Чек-лист: меҳнат таътилини қандай расмийлаштириш керак

11.07.2025
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Меҳнат таътилини бериш тартиб-таомили бир нечта босқичдан иборат.

Фараз қилайлик, муҳандис А. Ашуровга 2025 йил 20 июндан бошлаб таътил расмийлаштириш керак. Бунинг учун кадрлар хизмати қуйидагиларни амалга ошириши зарур:

  • ходимнинг меҳнат таътили олиш ҳуқуқини текшириш;
  • асосий меҳнат таътилининг давомийлигини аниқлаштириш;
  • ходимнинг қўшимча таътиллар олиш ҳуқуқини текшириш;
  • таътиллар жадвали билан солиштиришни амалга ошириш;
  • ходимни бўлажак таътил ҳақида хабардор қилиш;
  • буйруқни тайёрлаш ва таътил пулини тўлаш учун уни бухгалтерияга бериш;
  • ходимнинг Т-2 шаклидаги шахсий варақасига меҳнат таътили ҳақида ёзув киритиш;
  • ходимнинг таътилдан чиқишини назорат қилиш.

Ҳар бир босқичга батафсил тўхталиб ўтамиз.

1-босқич. Таътил олиш ҳуқуқини текшириш

Ҳаракат: А. Ашуров қайси иш йили учун – биринчи ёки кейинги иш йиллари учун берилаётганлигига қараб, ҳар йилги меҳнат таътили олиш ҳуқуқига эга эканлигига ишонч ҳосил қилиш. Бу ҳақда «Меҳнат таътилига бўлган ҳуқуқ қачон пайдо бўлади» тавсиясида батафсил ёзганмиз.

Ҳужжатлар:

– ишга қабул қилинган сана;
– бошқа ишга ўтказиш;
– фойдаланилган меҳнат таътиллари (уларнинг қолдиқлари);
– меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажи жумласига киритилмайдиган иш даврлари (масалан, иш ҳақи сақланмайдиган 14 кундан ортиқ таътил );

  • меҳнат шартномаси – ишни бошлаш санаси ҳақида ахборотни ўз ичига олади. Шунингдек, меҳнат шартномасида ходимнинг биринчи иш йили учун 6 ой ишламасидан илгари таътил олиш ҳуқуқи ҳақида шарт мавжуд бўлиши мумкин;
  • иш вақтини ҳисобга олиш табели – ходим ҳақиқатан 6 ой ишлаб берганлигини текшириш имконини беради (агар биринчи иш йили учун таътил ҳақида сўз бораётган бўлса). Табель бўйича таътил стажидан чиқариб ташланадиган даврларни кўриш мумкин (иш ҳақи сақланмайдиган 14 кундан ортиқ таътил, узрли сабабларсиз ишда бўлмаган вақт (прогуллар), болани парваришлаш учун бериладиган таътиллар вақти ва ҳ.к.). Ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган меҳнат стажига қайси даврлар киритилиши ва қайси бири киритилмаслиги ҳақида батафсил тавсияда ўқинг.

2-босқич. Асосий меҳнат таътилининг давомийлигини аниқлаштириш

Ҳаракат: А. Ашуровнинг ҳар йилги асосий меҳнат таътилининг давомийлигини аниқлаш. Таътилнинг ушбу турини бериш билан боғлиқ барчаси ҳақида тавсияда ёзганмиз.

Ҳужжатлар:

  • меҳнат шартномаси – унда асосий меҳнат таътилининг давомийлиги кўрсатилган бўлиши мумкин, айниқса у белгиланган энг кам муддатдан ошса. Масалан, ногиронлиги бўлган ходимлар, вояга етмаганлар учун (30 календарь кун) ва ҳ.к.;
  • жамоа шартномаси – агар у ташкилотда тузилган бўлса – қуйидагиларни назарда тутиши мумкин:

– қонунчиликда белгиланганидан ташқари узайтирилган таътиллар;
– асосий узайтирилган таътилнинг давомийлигини қонунчиликда кафолатланганига нисбатан ошириш.

