Нима учун фойдаланилмаган таътилларни «тўплаш» мумкин эмас

preview

Кўпинча иш берувчилар ходимларга меҳнат таътилини ўз вақтида тақдим қилишмайди.  Ходимлар эса кўпинча фойдаланилмаган меҳнат таътиллари учун компенсация сифатида меҳнат шартномаси бекор қилинган тақдирда муносиб суммани тўплаш учун улардан фойдаланишни хоҳламайдилар. Иш берувчи учун қандай хавф мавжуд?

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

Бу фойдасиз, иш берувчи икки ҳисса тўлайди

Афсуски, ҳақиқатан ҳам бу амалиёт кенг тарқалган. Ходимлар дам олиш ҳисобидан даромадни танлайдилар. Иш берувчилар эса буни рағбатлантирадилар: иш жараёни тўхтатилмайди, ўрнига бошқа ходим излашнинг, қўшимча иш учун кимгадир қўшимча ҳақ тўлаш ва ҳоказоларга ҳожат йўқ. Бунда  улар ходим ишдан бўшатилганда фойдаланилмаган барча меҳнат таътиллари учун компенсация тўлайдилар . Кўпинча бундай компенсациялар кўп йиллар давомида катта миқдоргача ўсади.

Аниқлик учун бир мисол келтирайлик.

Ишдан бўшатиш вақтида ходимда 5 йил ва 8 ой давомида фойдаланилмаган таътиллар «тўпланган»  эди. Меҳнат шартномасига мувофиқ йиллик таътил 24 иш кунини ташкил этади.  68 ой учун иш берувчи ходимга ишдан бўшатиш санасига ўртача ойлик иш ҳақидан келиб чиқиб 136 иш кун (4.5 ой) учун пул тўлайди.

Ходим ушбу давр учун иш ҳақини олган, энди эса у компенсация ҳам  олади. 136 иш куни икки марта тўланади. Натижада бу иш берувчига фойдалими?

Агар таътиллар ўз вақтида тақдим этилганда эди, ходим таътилда бўлган вақтида «таътил пули» олар эди, бу давр учун унга иш ҳақи ҳисобланмасди. Тегишинча, ишдан бўшаётганда бу давр учун икки ҳисса тўлов ҳам бўлмасди.

 

Агар таътил ўз вақтида тақдим этилса, компенсация пайдо бўлиши мумкинми? Ҳа,мумкин, агар ходим жорий иш даврида бутун таътилдан фойдаланишга улгурмаган бўлса. Меҳнат кодексининг 151-моддасида айнан шу нарса назарда тутилган. Буни йиллар давомида таътил бермаслик учун қонуний имконият сифатида тушуниш нотўғри.

Шунингдек, ходимларга иш даврида, уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг белгиланган энг оз муддатидан (ўн беш иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланиши мумкин . Агар, масалан, ходимда 24 иш куни таътил бўлса, у 15 кун дам олиши керак ва ҳар йили 9 кун учун пуллик компенсация сўраши мумкин.

Қоида тариқасида, бундай компенсация ходимнинг илтимосига биноан иш йили давомида бир вақтнинг ўзида ёки таътилнинг асосий қисмидан фойдалангандан кейин тўланади.

Бу ҳолда ходим ўзининг йиллик иш таътилидан тўлиқ фойдаланган деб ҳисобланади. Бу ҳақда батафсил бу ерда ёзганмиз:

 

Бунинг учун жазолашлари мумкин

Агар ташкилотни текшириш пайтида меҳнат таътилини бермаслик, таътил жадвалини бажармаслик ёки унинг корхонада йўқлиги ҳолатлари аниқланса, иш берувчининг мансабдор шахслари Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 49-моддасига биноан жаримага тортилиши мумкин:

  • биринчи марта – БҲМнинг 5 -10 баравари;
  • маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида такрорий қоидабузарлик учун – БҲМнинг 10-15 баравари.

Валерия ЛЯНДРЕС

«Норма» эксперти