Ходим масофадан туриб ишловчи ҳисобланадими, йўқми, қандай аниқлаш керак
Масофадан туриб ишлаш иш вақтининг бир қисми – стационар иш жойида, бир қисми эса – масофадан туриб бажариладиган аралаш режимни назарда тутиши мумкин. Офисда ва масофадан туриб ишлаш даврлари, шунингдек уларни навбатлаш тартиби, меҳнат шартномасида белгиланади. Бунда ходимни масофадан туриб ишловчи деб эътироф этиш учун, масофавий ишнинг улуши ходимнинг иш вақтининг камида 50 фоизини ташкил этиши муҳимдир
.
Шу билан бир вақтда, МКда ҳам, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам ушбу фоиз иш вақтининг қандай бирлиги (кун, ҳафта, ой ёки бошқа давр) учун белгиланиши кераклиги аниқ кўрсатилмаган. Амалиётда бу қуйидаги ҳолларда қийинчилик туғдиради:
- ойлар бўйича иш вақтининг турли нормаларида;
- байрам ва ишланмайдиган кунлар бўлганида;
- аралаш иш режимида (қисман масофадан, қисман офисда).
Бу нима учун муҳим? Масофавий иш – бу меҳнат муносабатларининг алоҳида шакли. У, тарафларнинг барча меҳнат ҳуқуқлари ва мажбуриятлари сақланиб қолган ҳолда, ахборот-телекоммуникация тармоқларидан, шу жумладан Интернетдан фойдаланган ҳолда, иш берувчи жойлашган ердан ёки унинг стационар иш жойидан ташқарида меҳнат вазифасини бажаришдан иборат. Бунда қонун масофадан туриб ишловчи ходимлар учун иш вақти режими, тарафларнинг ўзаро ҳамкорлиги, меҳнатга ҳақ тўлаш ва меҳнатни муҳофаза қилишнинг одатдаги офис ишидан фарқ қиладиган хусусиятларини назарда тутади.
Шу боис масофавий ишнинг улушини тўғри ҳисоблаш (қандай соатларни ва қандай давр учун ҳисобга олиш) МК 456-моддасини тўғри қўллаш учун амалий аҳамиятга эга ва ходимнинг ҳуқуқларига ҳамда иш берувчининг мажбуриятларига риоя этилишини таъминлайди.
Бундай ҳисоб-китобнинг қонун билан тасдиқланган тартиби бўлмаганлиги сабабли, биз тавсиявий хусусиятга эга бўлган ва ҳуқуқни қўллашнинг бошқа йўл қўйиладиган усулларини истисно қилмайдиган қуйидаги ёндашувни таклиф этамиз.
1. Масофавий ишнинг улушини иш вақтини ҳисобга олиш давридан келиб чиққан ҳолда аниқлаш
- Жамлаб ҳисобга олишда – ходим учун белгиланган ҳисобга олиш даври (ой, чорак, ярим йиллик ва ҳоказо) доирасида.
- Ҳисобга олишнинг бошқа турларида (кунлик, ҳафталик) – календарь ой доирасида.
Иш вақти ҳисобини юритиш тартиби ҳақида батафсил тавсияномада ўқинг.
2. Масофавий иш фоизини соатлар бўйича ҳисоблаш
- Байрам ва дам олиш кунларини ҳисобга олган ҳолда белгиланган, тегишли ҳисобга олиш даври учун иш вақти нормасини асос қилиб олиш.
- Лекин бунда ҳисоб-китобга фақат масофадан туриб ва офисда ҳақиқатда ишланган иш соатларини киритиш.
3. Байрам ва ишланмайдиган кунларни ҳисоб-китобга киритмаслик
- Бундай кунлар иш вақтига кирмайди ва масофавий кунлар сифатида ҳам, офис кунлари сифатида ҳам ҳисобланмайди, фақатгина давр учун умумий иш вақти нормасини камайтиради.
4. Ходимнинг улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлганда уни масофадан туриб ишловчи деб эътироф этиш
- Агар ҳисобга олиш даври якунлари бўйича иш вақтининг камида 50 фоизи масофавий ишга тўғри келса, ходим МК 456-моддасига мувофиқ масофадан туриб ишловчи деб эътироф этилади.
- Айрим ойларда иш вақти нормасининг календарь ўзгаришлари иш барқарор масофавий хусусиятга эга бўлганда мақомга таъсир кўрсатмайди.
5. Ҳисоб-китоб тартибини ҳужжатлар билан мустаҳкамлаш
Меҳнат шартномасида ёки локал ҳужжатларда қуйидагиларни тўғридан-тўғри кўрсатиш тавсия этилади:
- қўлланиладиган ҳисоб даврини;
- масофавий иш улушини соатларда ҳисоблаш усулини;
- ходимни масофадан туриб ишловчи деб эътироф этиш қоидасини.
Таърифга мисол: «Ходимнинг масофадан туриб ишлаш улуши календарь ой якунлари бўйича тегишли ой учун иш вақти нормасидан келиб чиққан ҳолда аниқланади. Агар иш вақтининг камида 50 фоизи масофадан туриб ишлашга тўғри келса, Ходим Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 456-моддасига мувофиқ масофадан туриб ишловчи деб эътироф этилади».
6. Ҳақиқий иш режимини қайд этиш
- Иш вақтини ҳисобга олиш табелини масофавий ва масофавий бўлмаган соатларга бўлган ҳолда юритиш.
- Аралаш иш режимини жадвалда, буйруқда ёки меҳнат шартномасига иловада мустаҳкамлаш.
Баён этилганларни аниқ мисолларда кўриб чиқамиз
1 мисол. Иш вақтининг ҳафталик ҳисоби
Шартлар:
- Ходим 5 кунлик иш ҳафтаси бўйича ишлайди.
- Иш кунининг давомийлиги – 8 соат.
- Иш режими:
- душанба, сешанба – офисда ишлаш;
- чоршанба, пайшанба, жума – масофавий иш.
Ҳисоб-китоб (22 иш кунидан иборат шартли ой):
- Иш вақтининг нормаси:
22 × 8 = 176 соат. - Масофавий иш:
Ҳафтадаги 5 иш кунининг 3 куни ≈ ойига 13 кун. - 13 × 8 = 104 соат.
- Масофавий ишнинг улуши:
104 / 176 × 100 ⃰ = 59 %.
⃰ 100 сонидан олинган улушни фоизга айлантириш учун фойдаланилади.
Вазият бўйича хулоса:
Бир ойдаги иш вақтининг 50 фоиздан ортиғи масофадан туриб ишлашга тўғри келиши сабабли, ходим МК 456-моддасига мувофиқ масофадан туриб ишлайдиган ходим бўлиб ҳисобланади.
Бошқа ойда байрам кунларининг мавжудлиги (масалан, меъёрни 168 ёки 160 соатгача камайтириш) ҳисоб-китобга ёндашувни ўзгартирмайди: фоиз тегишли ойдаги иш вақтининг ҳақиқий нормасидан аниқланади.
2 мисол. Иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш
Шартлар:
- 5 кунлик иш ҳафтаси;
- иш кунининг давомийлиги – 8 соат;
- иш вақтини жамлаб ҳисобга олиш қўлланилади;
- ҳисоб даври – чорак;
- иш режими аралаш ва ойлар бўйича ўзгариб туради:
чоракнинг 1-ойи – асосан офисда ишлаш;
2 ва 3-ойлари – асосан масофадан туриб ишлаш.
Чорак учун иш вақтининг нормаси (шартли равишда):
- 1-ой – 168 соат;
- 2-ой – 176 соат;
- 3-ой – 160 соат;
- Чорак учун жами:
168 + 176 + 160 = 504 соат.
Масофадан туриб ҳақиқатда ишланган:
- 1-ой – 60 соат;
- 2-ой – 120 соат;
- 3-ой – 100 соат;
- Чорак учун жами масофадан туриб:
60 + 120 + 100 = 280 соат.
Масофавий ишнинг улушини ҳисоблаш:
280 / 504 × 100 ≈ 55, 6 %
Хулоса:
Алоҳида ойда масофавий ишнинг улуши 50 фоиздан кам бўлганлигига қарамай, ҳисоб даври (чорак) якунларига кўра иш вақтининг 50 фоиздан ортиғи масофавий ишга тўғри келади. Демак, ходим МК 456-моддасига мувофиқ масофадан туриб ишловчи ҳисобланади.
Телеграм канали