Масалан, компания ногиронлиги бўлган ходимларга 30 календарь кун эмас, балки 35 календарь кун таътил беради;

3-босқич. Ходимнинг қўшимча таътилларни олиш ҳуқуқини текшириш

Ҳаракат: А. Ашуровнинг МК 219-моддасига асосан қайси қўшимча таътилларни олиш ҳуқуқига эга эканлигини аниқлаш. Қўшимча таътилларнинг барча турлари ҳақида «Меҳнат таътиллари кимга ва қай тарзда тақдим этилади» тавсиясида ёзганмиз.

Ҳужжатлар:

  • меҳнат шартномаси – ишнинг хусусияти (масалан, у зарарли меҳнат шароитлари билан боғлиқ бўлиши мумкин), имтиёзлар ва кафолатлар, шу жумладан қўшимча таътиллар тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олади. Меҳнат шартномаси тузилган (иш бошланган) сана бўйича ходимнинг МК 220-моддасига асосан битта ташкилотда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътилни олиш ҳуқуқига эга эканлигини ҳам тушуниш мумкин;
  • жамоа шартномаси (мавжуд бўлганда) – ноқулай меҳнат шароитларидаги иш учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқини берадиган ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати, таътилларнинг давомийлиги, уларни бериш тартиби ва шартлари жамоа келишувлари, жамоа шартномасида иш ўринларини меҳнат шароитлари юзасидан аттестациядан ўтказиш асосида белгиланади. Агар жамоа шартномаси бўлмаса, бундай рўйхатни иш берувчи ходимларнинг вакилик органи билан келишган ҳолда тасдиқлайди. Бундан ташқари, жамоа шартномасида ташкилот ўз ходимлари учун қонунчиликда назарда тутилганлардан ташқари қўшимча таътилларни белгилаши мумкин. Масалан, юқори меҳнат кўрсаткичлари учун, унвон ёки мукофот олган ходимларга ва ҳ.к.;
  • иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги бўйича аттестациядан ўтказиш бўйича хулоса – таътилнинг аниқ давомийлиги кўрсатилган ҳолда ноқулай меҳнат шароитлари учун қўшимча таътиллар олиш ҳуқуқи бўлган иш ўринлари рўйхатини белгилайди;
  • меҳнат дафтарчаси – ходимнинг МК 220-моддасига асосан битта тармоқда кўп йиллик иш стажи учун қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эга эканлигини билиш имконини беради;
  • Т-2 шаклидаги шахсий варақа, иш вақтини ҳисобга олиш табели. Масалан, ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун қўшимча таътил ходим тўлиқ иш йилини ишлаб берган тақдирда берилади. Агар тўлиқ бўлмаса, ушбу таътилнинг давомийлиги ишланган вақтга мутаносиб равишда тўлиқ таътил миыдорини 12 га бўлиб, тўлиқ иш ойлари сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Т-2 ва табель қўшимча таътилнинг ушбу тури берилган пайтда ходим томонидан ҳақиқатда ишлаб берилган вақтни текшириш имконини беради;
  • ходимнинг шахсий иши – унинг қўшимча таътилнинг муайян турини олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимлар тоифасига мансублигини аниқлашга ёрдам берадиган ҳужжатлар нусхаларини ўз ичига олади. Масалан, булар қуйидагилар бўлиши мумкин:

– ядро полигонларида ёки бошқа ядровий-радиация объектларида ҳарбий хизматни ўтаган ногирон пенсионерлар. Улар йилига камида 12 иш куни қўшимча таътил олиш ҳуқуқига эга 30.05.2002 й. ПФ-3079-сон 2-б. 3-хатб(ушбу қўшимча таътилни беришни тартибга солувчи ҳужжатга ўзгартишлар ҳали киритилмаган);

– Чернобиль ҳалокатидан зиён кўрганлар – 14 календарь кун қўшимча таътил ОКР ва ВМнинг 06.04.1992 й. 170-сон қарорига илова 14-б.;

Шунингдек шахсий ишда 12 ёшга тўлмаган болаларнинг ёки 16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бирига давомийлиги камида 4 календарь кун бўлган қўшимча таътил беришга асос бўлувчи ҳужжатлар нусхаларини ўз ичига олиши мумкин: болаларнинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномалари, тиббий маълумотномалар ва ҳ.к..

