Чет элликни ишга қандай расмийлаштириш керак

01.02.2025
author avatar

Шерзод НОРМАТОВ

Давлат меҳнат инспекциясининг Меҳнат ҳуқуқи бўлими етакчи мутахассиси

Тавсияномада:

– чет элликни қабул қилишнинг умумий қоидалари;

– чет элликни ишга қабул қилиш тартиб-таомили;

– тасдиқнома олиш;

– чет эллик фуқароларни ишга жойлаштиришдаги имтиёзлар;

– чет элликни қабул қилиш қоидаларини бузганлик учун иш берувчининг жавобгарлиги.

Чет эллик фуқароларнинг мамлакатимизда бўлишлари қонуний бўлиши лозим, шунинг учун уларни ишга жойлаштиришни қатъий қонун доирасида расмийлаштиринг.

Чет эллик фуқарони қабул қилиш учун қандай умумий қоидалар белгиланган

Чет эллик фуқароларни ишга қабул қилишни:

  • Меҳнат кодекси;
  • 20.10.2020 йилдаги ЎРҚ-642-сон «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун;
  • Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг малакали мутахассислари томонидан меҳнат фаолиятини амалга ошириши учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 07.11.2018 йилдаги ПҚ-4008-сон қарори;
  • Вазирлар Маҳкамасининг «Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона низомни тасдиқлаш тўғрисида» 22.02.2022 йилдаги 86-сон қарори тартибга солади.

Хорижий ишчи кучини қуйидагилар жалб қилиши мумкин:

  • республика ҳудудида фаолият юритаётган юридик шахслар;
  • Ўзбекистон фуқаролари;
  • якка тартибдаги тадбиркорлар;
  • республика ҳудудида доимий яшайдиган чет эллик жисмоний шахслар, шу жумладан уларнинг қонуний вакиллари.

Чет эллик фуқарони фақат Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома мавжуд бўлган тақдирда ишга қабул қилиш мумкин. Тасдиқномани Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги (кейинги ўринларда – Агентлик) беради.

2021 йил 1 январдан хорижий ишчи кучларини жалб қилишга рухсатнома олиш талаби бекор қилинди. Иш берувчи чет эллик фуқарони ишга қабул қилиш учун унга Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиши кифоя.

Эътибор беринг
Ўзбекистонда яшаш гувоҳномасини олган чет эллик фуқароларни ишга жойлаштириш учун тасдиқнома олиш керак эмас. Улар билан меҳнат муносабатларини умумий тартибда расмийлаштиринг.

Иш берувчи бўлган компаниянинг раҳбари чет эллик фуқарони ишга қабул қилиш чоғида:

1) бир ҳафта муддат ичида чет эллик фуқароларни тасдиқноманинг амал қилиш муддати тугашига қадар ишдан бўшатиш ҳоллари ҳақида Агентликни хабардор қилиши ва бундай тасдиқномаларни бекор қилиш учун талабнома бериши;

2) бир ҳафта муддат ичида тақдим этилган маълумотлардаги ҳар қандай ўзгаришлар – ташкилот тўғрисидаги маълумотлар, аризалар, анкеталар, паспорт маълумотлари ва бошқалар ҳақида, барча асос ҳисобланувчи ҳужжатларнинг нусхаларини илова қилган ҳолда, Агентликни хабардор қилиши;

3) тасдиқнома муддати тугаганидан кейин чет эллик ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилиши;

4) бир ҳафталик муддатда ваколатли органга чет эллик фуқарони ишдан бўшатиш ёки ташкилот фаолиятини тугатиш тўғрисида хабар бериши;

5) чет эллик фуқарони унинг номига бошқа иш берувчига берилган тасдиқнома асосида ишга қабул қилмаслиги шарт.

Чет эллик фуқарони ишга қандай қабул қилиш керак

Чет эллик фуқарони ишга қабул қилиш учун меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олинг ва қабулни умумий қоидаларга кўра расмийлаштиринг:

1. Таништириш тартиб-таомилини ўтказинг.

2. Меҳнат шартномаси шартларини келишинг ва меҳнат шартномасини тузинг.

3. Ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг.

4. Чет эллик ходимни ЯММТда рўйхатдан ўтказинг.

