Меҳнат шартномаси ташкилот тугатилганлиги муносабати билан қандай бекор қилинади

25.03.2024
author avatar

Михаил ГАСАНОВ

author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

Тавсияномада:

- МК 161-моддаси 2 қисмининг 1 бандига кўра ходимлар билан меҳнат шартномасини қачон бекор қилиш мумкин;

- Нимани ташкилотни тугатиш деб ҳисоблаш мумкин эмас

- Меҳнат шартномасини ташкилотнинг тугатилиши муносабати билан бекор қилиш тартиб-таомили

МК 161-моддаси 2 қисмининг 1 бандига кўра ходимлар билан меҳнат шартномасини қачон бекор қилиш мумкин  

МК 161-моддаси 2 қисмининг  1 бандига кўра ходим билан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббусига кўра қуйидаги ҳолларда бекор қилиниши мумкин:

  • ташкилот, унинг алоҳида бўлинмаси (филиали, ваколатхонаси) ўз муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки таъсис ҳужжатлари билан бунга ваколат берилган юридик шахс органининг қарори билан тугатилганлиги муносабати билан;
  • якка тартибдаги тадбиркор (бундан кейин ЯТТ) томонидан фаолиятнинг тугатилганлиги муносабати билан.

Агар ташкилот, унинг алоҳида бўлинмаси ёки ЯТТ ҳақиқатда ўз фаолиятини тўлиқ тугатган бўлса, меҳнат шартномасининг ушбу асос бўйича бекор қилиниши қонуний ҳисобланади.

Муҳим
МК 161-моддаси 2 қисмининг  1 бандига кўра меҳнат шартномасини иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш фақат ташкилот, унинг алоҳида бўлинмаси ихтиёрий равишда тугатилганда ёки ЯТТ фаолияти ихтиёрий равишда тугатилган тақдирда қўлланилади. Ташкилотни ёки ЯТТ фаолиятини суд қарорига кўра тугатиш меҳнат шартномасини тарафларнинг хоҳиш-иродасига боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра бекор қилиш асосларига киради. Бундай ҳолда ходимларни ишдан бўшатиш учун МК 168-моддаси 1 қисмининг 6 банди қўлланилади.

Нимани ташкилотни тугатиш деб ҳисоблаш мумкин эмас

Қуйидагилар тугатиш деб ҳисобланмайди, демак меҳнат шартномасининг МК 161-моддаси 2 қисмининг  1 бандига кўра бекор қилинишига олиб келиши мумкин эмас:

  • юридик шахсни қайта ташкил этиш унинг шаклидан қатъи назар (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш), чунки қайта ташкил этишда қайта ташкил этиладиган юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ўтадиган ҳуқуқий ворис аниқланади, ст.ФК 50-моддаси, .  Қайта ташкил этилганда меҳнат муносабатлари ходимнинг розилиги билан давом эттирилади . Тугатилганда эса юридик шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсларга ўтмайди.
  • ташкилотнинг мулкдори алмашганлиги ёхуд ташкилотнинг идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганлиги. Ушбу жиҳатлар ўз-ўзидан меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос ҳисобланмайди, агар фақат ходимнинг ўзи улар муносабати билан ишни давом эттиришни истамаса. Бундай ҳолда у билан меҳнат шартномаси МК 156-моддасининг 5 қисмига кўра, ишдан бўшатиш нафақасини тўлаган ҳолда бекор қилинади .

Ташкилотнинг мулкдори алмашганлиги меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос ҳисобланмаслиги тўғрисидаги қоидадан истисно ташкилотнинг раҳбари, унинг ўринбосари, бош бухгалтери, ташкилотнинг филиали, ваколатхонаси ёки бошқа алоҳида бўлинмаси раҳбарига нисбатан белгиланган. Янги мулкдор ушбу тоифадаги ходимлар билан меҳнат шартномасини МК 489-моддаси 1 қисмининг 1 бандига кўра – ташкилот мулкдори ўзгарганлиги муносабати билан бекор қилишга ҳақли;

Ташкилотнинг мулкдори ўзгарганда ёки у қайта ташкил этилганда, идоравий тааллуқлилиги (бўйсунуви) ўзгарганда ходимлар билан меҳнат муносабатларини расмийлаштириш ҳақида янада батафсил бу ерда ўқинг.

  • ташкилотнинг, унинг вакиллиги ёки филиалининг номи ва жойлашган жойи ўзгарганлиги. Ташкилот номининг ўзгариши ходимлар билан меҳнат муносабатларини давом эттиришга таъсир кўрсатмайди, аммо буни:

- меҳнат шартномаларининг реквизитларида – қўшимча келишувларни расмийлаштириш орқали;

- ходимларнинг меҳнат дафтарчаларида – тегишли ёзувларни киритиш йўли билан;

- шахсий карточкаларда ва ташкилотнинг номи кўрсатилган бошқа кадрларга оид ҳисоб ҳужжатларида акс эттириш лозим.

Ташкилотнинг, унинг вакиллиги ёки филиалининг жойлашган жойи ўзгарганлиги ҳам ходимларни ишдан бўшатиш учун асос ҳисобланмайди. Фақат ходим иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчишни ёзма равишда рад этган тақдирдагина, у билан меҳнат шартномаси МК 146-моддасининг 6 қисмига  кўра бекор қилиниши мумкин. Бироқ,  бу ҳолда ҳам меҳнат шартномаси иш берувчининг бошқа жойга кўчиши муносабати билан эмас, балки ходимнинг иш берувчи билан бирга бошқа жойга кўчишни рад этиши муносабати билан бекор қилинади;

  • ташкилотнинг алоҳида бўлмаган тузилмавий бўлинмаларининг тугатилиши (бўлимлар, хизматлар, бошқармалар, цехлар ва бошқалар). Агар бундай бўлинмалар тугатилиб, ташкилотнинг ўзи фаолиятини тўхтатмаса, тугатиладиган бўлинмалардаги ходимларни МК 161-моддаси 2 қисмининг 1 бандига  кўра ишдан бўшатиш ғайриқонуний ҳисобланади. Шу билан бир вақтда ушбу бўлинмалардаги ходимларни мазкур ташкилотдаги бошқа ишга ўтказиш имконияти бўлмаган тақдирда, улар билан меҳнат шартномаси МК 161-моддаси 2 қисмининг 2 бандига кўра ходимлар сонининг ёки штатининг ўзгариши муносабати билан бекор қилиниши мумкин.

Меҳнат шартномасини ташкилотнинг тугатилиши муносабати билан бекор қилиш тартиб-таомили  

Келгусида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида ходимларни огоҳлантириш.

Иш берувчи ўзининг меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2 қисмининг 1 бандига  кўра бекор қилиш нияти ҳақида ходимни ёзма шаклда (имзо қўйдириб) камида 2 ой олдин огоҳлантириши шарт. Алоҳида тоифадаги ходимларни бошқа муддатларда огоҳлантириш керак:

- мавсумий ходимни – камида 7 календарь кун олдин ;

- вақтинчалик ходимни – камида 3 календарь кун олдин ;

- микрофирма ходимини – унинг меҳнат шартномасида белгиланадиган муддатларда. Агар меҳнат шартномасида огоҳлантириш муддатлари кўрсатилмаган  бўлса, ходимга огоҳлантириш тўғрисидаги умумий қоида татбиқ этилади, яъни камида 2 ой олдин, ;

-  якка тартибдаги тадбиркор билан ишлайдиган ходимни – меҳнат шартномасида белгиланган муддатларда, ;

-  жисмоний шахсда ишлайдиган уй ишчисини – меҳнат шартномасида белгиланган муддатларда. Агар меҳнат шартномасида огоҳлантириш муддатлари белгиланмаган бўлса, ходимга огоҳлантириш тўғрисидаги умумий қоида татбиқ этилади, яъни камида 2 ой олдин,  .

Эътибор беринг
Ходимга огоҳлантиришни ташкилот раҳбари томонидан бунга ваколатланган ҳар қандай шахс, масалан, кадрлар бўйича инспектор, кадрлар бўлимининг бошлиғи ва бошқалар топшириши мумкин. Аммо огоҳлантиришни ташкилот раҳбарининг ўзи ёки ишга қабул қилиш ва меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлган бошқа шахс имзолаши лозим.

Иш берувчи ходимни огоҳлантириш муддатини огоҳлантириш муддатининг давомийлигига мувофиқ келадиган пулли компенсация билан алмаштиришга ҳақлидир, . Ушбу қарорни иш берувчи ўз ихтиёрига кўра мустақил, ходимнинг розилигини олмаган ҳолда қабул қилади. Бунда, агар ходимнинг ўзи огоҳлантириш муддатининг ўрнига пулли компенсация олишни истаса, у иш берувчига тегишли ариза билан мурожаат қилишга ҳақли. Қарор қабул қилиш иш берувчининг ихтиёри.

Иш берувчи огоҳлантириш муддатини бир йўла пулли компенсацияга алмаштиришга ҳақли ва у ҳолда ходим 2 ой учун ўртача ойлик иш ҳақини олади. Ёки иш берувчи бу қарорни кейин, огоҳлантириш муддати давомида қабул қилиши мумкин. У ҳолда у ходимга огоҳлантириш муддати тугашига қадар қолган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқарилган унинг ўртача иш ҳақи миқдорида компенсация тўлаши керак бўлади.

Мисол
Пулли компенсацияни ҳисоблаш

Ходим огоҳлантириш муддатини алмаштириш ҳақидаги илтимос билан иш берувчига огоҳлантирилган кундан эътиборан бир ойдан кейин мурожаат қилди. Иш берувчи бунга қарши эмас.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга унинг бир ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида компенсация тўланади.

Ходимга огоҳлантириш муддати ўрнига пулли компенсация тўлаш иш берувчини ходимга қонунчиликда, локал ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бошқа тўловларни амалга ошириш мажбуриятидан озод этмайди.

Эътибор беринг
Умумий қоидага кўра ходимни огоҳлантириш муддатига ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврлари, шунингдек унинг давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарган вақти киритилмайди. Аммо меҳнат шартномаси МК 161-моддаси 2 қисмининг 1 бандига  кўра бекор қилинганда истисно амал қилади – кўрсатилган даврлар огоҳлантириш муддатига киритилади.

Огоҳлантириш муддати ичида ходим бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида бир кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқига эга, . Ҳафтадаги ишдан бўш кунларнинг аниқ сони жамоа келишуви, жамоа шартномаси, ташкилотнинг локал ҳужжатида ёхуд ходим ва иш берувчи ўртасидаги бевосита келишувга кўра белгиланади. Иш қидириш учун ҳафта давомида айнан қайси бўш кунни (кунларни) тақдим этиш ходим ва иш берувчининг ўзаро манфаатлари, ишлаб чиқариш зарурати, ходимларнинг ўзаро ўрин алмашишлари ва бошқа омилларни ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Ходимга тақдим этиладиган аниқ бўш кун бўйича қабул қилинган қарор меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги огоҳлантиришда акс эттирилади.

Агар ходим огоҳлантиришни имзолашни рад этган бўлса

Бундай вазиятда иш берувчида ходимнинг огоҳлантириш билан ҳақиқатда таништирилгани, аммо имзо қўйишни рад этганлигининг ишончли далиллари бўлиши керак,  20.11.2023 йилдаги Олий суд пленумининг 26-сон қарорининг 23 банди. Шунинг учун огоҳлантиришни ходимга камида иккита гувоҳ иштирокида ўқиб эшиттиринг. Ходим огоҳлантириш билан таништирилгани, аммо уни олишни рад этганлиги тўғрисида далолатнома тузинг. Далолатномада тузилган санаси ва вақтини кўрсатинг. Ходимга тузилган далолатнома билан қўл қўйиб танишиб чиқишни таклиф қилинг. Рад этган тақдирда, далолатномада тегишли белгини қўйинг. Далолатномага ходим томонидан олинмаган огоҳлантиришни илова қилинг.

Ходимларнинг вакиллик органи ва маҳаллий меҳнат органини хабардор қилиш 

Иш берувчи касаба уюшмаси қўмитасига ёхуд ходимларнинг бошқа вакиллик органига ходимларнинг эҳтимол тутилган ишдан бўшатилиши тўғрисидаги ахборотни камида 2 ой олдин тақдим этиши ва ишдан бўшатиш оқибатларини юмшатишга қаратилган маслаҳатлашувлар ўтказиши лозим, . Иш берувчи ушбу муддатда ҳар бир ходимнинг келгусида ишдан бўшатилиши тўғрисидаги маълумотларни унинг касби, мутахассислиги, малакасини ва меҳнатига ҳақ тўлаш миқдорини кўрсатган ҳолда маҳаллий меҳнат органи эътиборига ҳам етказиши шарт  .  Бу my.mehnat.uz сайтида маълумотларни «Ягона миллий меҳнат тизими» идоралараро дастурий-аппарат мажмуасига киритиш орқали амалга оширилади.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш шартлари 

Меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2 қисмининг 1 бандига кўра бекор қилишда бунга касаба уюшмаси қўмитасининг розилигини олиш талаб қилинмайди .

Шунингдек МК 161-моддаси 2 қисмининг 1 банди иш берувчининг ташаббусига кўра ишдан бўшатишнинг қуйидаги ҳолларда меҳнат муносабатларини бекор қилишга йўл қўйиладиган ягона асоси ҳисобланади:

  • ходимнинг вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврларида, у таътилларда бўлган даврларда;
  • ходим давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ишдан озод этилган даврда, ;
  • ходим хизмат сафарида бўлган даврда, ;
  • ҳомиладор аёл билан, .

Бундан ташқари, меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2 қисмининг 1 бандига  кўра 3 ёшгача боласи бўлган аёл ёхуд 3 ёшгача бўлган болани ёлғиз тарбиялаётган ота (васий) билан бекор қилишга йўл қўйилади, .

Ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш ва иш қидириш даврида ўртача иш ҳақини сақлаб қолиш 

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга ишдан бўшатиш нафақаси тўланади. Унинг миқдори мазкур иш берувчидаги иш стажига боғлиқ бўлади ва у :

  • 3 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизидан;
  • 3 йилдан 5 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 75 фоизидан;
  • 5 йилдан 10 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 100 фоизидан;
  • 10 йилдан 15 йилгача иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 150 фоизидан;
  • 15 йилдан ортиқ иш стажига эга бўлган ходимлар учун — ўртача ойлик иш ҳақининг 200 фоизидан кам бўлиши мумкин эмас.

Жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида, ички ҳужжатларда, меҳнат шартномасида ходимларга иш берувчининг маблағлари ҳисобидан ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш чоғида қўшимча кафолатлар белгиланиши мумкин, хусусан:

- МКда белгиланларига нисбатан ишдан бўшатиш нафақасининг оширилган миқдорлари;  

- ишдан бўшатиш нафақасининг миқдорига таъсир кўрсатадиган иш стажига ходимларнинг муайян тармоқдаги ёки муайян касбга доир меҳнат фаолияти даврларини киритиш;

- ушбу ташкилотга иш берувчининг таклифи билан ишга кирган ходимларнинг кўрсатилган стажида ходим илгари меҳнат қилган ташкилотда ишлаган вақтни ҳисобга олиш ва ҳоказо, 

Алоҳида ходимлар тоифаси учун ишдан бўшатиш нафақасини тўлашнинг ўзга тартиби белгилаган:

  • мавсумий ходимлар. Уларга ишдан бўшатиш нафақаси ўртача ойлик иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида тўланади, ;
  • микрофирмаларнинг ходимлари. Уларга ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш ҳоллари ва миқдорлари меҳнат шартномасида белгиланади. Агар меҳнат шартномасида бу белгиланмаган бўлса,  назарда тутилган умумий кафолатлар татбиқ этилади, ;
  • якка тартибдаги тадбиркорнинг ходимлари. Уларга ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш ҳоллари ва миқдорлари меҳнат шартномасида белгиланади;
  • уй ишчилари. Ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш ҳоллари ва миқдорлари меҳнат шартномасида белгиланади. Агар меҳнат шартномасида бу белгиланмаган бўлса,  назарда тутилган умумий кафолатлар татбиқ этилади, .

Иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақининг ишдан бўшатиш нафақаси ҳисобга олинган ҳолда, бироқ кўпи билан икки ойга сақланиб қолиши ходимлар учун кафолатланади,  . Яъни меҳнат шартномасининг бекор қилинганлик факти учун иш ҳақига кафолатли тўлов сифатидаги ишдан бўшатиш нафақаси бир вақтнинг ўзида собиқ ходим учун биринчи иш қидириш ойи давомида, ҳам моддий ёрдам бўлиб ҳисобланади. Иккинчи ой учун ўртача иш ҳақини олиш ҳуқуқи эса меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин 2 ой ўтгач, агар шахс ишга жойлашмаган бўлса, вужудга келади.

Агар собиқ ходим меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин 30 календарь кун ичида маҳаллий меҳнат органида иш қидираётган шахс сифатида рўйхатдан ўтган бўлса, у учинчи ой учун ҳам аввалги иш жойидан ўртача ойлик иш ҳақини олиш ҳуқуқига эга бўлади. Асосийси – собиқ иш берувчига ишга жойлашмаганлигини тасдиқлаш ва маҳаллий меҳнат органи томонидан берилган маълумотномани тақдим этиш.   

Тугатилаётган ташкилотда маблағлар мавжуд бўлмаган тақдирда, ходимларга тўловларни тўлаш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасининг маблағлари ҳисобидан амалга оширилади, .

Ишдан бўшатиш нафақасининг иш қидириш даври учун тўланадиган тўловлардан нима билан фарқ қилиши, ушбу тўловларнинг муддатлари ва амалга оширилиш шартлари ҳақида батафсил Ишдан бўшатиш нафақаси ва иш қидириш даврида ўртача иш ҳақи: нима ва қачон тўлаш керак мақоласида ўқинг.

Меҳнат шартномасини бекор қилишни расмийлаштириш 

Меҳнат шартномасини МК 161-моддаси 2 қисмининг  1 бандига кўра бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг. Меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни қандай тўғри тузиш ҳақида бу ерда ўқинг «Меҳнат шартномасини бекор қилиш қандай расмийлаштирилади».

Иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган куни:

- ходимга меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқнинг кўчирма нусхасини беради;

- ходимга унинг меҳнат дафтарчасини ёхуд электрон меҳнат дафтарчасидан кўчирмани беради;

- ходим билан ҳисоб-китоб қилади.

Иш берувчининг ушбу ҳаракатлари ҳақида батафсил бу ерда ўқинг «Меҳнат шартномасини бекор қилиш қандай расмийлаштирилади».

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг