Қачон ходимнинг розилиги бўлган тақдирда ҳам таътилдан чақириб олишга йўл қўйилмайди

preview
Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

Чақириб олиш – ҳар йиллик ҳақ тўланадиган меҳнат таътилида  бўлган ходим зарур бўлган вазиятда зудлик билан чақириб олинадиган жуда кенг тарқалган йўл. Меҳнат кодексига кўра, ходим таътилдан фақат унинг розилиги билан чақириб олиниши мумкин. Аммо, ҳатто таътилдаги ходимнинг розилигига эга бўлиб туриб  иш берувчи ҳар доим ҳам ушбу кадрлар тартиб-таомилини қўллай олмайди. Бундан ташқари, таътил пайтида умуман "тегиб бўлмайдиган" ходимлар тоифалари мавжуд.

Меҳнат ҳуқуқи нормаларини "Норма" эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

 

– "Яна бир бор эслатамиз: ходимнинг розилигисиз таътилдан чақириб олиш – бу меҳнат қонунчилигининг бузилишидир . Айбдор мансабдор шахс жавобгарликка тортилиши мумкин.

Вазият
Розилик бўлмаганда ходимни таътилдан чақириб олиш
Ходим меҳнат таътилида. Кадрлар бўлими бошлиғи унга қўнғироқ қилиб, директор ишга муддатидан олдин чиқишни талаб қилаётганини маълум қилди. Ходим рад қила оладими?

– Ходим рад этишга ҳақли. Иш берувчи аввало унинг розилигини олиши, кейин уни таътилдан буйруқ билан чақириб олиши керак.

Агар ходим таътилдан муддатидан олдин чиқишни рад этса, бу меҳнат интизомини бузиш деб қаралмайди. Ходим бу вазиятда иш берувчига бўйсунмасликка тўла ҳақли. Мана тасдиқ:

  • ходимнинг қонунчилик ва меҳнат тўғрисидаги бошқа норматив ҳужжатларга мувофиқ фақат ходимнинг розилиги билан ҳал қилиниши мумкин бўлган масала бўйича иш берувчининг фармойишини бажаришдан бош тортиши меҳнат мажбуриятларининг бузилишини англатмайди ва интизомий жазо қўллаш учун асос бўлиб хизмат қилмайди. Шу жумладан – ходимнинг иш берувчининг таътилдан чақириб олиш ёки таътилни бошқа муддатга кўчириш талабини бажаришдан бош тортиши .

Ўз навбатида, таътилдаги ходимнинг ўзи ҳам унга тақдим этилган дам олишни тўхтатишга ва иш берувчидан уни чақириб олишни талаб қилишга ҳақли эмас.

 

Қандай ҳолларда ходимнинг розилиги билан ҳам чақириб олишга йўл қўйилмайди

1. Ўн саккиз ёшга тўлмаган ходимларни, ҳомиладор аёлларни ва меҳнат шароитлари ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимларни ҳар йилги меҳнат таътилидан чақириб олишга йўл қўйилмайди . Ушбу вазиятда уларнинг чақириб олишга розилиги ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Ҳатто бу ҳақда уларнинг ўзи сўраётган бўлса ҳам, чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Маълумот учун. 11.03.1997-й. 133-сонли ВМҚга 8-иловада меҳнат шароити ўта зарарли ва ўта оғир ишларда банд бўлган ходимларнинг рўйхати келтирилган.

 

2. Агар таътилни қисмларга бўлиш ва уни чақириб олиш муносабати билан бошқа муддатга кўчириш талабларини бажариш имконсиз бўлса, чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Чақириб олиш муносабати билан таътилнинг фойдаланилмаган қисмини ходимга мазкур иш йили давомида бошқа вақтда тақдим қилинг ёки кейинги иш йили учун таътилга қўшинг. Бунда  таътилни қисмларга бўлиш  қоидасига риоя қилиш керак. Айнан – таътил қисмларга бўлинганда ушбу таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак .

Агар чақириб олиш муносабати билан таътил кейинги иш йилига кўчирилса, ходим жорий иш йилида таътилнинг 14 календарь куни учун барибир "дам олиши" керак. Қолган қисмни кўчириш мумкин.

Тегишинча, агар чақириб олингандан кейин таътилнинг ушбу бўлинмас қисмини 14 кун ичида тақдим этишнинг иложи бўлмаса, чақириб олишга йўл қўйилмайди.

Мисол
Бўлиш қоидасини ҳисобга олган ҳолда таътилдан чақириб олиш
1. Ходимда – 21 календарь кундан иборат меҳнат таътили мавжуд. Бир ҳафта ўтгач (7 календарь кун), унинг розилиги билан ишлаб чиқариш зарурати туфайли таътилдан чақириб олишни расмийлаштиришди. Таътилнинг 14 календарь куни қолди, кейинчалик у таътилдан фойдаланишда  давом этди. Ходимни энди таътилдан ҳатто унинг розилиги билан ҳам чақириб олиш мумкин эмас. Унда таътилнинг фақат бўлинмайдиган қисми қолди – 14 календарь кун.

2. Ходимга 25 календарь кунлик таътил расмийлаштирилди, шу жумладан 2 июнгача. Аммо 10 июнь куни ушбу таътил берилган иш йили тугайди.

Бундай ҳолда чақириб олиш ноқонуний бўлади, чунки ходим иш йили тугашидан олдин таътилнинг мажбурий 14 календарь кунидан фойдаланишга улгурмайди.

3. Жорий иш йилида тақдим қилиниши керак бўлган меҳнат таътилининг  кейинги йилга кўчирилмайдиган айрим турлари мавжуд. Агар иш йилининг охиригача ходимга бундай таътилни беришнинг иложи бўлмаса, чақириб олишга йўл қўйилмайди.  Бу:

  •  ўн саккиз ёшгача бўлган ва ногиронлиги бўлган ходимларга тақдим қилинадиган ҳар йилги асосий узайтирилган таътил ;
  • ноқулай меҳнат шароитларида банд бўлган ходимларга бериладиган йиллик қўшимча таътил (уларнинг давомийлиги,  бериш шартлари ва тартиби иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускунанинг жароҳат етказиш хавфи юзасидан аттестация асосида белгиланади) ;
  • меҳнат шароитлари оғир ва ноқулай бўлган жойларда ишлаганлик учун йиллик қўшимча таътил .
Мисол
Кўчириб бўлмайдиган таътил
Ходим ҳар йиллик меҳнат таътилига эга, у асосий (21 календарь кун) ва иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускунанинг жароҳат етказиш хавфи юзасидан аттестация асосида тақдим қилинадиган иш учун қўшимчадан (6 кун) иборат. Таътилнинг умумий давомийлиги – 27 календарь кун.

Агар ходим жорий иш йилида 21 кунлик аосий таътилнинг 14 кунини ва қўшимча ҳамма 6 кунни тўлиқ олса, бу ҳолда чақириб олишга йўл қўйилади. Яъни, иш йилининг охиригача ходимга камида 20 кунлик таътил берилиши керак (14 + 6). Асосий таътилнинг қолган 7 куни (21-14) кейинги иш йилига кўчирилиши мумкин.

 

Чақириб олиш қандай расмийлаштирилади  

1. Ходимнинг ёзма розилигини олинг.

Янги Меҳнат кодексининг 232-моддасида бундай розилик қандай шаклда расмийлаштирилиши кераклиги кўрсатилмаган бўлса-да, меҳнат низосига йўл қўймаслик учун уни ёзма равишда олишингизни тавсия қиламиз.

Алоҳида ҳужжат (ариза) расмийлаштириш  мумкин, унда ходим таътилдан чақириб олишни сўрайди ёки чақириб олишга розилик билдиради ("мен таътилдан чақириб олишга эътироз билдирмайман ...").  Агар розилик дастлаб ходимдан оғзаки қабул қилинган бўлса, у кейинчалик чақириб олиш буйруғида акс эттирилиши мумкин. Ходим "Қарши эмасман" деб ёзади ва имзосини қўяди.

2. Ходимнинг розилиги асосида буйруқ чиқаринг ва ходимни у билан таништиринг. Буйруқда чақирибтиринг сабабини кўрсатинг.

Агар томонлар жорий йилда таътилнинг бир қисмини беришга рози бўлишган бўлса, буйруқда ундан фойдаланиш учун бир ой ёки аниқ бир календарь даврни белгилаш мумкин. Агар таътилдан фойдаланишнинг келгуси даврини дарҳол белгилашнинг иложи бўлмаса, буйруқда таътилнинг фойдаланилмаган қисми жорий иш йилида ходимнинг талаби бўйича унинг аризаси асосида тақдим этилишини кўрсатинг.

Агар томонлар таътилнинг бир қисмини кейинги иш йилига кўчиришга келишиб олишган бўлса, ушбу шартни буйруқда кўрсатиш кифоя ("фойдаланилмаган таътил кунлари кейинги иш йилига ўтказилсин ва таътиллар жадвалига мувофиқ бир вақтнинг ўзида кейинги иш йили учун тақдим қилинсин").

3. Таътиллар жадвалига маълумотларни киритинг: ходим таътилдан чақириб олинганлигини кўрсатинг, чақириб олиш санасини, чақириб олиш ҳақидаги буйруқнинг реквизитларини ва таътилнинг қолган қисмидан фойдаланишнинг бошланиш вақтини кўрсатинг.

4. Шу каби маълумотларни шахсий варақанинг III бўлимига "Навбатдаги таътилларни тақдим қилиш" Т-2 шакли бўйича киритинг.

Эътибор беринг
Ходимнинг розилиги билан уни таътилга чиққан куннинг эртасига таътилдан чақириб олишингиз мумкин. Ходимни чақириб олишга йўл қўйилмайдиган унинг таътилда бўлишининг энг кам муддати белгиланмаган.