Чет эллик фуқарони ишга қабул қилиш чоғида ундан қуйидагиларни сўраб олинг:

  • паспорт;
  • меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқнома;
  • кириш визасининг нусхаси, агар фуқароси ишга қабул қилинаётган давлат билан виза режими ўрнатилган бўлса;
  • таълим тўғрисидаги ҳужжатлар;
  • ЖШШИР;
  • Юқори малакали/малакали мутахассис тоифасини тасдиқловчи ҳужжатлар;

Тасдиқнома расмийлаштирилгандан кейин чет эллик мутахассис ЖШШИР олиши керак – у миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида ёки давлат хизматлари марказида (ДХМ) берилади.

Вазият
Чет эллик фуқаро Ўзбекистонда директор бўлиб қандай ишлаши мумкин
Чет элликни МЧЖ раҳбари лавозимига масофадан туриб ишлашга қабул қилмоқчимиз. Раҳбарни масофавий ишга қабул қилиш учун тўғридан-тўғри чеклашларни топмадим. Аммо бунинг нотўғрилигини мантиқан тушунаман. Меҳнат кодексида раҳбарни масофавий ишга қабул қилиш бўйича чеклашлар йўқ. Масъулияти чекланган ва қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисидаги Қонуннинг 6-моддасининг 6-қисмида бошқарув органларига ҳавола бор. Аммо 39-модданинг 4-қисмида раҳбарнинг меҳнат шартларини белгилаш мумкин бўлган меҳнат шартномасига ҳавола мавжуд.
Чет эллик мутахассисни меҳнат фаолиятини масофадан туриб ёки аралаш режимда амалга оширадиган ташкилот раҳбари лавозимига қабул қилишда чеклашлар ёки тақиқлар белгиланганми? Бундай иш режимларида чет эллик фуқаро Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиши керакми?
– Амалдаги қонунчиликда корхоналар, ташкилотларнинг раҳбарлари учун меҳнат фаолиятини бевосита у жойлашган жойда амалга ошириш талаби йўқ, шу билан бирга улар учун меҳнат фаолиятини масофадан туриб ёки аралаш режимда амалга оширишга тақиқ ҳам йўқ.
Раҳбарнинг фаолиятини тартибга солиш уни ишга қабул қилиш тўғрисида қарор қабул қилган иш берувчига (таъсисчига ва ҳоказо) тақдим этилади. Айнан иш берувчи барча «яхши» ва «ёмон» томонларини ўйлаб кўриб, чет эллик раҳбарнинг фаолиятини амалга оширишининг хусусияти ҳақида якуний қарор қабул қилиши керак.
Вариантлар ҳар хил бўлиши мумкин.
1. Чет эллик ходим меҳнат фаолиятини корхонанинг (ташкилотнинг) жойлашган жойида амалга ошириши шарти билан раҳбар лавозимига қабул қилинади.
Бундай ходим учун Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи Тасдиқномани (кейинги ўринларда – Тасдиқнома) олиш лозим.
Тасдиқномани олиш тартиби Махсус электрон тизим орқали рухсат этиш хусусиятига эга айрим ҳужжатларни бериш тартиб-таомиллари тўғрисидаги ягона Низомда, хусусан 20-иловада баён этилган.Алоҳида шахсларга Тасдиқнома олиш керак эмас – 20-илованинг 12-бандини қаранг.
Меҳнат шартномаси Тасдиқноманинг амал қилиши муддатига тузилади.
2. Чет эллик ходим меҳнат фаолиятини хорижда туриб масофавий шаклда амалга ошириш шарти билан раҳбар лавозимига қабул қилинади.
Масофадан туриб ишлайдиган чет эллик ходимларга, агар улар меҳнат фаолиятини хорижда туриб масофавий шаклда олиб боришса, Тасдиқнома керак эмас.
Меҳнат шартномаси МК 456, 521-526-моддаларига мувофиқ, масофадан туриб ишлайдиган чет эллик ходим билан бўлгани каби расмийлаштирилади.
Раҳбарнинг корхона жойлашган ерга келиши зарур бўлганда, хизмат сафари расмийлаштирилади.
Масофадан туриб ишлайдиган директорни ишга қабул қилиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқишда, ҳужжатларни имзолаш ва умуман электрон ҳужжат айланиши тартиби қандай бўлишини, ташкилотнинг бошқа мансабдор шахси томонидан имзо ҳуқуқига ишончнома расмийлаштирилиши керак ёки керак эмаслигини ўйлаб кўринг. МК 459-моддасининг 1-қисмида белгиланган масофадан туриб ишловчи ходимларнинг меҳнатини ташкил этишнинг ўзига хос хусусиятларини эътиборга олинг.
3. Чет эллик ходим меҳнат фаолиятини аралаш режимда амалга ошириш билан раҳбар лавозимига қабул қилинади: вақтнинг бир қисми давомида корхона жойлашган жойда ишлайди, бир қисми давомида масофадан туриб ишлайди.
Стационар иш жойида ва масофадан туриб ишлаш муддатлари ҳамда уларнинг навбат билан алмашиниш тартиби меҳнат шартномаси тарафларининг келишувига биноан аниқланади.
Аралаш режимда шунингдек раҳбарнинг масофадан туриб ишлаш хусусиятларини эътиборга олишингиз керак: ҳужжатларни ЭРИ ёрдамида имзолаш, бошқа мансабдор шахслар томонидан имзо ҳуқуқи учун ишончномаларни расмийлаштириш.
Аралаш режимда меҳнат шартномаси Тасдиқноманинг амал қилиш муддатига расмийлаштирилади.
Эътибор беринг

