Пригодится каждому кадровику в сентябре:
Электрон меҳнат дафтарчасига маълумоти ҳақида ахборот киритиш
my.mehnat.uz сайтидаги электрон меҳнат дафтарчасига маълумоти ҳақидаги ахборотни ким ва қандай киритади?
kadrovik.uz илтимосига кўра ушбу саволга «ЯММТ» ИДАК дирекцияси бўлим бошлиғи Зарнигор АБДУРАҲМОНОВА жавоб берди:
– «Электрон меҳнат дафтарчаларида олий маълумоти ҳақидаги ахборот, илмий даражаси ҳақидаги ҳужжатлар, шунингдек хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумоти ёки илмий даражаси ҳақидаги ҳужжатни тан олиш тўғрисидаги гувоҳномалар акс эттирилади. Бу Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси, Олий аттестация комиссияси ва олий таълим муассасалари билан биргаликда шакллантирилган Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг маълумотлар базаси асосида автоматик равишда амалга оширилади.
Муайян сабабларга кўра ходимнинг меҳнат дафтарчасида олий маълумоти ҳақида ёзув қайд этилмаган бўлса, ушбу ахборотни қуйидагилар кирита оладилар:
- иш берувчи my.mehnat.uz сайтидаги шахсий кабинети орқали;
- ходимнинг ўзи my.mehnat.uz сайтидаги жисмоний шахснинг шахсий кабинети орқали.
Шу ўринда қайд этиб ўтмоқчиман: иш берувчи ходимнинг маълумоти ҳақидаги ахборотни киритишга мажбур эмас, бироқ буни ўз ташаббусига кўра ёки ходимнинг илтимосига биноан қилиши мумкин.
Маълумоти ҳақидаги ахборот дипломга асосланиб киритилади.
Иш берувчи ходимнинг маълумоти ҳақидаги ахборотни киритиш учун қуйидагиларни амалга ошириши лозим:
- Иш берувчининг шахсий кабинетига кириши.
- Ходимнинг фамилияси орқали саҳифага ўтиши.
- «Маълумоти» иловасини танлаши.
- «Маълумотини қўшиш» тугмачасини босиши.
- Экранда очилган жадвални тўлдириб, «Сақлаш» тугмачасини босиши.
Жисмоний шахс ўз маълумоти ҳақидаги ахборотни киритиш учун қуйидагиларни амалга ошириши лозим:
- Жисмоний шахснинг шахсий кабинетига кириши.
- «Маълумоти» иловасини танлаши.
- «Маълумотини қўшиш» тугмачасини босиши.
- Экранда очилган жадвални тўлдириб, «Сақлаш» тугмачасини босиши.
Жадвални тўлдираётганда барча маълумотларни дипломдан кўчириб ёзинг.
Сўнгги йилларда берилаётган дипломларда ўқишни бошлаш ва якунлаш санаси кўрсатилмаётгани боис уларни киритиш билан боғлиқ муаммолар юзага келиши мумкин. Ушбу қисмни қайси йилларда ўқиганини эслаб тўлдириш мумкин.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади