Иш берувчининг ташаббусига кўра ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини қандай ўзгартириш мумкин

20.01.2025
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияда:

– иш берувчи қачон ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартириши мумкин;

– ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришни қандай расмийлаштириш керак.

Иш берувчи қачон ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартириши мумкин

Иш берувчи меҳнат шартларини фақатгина технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизмат) ҳажмининг қисқариши туфайли аввалги шартларни сақлаб қолиш имкони бўлмаган тақдирдагина ходимнинг розилигисиз ўзгартириши мумкин.

Яъни, иш берувчи ходимларнинг меҳнат шартларини ўзи истаган пайтда эмас, балки фақат истисно ҳолатларда ўзгартириши мумкин. Агар кейинчалик меҳнат низоси келиб чиқса, иш берувчи аввалги меҳнат шартларини сақлаб қолиш имконсизлигини исботлаб бериши керак бўлади. Бошқача айтганда, иш берувчи қуйидагиларни ишонарли далиллар билан асослаб бериши керак:

  • янги меҳнат шартларининг ўрнатилишига технологиядаги, ишлаб чиқаришни ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, иш ҳажмининг қисқариши сабаб бўлганлигини;
  • бу ўзгаришлар ходим учун аввалги меҳнат шартларини сақлаб қолиш имконини истисно қилишини.

Масалан, иш ҳажмининг қисқариши ходимлар иш ҳақини камайтириш заруратига олиб келди. Ёки узлуксиз хусусиятга эга бўлган айрим ишлаб чиқариш жараёнларининг автоматлаштирилиши алоҳида ходимлар учун сменали иш графигини ўрнатиш заруратига олиб келди.

Бунда, биз меҳнат шартлари ҳақида гапирганда, ходимнинг меҳнат функциясини, яъни унинг мутахассислиги, малакаси ёки лавозимини назарда тутмаймиз. Меҳнат шартларининг ўзгартирилиши ходимнинг аввалги меҳнат функцияси сақланиб қолишини назарда тутади. Агар у ўзгарса – бу бошқа ишга ўтказиш ҳисобланади, бунинг учун Меҳнат кодексида алоҳида тартиб белгиланган.

Ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришни қандай расмийлаштириш керак

Ходимнинг розилигисиз меҳнат шартномасини ўзгартириш учун босқичма-босқич ҳаракат қилиш керак.

1. Меҳнат шартлари ўзгариши тўғрисида ходимни камида 2 ой олдин ёзма равишда имзо қўйдириб огоҳлантиринг. Огоҳлантиришнинг белгиланган шакли йўқ, у эркин шаклда тузилади. 2 ойлик огоҳлантириш муддатини қисқартиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Мисол
Янги меҳнат шартлари киритилиши санасини белгилаш

Иш берувчи меҳнат шартларининг ўзгариши ҳақида 10 апрелда огоҳлантирди. Умумий қоидаларга кўра, улар 10 июндан кечиктирмай  киритилиши керак. Лекин ходим улар 15 майдан бошлаб амал қилишига рози бўлди.

Шундай қилиб, иш берувчи янги шартларни 15 майдан киритиши мумкин. Бу санагача аввалги меҳнат шартлари сақланиб қолади.

Агар ходим огоҳлантириш билан танишганлиги тўғрисида имзо қўйишдан бош тортса, бу ҳақда гувоҳлар иштирокида сана, вақт ва тузилган жойни кўрсатган ҳолда далолатнома тузинг. Ходимга тузилган далолатнома билан имзо қўйдириб танишиб чиқишни таклиф қилинг. Ходим томонидан олинмаган огоҳлантиришни далолатномага илова қилинг.

Эътибор беринг
Огоҳлантириш ташкилот раҳбари ёки ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа ваколатли шахс номидан расмийлаштирилади. Огоҳлантиришга ҳам у имзо чекади. Лекин уни топшириш иш берувчи томонидан бунга ваколат берилган бошқа шахс: ходимнинг бевосита раҳбари, кадрлар бўйича мутахассис ва ҳоказолар томонидан амалга оширилиши мумкин.

Агар ходим узоқ вақт ишда бўлмаса (хизмат сафари, таътил, номаълум сабабларга кўра келмаслик ва ҳ.к.), огоҳлантиришни маълум қилинадиган буюртма хат билан почта орқали юборинг. Ходимга хат топширилганлиги тўғрисидаги почта бланки ходимнинг иш берувчининг бўлажак кўчиб ўтиши тўғрисида огоҳлантирилганлигининг далили бўлади. Бу ҳолда огоҳлантириш муддати ходим унинг топширилганлиги тўғрисидаги почта бланкасида кўрсатилган хатни олган санадан бошлаб ҳисобланади.

Иш берувчи 2 ҳафтадан ортиқ огоҳлантириш муддатини мутаносиб пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақли. Огоҳлантирилган пайтдан бошлаб 2 ҳафталик муддатни пулли компенсация билан алмаштиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади. Яъни, 2 ҳафтадан ортиқ огоҳлантириш муддатини пулли компенсация билан алмаштириш иш берувчининг ҳуқуқи ҳисобланади ва ходимнинг розилигини талаб қилмайди.

Мисол
Огоҳлантириш муддатини пулли компенсация билан алмаштириш

1 ноябрда ходимни 2 ойдан сўнг иш вақти режими ўзгариши тўғрисида ёзма равишда огоҳлантиришди.

15 ноябрдан бошлаб (огоҳлантирилган пайтдан 2 ҳафта ўтгач) иш берувчи қолган огоҳлантириш муддатини пулли компенсация билан алмаштириш ва янги меҳнат шартларини киритишга ҳақли.

15 ноябргача огоҳлантириш муддатини пулли компенсация билан алмаштиришга фақат ходимнинг розилиги билан йўл қўйилади.

Эътибор беринг
Иш берувчи микрофирма ходимни меҳнат шартларининг ўзгариши тўғрисида ёзма равишда камида 1 ой олдин огоҳлантиради.

2. Ноқулай меҳнат шароитларида маҳаллий меҳнат органига ҳамда ҳудудий ёки тармоқ касаба уюшмалари бирлашмасига меҳнат шартлари ўзгаришининг сабаблари тўғрисида маълумот тақдим этинг, агар улар:

30 календарь кун ичида 50 нафар ва ундан ортиқ ходимга;

60 календарь кун ичида 200 нафар ва ундан ортиқ ходимга;

90 календарь кун ичида 500 нафар ва ундан ортиқ ходимга тааллуқли бўлса.

Шунингдек, ушбу рақамларда касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи (у ташкилотда мавжуд бўлган тақдирда) билан дастлабки маслаҳатлар ўтказинг.

Агар меҳнат шартларининг ўзгариши оммавий хусусиятга эга бўлмаса ва бир ёки бир нечта ходимга тааллуқли бўлса – юқорида кўрсатилган ҳаракатларни бажариш шарт эмас.

3. Агар ходим меҳнат шартларининг ўзгаришига рози бўлса:

  • ундан ёзма розилик олинг;
  • агар ўзгартирилаётган меҳнат шартлари меҳнат шартномасида кўрсатилган бўлса, у билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг. Қўшимча келишувни тузиш ва имзолаш тўғрисида батафсил тавсияда ўқинг. Қўшимча келишув асосида меҳнат шартларининг ўзгартирилиши тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг. Агар ўзгартирилаётган меҳнат шартлари меҳнат шартномасида кўрсатилмаган бўлса, қўшимча келишув тузиш шарт эмас. Ходимдан меҳнат шартларини ўзгартиришга ёзма розилик олиш етарли.
Мисол
Ходимлардан меҳнат шартларини ўзгартиришга ёзма розилик олиш
Корхонанинг ишлаб чиқариш цехларида сменали иш жадвали ўрнатилган. Шунинг учун бу цех ходимларининг меҳнат шартномаларининг иш вақтига оид қисмида сменалар жадвалига ҳавола қилинади, улар билан сменали ишга қабул қилинаётган ҳар бир ходим таништирилади.
 
Корхона узлуксиз автоматлаштирилган жараёнли янги ишлаб чиқариш ускунасини сотиб олди. Уни ишлатиш учун бу ускуна билан ишлайдиган мутахассисларнинг иш режимини қайта кўриб чиқиш керак. Бу ҳолда ходимлардан янги смена жадваллари бўйича ишлашга розилик тўғрисида ёзма аризалар олиш керак, меҳнат шартномаларига қўшимча келишув тузиш шарт эмас. Лекин бунда ходимларни иш вақтига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар билан албатта имзо қўйдириб таништириш лозим.

4. Агар ходим янги шартларда ишлашни рад этса:

  • огоҳлантириш муддати (МКнинг 137-модда 3-қисмига мувофиқ тўлиқ ёки қисқартирилган) тугаганидан сўнг ходимдан ишни давом эттиришни рад этиши тўғрисида ёзма рад жавобини олинг. Агар у буни қилишни истамаса, гувоҳлар иштирокида ходим янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришдан бош тортганлиги, лекин буни ёзма равишда тақдим этишни рад этганлиги тўғрисида далолатнома тузинг;
  • ходимнинг янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги  сабабли у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида иш берувчининг буйруғини расмийлаштиринг;
Эътибор беринг
МКнинг 137-модда 4-қисмига мувофиқ меҳнат шартномасининг бекор қилиниши ташкилотда янги меҳнат шартлари киритилганлиги сабабли эмас, балки ходим бу шартларда ишлашни рад этганлиги сабабли амалга оширилади.
  • ходим билан МКнинг 173-моддасига мувофиқ ишдан бўшатиш нафақасини ва МКнинг 100-моддасига мувофиқ кафолатларни тақдим этган ҳолда тўлиқ ҳисоб-китоб қилинг.

Ишдан бўшатиш нафақасининг миқдори ходимнинг ушбу иш берувчидаги иш стажига қараб табақалаштирилади ва қуйидагилардан кам бўлиши мумкин эмас:
– 3 йилгача иш стажида – ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;

– 3 йилдан 5 йилгача иш стажида – ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан;

– 5 йилдан 10 йилгача иш стажида – ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан;

– 10 йилдан 15 йилгача иш стажида – ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан;

– 15 йилдан ортиқ иш стажида – ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан.

МКнинг 100-моддасига кўра ходим учун иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси  ҳисобга олинган ҳолда, лекин кўпи билан 2 ойга сақланиб қолади.

Агар ходим меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб 30 календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, у учинчи ой учун ҳам ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунинг учун у аввалги иш жойига маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотномани тақдим этиши керак.

Эътибор беринг
Иш берувчи микрофирма меҳнат шартномаси бекор қилинганда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақаси ва бошқа компенсация тўловларининг ҳолатлари ҳамда миқдорларини ходимнинг меҳнат шартномасида белгилаши мумкин. Агар меҳнат шартномасида бу тартибга солинмаган бўлса, ходимга меҳнат тўғрисидаги Меҳнат кодекси ва бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилган умумий кафолатлар татбиқ этилади.
Ситуация
Ходим огоҳлантириш муддати тугагунига қадар ишдан бўшамоқчи

Ходим меҳнат шартларининг ўзгариши тўғрисида огоҳлантирилганидан кейин  янги меҳнат шартларида ишлаш унга тўғри келмаслигини тушунди. Шунинг учун у огоҳлантириш муддатини қисқартиришни ва у билан яқин кунларда меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб қилди.

Иш берувчи ходимнинг бундай талабини қаноатлантириши шартми?

– Йўқ, шарт эмас. Меҳнат кодекси ходимга иш берувчидан меҳнат шартлари ўзгариши тўғрисидаги огоҳлантириш муддатини қисқартиришни талаб қилиш ҳуқуқини бермайди. Бунга фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра йўл қўйилади. Агар ходим бу ташкилотда бундан буён ишлашни истамаса, у ҳар қандай вақтда ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза бериши мумкин. Лекин бунда у МКнинг 100 ва 173-моддаларига мувофиқ ишдан бўшатиш нафақаси ва иш қидириш даври учун иш ҳақи сақланиши ҳуқуқини йўқотади.

Худди шундай иш берувчи ҳам меҳнат шартлари ўзгариши тўғрисидаги огоҳлантириш муддатини бир томонлама қисқартиришга ҳақли эмас. У буни фақат огоҳлантириш муддати бошланганидан 2 ҳафта ўтганидан сўнг ва фақат қолган қисмини мутаносиб пулли компенсация билан алмаштириш шарти билан амалга ошириши мумкин.

Агар иш берувчи ходимнинг илтимосига кўра меҳнат шартлари ўзгариши тўғрисидаги огоҳлантириш муддати тугагунига қадар меҳнат шартномасини бекор қилишга рози бўлса, ходимдан ариза олиш керак. Бунда у меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра  бекор қилиш тўғрисидаги ариза каби «Мен билан меҳнат шартномасини ўз хоҳишимга кўра бекор қилишингизни сўрайман...» шаклида эмас, балки тахминан: «Менга меҳнат шартномасини янги шартларда давом эттиришни рад этганим муносабати билан огоҳлантириш муддатини мутаносиб пулли компенсация билан алмаштиришингизнисўрайман» тарзида тузилади.

Вазият
Ходим огоҳлантириш муддати давомида ишга чиқмаяпти

Ишлаб чиқариш цехи ходимларини иш ҳажмининг қисқариши муносабати билан бир сменали иш режимига ўтиш тўғрисида огоҳлантиришди. Цех ходимларидан бири уларни жорий қилиш олинадиган иш ҳақи миқдорига таъсир қилиши сабабли янги шартларда ишлашни истамаслигини билдирди. У аввал тунги вақтдаги иш учун оширилган тўлов оларди. Шунинг учун огоҳлантириш билан танишганидан сўнг ўзбошимчалик билан ишни ташлаб кетди ва сменаларга чиқмай қўйди.

Иш берувчи бу вазиятда нима қила олади?

– Иш берувчи бу ходимга нисбатан МКнинг 161-модда 2-қисмининг 4–5-бандларига мувофиқ меҳнат шартномасини бекор қилишгача бўлган интизомий жазо чораларини қўллашга ҳақли. Огоҳлантириш муддати давомида ходим ички меҳнат тартиби қоидаларига бўйсуниши ва ўз функционал вазифаларини тегишли тарзда бажариши шарт. Корхонада янги меҳнат шартлари киритилгунига қадар ходимнинг ишни давом эттиришни рад этиши меҳнат интизомини бузишдан келиб чиқадиган барча оқибатлар сифатида қаралиши  керак.

Бунда агар огоҳлантириш муддати тугаган ва ташкилотда янги меҳнат шартлари киритилган бўлса, ходим бу шартларда ишлашни рад этишга ҳақли. Бундай рад этиш ҳеч қандай ҳолатда ходимнинг меҳнат интизомини бузиши сифатида кўриб чиқилиши мумкин эмас. Агар ходимга янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан интизомий жазо қўлланилса, бу қонунга хилоф бўлади.

Внимание

Ходимнинг МКнинг 137-моддаси 4-банди бўйича ишни янги меҳнат шартларида давом эттиришни рад этганлиги сабабли меҳнат шартномасининг бекор қилиниши иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳисобланмайди. Демак, бунда МКнинг 163-моддасида белгиланган талаблар қўлланилмайди. Хусусан, МКнинг 137-модда 4-банди бўйича меҳнат шартномасини қуйидагилар билан бекор қилишга йўл қўйилади:

  • ҳомиладор аёллар ва уч ёшга тўлмаган боласи бор аёллар ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) билан. Бунда, агар аёлнинг ҳомиладорлик ва туғиш нафақасини олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатлари давомида, жумладан меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда ҳам юзага келган бўлса, иш берувчи унга қонунчиликда белгиланган бутун давр учун, яъни туғруққача 70 календарь кун ва туғруқдан кейин 56 (туғиш қийин кечган ёхуд икки ёки ундан ортиқ бола туғилган тақдирда – 70) календарь кун учун тегишли нафақани тўлаши шарт;
  • ходимнинг вақтинча меҳнатга лаёқатсизлиги, таътилда бўлиши, хизмат сафарида бўлиши ва шу каби даврларда. Бунда иш берувчи Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 3-банди талабига риоя қилиши керак, унга кўра нафақалар ходимга умумий қоидага кўра, агар уларни олиш ҳуқуқи иш берувчи билан меҳнат муносабатлари давомида (синов муддати ва меҳнат шартномаси бекор қилинган кун ҳам шу жумладан) юзага келган бўлса, берилади.

Янги меҳнат шартларида ишни давом эттиришни рад этганлиги муносабати билан меҳнат шартномасининг бекор қилиниши касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишишни талаб қилмайди.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг