақтинча тўхтатиб турилганда)

МК 266-модда

Ходимнинг хизмат сафарида бўлиши ва бошқа ҳолларда

МК 280-модда

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври учун нафақа тўловлари

МК 281-модда

Давлат ва жамоат вазифаларини бажариш

МК 282-модда

Тиббий текширувдан ўтиш кунида ҳамда қон ва унинг таркибий қисмларини топшириш кунида ҳамда дам олиш кунларида ишдан озод қилишда

МК 283-модда

Иш берувчи томонидан ходимга зарар етказилганда

МК 319336-модда

Навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтилганда

МК 355-модда

Меҳнатни муҳофаза қилишга доир талаблар бузилганлиги туфайли иш берувчининг фаолияти тўхтатилганда ёки ушбу даврда  меҳнатни муҳофаза қилиш талаблари бузилганлиги сабабли иш берувчининг фаолиятини тўхтатиб туриш муддати давомида одим розилиги билан бошқа ишга ўтказилганда

МК 356-модда

Ходим ўз ҳаётига ва соғлиғига таҳдид солаётган ишни бажаришни, ушбу ҳолат бартараф этилгунига қадар рад этганда

МК 358-модда

Ходим мажбурий тиббий кўриклардан ўтказилганда

МК 360-модда

Ходим соғлиғи ҳолатига кўра енгилроқ ёки ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган, камроқ ҳақ тўланадиган ишга ўтказилганда (шундай ишга ўтказилган кундан эътиборан 2 ҳафта мобайнида унинг аввалги ўртача иш ҳақи сақланади)

МК 364-модда

Ходимларни ихтиёрий тартибда қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш вақтида (агар ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш жамоа шартномасида ёки ички ҳужжатда ёхуд меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига кўра назарда тутилган бўлса)

МК 370-модда

Тиббий хулосага мувофиқ ҳомиладор аёлларнинг ишлаб чиқариш меъёрлари, хизмат кўрсатиш меъёрлари камайтирилганда ёки уларнинг аризасига кўра енгилроқ ишга ёхуд ноқулай ишлаб чиқариш омилларининг таъсиридан холи бўлган ишга ўтказилганда (аввалги ишларидаги ўртача ойлик иш ҳақи сақланган ҳолда)

МК 394-модда

2 ёшга тўлмаган бола парваришини амалга ошираётган ота-онадан бири (васий) аввалги ишини бажариши мумкин бўлмаган тақдирда, ўз аризасига кўра бажариладиган иши учун ҳақ тўланадиган, бироқ аввалги иши бўйича ўртача иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда бола 2 ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи тўланадиган бошқа ишга ўтказилганда

МК 395-модда

Ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун қўшимча бўш кунлар берилганда

МК 403-модда

Янги туғилган болани фарзандликка олган ёки унга васий қилиб белгиланган ходимга таътил берилган даврда нафақа тўланганда

МК 406-модда

Болани овқатлантириш учун танаффуслар берилганда

МК 407-модда

Якка тартибдаги тадбиркорнинг фаолияти тўхтатиб турилган ҳолларда (ходимнинг ўртача иш ҳақи
2 ҳафта давомида сақланиб қолади)

МК 511-модда

Меҳнат низолари бўйича комиссиянинг ишида ушбу комиссия аъзоси иштирок этганда

МК 557-модда

Мажбурий прогулнинг бутун вақти учун ўртача иш ҳақини ёки кам иш ҳақи тўланадиган ишни бажарган бутун вақти учун иш ҳақидаги фарқ тўланганда (меҳнат шартномаси ноқонуний равишда бекор қилинган ёки меҳнат шароитлари ёмонлашган ҳолатларда суднинг қарорига кўра)

МК 561-модда

Иш берувчи томонидан қуйидаги қарорларнинг ижроси кечиктирилганда:

  • ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ходимни ишга тиклаш, шунингдек меҳнат шартномасини бекор қилиш асосларининг таърифини ўзгартириш тўғрисидаги суд қарори;
  • ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ходимни аввалги ишига тиклаш ҳақидаги ёхуд ғайриқонуний равишда ишдан четлаштирилган ходимга аввалги ишини бериш тўғрисидаги якка тартибдаги меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органнинг қарори

МК 569-модда

Яраштириш комиссиясининг аъзолари, меҳнат арбитрлари жамоавий меҳнат низосини ҳал этишда (тартибга солишда) иштирок этиш вақтида, бунда улар асосий ишидан озод қилинади

МК 578-модда

Ҳисоб-китоб даврида барча ойларда тўлиқ ишлаб берилганда ўртача иш ҳақини қандай ҳисоблаш керак 

Барча ҳолатлар учун ўртача иш ҳақи Меҳнат кодексининг 257-моддасига мувофиқ ҳисобланади.

1-қадам. Ҳисоб-китоб даврини аниқланг

Ўртача иш ҳақини аниқлаш учун ҳисоб-китоб даври – ўртача иш ҳақи сақланган ойдан олдин ишланган календарь ойлар сони. Ушбу давр 12 ойни ташкил қилади. Ходим ташкилотда 12 ойдан кам ишлаган тақдирда, ҳисоб-китоб даври ҳақиқатда ишланган ойлар сонига тенг бўлади.

Тегишли ойнинг 1-санасидан 30 (31)-санасигача, февралда эса – 28 (29)-санасигача  бўлган давр календарь ой деб ҳисобланади.

Мисол
Ҳисоб-китоб даври қандай аниқланади
Ўртача иш ҳақи жорий йил июнь ойидаги ўқув таътилига тўлов тўлаш учун ҳисобланади. Ходим ташкилотда ўтган йил 1 августдан бошлаб ишламоқда.
Иш ҳақининг қўшимча қисмини аниқлаш учун ҳисоб-китоб даври – ўтган йилнинг 1 августидан жорий йилнинг 31 майигача (ўртача иш ҳақи ҳисобланадиган ойдан олдинги 10 ой).

2-қадам. Ҳисоб-китоб даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасини аниқланг 

Ҳисоб-китоб даври учун солиқ солиниши лозим бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммасини аниқланг. Улар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг қабул қилинган шакллари ва тизимларига мувофиқ ишбай нархлардан, тариф ставкаларидан ва мансаб маошларидан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган, ҳақиқатда бажарилган иш учун ҳисобланган иш ҳақи :
  • илмий даража ва фахрий унвон учун устама ҳақлар;
  • рағбатлантириш тусидаги тўловлар;
  • компенсация тўловлари;
  • амалда бажарилган иш учун бошқа тўловлар.
Эътибор беринг
Солиқ кодексининг 369-моддасида жами даромад таркибига киритилмайдиган, демак, ўртача иш ҳақини ҳисоблашда инобатга олинмайдиган даромадлар кўрсатилган.

Ўртача иш ҳақини ҳисоблашда инобатга олинадиган (инобатга олинмайдиган) тўловларга қуйидагилар мисол бўлади:

  • фахрий унвон учун устама – киритилади, чунки меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадларга киради;
  • ишнинг натижалари учун мукофот – киритилади, чунки рағбатлантириш тусидаги тўловлар жумласига киради;
  • лавозимларни биргаликда олиб борганлиги учун қўшимча тўлов, хизмат сафарлари вақтида меъёрдан ортиқча суткалик тўловлар – киритилади, чунки компенсация тўловларига киради;
  • дивидендлар – киритилмайди, чунки мулкий даромадлар таркибига киради;
  • бепул берилган мол-мулк қиймати – киритилмайди, чунки моддий ёрдам тарзидаги даромадлар таркибига
    киради;
  • фарзанди никоҳдан ўтганлиги муносабати билан моддий ёрдам – киритилмайди, чунки бошқа даромадлар таркибига киради.

3-қадам. Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисобланг  

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг барча тизимларида у қуйидагича ҳисобланади:

Ўртача иш ҳақи = Ҳисоб-китоб даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар :
Ҳисоб-китоб давридаги тўлиқ ишлаб берилган ойлар сони.

Мисол
Меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида ўртача ойлик иш ҳақи қандай ҳисобланади

Ўртача ойлик иш ҳақи жорий йилнинг май ойида ишлаб чиқариш заруратига кўра ходимни вақтинча бошқа ишга ўтказиш давридаги аввалги иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда тўлаш учун ҳисобланади.

Ходим ташкилотда ўтган йилнинг 1 июлидан тўлиқ 10 ой ишлаган.

Унинг маоши – 3 500 000 сўм (ишни бошлагандан буён ўзгармаган).

Ҳисоб-китоб даврида ўтган йилнинг 1 июлидан жорий йилнинг 30 апрелигача ходимга меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги қуйидаги даромадлар ҳам ҳисобланган (жами 5 000 000 сўм):

иш натижалари учун мукофот – 2 200 000 сўм;

нормативдан ортиқча суткалик пуллар – 800 000 сўм;

байрамга мукофот – 2 000 000 сўм.

Меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлар суммаси:

3 500 000 х 10 + 5 000 000 = 40 000 000 сўм.

Ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаймиз: 40 000 000 : 10 = 4 000 000 сўм.

Ўртача кунлик ва ўртача соатлик иш ҳақи қуйидаги формулалар бўйича ҳисобланади:

Ўртача кунлик иш ҳақи = Ўртача ойлик иш ҳақи : 25,3 (иш кунларининг ўртача ойлик сони);

Ўртача соатлик иш ҳақи = Ўртача ойлик иш ҳақи : Ўртача иш ҳақи сақланадиган ойдан аввалги охирги календарь ойда ишлаб берилган соатлар сони.

Мисол
Ўртача кунлик иш ҳақи қандай ҳисобланади

Жамоа шартномасида ходимни ихтиёрий тартибда қайта тайёрлаш ёки малакасини ошириш даврида ўртача иш ҳақи сақланиб қолиши назарда тутилган.

Ходим 5 иш кунида малака ошириш курсларида ўқиди.

Ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи – 3 500 000 сўм.

Ўртача кунлик иш ҳақи:

3 500 000 : 25,3 = 138 339,92 сўм.

5 иш куни учун ўртача иш ҳақи ҳисобланади:

138 339,92 х 5 = 691 699,6 сўм.

Мисол
Ўртача соатлик иш ҳақи қандай ҳисобланади

Иш берувчи шахсий ҳимоя воситаларини бермагани сабабли ходим июнь ойида 4 соат ишлаш имконига эга бўлмаган.

Ҳисобланган ўртача ойлик иш ҳақи – 3 500 000 сўм.

Май ойида у 175 соат ишлаб берган.

Ўртача соатлик иш ҳақи:

3 500 000 : 175 = 20 000 сўм.

4 соат учун унга ўртача иш ҳақи ҳисобланади:

20 000 х 4 = 80 000 сўм.

Ходимга иш ҳақи ҳисобланмаган тақдирда ўртача иш ҳақи қандай ҳисобланади

Ходимга иш ҳақи ҳисобланмаган бўлса ёки унда ҳисоб-китоб даври учун ва ҳисоб-китоб даври бошлангунга қадар ишлаб берилган кунлар бўлмаса, ўртача иш ҳақи сақланган ойда ходим ҳақиқатда ишлаб берган кунлар учун ҳисобланган иш ҳақидан келиб чиқиб ўртача иш ҳақини белгиланг.

Мисол
Ходимга ҳисоб-китоб даври учун ва ҳисоб-китоб даври бошлангунча иш ҳақи ҳисобланмаган бўлса, ўртача иш ҳақи қандай ҳисобланади
Ходим 1 майда ишга кирган. У 10 иш куни ишлаб, иш берувчининг айби билан бекор туриб қолган.

Май ойининг қолган 12 иш куни учун унинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

Ходимнинг маоши – 4 400 000 сўм. Бошқа суммалар ҳисобланмаган.

1 иш куни учун ходимга 200 000 сўм (4 400 000 : 22) ҳисобланади.

Бекор туриб қолган 12 иш куни учун унга 2 400 000 сўм (200 000 х 12) ўртача иш ҳақи ҳисобланади.

Ходимга иш ҳақи ҳисобланмаган бўлса ёки унда ҳисоб-китоб даври учун, ҳисоб-китоб даври бошлангунга қадар ва ўртача иш ҳақи тўлангунга қадар ҳақиқатда ишлаб берилган кунлар бўлмаса, унга белгиланган тариф ставкасидан (маошдан) келиб чиқиб ўртача иш ҳақини белгиланг.

Мисол
Ходимга иш ҳақи ҳисобланмаган бўлса, ўртача иш ҳақи қандай ҳисобланади

Ходим 1 майда ишга кирди, бироқ иш берувчининг айби билан меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасида таълим олмагани сабабли билим ва кўникмалари текширувдан ўтмагани учун 2 кун ишлай олмади.

Ходимга маош – 3 300 000 сўм белгиланган.

Иш графигига кўра май ойида 22 иш куни бор.

1 иш куни учун ходимга 150 000 сўм (3 300 000 : 22) ҳисобланади.

2 кун учун унга 300 000 сўм (150 000 х 2) ўртача иш ҳақи ҳисобланади.

Ҳисоб-китоб даврида тўлиқ ишлаб берилмаган ойлар бўлган тақдирда ўртача иш ҳақи қандай ҳисобланади  

Ўртача иш ҳақини белгилаш чоғида ҳисоб-китоб давридан вақтни, шунингдек ушбу вақтда ҳисобланган суммаларни чиқариб ташланг, агар:

  • ходимнинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолган бўлса (бундан болани овқатлантириш учун танаффуслар мустасно). Масалан, аввалги меҳнат таътили даврлари ўқув ёки ижодий таътиллар, агар улар ҳисоб-китоб даврига тўғри келса;
  • ходим вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақасини ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олган бўлса;
  • ходим иш берувчига ва ходимга боғлиқ бўлмаган сабабларга кўра бекор туриб қолиш муносабати билан ишламаган бўлса;
  • ходимга ногиронлиги бўлган болаларни ва болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларни парваришлаш учун қўшимча ҳақ тўланадиган дам олиш кунлари берилган бўлса;
  • ходим қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда иш ҳақи тўлиқ ёки қисман сақланадиган ёки ҳақ тўланмайдиган ишдан озод этилган бўлса. 
Вазият
Таътил вақти ҳисоб-китоб давридан чиқариб ташланади

Ходимга нисбатан жорий йил ноябрда хизмат текшируви ўтказилганлиги муносабати билан у ишдан четлаштирилган вақтга тўлов тўлаш мақсадида ўртача иш ҳақи ҳисобланади.

Ходим ташкилотда 12 ойдан ортиқ ишлаган.

Жорий йилнинг июнь ойида ходим меҳнат таътилида бўлган.

Ноябрь ойида ўртача иш ҳақини ҳисоблашда июнь ойида берилган таътил ҳисобга олинадими?

– Йўқ, ҳисобга олинмайди.

Жорий йил ноябрда ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун ҳисоб-китоб даври – ўтган йилнинг 1 ноябридан жорий йилнинг 31 октябригача.

Июндаги таътил кунлари ҳисоб-китоб давридан чиқариб ташланади, июнь ойи учун таътил пули суммаси ноябрь ойидаги ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобидан чиқариб ташланади.

Вазият
Касаллик вақти ҳисоб-китоб давридан чиқариб ташланади

Жорий йил июнь ойида мажбурий тиббий кўрикдан ўтиш вақтига тўлов тўлаш мақсадида ўртача иш ҳақи ҳисобланади. Ходим ташкилотда 12 ойдан ортиқ ишлаган.

Жорий йил январь ойида ходимга 12 кунга касаллик варақаси очилган.

Июнь ойида ўртача иш ҳақини ҳисоблашда касаллик вақти ҳисобга олинадими?

– Йўқ, ҳисобга олинмайди.

Жорий йил июнь ойида ўртача иш ҳақини ҳисоблаш учун ҳисоб-китоб даври – ўтган йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 31 майигача.

Январь ойидаги 12 кунлик вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик ҳисоб-китоб давридан чиқариб ташланади.

Вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси суммаси июнь ойидаги ўртача иш ҳақи ҳисоб-китобидан чиқариб ташланади.

Агар ҳисоб-китоб даврининг бир ёки бир неча ойи учун тўлиқ ишлаб берилмаган ёхуд ундан кўрсатилган вақт чиқариб ташланган бўлса, ўртача ойлик эмас, балки ўртача кунлик иш ҳақини ҳисобланг.

Тўлиқ ишлаб берилмаган ойларга қуйидагилар мисол бўла олади: 

  • ташкилотда ишланган биринчи ой, агар ходим ойнинг 1-санасидан ишга қабул қилинмаган бўлса; 
  • ходим вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақасини олган; 
  • ходим иш берувчи ва ходимга боғлиқ бўлмаган бекор туриб қолиш туфайли ишламаган;
  • МК 257-моддаси 4-қисмида назарда тутилган ҳолатлар юз берган бошқа ойлар.

Бунинг учун қуйидаги формулалардан фойдаланинг:

Ўртача кунлик иш ҳақи = Ҳисоб-китоб даври учун ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақи : (25,3 х Тўлиқ календарь ойлар сони + Тўлиқ бўлмаган календарь ойлардаги иш кунлари сони);

Тўлиқ бўлмаган календарь ойдаги иш кунлари сони = 25,3 : Ҳақиқатдаги иш кунлари сони х Ушбу ойда ишлаб берилган иш кунлари сони.

Мисол
Ўртача кунлик иш ҳақи қандай ҳисобланади

Жорий йилнинг июнь ойида меҳнат низолари бўйича комиссия ишида ушбу комиссиянинг аъзоси иштирок этган вақтга тўлов тўлаш учун ўртача кунлик иш ҳақи ҳисобланади.

Ходим ташкилотда 12 ойдан ортиқ ишлаган.

Ҳисоб-китоб даври – ўтган йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 31 майигача.

Ушбу давр учун ходимда тўлиқ ишлаб берилмаган 2 ой бор:

  • ноябрда у бетоблиги туфайли 5 кун ишламаган (иш кунларининг умумий сони – 22);
  • февралда иш ҳақи сақланмайдиган 10 кунлик таътилда бўлган (иш кунларининг умумий сони – 20).

Ходимнинг лавозим маоши – 4 000 000 сўм (ҳисоб-китоб даврида ўзгармаган).

Ҳисоб-китоб даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар – 3 600 000 сўм. Ушбу суммага ноябрь ойи учун вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси киритилмайди.

Ходимга тўлиқ бўлмаган ойларда иш ҳақи қуйидагича ҳисобланган:

  • ноябрда – 3 090 909,09 сўм (4 000 000 : 22 х 17);
  • февралда – 2 000 000 сўм (4 000 000 : 20 х 10).

1. Ҳисоб-китоб даври учун ҳақиқатда ҳисобланган иш ҳақини ҳисоблаймиз:

4 000 000 х 10 тўлиқ ой + 3 090 909,09 + 2 000 000 + 3 600 000 = 48 690 909,09 сўм.

2. Тўлиқ бўлмаган ойлардаги иш кунлари сонини аниқлаймиз:

  • ноябрь: (25,3 : 22) х 17 = 19,55;
  • февраль: (25,3 : 20) х 10 = 12,65. 3.

Ўртача кунлик иш ҳақини ҳисоблаймиз:

48 690 909,09 : (25,3 х 10 тўлиқ ой + 19,55 + 12,65) = 170 725,49 сўм.

Тариф (маош) ўзгарганда ўртача иш ҳақи қандай қайта ҳисобланиши керак  

Иш ҳақи (маош, тариф) ўзгарганда ўртача иш ҳақини ўзгартиришни ҳисобга олган ҳолда қайта ҳисобланг.

Мисол
Маош оширилганда ўртача иш ҳақини қандай қайта ҳисоб-китоб килиш керак

Ходимнинг 6 кунлик иш ҳафтасида жорий йил 12 майдан 4 июнгача бўлган давр учун ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.

У ташкилотда ўтган йилнинг 1 июнидан бошлаб тўлиқ 11 ой ишлаган.

21 иш куни ўртача иш ҳақи сақланиб қоладиган даврга тўғри келади, ш.ж. май ойида – 18 кун, июнь ойида – 3 кун.

Ходимнинг маоши – 4 000 000 сўм (ишни бошлагандан буён ўзгармаган).

Ўтган йилнинг 1 июнидан жорий йилнинг 30 апрелигача бўлган ҳисоб-китоб даври учун меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги бошқа даромадлар – 4 400 000 сўм.

Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб ходимнинг маоши 5 000 000 сўмгача оширилган.

Ушбу ошишни ҳисобга олган ҳолда ўртача иш ҳақини қайта ҳисоблаш керак.

Дастлаб ўртача иш ҳақи қуйидагича ҳисобланган:

  • ўртача кунлик иш ҳақи: ((4 000 000 х 11 + 4 400 000) : 11) :

25,3 = 173 913,04 сўм;

  • ҳисобланган ўртача иш ҳақи:

173 913,04 х 21 кун = 3 652 173,84 сўм.

1 июндан бошлаб ходимнинг маоши оширилганлиги сабабли июнь ойидаги 3 иш куни учун ўртача иш ҳақини қайта ҳисоблаш зарур.

Қонунчиликда ўртача иш ҳақини қайта ҳисоб-китоб қилишнинг аниқ тартиби белгиланмаган.

Қуйидаги вариант таклиф этилади.

Маошнинг янги миқдорига асосан ҳисобланган ўртача кунлик иш ҳақи: (5 000 000 + 4 400 000 : 11) : 25,3 = 213 438,74 сўм.

Июнь ойида 3 кунлик ўртача иш ҳақини сақлаш учун 118 577,1 сўм ((213 438,74 – 173 913,04) х 3) қўшимча ҳисоблаш керак.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг