So'ngi yangiliklar
Bosh sahifa / Maqolalar / Меҳнат шартномаси нима?
22

Меҳнат шартномаси нима?

Меҳнат шартномаси иш берувчи ва  ходим ўртрасида меҳнат муносабатларининг бошланишига асос бўлувчи ёзма шаклда тузилган келишув ҳисобланади. Унда ходим нима ишни қандай вақтда қандай тартиб-қоидаларга риоя қилиши лозимлиги ҳамда бажарган иши учун қанча миқдорда ҳақ олиши лозимлиги кўрсатилади.

Фуқаролар ишга киришида иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузган тақдирдагина, уларнинг меҳнат ҳуқуқлари қонуний асосда ҳимоя қилинади ва меҳнат стажи, ойлик иш ҳақлари қонуний ҳисоблаб борилади ҳамда келажакда пенсия олиш ҳуқуқининг пайдо бўлишида аҳамиятга эга бўлади.

Меҳнат шартномаси тушунчаси Меҳнат кодексининг 72-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра, меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.

Меҳнат шартномаси фақатгина ёзма шаклда тузилади (Меҳнат кодекси 74-моддаси 1-қисми). Оғзаки тартибда келишув асосида муайян ишни ҳақ эвазига бажариш – меҳнат шартномаси асосидаги ёлланма меҳнат ҳисобланмайди. Бундай ҳолларда меҳнат қонунчилигида назарда тутилган қонуний кафолатлардан (чегаралари ўрнатилган иш вақти, йиллиик асосий таътил олиш, иш вақти ва лавозими сақланадиган вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик даври, меҳнатдан майибланиш учун, касб касаллигига чалинганлик учун ўзига етказилган моддий зарарни ундириш каби) маҳрум бўлади.

Меҳнат шартномасининг тарафлари бўлиб, бир томондан – иш берувчи, иккинчи томондан – ходим ҳисобланади (Меҳнат кодекси 72-моддаси 2-қисми).Иш берувчи сифатида, Меҳнат кодексининг 15-моддасида назарда тутилган шахслар, яъни:

1) корхоналар, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари ўз раҳбарлари тимсолида;

2) мулкдорнинг ўзи айни бир вақтда раҳбар бўлган хусусий корхоналар;

3) ўн саккиз ёшга тўлган айрим шахслар қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда.

4) Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланган тартибда ходимлар ёллайдиган якка тартибдаги тадбиркорлар меҳнат шартномалари тузиши мумкин.

Ходим сифатида эса, ишга қабул қилиш учун белгиланган ёшга (Меҳнат кодексининг 77-моддасида белгиланган), яъни 16 ёшга тўлган шахслар меҳнат шартномаси тузишлари мумкин.

Меҳнат шартномасининг мазмуни, яъни унда нималар кўрсатилиши лозимлиги Меҳнат кодексининг 73-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра, меҳнат шартномасининг мазмуни тарафлар келишуви бўйича, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

Меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан қуйидагилар белгиланади:

иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси);

ходимнинг меҳнат вазифаси — мутахассислиги, малакаси, у ишлайдиган лавозим;

ишнинг бошланиш куни;

меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати;

меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари.

Меҳнат шартномасининг мазмуни, унда нималар кўрсатилиши лозимлиги хусусида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарори билан тасдиқланган “Ёзма ҳолдаги меҳнат шартномаси (контракт) тузиш юзасидан тавсиялари” тўхталиб ўтилган бўлиб, унга кўра, меҳнат шартномаси тузишда зарур ва қўшимча шартлар кўрсатиб ўтилади. Тавсияларнинг 2–бобида меҳнат шартномасининг зарур шартлари кўрсатилган бўлиб, унга кўра, қуйидагилар зарурий шартлар ҳисобланади:

иш жойи — ходим ишга қабул қилинаётган корхона, муассаса, ташкилот (унинг таркибий бўлинмаси)нинг номи;

меҳнат функцияси — мазмуни лавозим йўриқномалари, малака мажбуриятлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланадиган муайян мутахассислик, малака ёҳуд лавозим бўйича (раҳбарлар, мутахассислар ва хизматчиларнинг ҳамда бошқаларнинг Ягона тариф-малака маълумотномаси, Малака маълумотномаларига мувофиқ);

иш бошланадиган кун — қонун ҳужжатларига мувофиқ тузилган меҳнат шартномаси имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради, агар ишнинг бошланиши санаси қайд этилмаган бўлса, ходим шартнома имзоланган кундан кейинги иш кунидан (сменадан) кечикмай ишга тушиши керак;

меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори ва бошқа шартлар. Меҳнатга ҳақ тўлаш миқдори томонларнинг келишувига кўра белгиланади ва қонун ҳужжатлари билан белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлиши ва энг кўп миқдор билан чегараланиши мумкин эмас;

қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда айрим меҳнат шартномалари (контрактлар)ни тузишда зарур шартлар рўйхати кенгайтирилиши мумкин. Масалан, муддатли меҳнат шартномаси (контракт) тузишда ишнинг бошланиши санасигина эмас, балки унинг тамом бўлиши санаси ҳам қайд этилади. Ходимни муайян ишни бажариш даврига ишга қабул қилишда ходим амалга ошириши учун қабул қилинаётган аниқ иш кўрсатилади. Ўриндошлик билан меҳнат шартномаси (контракт) тузишда қонун ҳужжатлари билан назарда тутилган энг кўп муддат доирасида кундалик ишнинг аниқ муддати белгиланади.

Ушбу шартларнинг зарурий шартлар сифатида эътироф этилишининг сабаби, Меҳнат кодексининг 73-моддасида ушбу шартларнинг меҳнат шартномаси мазмунига кириши аниқ келтириб ўтилган. Ушбу шартларнинг меҳнат шартномасида ўз аксини топмаслиги меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади.

Тавсияларнинг 4-бобида меҳнат шартномасининг қўшимча шартларикелтирилган бўлиб, унга қуйидагилар киради:

ходимга меҳнат шароитлари белгиланган ҳолда ЯТММ ва ММда назарда тутилган қўшимча меҳнат мажбуриятлари юклаш;

бир неча касбда ишлаш тартиби ва шартлари кўрсатилган ҳолда меҳнат шартномаси (контракт)нинг мустақил шарти сифатида бир неча касб (лавозим)да ишлаш;

агар ходим синов муддати билан ишга қабул қилинаётган бўлса, синовнинг аниқ муддати (қачондан қачонгача);

ходимнинг юқори малакаси, агар бу амалдаги қонун ҳужжатларида, жамоа шартномасида (барча даражадаги битимларда) ёки корхона, ташкилот, муассасада амал қилувчи бошқа норматив ҳужжатларда назарда тутилган ҳолларда мураккаброқ ишларни бажариш билан боғлиқ бўлган меҳнатга ҳақ тўлаш (тариф ставкалари, лавозим маошлари, қўшимча ҳақлар, устамалар, мукофотлар ва бошқа хилдаги тақдирлашлар)нинг юқорироқ миқдорларини якка тартибда белгилаш;

ходим учун белгиланган иш вақти режими (тўлиқсиз иш куни, тўлиқсиз иш ҳафтаси, қисқартирилган иш вақти, соатбай иш, иш кунининг бошланиши ва тамом бўлиши ва бошқалар);

қўшимча (ҳақи тўланадиган ва ҳақи тўланмайдиган) дам олиш кунлари, таътиллар бериш;

ижтимоий-маиший тусдаги шароитлар (болалар боғчасида ўрин, санатория-курортда даволанишга йўлланма таъминланиши, транспорт хизмати, марказлаштирилган тартибда озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, уй-жой бериш ва бошқалар);

муддатли меҳнат шартномаси қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка тўлаш.

Ходимларнинг алоҳида тоифалари учун шартноманинг қўшимча шартлари: пул ёки товар бойликларга хизмат кўрсатувчи шахслар учун тўлиқ моддий жавобгарлик шарти; корхона раҳбарлари учун меҳнат шартномасини тўхтатишнинг қонунчиликда назарда тутилмаган қўшимча асослари ва ҳ. к.лар бўлиши мумкин.

Умуман, меҳнат шарномасининг қўшимча шартлари шундай шартларки, тарафлар ушбу шартларни меҳнат шартномасига киритиши мажбурий эмас ва уларни меҳнат шартномасига киритилмаслиги қонун бузилиши ҳисобланмайди. Лекин, қўшимча шартлар томонларнинг мажбуриятларини аниқлаши, уларни тўлдириши, ходимга қўшимча имтиёз ва афзалликлар берилишини назарда тутиши, бир сўз билан айтганда, иш берувчи ва ходим ўртасидаги муносабатларни аниқроқ, мукаммалроқ тартибга солишга қаратилган бўлиши мумкин. Шу боис меҳнат шартномасида тарафлар Меҳнат қонунчилиги нормаларига зид бўлмаган ҳар қандай шартларни киритиб, ўзаро муносабатларни шартномавий тартибга солиши мумкин.

Ёзма ҳолдаги меҳнат шартномаси (контракт) тузиш юзасидан тавсияларини *doc форматда бу ердан юклаб олишингиз мумкин.

Меҳнат кодекси 73-моддасининг 3-қисмида меҳнат шартномасини тузиш пайтида ходимларнинг қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари даражаси пасайтирилиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган.

Бу шуни англатадики, Меҳнат кодексида белгиланган иш ҳақининг, дам олиш вақтининг, таътилларнинг миқдор ва муддатлари энг паст даража сифатида қаралиши, иш вақтининг нормал миқдори, шунингдек айрим тоифадаги ходимларга нисбатан белгиланган миқдорлари эса, энг юқори чегара сифатида қаралиши лозим. Меҳнат шартномасида ушбу кафолатлар фақатгина ходимнинг фойдасигагина ўзгартирилиши (яъни иш вақти камайтирилиши, иш ҳақи миқдори, таътилларнинг миқдори эса, фақат оширилиши) мумкин.

Масалан, Меҳнат кодексининг 115-моддасида иш вақтининг нормал муддати ҳафтасига қирқ соатдан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган. Демак, меҳнат шартномасида ундан ортиқ миқдорда иш вақти белгилаб бўлмас экан.

Ёки Меҳнат кодексининг 134-моддасид ходимларга ўн беш иш кунидан кам бўлмаган муддат билан йиллик асосий таътил берилиши белгиланган. Демак, меҳнат шартномасида таътил муддати фақатгина оширилиши мумкин.

Меҳнат кодекси, шунингдек, иш ҳақининг ҳам энг кам чегарасини белгилаб беради. Кодекснинг ходимнинг асосий меҳнат ҳуқуқларини белгилаб берувчи 16-моддасига кўра, ҳар бир ходим ўз меҳнати учун қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланганидан оз бўлмаган миқдорда ҳақ олиш ҳуқуқига эга. Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 155-моддасида меҳнат ҳақининг энг кам миқдори белгиланган бўлиб, унга кўра, муайян давр учун белгиланган меҳнат нормасини ва меҳнат вазифаларини тўлиқ бажарган ходимнинг ойлик меҳнат ҳақи қонун ҳужжатларида Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разряди бўйича белгиланган миқдордан оз бўлиши мумкин эмас.

Ушбу ҳолатни тушунарлироқ бўлиши учун бугунги кундаги меҳнат ҳақининг энг кам миқдорини ҳисоблаб кўрамиз.

Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 21 июлдаги 206-сон қарорига 1-Илова билан “Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф СЕТКАСИ”тасидланган бўлиб, унинг 1-разряди тариф коэффициенти 2.476 га тенг. Ушбу разрядга қанча ойлик иш ҳақи тўғри келишини аниқлаш учун ушбу разряднинг тариф коэффициентини амалдаги белгиланган энг кам ойлик иш ҳақига кўпайтириш лозим. Мамлакатимиздаги иш ҳақи, пенсияларнинг охирги марта оширилиши бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг 26.08.2015 йилдаги ПФ-4751-сонли Фармонга кўра, 2015 йилнинг 1 сентябридан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳудудида энг кам иш ҳақи — ойига 130 240 сўмни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб, Меҳнатга ҳақ тўлаш ягона тариф сеткасининг биринчи разрядига тўғри келадиган суммани ҳисоблаймиз: 2.476*130240=322 474,24. Демак, ҳозирда мамлакатимиза Меҳнат кодекси билан белгиланган меҳнат ҳақининг энг кам миқдори 322 474,24 сўмни ташкил этар экан. Меҳнат шартномаларида тўлиқ ставкада ишловчилар учун меҳнат ҳақи миқдори бундан кам кўрсатилиши мумкин эмас.

Меҳнатга ҳақ тўлашнинг ягона тариф СЕТКАСИни *doc форматда бу ердан  юклаб олишингиз мумкин.

Юқорида меҳнат шартномасининг ёзма шаклда тузилишини айтиб ўтдик. Меҳнат кодексининг 74-моддасига кўра, меҳнат шартномасининг шакли Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган намунавий шартномани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги 133-сонли қарорига 1-Илова билан Меҳнат шартномаси (контракт)нинг намунавий шакли тасдиқланган бўлиб, у қуйидагича:

               -СОН МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИ (КОНТРАКТ)

_________ шаҳри 199____ « ____ » _________
1. Корхона (мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташкилот, муассаса, шу жумладан, уларнинг алоҳида таркибий бўлинмалари _____________________________________________________________________
тўлиқ номи
________________________________________________________________________________________
(фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ)
номидан, кейинги ўринларда «Иш берувчи» деб аталади ва фуқаро (Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги бўлмаган шахс ҳам бўлиши мумкин) ________________________________________________________
(фамилияси, исми ва отасининг исми тўлиқ)
кейинги ўринларда «Ходим» деб аталади, мазкур шартномани қуйидагилар ҳақида туздик:
2. Ходим________________________________________________________________________________
(фамилияси, исми ва отасининг исми)
________________________________________________________________________________________
(корхона таркибий бўлинмаси, цех, бўлим, участка, лаборатория ва шу кабиларнинг номи)
касби бўйича ____________________________________________________________________________
(ЯТММ бўйича касб, лавозимининг тўлиқ номи, разряд, малака тоифаси)
лавозимига ишга қабул қилинади.
3. Шартнома ______________________________________________________________ ҳисобланади.
(асосий иш бўйича, ўриндошлик бўйича ва қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа шартнома)
4. Шартнома муддати_____________________________________________________________________
(номуайян муддатга, 5 йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга, муайян ишни бажариш вақтига ва унинг номи)
5. Шартнома бўйича ишлаш
бошланиши ____________________________________________________________________________
тамом бўлиши _________________________________________________________________________
6. Синов муддати _______________________________________________________________________
(синовсиз, синов муддати)
7. Ходимнинг мажбуриятлари:
а) меҳнат ва технология интизоми (ички меҳнат тартиби қоидалари, уставлар ва интизом тўғрисидаги қоидалар)га риоя қилиш;
б) иш берувчининг қонуний фармойишларини бажариш;
в) меҳнатни муҳофаза қилиш, хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитарияси талабларига риоя қилиш;
г) лавозим йўриқномаларига риоя қилиш;
д) ЯТММ, ММ билан назарда тутилган малака мажбуриятларига риоя қилиш;
е) қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя қилиш;
ж) жамоа шартномаси шартларига риоя қилиш;
з) ходим томонидан қабул қилинадиган бошқа мажбуриятлар.
________________________________________________________________________________________
(иш, маҳсулот сифати; иш нормасини бажариш; хизмат кўрсатиш ва бошқалар)
________________________________________________________________________________________
________________________________________________________________________________________
________________________________________________________________________________________
________________________________________________________________________________________
8. Иш берувчининг мажбуриятлари;
а) ходимнинг меҳнатини ташкил этиш, ходимни Меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидалари, лавозим йўриқномалари, жамоа шартномаси ва бошқа норматив ва маҳаллий ҳужжатлар билан таништириш;
б) меҳнат ва ишлаб чиқариш интизомини таъминлаш;
в) иш ҳақини ўз вақтида тўлаш;
г) хавфсиз ва самарали меҳнат учун шарт-шароитлар яратиш, ходимни ўқитиш, унга меҳнатнинг хавфсиз шарт-шароити тўғрисида йўл-йўриқ бериш;
д) иш жойини меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик техникаси қоидаларига мувофиқ жиҳозлаш;
ж) қонун ҳужжатларига ва бошқа норматив ҳужжатларга риоя қилиш;
з) жамоа шартномаси шартларига риоя қилиш;
и) иш берувчи томонидан қабул қилинадиган бошқа мажбуриятлар:
________________________________________________________________________________________
________________________________________________________________________________________
________________________________________________________________________________________
________________________________________________________________________________________
9. Иш куни режими ______________________________________________________________________
(тўлиқсиз иш куни, тўлиқсиз иш ҳафтаси, қисқартирилган иш вақти, соатбай иш, иш кунининг бошланиш

ва тамом бўлиши ва бошқалар)

10. Меҳнат ҳақи тўлаш.
Ходимга қуйидагича ҳаҳ тўлаш белгиланади:
а) ______________________________________________________________________________________
(тўлов тури ва унинг аниқ суммадаги ёки ЯТС разряди кўрсатилган ҳолдаги, ёҳуд тушумдан олинган фоизлардаги миқдори)
б) амалдаги қонун ҳужжатларига ва норматив ҳужжатларга мувофиқ меҳнат шароитлари билан боғлиқ бўлган қўшимча ҳақ, устама, компенсациялар қуйидаги миқдорларда:
____________________________________________

(қўшимча ҳақ, устама, компенсациялар номи)

___________________________________________

( уларнинг миқдори)

____________________________________________ ___________________________________________
____________________________________________ ___________________________________________
в) жамоа шартномаси шартлари билан назарда тутилган, шунингдек, берилган (мавжуд) ҳуқуқлар ва маблағлар доирасида раҳбар томонидан белгиланадиган қўшимча ҳақ, устама, мукофот, тақдирлашлар ва рағбатлантирувчи турдаги бошқа тўловлар;
____________________________________________ (қўшимча ҳақ, устама, компенсациялар номи) ___________________________________________ (уларнинг миқдори)
____________________________________________ ___________________________________________
____________________________________________ ___________________________________________
11. Ходимга:
а) асосий таътил (меҳнат таътили) __________________________________________ иш кунидан;
б) қўшимча таътил _____________________________________________________ иш кунидан ибрат
( номи)
бўлган ҳақ тўланадиган йиллик таътил белгиланади.
12. Меҳнат шартномаси (контракт)нинг меҳнат шароитлари ва унга ҳақ тўлаш хусусиятлари, ижтимоий ҳимоя, имтиёзлар, кафолатлар ва ҳоказолар билан боғлиқ бўлган бошқа шартлари.
Томонларнинг манзиллари ва имзолари:

Ходим:

Иш берувчи:
________________________________________ ________________________________________
________________________________________ ________________________________________
________________________________________ ________________________________________
Манзили:________________________________ Манзили:________________________________
________________________________________ ________________________________________
________________________________________ ________________________________________
(сана, имзо) (сана, имзо, муҳр)

Меҳнат шартномасининг намунавий шаклини *doc форматда бу ердан юклаб олишингиз мумкин.

Меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада тузилади ва ҳар бир тарафга сақлаш учун топширилади.

 Меҳнат шартномасида тарафларнинг манзиллари кўрсатилади.

Ушбу мавзуга доир саволларингиз бўлса, шарҳларга ёки юридик маслаҳатхона бўлимига ёзишингиз мумкин.

2
0

Muallif: G'ayrat Bozorov

Bu qiziq!

Меҳнат шартномасининг тушунчаси. Ишга қабул қилишни расмийлаштириш. Презентация

Презентацияни  10