Тунги вақтдаги ишга жалб қилиш тартиби

09.12.2025
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияномада:

– тунги иш тушунчаси ва унинг хусусиятлари;
– тунги иш давомийлиги;
– тунги ишга жалб қилишдаги чекловлар;
– тунги вақтда ишлаганлик учун ҳақ тўлаш;
– тунги вақтда ишлашни расмийлаштириш.

Қандай иш тунги иш ҳисобланади, у қандай хусусиятларга эга  

Тунги вақтдаги иш – ходимнинг маҳаллий вақт билан соат 22:00 дан то соат 06:00 гача бўлган даврда ўз функционал вазифаларини бажариши.

Агар шахс шу жумладан тунги вақтда ҳам бажарилиши мумкин бўлган ишга жойлашаётган бўлса, бу ҳақда номзодни ишга қабул қилишдан олдин хабардор қилиш керак. Зеро, ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг барча шартлари бўйича ўзаро келишувга эришишлари керак.

Бундан ташқари, номзодни ходимларнинг иш вақти ва дам олиш вақти режимини белгиловчи ички ҳужжатлар билан имзо қўйдириб таништириш зарур. Улар ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ), сменаларга бўлиниб ишлаш графиклари ва ҳоказо бўлиши мумкин. Агар тунги ишнинг аниқ режими бундай ҳужжатлардан бирида, масалан, сменаларга бўлиниб ишлаш графигида батафсил қайд этилган бўлса, буни меҳнат шартномасида такрорлашнинг ҳожати йўқ. Меҳнат шартномасида тунги вақтда ишлаш шартининг ўзини кўрсатиш, ва аниқ иш режими ходим имзо қўйиб таништирилган сменаларга бўлиниб ишлаш графигига мувофиқ белгиланиши тўғрисида изоҳ бериш кифоя.

Агар мазкур ходимнинг тунги вақтдаги иш режими ички ҳужжатларда белгиланганидан фарқ қилувчи индивидуал режим бўлса, у ҳолда уни меҳнат шартномасида батафсил кўрсатиш керак.

Вазият
Ходим бир марталик тунги вақтдаги ишга жалб қилинди
Ходимнинг меҳнат функцияси тунги вақтда ишлашни назарда тутмайди. Бундай шарт унинг меҳнат шартномасида ҳам, ташкилотнинг ички ҳужжатларида ҳам назарда тутилмаган.

Иш берувчи, зарурат туғилганда, ходимни бир марталик тунги вақтдаги ишга жалб қилишга ҳақлими?

– Агар тунги иш ходимнинг меҳнат фаолиятига тегишли бирорта ҳам ҳужжатда кўрсатилмаган бўлса, буни фақат унинг розилиги билан амалга ошириш мумкин.

Қонун истисноли ҳолларда ходимни унинг розилигисиз ишга жалб қилиш имконини берадиган иш вақтидан ташқари иш ҳамда, дам олиш ва байрам кунларидаги ишдан фарқли равишда, тунги иш бундай истисноларга йўл қўймайди.

Агар ходим тунда ишлашга рози бўлса, буни тунги вақтда ишга жалб қилиш тўғрисидаги буйруқ билан расмийлаштиринг, унда аниқ иш соатларини кўрсатинг. Ходимни буйруқ билан имзо қўйдириб таништиринг. У буйруқда тунги вақтда ишлашга рози эканлиги ва буйруқ билан танишганлиги тўғрисида ёзув қўйиши ва уни ўз имзоси билан тасдиқлаши керак.

Тунги вақтдаги иш ўзига хос хусусиятларга эга:

1) тунги вақтдаги иш давомийлиги 1 соатга қисқартирилади;
2) айрим тоифадаги ходимларнинг тунги меҳнати учун чеклов белгиланган;
3) тунги вақтда ишлаганлик учун оширилган миқдорда ҳақ тўланади.

Тунги иш давомийлиги қандай бўлади

Агар ходим учун белгиланган ҳар кунги иш (смена) давомийлигининг камида ярми тунги вақтга тўғри келса, тунги вақтдаги ишнинг давомийлиги 1 соатга қисқартирилади. Тегишинча, иш ҳафтасининг давомийлиги ҳам қисқартирилади. Муҳими – ходим кейинчалик қисқартирилган иш соатларини ишлаб бериши шарт эмас.

Нима учун шундай қилинади? Тунги иш кўпинча инсон организмига салбий таъсир кўрсатади. Бироқ ишлаб чиқариш ва бошқа омиллар туфайли тунги вақтдаги ишни бутунлай истисно қилиб бўлмайди. Шу сабабли тунги сменалар давомийлигини қисқартириш ва ходимларга тикланиш учун қўшимча дам олиш соатларини тақдим этиш орқали тунги меҳнатнинг салбий таъсирини камайтиришга қарор қилинган.

Шу тариқа, тунги вақтда ишлайдиганлар учун иш вақти нормаси бундай иш давомийлигининг қисқартирилишини ҳисобга олган ҳолда белгиланади.

Мисол
Тунги иш учун иш вақти нормасини қандай ҳисоблаш керак
Ходимлар сменаларга бўлиниб ишлаш графигига мувофиқ ҳафтасига 5 та тунги сменада ишлаб беришлари керак. Уларнинг нормал иш вақтининг ҳафталик нормаси 40 соатни эмас, балки 35 соатни ташкил этади, чунки ҳар бир смена 1 соатга қисқартирилади.
Мисол
Тунги смена давомийлиги қандай қисқартирилади

Цех ходимлари 2 та дам олиш куни бериладиган 5 кунлик иш ҳафтаси режимида сменалаб ишлайдилар. Иш сменаси 8 соатни ташкил этади, шунингдек иш вақтига кирмайдиган дам олиш ва овқатланиш учун 1 соатлик танаффус берилади.

Бир иш ҳафтаси мисолида цехнинг сменаларга бўлиниб ишлаш графигини кўрсатамиз, унда қисқартирилган сменалар яшил ранг билан ажратиб кўрсатилган. Уларнинг давомийлигининг камида ярми тунги вақтга тўғри келади. Шу сабабли ушбу сменаларда банд бўлган ходимлар 1 соат кам ишлайдилар (7 соат иш вақти ҳамда дам олиш ва овқатланиш учун бир соатлик танаффус). Кейинги иш ҳафтасида ходимларнинг сменалари ўрни алмашади.

Эшматов

08:00–
17:00

 

 

09:00–
18:00

 

 

10:00–
19:00

 

Тошматов

 

17:00–
01:00

 

 

18:00–
02:00

 

 

19:00–
03:00

Пирматов

 

 

01:00–
9:00

 

 

02:00–
10:00

 

 

 

Эшматов

 

12:00–
21:00

 

 

14:00–
23:00

 

 

Тошматов

 

 

21:00–
05:00

 

 

23:00–
07:00

 

Пирматов

03:00–
12:00

 

 

05:00–
14:00

 

 

07:00–
16:00

Қуйидагиларнинг тунги иши қисқартирилмайди ва кундузги иш билан тенглаштирилади:

  • иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланган ходимларнинг. Уларнинг рўйхати МК 183-моддасида кўрсатилган. Масалан, улар қуйидагилар бўлиши мумкин:
  • ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлганлар;
  • 3 ёшгача бўлган боланинг бюджет ташкилотида ишлайдиган ота-онасидан бири (васийси) ва бошқалар.

Бироқ бунда ушбу рўйхатдаги айрим ходимлар умуман тунда ишлай олмайдилар (вояга етмаганлар), бошқалари эса – фақат маълум шартларда (ногиронлиги бўлган шахслар). Тунги вақтда ишлашга оид чекловларнинг барча жиҳатлари ҳақида қуйида сўз юритамиз;

  • тунги вақтда ишлашга махсус қабул қилинган ходимларнинг (тунги қоровул, сантехник, электрик ва тунги вақтдаги навбатчилик учун қабул қилинадиган бошқа мутахассислар). Бунда жамоа шартномасида ходимларнинг ҳолатини яхшилаш мақсадида бу масалада истиснолар ёки бошқа қўшимча шартлар назарда тутилиши мумкин. Масалан, тунги вақт мутлақо барча ходимлар учун, шу жумладан тунги ишга қабул қилинганлар учун ҳам қисқартирилади;
Вазият
Ходим фақат тунги вақтда ишлаш учун ишга қабул қилинмоқда

Ташкилотга тунги вақтда ишлаш учун қоровул керак. Тахмин қилинаётган иш режими:

5 кунлик иш ҳафтаси, соат 22:00 дан то соат 06:00 гача.

Ходим душанбадан жумагача фақат тунги вақтда ишлаши мумкинми?

– Ҳа, қонунчиликда бу тақиқланмаган. Агар ходим рози бўлса, меҳнат шартномаси билан унга меҳнат вазифаларини тунги вақтда бажаришни назарда тутувчи иш режими белгиланиши мумкин. Бироқ бунда МКда тунги иш учун белгиланган барча талаблар ва чекловларга риоя қилиниши керак.

  • битта дам олиш куни бериладиган 6 кунлик иш ҳафтасидаги сменали ишларда. Бундай ишлар рўйхати жамоа шартномасида белгиланиши мумкин, агар у тузилмаган бўлса – иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишувга кўра;
  • ишлаб чиқариш шароитларига кўра зарур бўлган ҳолларда. Масалан, узлуксиз ишлаб чиқаришларда.
Эслатиб ўтамиз
Ходимга тунги иш вақтини белгилашда ишнинг тугаши ва унинг кейинги куни (сменада) бошланиши ўртасидаги ҳар кунги (сменалар оралиғидаги) дам олиш давомийлиги дам олиш ва овқатланиш учун танаффус билан бирга 12 соатдан кам бўлиши мумкин эмаслигини ҳисобга олинг. Ходимни сурункасига 2 смена давомида ишга жалб этиш тақиқланади МК.

Айрим тоифадаги ходимлар учун тунги меҳнатга оид қандай чекловлар белгиланган

1. Вояга етмаган ходимларни, ҳатто уларнинг розилиги билан ҳам, тунги вақтда ишга жалб этиш тақиқланади. Профессионал спортчилар, маданий-томоша ташкилотларининг, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларининг ва бошқа ОАВ ижодий ходимлари, шунингдек асарларни яратишда ва (ёки) ижро этишда (намойиш этишда) иштирок этувчи бошқа шахслар бу қоидадан мустасно.

Эътибор беринг

Вояга етмаган ходимни нафақат тунги сменада ишлашга жалб этиш, балки унинг иш вақтининг бир қисми тунги вақтнинг исталган даврига тўғри келиши ҳам ноқонуний бўлади.

Шу сабабли вояга етмаганлар учун иш режимини иш куни соат 22:00 дан кечикмай тугайдиган ва соат 06:00 дан эрта бошланмайдиган қилиб тузиш керак.

2. Ҳомиладор аёлларни ва 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларни қуйидагилар мавжуд бўлганда тунги вақтда ишга жалб қилиш мумкин:

  • биринчидан, уларнинг ёзма розилиги;
  • иккинчидан, бундай иш ҳомиладор аёлнинг ҳамда боланинг ҳаётига ва соғлиғига хавф туғдирмаслигини тасдиқловчи тиббий хулоса.

3. 14 ёшга тўлмаган боланинг (16 ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг) ота-онасидан бирини (васийсини) фақат ходимнинг ёзма розилиги билан тунги вақтдаги ишга жалб қилиш мумкин.

Бу – муҳим

Иш берувчи 2 ва 3-бандларда кўрсатилган ходимларни тунги вақтда ишлашдан воз кечиш борасидаги ҳуқуқи ҳақида хабардор қилиши шарт.

4. Ногиронлиги бўлган ходимларни тунги вақтдаги ишга фақат уларнинг розилиги билан, бундай иш тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсияларида тақиқланмаган бўлса, жалб қилиш мумкин. Бу талаб, улар учун қандай ногиронлик гуруҳи белгиланганидан қатъи назар, барча ногиронлиги бўлган ходимларга нисбатан татбиқ этилади.

Тунги вақтдаги иш учун қандай ҳақ тўланади

Тунги вақтдаги меҳнат учун оширилган, камида бир ярим баравар, миқдорда ҳақ тўланади:

1) меҳнатга ҳақ тўлашнинг вақтбай тизимида – тунги вақтдаги ишнинг ҳар бир соати учун 1,5 ёки ундан ортиқ коэффициентни қўллаган ҳолда;

2) меҳнатга ҳақ тўлашнинг ишбай тизимида – тегишли разрядга эга бўлган вақтбай ишловчининг соатлик тариф ставкасининг (маошининг) 50 фоизи ёки ундан ортиқ миқдорида ишбай иш ҳақи ва қўшимча тўлов тўлиқ тўланади.

Тунги вақтдаги (бироқ камида бир ярим баравар миқдорида), шунингдек кўп сменали режимдаги иш учун қўшимча тўловнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда ёки ходим билан тузилган меҳнат шартномасида белгиланади. Яъни ташкилот локал тартибда МКда белгиланганига нисбатан тунги иш учун оширилган ҳақ тўланишини ҳам назарда тутиши мумкин.

Эътибор беринг
Қўшимча тўловни тунги вақтда ишлайдиган барчага, тунги иш давомийлиги қисқартирилиш-қисқартирилмаслигидан, у кундузги ишга тенглаштирилиш-тенглаштирилмаслигидан қатъи назар, тўлаш керак. Масалан, агар қоровулингиз фақат тунда ишласа, унинг тунги вақтдаги ҳар бир иш соати учун барибир 1,5 ёки ундан юқори коэффициентни қўллашингиз керак.

Тунги иш фақат пул шаклида компенсация қилинади. Меҳнат кодексида тунги вақтда ишлаганлик учун дам олиш кунлари, қўшимча дам олиш вақтини бериш назарда тутилмаган.

Тунги вақтдаги иш учун оширилган миқдорда ҳақ тўлаш тариф ставкаларига (маошларга) киритилмайди. Яъни тунги вақтда ишланган ҳар бир соат учун асосий тўловдан алоҳида меҳнат ҳақи ҳисобланади. Шу сабабли тунги ишни иш вақтини ҳисобга олиш табелида албатта акс эттиринг.

Мисол
Тунги ишни иш вақтини ҳисобга олиш табелида қандай акс эттириш керак

К/Т

10/4

Тегишли кун учун юқори катакчада 2 та код (ҳозир бўлиш ва тунги иш), пастки катакчада эса уларга мос соатлар кўрсатилади.

Табелни тўлдириш учун айнан қандай ҳарфли белгиларни қўллаш кераклиги қонунчиликда кўрсатилмаган, шунинг учун ташкилотингизда қабул қилинганларини қўлланг. Масалан, агар 10 соатлик сменанинг 4 соати тунги вақтга тўғри келса, табелнинг юқори қаторида «К/Т» – «келиш/тунги иш», пастки қаторида эса – «10/4» деб кўрсатиш мумкин.

Вазият
Иш сменаси байрам кунига тўғри келди
Ходим мослашувчан графикли сменали ишда ишлайди. Шу сабабли смена МК 208-моддасида кўрсатилган ишланмайдиган байрам кунларига ҳам тўғри келиши мумкин. Масалан, 21 март, Наврўз байрамини олайлик.

21 март соат 00:00 дан то соат 06:00 гача бўлган иш вақти учун қандай ҳақ тўланади? Бир ярим баравар ёки икки баравар миқдордами? Ёки тунги иш ва байрам кунидаги иш учун коэффициентларни жамлаш керакми?

– Меҳнат қонунчилигида бу саволга тўғридан-тўғри жавоб берилмаган. Коэффициентларни жамлаш ҳам назарда тутилмаган.

Мантиқан байрам кунидаги тунги ишнинг ҳар бир соати учун камида 2 баравар миқдорда ҳақ тўлаш тўғри бўлади. Низоли вазиятларнинг олдини олиш учун, ташкилот дам олиш ёки байрам кунидаги тунги иш учун ҳақ тўлаш тартибини ички ҳужжатда ёки жамоа шартномасида – 2 баравар миқдорда ва ундан юқори деб аниқлаштириши мақсадга мувофиқ.

Кўриб чиқилаётган мисолда 21 мартдаги соат 00:00 дан то соат 06:00 гача ҳар бир иш соати учун 2 ёки ундан юқори коэффициентни (агар локал тартибда МКдагига нисбатан тўловнинг оширилган миқдори назарда тутилган бўлса) қўллаган ҳолда ҳақ тўланади.

Бошқа мисолни олайлик. Айтайлик, тунги иш вақти икки кунга: 21–22 мартга тўғри келади. Ходим 21 мартда соат 22:00 да ишлай бошлади ва 22 мартда соат 04:00 да тугатди. Бу ҳолда 21 мартдаги соат 22:00 дан то соат 00:00 гача бўлган иш соатлари учун камида икки баравар миқдорда, 22 мартдаги соат 00:00 дан то соат 04:00 гача бўлган иш соатлари учун эса – камида бир ярим баравар миқдорда ҳақ тўланади.

Кечки сменада ишлаганлик учун ҳақ тўлаш  

Кечки смена – соат 22:00 да бошланадиган тунги сменадан олдинги смена.

Меҳнат қонунчилигида кечки сменада ишлаганлик учун оширилган тўлов назарда тутилмаган. Бироқ бу иш берувчининг кечки сменада ишлаганлик учун оширилган тўловни, масалан, жамоа шартномасида белгилашига тўсқинлик қилмайди. Бунда амалиётда жамоа шартномаларида одатда бутун кечки смена учун эмас, балки тунги сменадан олдинги бир неча соат учун оширилган тўлов назарда тутилади.

Масалан, ташкилотда дам олиш ва овқатланиш учун 1 соатлик (соат 17:00 дан то соат 18:00 гача) танаффус билан соат 13:00 дан то соат 22:00 гача 8 соатлик кечки смена белгиланган. Дастлабки 6 иш соати учун оддий миқдорда, тунги сменадан олдинги охирги 2 соат (соат 20:00 дан то соат 22:00 гача) учун эса – оширилган миқдорда ҳақ тўланади.

Кечки сменада ишлаганлик учун қўшимча тўловнинг аниқ миқдорлари жамоа келишувлари, жамоа шартномаси, ички ҳужжатлар, ходимнинг меҳнат шартномаси билан белгиланади.

Эътибор беринг

Иш берувчи томонидан ходимларни тунги вақтда ишга жалб қилишда йўл қўйилган қонунбузарликлар учун МЖтК 49-моддаси «Меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузиш» бўйича маъмурий жавобгарлик назарда тутилган. Қонунбузарлик учун маъмурий жарима – 5 дан 10 БҲМгача.

Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса, 10 дан 15 БҲМгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Вояга етмаган шахс тунги ишга жалб қилинган бўлса, маъмурий жарима 10 дан 20 БҲМгача бўлган миқдорни ташкил этади.

Тунги вақтдаги ишни қандай расмийлаштириш керак

Ишга қабул қилишда

Агар тунги ишнинг аниқ режими у ёки бу ички ҳужжатда батафсил қайд этилган бўлса, ходимни у билан имзо қўйдириб таништиринг. Меҳнат шартномасида эса тунги вақтда ишлаш шартининг ўзини кўрсатинг ва тегишли ички ҳужжатга ҳавола қилинг.

Агар мазкур ходимнинг тунги иш режими ички ҳужжатларда белгиланганидан фарқ қиладиган индивидуал режим бўлса, уни меҳнат шартномасида батафсил баён қилинг.

Тунги иш режими белгиланган лавозимга ўтказишда

Ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг ва юқорида кўрсатилган тартибга (ишга қабул қилишдаги) ўхшаш ҳаракат қилинг.

Ходимни бир марталик тунги ишга жалб қилишда

1. Ходимни тунги ишга жалб қилишга оид чекловлар йўқлигига ишонч ҳосил қилинг.

Агар ходим – ногиронлиги бўлган шахс, ҳомиладор аёл ёки 3 ёшга тўлмаган боласи бор аёл бўлса, тунги вақтда ишлашига рухсат берувчи тиббий хулоса мавжудлигини текширинг.

Жалб қилинаётган ходимнинг ёшини текширинг. Ижодий ходимлар ва спортчилардан ташқари, вояга етмаган ходимни тунги вақтдаги ишга жалб қилиш мумкин эмаслигини ёдда тутинг.

2. Ходимнинг тунги ишга жалб қилинишига розилигини олинг. Одатда, ходим тунги ишга розилигини бевосита тунги ишга жалб қилиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатади. Бироқ буни алоҳида ариза-розилик билан ҳам расмийлаштириш мумкин.

3. Тунги вақтда ишга жалб қилиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг. Буйруқда қуйидагиларни кўрсатинг:

  • ходимнинг Ф.И.Ш., лавозими;
  • тунда ишга жалб қилиш сабаби;
  • тунги ишга жалб қилиш санаси, иш бошланадиган ва тугайдиган вақти;
  • масъул ходимларга ишланган тунги соатларни иш вақти ҳисобини юритиш табелида акс эттириш ва тегишли тўловни амалга ошириш учун топшириқлар.

4. Иш вақти ҳисобини юритиш табелида тегишли белгиларни қўйинг. Юқоридаги намунага қаранг.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг