Ўриндошлик асосида ишлашга доир чекловлар
МК 433-моддасининг 1-қисмига киритилган ўзгартишларга кўра, айрим тоифадаги ходимлар учун ўриндошлик асосида ишлашга доир чекловлар рўйхатига аниқлик киритилди.
Нималар ўзгарди?
♦️Қандай эди:
Илгари Меҳнат кодекси вояга етмаганларга (18 ёшгача) фақат ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда, шунингдек қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳолларда ўриндошлик асосида ишлашни тақиқлаган. Агар вояга етмаган шахснинг асосий иши ноқулай шароитлар билан боғлиқ бўлса, у худди шундай шароитларда ўриндошлик асосида ишлаши мумкин эмас эди (соғлиқни сақлаш ходимлари бундан мустасно).
♦️Қандай бўлди:
Эндиликда МК 433-моддасида чекловларнинг аниқ рўйхати келтирилган бўлиб, унга қуйидагилар киради:
✅ Меҳнат шароитларидан қатъи назар, 18 ёшга тўлмаган шахслар учун ўриндошлик асосида ишлашни тўлиқ тақиқлаш.
✅ Меҳнат шароитлари ноқулай бўлган ишларда ўриндошлик асосида ишлашни тақиқлаш, агар асосий иш худди шундай шароитлар билан боғлиқ бўлса, (соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари бундан мустасно).
✅ Қонунчиликда назарда тутилган бошқа ҳоллар.
Муҳим!
Аслида, вояга етмаганлар учун ўриндошлик асосида ишлашни тақиқлаш илгари ҳам мавжуд эди. Низомниинг 4 бандига кўра (18.10.2012 йилдаги ВМҚ-297-сон қарорга илова), 18 ёшга тўлмаган шахсларга ўриндошлик асосида ишлаш тақиқланган эди. Бироқ энди бу тақиқ бевосита Меҳнат кодексида мустаҳкамланди ва бу уни турлича талқин қилиш ва қўллаш бўйича масалаларни бартараф этади.
Бу амалиётда нимани англатади?
⭕️ Иш берувчилар вояга етмаганларни ўриндошлик асосида ишга қабул қилишга ҳақли эмас - бу меҳнат қонунчилигини бузиш ҳисобланади.
⭕️ Агар вояга етмаган шахс ўриндошлик асосида ишлаётган бўлса, у билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилиниши керак.
Хулоса
⭕️ Киритилган ўзгартишлар янги тақиқни жорий қилмайди, фақат амалдаги чекловни Меҳнат кодекси даражасида мустаҳкамлайди.
⭕️ Иш берувчилар кадрлар бўйича ҳужжатларни қайта кўриб чиқишлари ва вояга етмаганлар билан ўриндошлик шартномаларини бекор қилишлари керак.
⭕️ Энди 18 ёшга тўлмаган шахслар учун ўриндошликни тақиқлаш МКда аниқ белгиланган, бу нормани турлича талқин қилишни истисно этади.
Телеграм канали