Белгиланган режимдан қатъи назар, чет эллик мутахассис билан меҳнат шартномаси ЯММТга киритилиши керак.

Буни амалга ошириш учун чет эллик шахс давлат хизматлари маркази ёки ИИБ миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими орқали ЖШШИР олиши керак.

Бунинг учун қуйидагилар талаб этилади:

  • паспорт скани;
  • электрон шаклдаги оқ фондаги фотосурат;
  • ишончнома (агар чет эллик шахс учун ЖШШИРни унинг вакили оладиган бўлса).
Чет эллик ишчи кучини жалб қилишда иш берувчи учун қўшимча талаблар белгиланган. Хусусан, у:
  • Тасдиқнома муддати тугашидан кейин чет эл фуқароси билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиши;
  • чет эл фуқароси ишдан бўшатилса ёки ташкилот тугатилган бўлса, Агентликни бир ҳафта муддатда хабардор қилиши шарт.
Хорижий ишчи кучини Ўзбекистон Республикасига жалб қилиш ва ундан фойдаланиш тартибини бузган иш берувчининг мансабдор шахси, МЖтК 49-4-моддасига кўра, БҲМ 10 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима тўлаган ҳолда маъмурий жавобгарликка тортилади. Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин 1 йил давомида такроран содир этилса, БҲМ 25 бараваридан 50 бараваригача жарима солишга сабаб бўлади.
Ситуация
Чет эллик ходимнинг бошқа лавозимга ўтказилишини қандай расмийлаштириш мумкин

Ташкилотга маркетинг тадқиқотлари бўлими мутахассиси лавозимига чет эллик ходим қабул қилинди. Ходимга Ўзбекистонда ишлаш учун тасдиқнома бир йил муддатга берилди. Раҳбарият тасдиқнома муддати тугагунга қадар ходимни бўлим бошлиғи лавозимига кўтаришни режалаштирмоқда.

Агар тасдиқноманинг амал қилиш муддати ҳали тугамаган бўлса, чет эллик шахсни бошқа лавозимга ўтказишни қандай расмийлаштириш мумкин?

Қонунчилик чет эллик ходимни бошқа лавозимга ўтказишнинг алоҳида тартибини белгиламайди. Чет эллик ходимни бошқа ишга ўтказишни умумий қоидаларга мувофиқ расмийлаштиринг.

Агар бошқа ишга ўтказиш ташаббускори ходим бўлса, у уни бошқа лавозимга ўтказиш тўғрисида ариза ёзиши мумкин.

Агар бошқа ишга ўтказиш ташаббускори иш берувчи бўлса, ходимнинг розилигини олиш ва уни ўтказилаётган ишнинг мазмуни ва шартлари билан таништириш лозим.

Бироқ бошқа ишга ўтказишни расмийлаштиришдан олдин, меҳнат фаолияти ҳуқуқига тасдиқномани қайта расмийлаштириш зарур, чунки илгари олинган тасдиқнома муайян лавозимга – бўлим мутахассисига берилган.

Муҳим
Янги лавозим бўйича тасдиқнома муддати ўзгармайди.

Қайта расмийлаштирилган тасдиқномани олганингиздан сўнг, бошқа лавозимга ўтказишни расмийлаштиринг:

  1. Меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузинг.
  2. Бошқа ишга ўтказиш тўғрисида буйруқ чиқаринг ва у билан ходимни имзо қўйдириб таништиринг.
  3. Ўтказишни ЯММТда қайд этинг.
  4. Ходимининг Т-2 шахсий варақасига ўзгартишлар киритинг.
Вазият
Чет эллик ишчини вахтада рўйхатдан ўтказиш

Бизнинг компания чет эллик мутахассисларни жалб қилади. Ўзбекистонга келгач, ходимлар меҳмонхонага вақтинча жойлашадилар ва у ерда мажбурий рўйхатдан ўтадилар. Бироқ меҳмонхонадан чиққандан бир неча кун ўтгач, улар рўйхатдан чиқарилади ва ҳудудларга – навбатчиликка жўнатилади. Ушбу ҳолатда чет эл фуқароларини рўйхатга олиш қандай амалга оширилади?

Бу ерда гап Ўзбекистон Республикасига ишлаш учун келган чет эл фуқароларини вақтинча рўйхатдан ўтказиш ҳақида бормоқда.

Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган чет эл фуқароси мамлакатга кирган пайтдан бошлаб уч иш куни мобайнида амалда бўлган жойи бўйича вақтинчалик рўйхатдан ўтишни расмийлаштириши шарт. Бунда қурилиш ёки ишлаб чиқариш (хизмат кўрсатиш) корхоналарида ишлаш учун келганлар ва ушбу объектларнинг мослаштирилган турар жойларида яшовчилар вақтинча турган жойи бўйича «Манзил» тизими орқали рўйхатга олинади.

Муҳим
Иш берувчи, қабул қилувчи томон сифатида, ўз вақтида рўйхатдан ўтказишни таъминлаши ва маълумотларни ягона электрон ҳисобга олиш тизимига тақдим этиши шарт. Миграция режимини бузиш МЖтКнинг 223-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка олиб келади.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Вахта усулида ишни қандай ташкил этиш ва вахта ишчиларининг саломатлигини баҳолаш ҳақида батафсил маълумотни тавсияномада билиб олинг.
Вазият
Чет эллик ходимларни рўйхатдан ўтказиш ва расмийлаштириш

Тошкентда рўйхатдан ўтган компания Хитой ва Россиядан келган чет эллик мутахассислар билан шартнома тузган. Хорижий давлатлардан келган ишчиларга виза расмийлаштириш ва уларни рўйхатдан ўтказиш керакми?

Россия фуқароси учун виза талаб қилинмайди, чунки Ўзбекистон ва Россия ўртасида визасиз режим амал қилади, Хитой фуқароси учун эса – виза мажбурий. Хитой Ўзбекистон билан визасиз режим ўрнатилган давлатлар рўйхатига кирмайди.

Хитой Халқ Республикаси, шу жумладан Хитой Халқ Республикасининг Гонконг махсус маъмурий ҳудуди фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида виза расмийлаштирмаган ҳолда кўпи билан 7 кун бўлишлари мумкин.

Муҳим
01.12.2024 йилдаги халқаро шартнома қоидаларига мувофиқ, 2025 йил 1 июндан ХХР фуқароларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиш муддати 30 кунгача узайтирилган.

Юридик шахслар томонидан хорижий мутахассисни таклиф этишни расмийлаштириш босқичлари

1. ТИВда рўйхатдан ўтказиш

Виза таъминоти бўйича ёрдам олиш учун, ташкилотни Ташқи ишлар вазирлигида рўйхатдан ўтказишга талабнома бериш учун қуйидагиларни тақдим этиш зарур:

  1. Ташкилот устави.
  2. Юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома.
  3. Ташкилот раҳбарининг имзоси намунаси ва фирма бланкидаги думалоқ муҳр изи.
  4. Ташкилот раҳбарининг паспорти нусхаси.
  5. Раҳбарни лавозимга тайинлаш тўғрисидаги буйруқ нусхаси.
  6. Расмийлаштириш билан шуғулланувчи ташкилот ходимига фирма бланкидаги ишончнома.
  7. Расмийлаштириш билан шуғулланувчи ходимнинг паспорти ва уни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхалари.

Кўриб чиқиш муддати – икки ҳафта.

2. Таклиф қилишни расмийлаштириш

Юридик шахслар томонидан чет элликларни таклиф қилишни расмийлаштиришга талабнома бериш учун, қуйидагилар тақдим этилиши керак:

  1. Фирма бланкида виза талабномаси.
  2. Икки нусхада электрон анкета (eviza.mfa.uz сайтида тўлдирилади).
  3. Ташкилот устави, юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳнома.
  4. Таклиф қилинаётган шахснинг паспорти нусхаси.

– паспорт нусхаси (паспортнинг фақат шахсий маълумотлар ва фотосурат бўлган титул варағи);

– паспортнинг асл нусхаси (паспорт яхши ҳолатда бўлиши керак – йиртилмаган, шикастланмаган) виза қўйиш учун камида битта бўш саҳифа мавжуд бўлганда ва Ўзбекистон ҳудудига кирган пайтдан эътиборан камида уч ойлик амал қилиш муддати билан.

– 3,5 х 4,5 см ўлчамдаги фотосурат – 2 дона.

  1. Паспорт ва ташкилот раҳбари лавозимига тайинлаш тўғрисидаги буйруқ нусхалари.
  2. Расмийлаштириш билан шуғулланувчи ташкилот ходимига фирма бланкида ишончнома; расмийлаштириш билан шуғулланувчи ходимнинг паспорти ва уни ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқ нусхалари.
  3. Ташкилотнинг фирма бланкида мўлжалланнаётган шахс учун кафолат хати.
  4. Авиачипта ёки бронь нусхаси (И.Каримов номидаги «Тошкент» халқаро аэропортига келганда виза расмийлаштиришда).

Талабномани кўриб чиқиш муддати – 5 иш кунигача.

Таклифномани кўриб чиқиш учун йиғим 5 АҚШ долларини ташкил этади.

Кириш визаларини расмийлаштириш ва бериш учун консуллик йиғимлари (давлат божи) тарифлари:

Бир марталик визалар учун:

  • 7 кунгача – 40 АҚШ доллари;
  • 15 кунгача – 50 АҚШ доллари;
  • 30 кунгача – 60 АҚШ доллари;
  • 3 ойгача – 80 АҚШ доллари;
  • 6 ойгача – 120 АҚШ доллари;
  • 1 йилгача – 160 АҚШ доллари.

Кўп марталик визалар учун:

  • 6 ойгача – 150 АҚШ доллари;
  • 1 йилгача – 250 АҚШ доллари.

Бизнес-виза олгандан сўнг ходим, виза неча марталигини танлашига қараб, мамлакатга кириши ва ундан чиқиши мумкин.

3. Миграция ҳисоби

Хитойдан келган ҳам, Россиядан келган ҳам чет эллик ходимлар миграция ҳисобига олиниши керак:

Чет эл фуқаролари мамлакатга кирган кундан эътиборан уч сутка ичида, байрам ва дам олиш кунларини ҳисобга олмаганда, вақтинча турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишлари шарт. Вақтинчалик рўйхатга олиш ҳақиқатда турган жойи бўйича амалга оширилади.

Муҳим

Россия Федерацияси фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ички ишлар бўлими органларида расмийлаштирмаган ҳолда 15 кундан ортиқ бўлмаган муддатда бўлишга ҳақли.

Бошқа хорижий давлатлар фуқаролари Ўзбекистон Республикаси ҳудудига кирган кундан бошлаб 3 сутка мобайнида ички ишлар бўлими органларида ёки E-mehmon тизимида вақтинчалик рўйхатдан ўтишлари керак.

4. Тасдиқнома олиш

Меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун, ЎзРда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқномани ҳам олиш зарур.

Талабномани кўриб чиқиш муддати – 15 иш кунигача. Тасдиқноманинг амал қилиш муддати – 1 йил. Талабнома Ягона давлат хизматлари портали орқали берилганда хизмат нархи БҲМ 0.9 бараварини, тасдиқноманинг қиймати эса – БҲМ 30 бараварини ташкил этади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Чет эллик ходимнинг Ўзбекистонда ишлаш ҳуқуқига доир тасдиқномани қандай олиш ҳақида янада батафсил тавсияномада билиб олинг.
ЎзР ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига доир тасдиқнома олингандан сўнг, агар давлат билан виза режими ўрнатилган бўлса, ходимга ишчи виза олиш учун ҳужжатлар топширилади. Кўриб чиқиш муддати – 10 кунгача. Виза муддати тасдиқноманинг амал қилиш муддати давомида амал қилади, яъни – 1 йил.

Тасдиқномани қандай олиш керак

1 қадам. Ишга тасдиқнома олиш учун Ягона интерактив давлат хизматлари порталида (ЯИДХП) ёки «Лицензия» Ахборот тизимида рўйхатдан ўтинг.

Эътибор беринг

Тасдиқнома олиш учун мурожаат қилишдан олдин чет эллик мутахассис визасининг муддати ўтказиб юборилмаганлигини текширинг. Шунингдек чет элликнинг мамлакатда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимида 3 кундан ортиқ муддат давомида рўйхатдан ўтганлигига ишонч хосил қилинг. Акс ҳолда сиздан ҳужжатларни қабул қилишмайди.

Виза режими ўрнатилган хорижий давлатлар фуқароларини расмийлаштиришда қонунчилик кириш визаларининг қуйидаги турларини қабул қилишга йўл қўяди: «Е» меҳнат визалари, «В-1» ва «В-2» иш визалари, «S-3» хизмат визалари ва ватандошлар учун назарда тутилган бошқа турдаги визалар.

Шахсий кабинетда талабномани расмийлаштиринг. Талабномани кўриб чиқилиши учун БҲМ 1 баравари миқдоридаги божни тўланг.

Эътибор беринг

Тасдиқнома 1 йилдан ошмайдиган муддатга берилиши сабабли, меҳнат шартномасининг амал қилиши ҳам ушбу муддатдан ошмаслиги керак.

Тасдиқномани бериш тўғрисидаги қарорни Агентлик ариза келиб тушгандан кейин 15 иш куни мобайнида қабул қилади.

Агентлик чет эллик мутахассисни ишга жалб қилиш мумкин ёки мумкин эмаслигини текширади ва талабгорга уни жалб этишнинг мақсадга мувофиқ ёки мувофиқ эмаслиги ҳақидаги хулосани юборади.

2 қадам. Ижобий қарор тўғрисида хабарнома олганингиздан кейин 5 иш кунидан кечиктирмай, тасдиқнома берилганлиги учун БҲМ 30 баравари миқдорида йиғимни тўланг.

Йиғим суммаси тушгандан кейин тасдиқнома электрон шаклда талабгорнинг шахсий кабинетига юборилади.

Тасдиқноманинг муддатини узайтириш уни олишдаги тартиб бўйича амалга оширилади.

Чет эллик ходимларнинг алоҳида тоифалари учун давлат божининг пасайтирилган тарифлари белгиланган:

Хорижлик мутахассисларнинг имтиёзлари

 

Хорижлик ходимларнинг тоифалари

Меҳнат фаолияти ҳуқуқини берувчи тасдиқнома

Энг узоқ амал қилиш муддати

йиғим

Талабномани кўриб чиқилиши учун

Тасдиқнома берилганлиги учун

Юқори малакали мутахассислар

3 йил

БҲМ 1 баравари
(қолган хорижлик ходимлар учун бўлгани каби)

БҲМ 1 баравари

Малакали мутахассислар

БҲМ 2 баравари

Ўқитувчилар

БҲМ 1 баравари

Ватандошлар

1 йил

БҲМ 2 баравари

Врачлар

1 йил

БҲМ 5 баравари

Заргарлик саноатига оид касблар ва лавозимлар бўйича

1 йил

БҲМ 5 баравари

Имтиёзли шароит шунингдек республикага БҲМ 8 500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритган чет эл фуқаролари учун белгиланган. Бундай ҳолда хўжалик жамиятларининг акциялари ва улушларини сотиб олиш ёки хорижий корхона ташкил этиш инвестициялар бўлиб ҳисобланади. Чет эл фуқаролари очилган чет эл корхонасининг исталган лавозимида тасдиқномасиз меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга.

Вазият
Иш берувчи ишлаш учун тасдиқнома олганидан кейин чет эллик мутахассис ишни давом эттиришни хоҳламаяпти
Ташкилот чет эллик фуқарога Ўзбекистонда меҳнат қилиш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани расмийлаштирди ва у билан меҳнат шартномасини тузди. Бироқ ходим ишни давом эттиришни хоҳламади.
Агар тасдиқнома олингандан кейин чет эллик ходим ишни давом эттиришни хоҳламаса ва тасдиқноманинг амал қилиш муддати тугашидан олдин ишдан бўшашга қарор қилса, нима қилиш керак?
Меҳнат шартномасини бекор қилинг ва меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқноманинг амал қилишини бекор қилишни расмийлаштиринг.
Тасдиқноманинг амал қилишини бекор қилишни расмийлаштириш учун ЯИДХП шахсий кабинети орқали талабнома беринг. Агентлик талабномани 5 иш куни ичида кўриб чиқади ва ташкилотнинг шахсий кабинетига тасдиқноманинг амал қилишини бекор қилиш тўғрисида электрон шаклда хабарнома юборади.

3 қадам. Меҳнат шартномасини тузинг ва ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг.

Чет эллик билан меҳнат шартномасини тасдиқноманинг амал қилиш муддатига – 1 йилга тузинг. Буйруқда, меҳнат шартномасидан ташқари, тасдиқноманинг рақами ва берилган санасини кўрсатинг.

4 қадам. Меҳнат шартномасини тузишни Ягона миллий меҳнат тизимида (ЯММТ) рўйхатдан ўтказинг.

Вазият
Фуқаролиги бўлмаган шахс билан меҳнат шартномасини тузиш
Ташкилот ходимни қўриқчи лавозимига ишга қабул қилмоқчи.
Ходимнинг фуқаролиги йўқ, лекин яшаш гувоҳномаси бор. Фуқаролиги бўлмаган шахс билан меҳнат шартномасини тузиш мумкинми? Агар мумкин бўлса, қандайдир муддатлари борми?
Ҳа, мумкин.
Фуқаролиги бўлмаган шахс учун Ўзбекистонда яшаш гувоҳномаси – бу Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Меҳнат тўғрисидаги қонунчилик Ўзбекистон ҳудудида иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномаси бўйича ишлаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга татбиқ этилади. Бунда Ўзбекистонда меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи тасдиқномани олиш керак эмас (22.02.2022 йилдаги ВМҚ-86-сон қарорга 20-илованинг 12-банди).
Бироқ агар лавозимга тайинлаш ёки фаолият тури Ўзбекистон фуқаролигига мансублик билан боғлиқ бўлса, сиз фуқаролиги бўлмаган шахсни ишга қабул қилолмайсиз.
Масалан, фуқаролиги бўлмаган шахсни ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига ёки сайланадиган лавозимлар ва бошқаларга қабул қилиш мумкин эмас.
Фуқаролиги бўлмаган шахс билан меҳнат шартномасини тузишда шартнома реквизитларида унинг яшаш гувоҳномасининг маълумотларини ҳам кўрсатинг. Меҳнат шартномасининг муддати яшаш гувоҳномасининг муддатидан ошиши мумкин эмас.
Бунда муддатли меҳнат шартномасининг энг узоқ муддати – 5 йил. Ишга қабул қилиш чоғида фуқаролиги бўлмаган шахслар, МК 124-моддаси қоидаларига кўра, ҳарбий-ҳисоб ҳужжатларини тақдим этмайди, чунки улар маъносидан келиб чиққан ҳолда, ҳарбий рўйхатга олинмайди.
Бундай меҳнат шартномаларини ЯММТда рўйхатдан ўтказиш учун алоҳида функционал ойна назарда тутилган.

Иш берувчи чет эллик фуқароларга қандай имтиёзларни тақдим этади

Имтиёзларни фақат юқори малакали ва малакали мутахассислар, ватандошларга тақдим этинг (22.02.2022 йилдаги ВМҚ-86-сон қарорга 20-илованинг 7-банди). Бундан ташқари, имтиёзлар Президент мактаблари ва олий ўқув юртларида ишлаш учун жалб этилаётган ўқитувчилар ва мутахассислар (кейинги ўринларда – ўқитувчилар) учун берилади. Бунда ушбу ходимлар, тасдиқнома олмаган ҳолда, ўриндошлик асосида ишлашлари мумкин.

Юқори малакали мутахассис ёки малакали мутахассис билан меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда у 30 иш куни ичида бошқа иш берувчини излашга ҳақлидир.

Чет элликни қабул қилиш қоидаларини бузганлик учун қандай жавобгарлик назарда тутилган

Агар иш берувчи чет эллик фуқароларни ишга қабул қилиш қоидаларини бузса, ташкилотнинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий ёки жиноий жазо қўлланилиши мумкин.

Маъмурий жазо қўлланилганда, мансабдор шахсга биринчи марта содир этилган ҳуқуқбузарлик учун БҲМ 10 бараваридан 25 бараваригача миқдорда жарима солинади, ҳуқуқбузарлик жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, мансабдор шахс БҲМ 25 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жаримага тортилади, МЖтК 49-4-моддаси.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг