Меҳнат шартномаси ходимнинг ташаббусига кўра қандай бекор қилинади

17.04.2024

Тавсияномада:

– ишдан бўшатиш учун асос;

– огоҳлантириш муддатлари;

– огоҳлантириш муддатини ҳисоблаш;

– огоҳлантириш шакли;

– аризани қайтариб олиш;

– ишдан бўшатишни расмийлаштириш.

Агар ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшашга қарор қилган бўлса, иш берувчи унга рад жавобини беришга ҳақли эмас. Бунда МК бу ҳақида иш берувчини икки ҳафта олдин огоҳлантириш мажбуриятини белгилайди. Бироқ, ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра келишув муддатини қисқартириш мумкин, шу жумладан меҳнат шартномасини ариза берилган куни ҳам бекор қилиш мумкин, .

Ходим қандай асосга кўра ишдан бўшаши мумкин

Ходим билан меҳнат шартномасини унинг ташаббусига кўра бекор қилиш учун асос –  . Ходим ҳар қандай турдаги меҳнат шартномасини ўз хоҳишига кўра бекор қилишга ҳақли. Ўз ташаббусига кўра ишдан бўшашда МК ходимларга ягона мажбуриятни – бу ҳақида иш берувчини олдиндан ва ёзма шаклда огоҳлантириш мажбуриятини юклайди .

Вазият
Аризани қабул қилишни рад этиш мумкинми

Ходим ишдан бўшашни хоҳлаб, ариза ёзди, аммо ходим барча тугалланмаган ишларни ёпмагунига қадар директор уни бўшатишни хоҳламайди. Ходимнинг ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини қабул қилишни рад этиш мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас.

Амалиётда ходимнинг бошлаган ишини якунламаганлиги ёхуд муддатли меҳнат шартномасининг муддати ҳали тугамаганлиги ёки ўрнига бошқа ходим топилмаганлиги ва ҳоказоларга асосланган ҳолда иш берувчи ходимнинг аризасини қабул қилишни рад этиши ҳоллари учраб туради. Қонунчиликда иш берувчи ходимнинг аризасини қабул қилишни рад этиши мумкин бўлган сабаблар назарда тутилмаган.

Ходимнинг ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини қабул қилишни рад этиш – сабабларидан қатъи назар, ноқонунийдир. Аризани вақтни чўзиш учун уни бевосита раҳбарлар томонидан имзоланишини талаб қилган ҳолда қабул қилишни рад этиш ҳам қонунга хилоф, чунки бу меҳнат тўғрисидаги қонунчилик қоидаларига зид.

Ходим ишдан бўшаш ҳақида иш берувчини қандай муддатларда огоҳлантиради

Умумий қоидага кўра ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида иш берувчини 14 кун олдин огоҳлантириши лозим, . Бироқ ходимларнинг айрим тоифалари учун бу муддатлар фарқ қилади. Бундан ташқари, алоҳида ҳолларда ходим у билан меҳнат шартномасини маълум бир кунда бекор қилишни сўраши мумкин.

Жадвал

Ходим меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилиш ҳақида қандай муддатларда огоҳлантиради

Ходимнинг тоифаси ёки асос

Огоҳлантириш муддати

МКдаги асос

Ташкилот раҳбари

Икки ой олдин

МК 489-моддаси

Ташкилот раҳбарининг ўринбосарлари, ташкилотнинг бош бухгалтери, шунингдек ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) раҳбарлари  

Бир ой олдин

 МК 489-моддаси

Мавсумий ходимлар

Уч календарь кун олдин

МК 494-моддаси

Вақтинча ходимлар

Уч календарь кун олдин

МК 499-моддаси

Микрофирмаларнинг ходимлари

Бир ҳафта олдин

МК 506-моддаси

Якка тартибдаги тадбиркорларда ишлайдиган ходимлар

Бир ҳафта олдин

МК 511-моддаси

Уй ишчилари

Бир ҳафта олдин

МК 518-моддаси

Синов муддатидаги ходим

Уч календарь кун олдин

МК 132-моддаси

Ходим, масалан, олий таълим муассасига ўқишга кирганлиги ёки пенсияга чиққанлиги муносабати билан ишини давом эттира олмайди

Огоҳлантиришсиз

МК 160-моддаси

Ходим ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани иш даврида ҳам, таътил, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик, давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажариш ва бошқа даврларда ҳам бериши мумкин. Ушбу даврларнинг барчаси меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантириш муддатига киритилади. 

Вазият
Ходимнинг имкони бўлмаганда, унинг ўрнига ариза ёзиш

Ходимнинг иккала қўли синиб қолди, гипс қўйилди. У ўз хоҳишига кўра ишдан бўшамоқчи. Кадрлар бўлими ходими унинг ўрнига ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани ходимнинг ҳозирлигида ёзиши мумкинми?

– Амалдаги Меҳнат кодексида ушбу масалани ҳал этиш тартиби белгиланмаган. Унда ходим жисмоний ҳолати туфайли ариза ёза олмайдиган ҳолатларда ишдан бўшашга аризани имзолашнинг алоҳида тартиби кўрсатилмаган.

Амалиётда бундай аризалар иш берувчи томонидан расмийлаштирилади. Масалан, кадрлар бўлими ходими бошқа гувоҳлар ва ходимнинг ҳозирлигида унинг сўзи билан аризани ёзиши мумкин. Бироқ бу кейинчалик меҳнатга оид низоларни келтириб чиқариши мумкин бўлса-да, шундай йўл тутилади.

Шу боисдан иш берувчиларга қуйидаги тарзда ҳаракат қилишни тавсия қиламиз. Ходимга меҳнат шартномасини ўз хоҳишига кўра бекор қилиш тўғрисидаги аризани нотариус ҳузурида расмийлаштириш лозимлигини тушунтириш керак, шунда нотариус мазкур ҳолатни ариза матнида тасдиқлаши мумкин бўлади.

Ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшамоқчи бўлса-ю, лекин айрим сабабларга кўра, масалан, қўли синганлиги туфайли аризани ўзи ёза олмаса ва/ёки имзолай олмаса, буни унинг ўрнига вояга етган лаёқатли бошқа фуқаро амалга ошириши мумкин. Бироқ мазкур ҳолатда ариза нотариус ҳузурида имзоланади.

 

Эътибор беринг
Нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ, агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги, саводсизлиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса, бундай ҳужжатларни унинг топшириғига кўра унинг ўзи ва нотариус ҳозирлигида бошқа фуқаро имзолаши мумкин. Бунда ҳужжатнинг матнида ва тасдиқловчи ёзувда фуқаро ўз қўли билан ҳужжатни имзолай олмаганлиги сабаблари қайд этилиши лозим. Бундай ҳолатларда нотариал ҳаракатларни амалга оширишда аудио- ва видеоёзув воситаларидан фойдаланилади.

Шунингдек аризага ходимнинг ўзи ариза ёза олмайдиган ва/ёки имзолай олмайдиган даражада жароҳатланганлигини тасдиқловчи тиббий ҳужжатни ҳам илова қилиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Қачон иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилган муддатда бекор қилиши шарт

Ходим ўз ишини давом эттира олмаган ҳолларда иш берувчи меҳнат шартномасини ходим илтимос қилаётган муддатда бекор қилиши шарт, .  Агар ходим, масалан, олий таълим ташкилотига кундузги бўлимга ўқишга қабул қилинган бўлса, иш берувчи ходимнинг аризасига кўра у билан меҳнат шартномасини у ўқув йилининг бошидан ўқишга киришишга улгура оладиган муддатда бекор қилади. Бунда, агар ходим бошқа ерда яшайдиган бўлса, унинг ўқув муассасига етиб бориши учун кетадиган вақтни ҳам ҳисобга олиш муҳим.

Эътибор беринг
Ходимнинг ишдан бўшаши таълим муассасига ўқишга кирганлиги муносабати билан ишини давом эттира олмаслиги билан боғлиқ бўлганда, ходимдан икки ҳафта ишлаб беришини талаб қилиш мумкин эмас, . Акс ҳолда иш берувчи ходимнинг конституциявий таълим олиш ҳуқуқини бузади.

Ишдан бўшаш ҳақида огоҳлантириш муддати қайси пайтдан бошлаб ҳисобланади  

Меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақида огоҳлантириш муддатининг ўтиши иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризаси олинганидан сўнг кейинги кундан бошланади, . Агар ходим ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани почта орқали буюртмали хат билан юборган бўлса, у ҳолда огоҳлантириш муддатини ҳисоблаб чиқариш иш берувчи томонидан ариза олинган санадан сўнг кейинги кундан бошланади, . Агар огоҳлантириш муддатининг охирги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни охирги иш куни ва огоҳлантириш муддатининг тугаши куни деб ҳисобланади, .

Вазият
Қандай кун охирги иш куни деб ҳисобланади

 белгиланишига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинган кун - охирги иш кунидир.  30 ноябрь куни эрталаб ходим ишга келгач, уни 30 ноябрдан ишдан бўшатишларини сўраб ариза ёзди ва шунга мувофиқ, ўша куни у ишламади. Ўз навбатида, кадрлар бўлимининг ходими МК 170-моддаси ва ходимнинг аризасига асосланган ҳолда “30 ноябрда меҳнат шартномаси бекор қилинсин” деган буйруқни тузади ва 30 ноябрь охирги иш куни эканини аниқ кўрсатади, демак, 1 декбрдан ходим ишга чиқмаслиги керак.

Агар ходим ишдан бўшаш ҳақида аризани “30 ноябрдан ишдан бўшатишни сўрайман” ифодаси билан ёзган бўлса, 30 январь унинг иш куни ҳисобланадими ёки ишдан бўшаш куни ҳисобланадими?

Агар сизнинг ходимга 14 кун олдин огоҳлантириш муддати тўғрисидаги умумий қоида татбиқ этиладиган бўлса, ишдан бўшаш тўғрисидаги аризада эса 2023 йил 30 ноябрь санаси кўрсатилган бўлса, у ҳолда у билан меҳнат шартномаси 2023 йил 14 декабрда бекор қилиниши керак. Огоҳлантириш муддатига дам олиш ва байрам кунлари ҳам киради, . Айнан 14 декабрь – ходимнинг охирги иш куни. 30 ноябрдан 14 декабргача (қўшиб ҳисоблаган ҳолда) бўлган даврда ходим ўзининг меҳнат вазифаларини бажариши шарт.

Агар ходим меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддати тугагунга қадар ўз ихтиёрига кўра ишга чиқмай қўйган ёки ўзининг меҳнат мажбуриятларини бузган тақдирда, иш берувчи унга нисбатан интизомий жазо қўллашга ҳақли,  .

Эътибор беринг
Огоҳлантириш муддатига дам олиш ва ишланмайдиган байрам кунлари киритилади. Бунда барча ҳолларда огоҳлантириш муддатининг ўтиши иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризаси олинганидан сўнг кейинги кундан бошланади

Ходим ишдан бўшаш ҳақида иш берувчини қандай шаклда огоҳлантиради

Ходим ўзининг меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида иш берувчини фақат ёзма шаклда огоҳлантиради. Бунинг учун ходим иш берувчининг номига ихтиёрий шаклда ариза ёзади. Ишдан бўшаш ҳақидаги аризада ходим ариза ёзилган санани ва имзосини қўяди. Бунда ходим аризани қўлда ёзиши ёки компьютерда териши мумкин.

Эътибор беринг
Оғзаки аризалар юридик кучга эга эмас
Вазият
Ходим ўз аризасида ишдан бўшашининг сабабини кўрсатиши керакми

Директор ходимлар аризаларида ишдан бўшаш сабабини кўрсатишларини талаб қилмоқда. Ходимлар аризада нима учун ишдан бўшашга қарор қилганликларини кўрсатишлари керакми?

Йўқ, керак эмас

Ходимнинг меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилиш ҳуқуқи уни бундай қарор қабул қилишга ундаган сабабларга боғлиқ эмас. Ходимнинг ишдан бўшаш истаги турли сабабларга кўра пайдо бўлиши мумкин: бошқа иш берувчида юқори ҳақ тўланадиган иш таклифи, яшаш жойининг ўзгариши ва  бошқа сабаблар. Бироқ бу сабаблар ходимнинг меҳнат шартномасини ўз ташаббусига кўра бекор қилиш ҳуқуқига таъсир кўрсатмайди.

Ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш ҳақидаги аризада ходим ишдан бўшаш сабабини кўрсатмасликка ҳақли. Аммо, меҳнат шартномасини ходимнинг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисидаги ариза ходим ишини давом эттира олмаслиги билан шартланган ҳолларда,  , ходим сабабини кўрсатади, масалан, олий таълим муассасасига кундузги бўлимга ўқишга кириш.

Мисол

Ишдан бўшатиш санаси кўрсатилган ариза 

"Мен билан меҳнат шартномасини ўз хоҳишимга кўра 2024 йил 30 сентябрда бекор қилишни сўрайман"

И. Исломов 16 сентябрь 2024 йил

Намунани  юклаб олинг

Мисол

Ишдан бўшатиш санаси кўрсатилмаган ариза 

"Мен билан меҳнат шартномасини бекор қилишни сўрайман"

И. Исломов 03 сентябрь 2024 йил

Намунани юклаб олинг

Ходимдан ишдан бўшатиш ҳақидаги аризани ким қабул қилиши мумкин

Ходим ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани ташкилотнинг айнан қайси мансабдор шахсига тақдим этиши кераклигини МК белгиламайди. Амалиётда аризани:

  • ташкилот раҳбарига;
  • ходимлар бўлимига;
  • канцелярияга;
  • ходим меҳнат қиладиган бўлинма раҳбарига – цех, участка бошлиғига, бўлим, хизмат раҳбарига ва бошқаларга тақдим этиш мумкин. 
Вазият
Ходим ўз хоҳишига кўра ишдан бўшамоқчи, аммо кадрлар бўйича инспектор касал бўлиб қолди. У эса кадр ҳужжатларини юритадиган ҳамда ишга қабул қилишни ва меҳнат шартномаси бекор қилинишини расмийлаштирадиган ягона ходим. Ходимнинг аризасини ким қабул қилиши керак? Кадрлар бўлими ходими «касаллик таътили»дан чиққунча  ишдан бўшатишни рад эта оламизми?

– Йўқ, ходимнинг аризасини қабул қилмаслик мумкин эмас.

Меҳнат ҳуқуқлари муносабатларини тартибга солиш тамойилларидан бири – меҳнат эркинлигидир . Ушбу тамойил меҳнат шартномаси эркинлигида намоён бўлади ҳамда бошқа нарсалар қатори ходимнинг Меҳнат кодексида белгиланган тартибда ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқини англатади. Иш берувчининг ходимнинг бу ҳуқуқини чеклаши меҳнат қонунчилигининг бузилиши ҳисобланади.

Кадрлар бўлими ходими у ёки бу сабабларга кўра йўқ бўлиши мумкин (таътил, касаллик таътили, малака ошириш ва ҳ.к.). Бироқ бу кадрлар иши ушбу даврда тўхтаб қолишини англатмайди. Иш берувчи барибир кадрлар  тартиб-таомилининг барчасини ўз вақтида расмийлаштириши шарт.

Кадрлар бўлими ходими ўрнига аризани ким қабул қилиши мумкин

Ходим ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризани нафақат кадрлар бўлимига, балки тўғридан-тўғри ташкилот бошлиғига, унинг ўринбосарига, қабулхона котибига, девонхонага ва бошқаларга топширишга ҳақлидир . Ариза топширилган шахслар уни компания раҳбарининг эътиборига етказишлари шарт.

Ишдан бўшаш тўғрисидаги огоҳлантириш муддати ходим аризани иш берувчининг вакилига топширгандан кейинги кундан бошланади. У раҳбарга кечроқ етиб борган тақдирда хам (бир неча кун, бир ҳафтадан кейин ва ҳ.к.) бу муҳим эмас. Шунинг учун аризани стол тортмасига солиб қўйиш орқали сиз ходимни ишдан бўшатишни кечиктира оламан деб ўйласангиз, хато қиласиз. Камига, агар у аризани имзо қўйдириб топширган ҳамда аризани қабул қилган шахс томонидан қабул қилинган санани кўрсатишни талаб қилган бўлса.

Меҳнат шартномасини бекор қилишни бошқа сабабларга кўра кечиктиришга йўл қўйилмайди.  Ходим томонидан бошланган ишни тугатмагани, қарзи йўқлиги варақасининг имзоланмагани, ходимнинг моддий қийматларни топширмагани ва бошқа сабаблар ишдан бўшатишни рад этиш ҳамда уни расмийлаштиришни кечиктириш учун асос ҳисобланмайди .

Буйруқни ким расмийлаштиради, меҳнат дафтарчасини ким тўлдиради ва беради, ишдан бўшатишни ЯММТда ким рўйхатдан ўтказади?

Кадрлар тартиб-таомилларини амалга ошириш учун кадрлар бўлими ходимини бошқа ходим алмаштириши мумкин. Алмаштиришнинг мумкин бўлган усуллари:

1. Асосий ходим йўқлигида учинчи шахс билан муддатли меҳнат шартномасини тузиш, шу жумладан ўриндошлик асосида. Аммо бу вариант одатда кадрлар бўлими ходими узоқ вақт давомида йўқлигида қўлланилади (узоқ муддатдан буён давом этаётган касаллик, ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари ёки бола парвариши таътили ва ҳ.к.);

2. Ташкилотнинг амалдаги ходимларидан бирини кадрлар бўйича инспектор лавозимига вақтинча ўтказиш. Бундай ўтказишга ходим ва иш берувчининг келишувига кўра ҳам, иш берувчининг ташаббусига кўра ҳам йўл қўйилади. Ишлаб чиқариш зарурияти, хусусан вақтинча йўқ бўлган ходимнинг ўрнига ишлаб туриш муносабати билан ходимни бошқа ишга унинг розилигисиз, иш берувчининг ташаббусига кўра вақтинча ўтказишга йўл қўйилади . Ишлаб чиқариш заруриятининг бошқа ҳолатлари Меҳнат кодексининг 145-моддаси 2-қисмида санаб ўтилган.

Эътибор беринг
Ишлаб чиқариш зарурияти ёки бекор туриб қолиш муносабати билан ходимни бошқа ишга ўтказиш даврлари бир календарь йил давомида жами олтмиш календарь кундан ошиши мумкин эмас .

3. Меҳнат шартномасида белгиланган ишдан озод этилмасдан вақтинча йўқ бўлган ходимнинг вазифаларини бажариш . Бу асосий ходимнинг қисқа муддатли йўқлиги тахмин қилинганда, юқорида айтилганларнинг барчасидан энг мос вариантдир.

Вақтинча йўқ бўлган ходимнинг ўрнига ишлаётган ходим:

  • ходимларнинг қоғоз меҳнат дафтарчаларини юритишини;
  • my.mehnat.uz сайтидаги ЯММТ тизимида иш берувчининг номидан ҳаракатларни амалга оширишини ҳисобга олинг.

Шунинг учун тегишли буйруқ билан ходимга меҳнат  дафтарчаларини юритиш, сақлаш ва бериш, шунингдек ЯММТда ишлаш бўйича ваколат бериш зарур  .

Бундан ташқари, агар бирон бир кадрлар тартиб-таомилини расмийлаштириш зарурати туғилса, буни ташкилот раҳбарининг ўзи ёки тегишли ваколатга эга бўлган бошқа шахс амалга ошириши мумкин.

Кадрлар ходимини алмаштиришнинг йўқлиги қандай оқибатларга олиб келади

Бошида айтилганидек, кадрлар ходимининг вақтинча йўқлиги – маълум кадрлар тартиб-таомилларини бажаришни кечиктириш учун сабаб бўлмайди. Агар ходим ўз ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ариза берган бўлса, огоҳлантириш муддати тугагандан сўнг иш берувчи уни ишдан бўшатишга мажбурдир. Меҳнат шартномаси бекор қилинган куни ходимга меҳнат дафтарчаси ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма, меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхаси берилиши, шунингдек у билан ҳисоб-китоб қилиниши керак  .

Иш берувчи Меҳнат кодексининг ушбу талабларини бажармаганлиги учун МЖТКнинг 49-моддасига кўра маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин.

Иш берувчининг айби билан меҳнат дафтарчасини бериш кечиктирилилганда мажбурий прогулнинг бутун даври учун ходимга ўртача ойлик иш ҳақи тўланади .

Бундан ташқари иш берувчи Меҳнат кодексининг 333-моддасига мувофиқ меҳнат шартномаси бекор қилингандаги  тўловларни кечиктирганлик учун моддий жавобгар бўлади. Иш берувчи ходимга тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида пулли компенсация тўлаши шарт.

Ходим ишдан бўшаш тўғрисидаги аризани қачон қайтариб олиши мумкин  

МК ходимга ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини огоҳлантириш муддати давомида қайтариб олиш ҳуқуқини беради. Ҳатто, агар тарафларнинг келишувига кўра огоҳлантириш муддати қисқартирилган бўлса ҳам, ходим ушбу муддат ичида ўз аризасини қайтариб олишга ҳақли. Ходим аризасини қайтариб олиши мумкин бўлган энг охирги муддат – унинг охирги иш куниниг охирига қадар.

Ходим ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини қандай – оғзаки ёки ёзма шаклда қайтариб олиши мумкинлиги МКда назарда тутилмаган. Бироқ амалиётда, юзага келиши мумкин бўлган меҳнат низоларини олдини олиш учун, ходимдан ўз хоҳишига кўра ишдан бўшаш тўғрисидаги аризасини қайтариб олиш ҳақидаги илтимосини ёзма равишда расмийлаштириш сўралади.

Эътибор беринг
Ходим билан меҳнат шартномасини унинг ташаббусига кўра бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаришга шошилманг. Агар буйруқ чиқарилган бўлса, ходим эса аризасини қайтариб олишга қарор қилса – иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқариши керак. Бундай буйруқни чиқаришга ходимнинг унинг ташаббусига кўра ишдан бўшатиш тўғрисида илгари берилган аризасини қайтариб олиш тўғрисидаги аризаси асос бўлиб ҳисобланади.

Иш берувчи ходимнинг ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини қайтариб олишини рад этишга ҳақли эмас, чунки ходимга ушбу ҳуқуқни МК беради. Агар ходимнинг ушбу илтимоси барибир рад этилган ва у билан меҳнат шартномаси ариза асосида бекор қилинган бўлса, МК 160-моддасига асосан ишдан бўшатиш ғайриқонуний бўлади. Ходимнинг меҳнат ҳуқуқларини бузганлик учун ташкилотнинг мансабдор шахси  асосан маъмурий жавобгарликка тортилади. Ўзи билан меҳнат шартномаси қонунга хилоф равишда бекор қилинган ходимни ишга тиклашга ва унга мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлашга тўғри келади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Қачон меҳнат шартномасини бекор қилиш ноқонуний ҳисобланади? Меҳнат шартномасини қонунга хилоф равишда бекор қилганлик учун иш берувчига қандай жавобгарлик юклатилади? Экспертларнинг мақоласида билиб олинг.

Ходимнинг ташаббусига кўра ишдан бўшатиш қандай расмийлаштирилади

Огоҳлантириш муддати тугаганидан кейин ходим ишдан кетишга ҳақли, иш берувчи эса унга меҳнат дафтарчасини бериши ва ҳисоб-китобни амалга ошириши керак. Ҳеч қандай шароитда ишдан бўшатишни расмийлаштиришни кечиктириш мумкин эмас. Ҳатто агар ходим унга ишониб топширилган моддий қимматликларни топширишни тугатмаган, қарзи йўқлик варақасини имзоламаган, бошлаган ишни тугатмаган, ҳисоботни топширмаган, ўзининг ўрнига бошқа ходимни топмаган ва ҳоказо бўлган тақдирда ҳам.

Ходимнинг охирги иш кунида  кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Ишдан бўшатишни ЯММТда рўйхатдан ўтказинг, ишдан бўшатиш тўғрисидаги ёзув киритилган меҳнат дафтарчасини ёки электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирма, ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини беринг ва ходимга охиригача олинмаган иш ҳақи ҳамда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация тўланг.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ишдан бўшатишда “ходим билан ҳисоб-китоб” нималарни ўз ичига олади? Ишдан бўшатилган ходим билан қандай муддатда ҳисоб-китоб қилиш керак? Батафсил экспертнинг жавобида ўқинг
Вазият
Агар ходим моддий қимматликларни топширмаган бўлса, огоҳлантириш муддатини узатириш мумкинми

Ходим барча моддий қимматликларни топширмади, аммо унда ўз ташаббусига кўра ишдан бўшатиш тўғрисида огоҳлантириш муддатининг охирги куни. Ходим барча моддий қимматликларни топширмагунга қадар иш берувчининг ушбу муддатни узайтириши мумкинми?

Йўқ, мумкин эмас. Иш берувчи огоҳлантириш муддати тугаганидан кейин меҳнат шартномасини бекор қилишни қандай сабабга кўра кечкитиришидан қатъи назар, бундай кечиктириш – бу меҳнат қонунчилигини бузишдир. Иш берувчи кечиктириш даври учун ходимга мажбурий прогул вақти учун ҳақ тўлаши шарт, ходим эса ўзига етказилган маънавий зарар учун компенсация талаб қилишга ҳақли.

Агар ходим иш берувчининг моддий қимматликларни топшириш тўғрисидаги буйруғини бажаришдан бош тортаётган бўлса – бу меҳнат мажбуриятларини бузиш ҳисобланади ва ходимни интизомий жазога тортиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкин. Масалан, ўзи билан тўлиқ моддий жавобгарлик тўғрисида шартнома тузилган омбор мудири ўз хоҳишига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида огоҳлантириш муддати давомида ўзида ҳисобда турган моддий қимматликларни топширишдан бош тортиб келди. Агар у билан меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин омборда у ишлаган даврда юзага келган камомад аниқланса, иш берувчи ундан етказилган зарар суммасини суд тартибида ундириб олишга ҳақли.

Агар ходим охирги иш куни ишга келмаса, меҳнат дафтарчасини бериш учун жавобгар бўлмаслик учун, унга ёзма хабарнома юборинг. Унда ходим ҳужжатларни олиб кетиши  ёки уларни почта орқали жўнатишга розилик бериши кераклигини кўрсатинг. Хабарнома юборилган пайтдан иш берувчи меҳнат дафтарчасини ўз вақтида бермаганлик учун жавобгарликдан озод бўлади.

Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини ходимга почта орқали топшириш ҳақидаги билдиришнома билан юборишга ҳақли. Ишдан бўшатиш тўғрисидаги буйруқнинг нусхасини почта орқали юборишга ходимнинг розилигини олиш керак эмас.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Меҳнат шартномасини бекор қилиш қандай босқичларни ўз ичига олади? Меҳнат шартномаси бекор қилинадиган куни нима қилиш керак? Экспертларнинг батафсил тавсияномасида билиб олинг.
Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг