Ўриндош ходимга иш вақтини қандай қилиб тўғри белгилаш керак
Кўпинча ўриндош ходимга иш вақти давомийлигини белгилашда Меҳнат кодексининг 437-моддаси нотўғри талқин қилинади. Барча ўриндошлик асосида иш вақти нормасининг ярмидан ортиғида ишлаш мумкин эмаслигини билади. Иш вақтининг қайси нормасини асос қилиб олиш керак: асосий иш бўйичами ёки ўриндошлик асосидами?
Меҳнат кодексининг 437-моддасининг биринчи қисмида шундай дейилган: «Ўриндошлик асосида ишлаш чоғида ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас».
Яъни, ўриндошлик асосидаги ишнинг максимал давомийлиги асосий иш бўйича иш вақтининг давомийлигига эмас, балки ўриндошлик асосидаги иш вақтининг нормасига боғлиқ. Ўз навбатида, иш вақти нормаси ўриндошлик асосида ишловчи ходимларнинг қайси тоифасига киришига боғлиқ.
Ҳафтасига 40 соатдан ошмайдиган («беш кунлик»да 8 соатлик иш куни ва «олти кунлик»да 7 соатлик иш куни) нормал иш давомийлиги амал қиладиган «оддий» ходимлар тоифаси мавжуд.
Айрим тоифадаги ходимлар учун уларнинг ёши, соғлиғининг ҳолати, меҳнат шартлари, меҳнат вазифаларининг ўзига хос хусусиятлари ва бошқа ҳолатлар ҳисобга олинган ҳолда меҳнатга тўланадиган ҳақни камайтирмасдан иш вақтининг қисқартирилган давомийлиги белгиланади. Масалан, ноқулай меҳнат шароитларидаги ишларда банд бўлган ходимларга, шунингдек иши юқори даражадаги руҳий, ақлий, асабий зўриқиш билан боғлиқ бўлганларга (тиббиёт ходимлари, педагоглар ва бошқалар), ногиронлиги бўлган ходимларга, ўн саккиз ёшга тўлмаганларга ва ҳ.к.
. Аммо бу ерда ушбу тоифадаги ходимларнинг ҳаммаси ҳам ўриндошлик асосида ишлай олмаслигини ҳисобга олиш лозим. Хусусан, бундай ишларда ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга, ўриндошлик асосида ишловчининг асосий иши меҳнатнинг ноқулай шарт-шароитлари билан боғлиқ бўлса, шундай шарт-шароитдаги ишларда ишлаш (соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари бундан мустасно) тақиқланади
.
Юқорида келтирилганлар билан бир қаторда ўриндош ходимга иш вақтини белгилашда Меҳнат кодексининг 437-моддасида кўрсатилган бошқа жиҳатлар ҳақида ҳам билиш керак.
Биринчидан, ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин.
Иккинчидан, ўриндошлар учун иш вақти давомийлигининг ҳар кунги ярим нормасига риоя этилиши мумкин бўлмаган тақдирда иш вақтини жамланган ҳолда ҳисоблаб юритишга йўл қўйилади. Иш вақти жамланган ҳолда ҳисоблаб юритилганда ўриндошлик асосида иш вақтининг (сменанинг) умумий давомийлиги ҳисобга олинадиган давр учун ўриндошлик асосидаги лавозим бўйича иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ (бир ойдан ортиқ бўлмаслиги) бўлмаслиги керак
.
Юқорида келтирилганлардан келиб чиқиб ўриндошлик асосидаги ишда иш вақтини белгилашнинг баъзи вариантларини кўриб чиқамиз.
1-мисол. Ходим махсус тоифага кирмайди
Асосий иш жойи бўйича ходим ҳафтасига 40 соат давомийликда, кунига 8 соатдан, 5 кунлик тўлиқ иш вақтига эга. Ўриндошлик асосидаги ишда шунга ўхшаш иш вақти режими мавжуд. Демак, ўриндошлик асосидаги ишда ходим кунига камида 4 соат ишлаши мумкин.
Бошқа мисолни кўриб чиқамиз, ўриндошлик асосидаги ишда 6 кун 7 соатдан 40 соатлик иш ҳафтаси, шанба куни – 5 соатдан иш куни белгиланган. Агар ҳар кунги иш вақти нормасининг ярми олинса, ходим ўриндошлик асосидаги ишда душанбадан жумага қадар 3,5 соатдан, шанба куни – 2,5 соатадан ишлаши мумкин. Ёки бошқа вариант бўлиши мумкин.
Меҳнат кодексининг 437-моддаси 2-қисмини ҳисобга олган ҳолда, шанба куни, бу асосий иши бўйича дам олиш куни бўлгани учун ходим ўриндошлик асосидаги ишда тўлиқ иш куни, яъни 5 соат ишлаб бериши мумкин. Шунда ўриндош душанбадан жумагача кунига 3 соатдан ишлайди.
2-мисол. Асосий иш жойи бўйича ходимда – нормал иш вақти, ўриндошлик асосидаги ишда эса – қисқартирилган иш вақти мавжуд.
Ходим асосий иш жойида оддий меҳнат шароитида тўлиқ иш куни – беш кунлик иш ҳафтасида кунига 8 соатдан ишлайди. Бундан ташқари, у бошқа ташкилотда аттестация натижаларига кўра 36 соатлик иш ҳафтаси белгиланган ноқулай меҳнат шароитлари бўлган лавозимда ўриндошлик асосида ишлайди. Компанияда 6 кунлик иш ҳафтаси амал қилади. Тегишинча, ўриндошлик бўйича ишловчи ходим ҳафтасига фақат 18 соат, кунига 3 соатдан, шу жумладан шанба кунлари ҳам ишлаши мумкин. Ёки ходим шанба куни, асосий иш жойи бўйича ўзининг дам олиш кунида ўриндошлик асосидаги ишда 6 соат ишлаб бериши, қолган 12 соатни эса – ҳафта кунларига бўлиши мумкин. Масалан, душанбадан пайшанбагача 2 соатдан (8 соат), жума куни 4 соатдан.
3-мисол. Ўриндош ходимга жамлаб ҳисобланадиган иш вақти белгиланган
Асосий иш жойи бўйича ходим ҳафтасига 40 соат давомийликда, кунига 8 соатдан, 5 кунлик тўлиқ иш вақтида ишлайди. Ўриндошлик асосидаги ишда
40 соатлик 5 кунлик иш ҳафтаси ҳисобидан 1 ойлик ҳисобот даври билан жамлаб ҳисобга олинадиган иш вақти белгиланган. Демак, ўриндошлик асосидаги иш вақтининг умумий давомийлиги ҳисобга олинаётган давр учун ўриндошлик лавозими бўйича иш вақти нормасининг ярмидан кўп бўлмаслиги керак. Муайян ой учун иш вақти нормасини билиш учун Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган 2024 йил учун иш вақти ҳисоб-китобидан фойдаланиш керак.
Масалан, 2024 йил март ойида 5 кунлик (40 соатлик) иш вақти нормаси 142 соатни ташкил қилади. Демак, ўриндош ходим ойига камида 71 соат ишлаши мумкин. Ушбу соатларни ҳафта кунлари бўйича истаганингизча тақсимлаш мумкин, муҳими, асосий ва ўриндошлик бўйича ишда соатларнинг умумий давомийлиги кунига (сменада) 12 соатдан ошмаслиги лозим
.
4-мисол. Ўриндош ногиронлиги бўлган ходим саналади
Меҳнат қонунчилиги ногиронлиги бўлган шахсларга ўриндошлик асосида ишлашни тақиқламайди. Аммо шу билан бирга, ногиронлиги бўлган шахслар дастлабки (ишга киришда) ва даврий тиббий кўрикдан ўтиши керак бўлган ходимларнинг махсус тоифасига киришини унутмаслик керак
. Шунинг учун ногиронлиги бўлган ўриндош ходим масаласига тиббий хулосада назарда тутилган тавсиялар ва қарши кўрсатмаларни ҳисобга олган ҳолда эҳтиёткорлик билан ёндошиш зарур.
Меҳнат кодексининг 427-моддасига мувофиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимлар учун иш вақтининг давомийлиги ҳафтасига ўттиз олти соатдан ошмайдиган қилиб белгиланади. Бундай ходимлар учун кунлик ишнинг (сменанинг) давомийлиги тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясининг тавсияларига мувофиқ белгиланади, лекин олти кунлик иш ҳафтасида – олти соатдан, беш кунлик иш ҳафтасида – етти соату ўттиз дақиқадан ортиб кетмаслиги керак.
Айтайлик, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияси тавсиялари билан II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимга ҳафтасига максимал иш вақти давомийлиги – 35 соат белгиланган. Демак, ўриндошлик асосидаги ишда унга ушбу меъёрнинг ярмидан кўпи, яъни ҳафтасига кўпи билан 17,5 соат ишлашга рухсат берилади.
Бизнинг ташкилотимизда тўлиқсиз иш кунида (4 соат) таржимон сифатида 3-курс талабаси ишлайди. У ўқиётган институтда машғулотларга қатнаш эркин тарзда йўлга қўйилган. У институтга икки ҳафтада бир марта 3–4 соатга боради, қолган вақт талабаларга мустақил тайёрланиш учун берилади.
Ҳар куни соат 9:00 дан 18:00 гача тржимон-талаба ишда бўлади. Август ойида у иккинчи ташкилотга ўриндошлик асосида таржимон сифатида ишга жойлашди.
3-курс талабаси бир вақтнинг ўзида бир нечта ташкилотларда ишлаш ҳуқуқига эгами?
– Меҳнат қонунчилиги талабага иш ва кундузги ўқишни бирга олиб боришни тақиқламайди. Агар у асосий иш жойи бўйича ишга жойлашган бўлса – у ҳолда тўлиқ саккиз соатлик иш кунида ҳам ишлаши мумкин. Кундузги ўқитиш шакли бўйича таълим олаётган талабалар ўқиш йилидан қатъи назар, ўқишдан бўш вақтларида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқига эга
.
Аммо талабани сизнинг вазиятингизда бўлгани каби иш жойида 9:00 дан 18:00 гача бўлган ҳолатда тўрт соатлик иш куни учун меҳнат шартномаси бўйича расмийлаштириш – ноқонуний.
Агар иш берувчи талаба-ходимнинг ўқишдан бўш вақтида иш вақти режимини белгиласа, талабани ишга қабул қилиш мумкин. Бу шарт меҳнат шартномасида келишилиши керак. Талаба эса меҳнат шартномасини имзолагач, унинг шартларини бажариши шарт.
Агар ишлайдиган талаба ишда бандлиги сабабли ўқув режасини бажармаса, иш берувчи бунинг учун жавобгар саналмайди.
Шунингдек, ОТМ талабаларига, агар улар вояга етган бўлса ва МКнинг 433-моддасида назарда тутилган ўриндошлик бўйича ишлаш учун бошқа чекловлар бўлмаса, ўриндошлик асосида ишлашлари тақиқланмайди. Асосий иш жойидаги иш берувчи ўз ходимларига, ҳатто улар талаба бўлса ҳам, ўриндошлик асосида ишлашни тақиқлай олмайди.
Кундузги таълим шаклида ўқиётган талаба билан ўриндошлик асосидаги иш тўғрисида меҳнат шартномасини тузаётиб, у фақат ўқишдан бўш вақтларидагина ишлаши мумкинлиги ҳақидаги талабни бажариш керак. Кундузги таълим шаклида ўқиётган талабанинг иш режимига келсак, бир нечта вариантлар мавжуд:
- ўриндошлик асосида ишлашда ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлмайдиган иш вақти режимини ўрнатиш
; - асосий ишидан бўш бўлган кунларда кундузги таълим шаклида ўқиётган талабани тўлиқ иш кунида иш билан таъминлаш
; - талаба учун иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни
ёки мослашувчан иш вақти режимини назарда тутиш
.
Иш вақтини жамлаб ҳисобга олишни юритиш чоғида ўриндошлик асосидаги иш вақтининг (сменанинг) умумий давомийлиги ҳисобга олинаётган давр учун ўриндошлик лавозими бўйича иш вақти нормасининг ярмидан кўп бўлмаслиги керак. Меҳнатга ҳақ тўлаш ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда амалга оширилиши керак.
Амалда барча иш берувчилар ҳар доим ҳам ишнинг табиати туфайли кундузги таълим шаклида ўқиётган талабалар ишини ташкил қилиш учун барча талабларга риоя қилиш имкониятига эга эмаслар. Мисол учун, «ўқишдан бўш вақт» корхонадаги иш режимига тўғри келмайдиган, талаба учун эса мослашувчан иш вақти режимини белгилаш мумкин бўлмаган вазиятда. Иш берувчи шу сабабларга кўра талабага ишга қабул қилишни рад этиши ҳам мумкин.
Эътибор беринг: мутахассисликка эга бўлмай талаба маълум бир маълумот ёки мутахассисликни талаб қилмайдиган лавозимларда ишлаши мумкин. Талабани ишга қабул қилишда сиз Ходимларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторида кўрсатилган таълим даражасига қўйиладиган энг кам талаблар билан танишишингиз зарур. Ушбу талаблар бюджет ташкилотлари учун мажбурийдир, хусусий ташкилотларга эса тавсия этилади.
Классификаторда белгиланган ҳар бир лавозим ва касб бўйича таълим ва малака даражасига қўйиладиган талаблар Малака даражаларига эришиш схемасига мувофиқ тегишли лавозим (касб)нинг малака даражасидан келиб чиққан ҳолда иш берувчилар томонидан мустақил белгиланади
. Ҳар бир ходимнинг малака даражасини аниқлашда нафақат унинг маълумоти, балки касбий тажрибаси, билимлари ҳамда шахсий ва ишбилармонлик фазилатларини ҳам ҳисобга олинг.
Талабаларни ишга қабул қилишни расмийлаштириш, уларнинг меҳнат дафтарчаларини юритиш, меҳнат шартномаларини ЯММТ тизимида рўйхатдан ўтказиш Меҳнат кодекси ва Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ умумий асосларда амалга оширилади.
Кундузги таълим шаклида ўқиётган талабаларга имтиҳон сессияларида иштирок этишлари учун ўқув таътиллари тақдим қилинмайди
.
Кундузги таълим шаклида ўқиб туриб ишлаш-ишламаслик қарорини талабанинг ўзи қабул қилади. Сиртқи ва кечки таълим шакллари иш ва ўқишни бирга олиш бориш учун мўлжалланган.
Мен фирмада 0,5 ставкада бухгалтер лавозимида ишлайман. Мени бошқа фирмага бош бухгалтер лавозимига таклиф қилишмоқда. Мен бир вақтнинг ўзида иккита фирмада ишлашим мумкинми: биринчисида – 0,5 ставкада, иккинчисида – тўлиқ ставкада?
– Ҳа, сиз иккита ташкилотда ишлашингиз мумкин. Бир ташкилотдаги иш асосий иш жойи бўйича, бошқасида эса – ўриндошлик асосида расмийлаштирилиши керак.
Сиз ўриндошлик асосида асосий ишдан бўш вақтда ишлашингиз мумкин
.
Муҳими шундаки, тўлиқ ставкадаги иш асосий иш жойи, 0,5 ставкадаги иш эса – ўриндошлик асосидаги иш бўлиши керак. Бу Меҳнат кодексининг 437-моддаси ва Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг 7-бандидан келиб чиқади
, ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмаслиги белгилаб қўйилган. Бу қоидага кўра 0,5 ставкага тўғри келади.
Сизнинг ҳолатингизда иккинчи ташкилотга тўлиқ ставкага ишга қабул қилишни асосий иш жойи сифатида расмийлаштириш керак, сиз 0,5 ставкада ишлайдиган биринчи ташкилотда эса «ўриндошлик» расмийлаштирилиши лозим.
Ходим асосий иш жойига хизмат сафарига юборилди. Шунингдек у бошқа ташкилотда ўриндошлик асосида ишлайди. Унинг йўқлигини ўриндошлик асосида ишлайдиган ташкилотда қандай расмийлаштириш мумкин?
МКда асосий иш жойига хизмат сафарига юборилганлиги муносабати билан ўриндошлик асосидаги иш берувчида ишдан озод қилишнинг тўғридан-тўғри механизми мавжуд эмас.
Агар ходим асосий иш берувчи томонидан хизмат сафарига юборилаётган бўлса ва бу даврда ўриндошлик бўйича вазифаларни бажара олмаса, у бу ҳақда иккинчи ташкилотни олдиндан хабардор қилиши керак. Амалиётда кўпинча хизмат сафари вақтида иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериш тўғрисидаги аризадан фойдаланилади. Аризага хизмат сафари тўғрисидаги буйруқ нусхасини илова қилишни тавсия этамиз.
Ўриндошлик асосидаги иш берувчи иш ҳақи сақланмайдиган таътилни рад этишга ҳақли. Бироқ оқилона муддатларда бўлмаслик ва тасдиқловчи ҳужжатлар мавжудлигида, бундай аризалар одатда қаноатлантирилади.
Қоида бузилишига йўл қўймаслик ва кадрлар ҳужжатларининг тўғрилигини сақлаш учун, ходим олдиндан аризани расмийлаштириши ва асосий иш жойига хизмат сафарини тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилиши лозим. Бундай тартиб ички ўриндошларга ҳам, ташқи ўриндошларга ҳам тааллуқли бўлиб, ходим хизмат сафарига қайси иш бўйича – асосий ёки ўриндошлик бўйича юборилаётганлигига боғлиқ эмас.
- Ўриндош билан меҳнат шартномаси қандай тузилади
- Иш берувчи вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини қандай тўғри расмийлаштириши керак
- Бир неча лавозимда ишлаш қандай расмийлаштирилади
- Хатосиз буйруқлар: қандай тўғри расмийлаштириш ва жарималарни олдини олиш керак
- Отгуллар: қандай тўғри расмийлаштириш керак


Канал в телеграм