4-босқич. Таътиллар жадвали билан солиштириш

Ҳаракат: А. Ашуров 2025 йилги таътиллар жадвалига – июнь ойида таътил билан киритилган-киритилмаганлигини текшириш.

Аммо бу ерда бундай ўзига хос жиҳатни инобатга олиш керак. Таътил уларнинг хоҳишига кўра ўзларига қулай бўлган вақтда бериладиган ходимлар тоифаси мавжуд. Улар МК 228-моддаси 4-қисмида санаб ўтилган. Бундай ходимлар таътиллар жадвали билан белгиланган таътил вақтини ўзгартиришни талаб қилишга ҳақли.

Шунингдек, таътилдан фойдаланиш вақти ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан ўзгартирилиши
мумкин.

Ҳужжат: 2025 йил бошигача тасдиқланган таътиллар жадвали. Уни қандай тўғри тузиш ва тасдиқлаш ҳақида тавсияда ёзганмиз.

Агар А. Ашуров таътиллар жадвалига киритилган бўлса, жадвалда таътилдан фойдаланиш даври айнан қандай кўрсатилганлигини текшириш керак. Агар фақат таътилдан фойдаланишнинг календарь ойи кўрсатилган бўлса (масалан, июнь), А. Ашуровга таътилнинг аниқ бошланиш санаси ҳақида камида 15 кун олдин хабар берилиши керак. Агар таътиллар жадвалида таътилнинг бошланиш санаси мавжуд бўлса ва ходим у билан таништирилган бўлса, такроран хабар беришга ҳожат йўқ. Бунда иккала ҳолатда ҳам ходим, одатда, муайян санадан таътил бериш ҳақида ариза ёзади. Гарчи МК буни талаб қилмаса ҳам, бироқ шундай амалиёт шаклланган. Ҳар қандай ҳолда ходим томонидан таътил бериш ҳақида ариза бериш – бу қоидабузарлик эмас, балки ҳужжатлар билан тасдиқлашнинг қўшимча даражасидир. Шу билан бирга, ходимнинг у ёки бу масала бўйича иш берувчига ёзма мурожаат қилиш ҳуқуқи бор.

Агар А. Ашуров таътиллар жадвалига киритилмаган бўлса – фараз қилайлик, у йил бошида, январь ойида, таътиллар жадвали тасдиқлаб бўлинган пайтда ишга қабул қилинган. Умумий қоидага кўра, ходим биринчи иш йили учун ушбу иш берувчида узлуксиз ишлаган 6 ой ўтганидан кейин таътил олиш ҳуқуқига эга. Лекин 6 ой ишламасидан илгари ҳар йилги меҳнат таътили уларнинг хоҳишига кўра бериладиган ходимлар тоифаси бор. Улар МК 227-моддаси 3-қисмида санаб ўтилган. Тегишинча, кадрлар бўлими мутахассиси А. Ашуров уларга тааллуқли эканлигини текшириши керак. Бундан ташқари, тарафларнинг ўзаро келишувига кўра ишлаган 6 ой ўтгунига қадар таътил берилиши мумкин. Юқорида кўрсатилган барча ҳолларда тартиб-таомил, одатда, ходим томонидан муайян санадан таътил бериш ҳақида ариза бериш йўли билан расмийлаштирилади.

5-босқич. Ходимни бўлғуси таътил ҳақида хабардор қилиш 

Муддат: таътил бошланишидан камида 15 кун олдин. Демак, агар А. Ашуровга 20 июндан таътил берилса, бу ҳақда у
5 июндан кечиктирмай хабардор қилиниши керак.

Ҳаракат: ходимга меҳнат таътилининг бошланиши ҳақида билдиришнома тайёрлаш.

Билдиришнома шакли: МК ходимга бўлғуси таътил ҳақида қандай шаклда хабардор қилиш кераклигини аниқлаштирмайди, лекин буни ёзма шаклда амалга ошириш мақсадга мувофиқдир. Билдиришноманинг ёзма шакли – ходимни бўлғуси таътил ҳақида хабардор қилишнинг энг ишончли усули. Иш берувчининг хабарномаси нусхасида ходимнинг шахсан қўлда қўйган «жонли» имзосининг мавжудлиги хабардор қилиш фактини ва санасини бевосита исботлайди. Қолаверса, қоғоз шаклидаги нусхаларни ходимнинг шахсий ишида сақлаш мумкин, бу текширувлар ва муҳокамаларда қулайдир.

Билдиришноманинг электрон шаклига йўл қўйилади, агар:

  • у юборувчи ва олувчини ишончли идентификация қилишни таъминласа;
  • билдиришнома етказиб берилганлиги ва ўқилганлигининг тасдиғи бўлса;
  • ходим электрон коммуникациядан фойдаланишга розилик берган ва бу ички ҳужжатлар билан тартибга солинган бўлса. Масалан, меҳнат шартномаси, ходим имзо қўйдириб таништирилган ички ҳужжатлар (ички меҳнат тартиби қоидалари, ҳужжат айланиши тўғрисидаги низом ва ҳ.к.) билан.

Мисол учун, айрим компаниялар ходимлар билан ўзаро ҳамкорлик учун ички корпоратив электрон тизимлардан фойдаланади. Пароль билан ҳимояланган тизимга фақат ушбу компания ходимлари кириш имконига эга ва кимдан, кимга ва қачон у ёки бу хабар юборилгани аниқ қайд этилади. Агар иккала томонда (ходимда ҳам, иш берувчида ҳам) электрон рақамли имзо (ЭРИ) мавжуд бўлса, унинг ёрдамида ҳужжат айланиши ҳам тўлиқ ишончли ва қулай хабардор қилиш усулидир, айниқса – масофадан туриб ишлашда.

Маълумот учун

«Рақамли далиллар» деган тушунча мавжуд. Бу – иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган электрон маълумотлар, шу жумладан электрон тарздаги файллар, аудио-, видеоёзувлар, Интернет жаҳон ахборот тармоғида сақланаётган маълумотлар, шунингдек бошқа электрон маълумотлар.

Билдиришнома шакллари вариантлари:

Шакли

Афзалликлари

Олинганлигини тасдиқлаш

Ёзма (қоғоз шаклида, имзо қўйдириб)

Архив учун қулай. Шахсий ишга тахланади ёки таътил бериш тўғрисидаги буйруққа илова қилинади

Ходимнинг шахсан ҳозир бўлиши ва унинг «жонли» имзоси

Электрон (ЭРИ, компаниянинг ички электрон корпоратив тизимлари)

Масофадан туриб ишлашда қулай, логлар (яъни тизим ёки дастурда нима, қачон ва ким томонидан амалга оширилганлигини қайд этувчи воқеалар журнали ёки ҳаракатлар ёзувлари) сақланади

Ходим жавоб хатини юборади: «Билдиришномани олдим, таътил саналари билан танишдим»

Мессенжерлар орқали (Telegram, WhatsApp ва ҳ.к.)

Тез ва қулай. Лекин унчалик ишончли эмас

Ходим жавоб бериши керак: «Танишдим, розиман». Ёзишмалар скриншотини олинг ва далил сифатида сақланг

 

Билдиришноманинг намунавий матни:

«Ҳурматли [Ф.И.Ш.]!

2025 йилга мўлжалланган таътиллар жадвалига мувофиқ Сизга 2025 йил 20 июндан бошлаб давомийлиги
21 календарь кун бўлган ҳар йилги меҳнат таътили берилади. Таътил ҳақидаги барча батафсил маълумотлар ҳар йилги меҳнат таътилини бериш тўғрисидаги буйруқда акс эттирилади, у билан Сиз имзо қўйдириб таништириласиз.

Ушбу хабарномани олганлигингизни тасдиқлашингизни сўраймиз.

Эҳтиром билан,

«Наврўз» МЧЖ кадрлар бўлими.

Сана: 2025 йил 1 июнь».

Ходимни таътил ҳақида буйруқ билан ҳам хабардор қилиш мумкин, агар у таътил бошланишидан камида 15 кун олдин чиқарилган бўлса.

6-босқич. Буйруқни тайёрлаш

Ҳаракатлар:

1) ҳар йилги меҳнат таътилини бериш тўғрисида буйруқни тузиш. Таътилнинг бошланиш санаси ва таътилдан чиқиш санасини мажбурий равишда кўрсатинг. Эътибор беринг, таътил даврига ишланмайдиган байрам кунлари тўғри келиши-келмаслигини текширинг. Бундай кунлар меҳнат таътилларининг давомийлигини белгилашда ҳисобга олинмайди.

Меҳнат таътилининг давомийлигини қандай тўғри ҳисоблаш ҳақида тавсияда батафсил айтиб ўтганмиз;

2) буйруқни ташкилот раҳбари ёки кадрларга оид буйруқларни имзолашга ваколат берилган бошқа шахсда имзолаш;

3) таътил олувчини буйруқ билан имзо қўйдириб таништириш.

Асос: таътиллар жадвали, ходимнинг аризаси.

Муддат: меҳнат таътили бериш тўғрисида буйруқни айнан қачон расмийлаштириш керакликни МК тартибга солмайди, лекин буни олдиндан қилиш мақсадга мувофиқ. Буйруқ, шу жумладан, бухгалтерия учун зарур: унинг асосида ходимга «таътил пули» ҳисобланади. МК 233-моддаси 3-қисмига мувофиқ, меҳнат таътили вақти учун ҳақ тўлаш таътил бошлангунига қадар охирги иш кунидан кечиктирмай амалга оширилади. Демак, агар А. Ашуровнинг таътили 2025 йил 20 июнь (жума кунидан) кунидан бошланса, унга «таътил пулини» 2025 йил 19 июнгача тўлаш керак.

7-босқич. Буйруқни таътил пулини тўлаш учун бухгалтерияга бериш 

Муддат: буйруқ имзолангандан сўнг дарҳол.

Мақсад: бухгалтерия таътил пулини таътил бошлангунига қадар охирги иш кунидан кечиктирмай ҳисоблаб чиқариши ва бериши учун. Агар, мисол учун, таътилнинг биринчи куни душанбага тўғри келса, компанияда эса 5 кунлик иш ҳафтаси бўлса, ходимга таътил пулини дам олиш кунларидан олдин, жума куни тўлаш керак. Агар дам олиш кунидан олдин байрам бўлса, таътил пули байрамдан олдин берилади. Масалан, 5 кунлик иш ҳафтасида ишловчи ходимга
2025 йил 12 май душанбадан таътил берилган. Таътил пулини 8 май пайшанба кунигача тўлаш керак, чунки 9 май жума куни – Хотира ва қадрлаш куни ишланмайдиган байрам куни.

Таътил пули суммаси: ҳар йилги меҳнат таътилида бўлган вақти учун ходимга МК 257-моддаси ва Алоҳида ҳоллар учун ходимларнинг ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришнинг ўзига хос хусусиятлари тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳисоблаб чиқариладиган ўртача иш ҳақи сақланади. Таътил пулини қандай тўғри ҳисоблаб чиқариш ҳақида тавсияда батафсил ўқинг.

8-босқич. Т-2 шаклидаги шахсий варақага меҳнат таътили ҳақида ёзув киритиш

Ҳаракат: кадрлар бўлими мутахассиси таътил ҳақидаги маълумотларни Т-2 шаклининг III бўлимига «Тайинланган муддатга таътил берилиши» киритади Йўриқномага 4-илова, 29.01.1998 й. АВ рўйхат рақами 402-сон. Ушбу бўлимдаги ёзувлар билан ходимни 6-устунда имзо қўйдириб таништиринг.

III. Тайинланган муддатга таътил берилиши

Сана

Бўлим (цех) қисм

Касби (мансаби)

Тоифаси

Асос

Меҳнат дафтарчаси эгасининг имзоси

Таътил тури

Қайси давр учун таътил берилмоқда

Таътилнинг бошланиши

Таътилнинг тугаши

Асос

1

2

3

4

5

6

1

2

3

4

5

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

9-босқич. Таътилдан чиқишни назорат қилиш

Чиқиш санаси: таътилнинг давомийлигини таътилнинг биринчи кунидан бошлаб календарь кунларда ҳисоблаймиз. Фараз қилайлик, агар давомийлиги 21 календарь кун бўлган таътил 2025 йил 20 июнь кунидан бошланса, ходим
2025 йил 11 июлда ишга чиқиши керак.

Ҳаракат: ишга келишини текшириш, иш вақтини ҳисобга олиш табелида белгилаш.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг