Ўриндош билан меҳнат шартномаси қандай тузилади

14.03.2024
author avatar

Шерзод НОРМАТОВ

Давлат меҳнат инспекциясининг Меҳнат ҳуқуқи бўлими етакчи мутахассиси

Тавсияномада:

– ўриндошлик турлари

– ўриндошлик асосида ишга қабул қилишдаги чеклашлар

– ўриндошни ишга қабул қилишни расмийлаштириш

– меҳнат шартномасининг шартлари

– ўриндош билан меҳнат шартномасини тузиш хусусиятлари

– ўриндошнинг таътили

– ўриндошни ишдан бўшатишдаги хусусиятлари

– ўриндошлик ва бир неча лавозимда ишлашнинг фарқлари

Қонунчилик ходимлар учун асосий ишидан ташқари бошқа ишни ҳам бажариш имкониятини назарда тутади. Ушбу амалиёт кенг тарқалган. Бироқ, ўриндошлар билан ўзаро ҳамкорлик, уларнинг ноёб иш жадвали ва тартибини ҳисобга олган ҳолда кадрларга оид турли жараёнларга ўз хусусиятларини киритади.

МК ўриндошликнинг қандай турларини назарда тутади 

Ўриндошлик асосида ходимлар ўзининг асосий ишидан ташқари алоҳида меҳнат шартномаси шартлари бўйича бошқа ташкилотда ҳам ишни бажаришлари мумкин, МК 432-моддаси. Ўриндошлик асосида ходимлар ўзининг асосий ишидан бўш вақтида ишлашлари мумкин.

МК ўриндошлик асосидаги иш ўринлари сонига чеклашлар белгиламайди. Ходим ўриндошлик асосидаги меҳнат шартномаларини иш берувчиларнинг чекланмаган сони билан тузишга ҳақли. Бунда ўриндошлик асосидаги иш вақтининг давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас, МК 437-моддаси.

Ходим ўриндошлик асосида асосий иш жойи бўйича – ички ўриндошлик, шунингдек бошқа иш берувчиларда -  ташқи ўриндошлик бўйича ишлаши мумкин.

Ўриндошлик асосида ишлашда қандай чеклашлар белгиланган 

МК ўриндошлик асосида ишлашга муайян чеклашлар ва тақиқларни белгилайди. Чеклашлар меҳнат мажбуриятларининг хусусиятлари ва иш шароитлари билан боғлиқ.

  1. Агар ходимнинг асосий иши хавфли ёки зарарли шароитларда бўлса, у ҳолда уни худди шундай шароитлар билан боғлиқ бўлган ўриндошлик асосидаги иккинчи ишга қабул қилиш мумкин эмас, МК 433-моддаси. Бундан соғлиқни сақлаш тизими ташкилотлари ходимлари мустасно, МК 433-моддасининг 2 қисми.  
  2. МК транспорт ходимларини, агар уларнинг иши транспорт воситаларини бошқариш ёки транспорт воситаларининг ҳаракатланишини бошқариш билан бевосита боғлиқ бўлса, ўриндошлик асосида ишга қабул қилишни тақиқлайди МК 500-моддаси. Мазкур қоида фақат автотранспорт воситалари ҳайдовчиларига тааллуқли эмас. Транспорт воситаларини бошқариш ёки транспорт воситаларининг ҳаракатланишини бошқариш билан бевосита боғлиқ ишлар, касблар ва лавозимлар рўйхати 09.09.2023 йилдаги ВМҚ- 456-сон қарор билан тасдиқланган.
  3. Ташкилотларнинг раҳбарлари фақат ташкилотнинг ваколатли органи ёки ташкилот мулкдорининг рухсати билан ўриндошлик асосида ишлашлари мумкин, МК 487-моддаси.
  4. Давлат хизматчилари, агар иш фақат ўқитувчилик фаолияти билан боғлиқ бўлмаса, ўриндошлик асосида ишлашга ҳақли эмас, 08.08.2022 йилдаги ЎРҚ-788-сон қонуннинг 13-моддаси.
  5. Вояга етмаган шахсларни ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш мутлақо тақиқланади.
Вазият
Бош бухгалтер ёки филиал раҳбари учун ташқи ўриндошлик тақиқланганми?
– Йўқ. Филиалларнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари ташкилотнинг ваколатли органи ёки ташкилот мулкдори ёхуд мулкдор томонидан вакил қилинган шахс (орган) нинг рухсати билан бошқа иш берувчида ўриндошлик асосида ишлаши мумкин.
Бошқа тоифадаги ходимлар учун бундай шарт йўқ. Улар иш берувчининг, касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимлар вакиллик органининг) ёки асосий иш жойидаги бошқа органнинг розилигисиз ташқи ўриндошлик асосида ишлашга ҳақлидирлар.
Эслатиб ўтамиз
Асосий иш жойи – иш берувчи ходимнинг меҳнат дафтарчасини юритадиган ташкилотдир. Ўриндошлик асосида ишлаш – бу асосий ишдан ташқари ва ундан бўш вақтда алоҳида меҳнат шартномаси шартлари асосида бажариладиган ҳақ тўланадиган бошқа ишдир.
Бошқа иш берувчига ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар (ташқи ўриндошлик) меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги маълумотномани тақдим этадилар. Бундай маълумотномасиз бошқа ташкилот шахсни ўриндошлик асосида ишга қабул қилишга ҳақли эмас. Ходим ўриндошлик асосида бошқа жойга ишга жойлашиш нияти тўғрисида асосий иш берувчини хабардор қилади ва маълумотнома беришни сўрайди. Агар ходим қуйидаги лавозимларга эга бўлмаса, иш берувчи бундай маълумотномани бериши шарт:
  • ташкилот раҳбари;
  • ташкилот раҳбарининг ўринбосари;
  • ташкилотнинг бош бухгалтери;
  • ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси раҳбари.
Шунингдек агар ходим санаб ўтилган тоифалардан бирига мансуб бўлса, иш берувчи маълумотнома бериш ёки бермаслик ҳуқуқига ҳам эга.
Вазият
Битта ходим ўриндошлик шартномалари бўйича нечта иш берувчига эга бўлишга ҳақли

Ходим ўриндошлик асосида бир нечта ташкилотга ишга жойлашмоқчи. Бироқ my.mehnat.uz орқали шартномани рўйхатдан ўказишга уриниш чоғида тизим рад жавобини бермоқда. Ходим бир вақтнинг ўзида нечта ўриндошлик асосидаги меҳнат шартномасини тузиши мумкин?

Қонунчилик ўриндошлик асосидаги иш ўринлари сонини чекламайди. Ходим, агар бу қонун билан тақиқланмаган бўлса ва асосий ишига халақит бермаса, бир вақтнинг ўзида бир неча иш берувчи билан меҳнат шартномаларини тузишга ҳақли. Фақат иш вақтининг давомийлиги нормасига риоя қилиш ва асосий иш берувчининг розилиги талаб қилинадиган ҳолатларни ҳисобга олиш муҳим.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ўриндошлик асосида ишлашга қонунчиликда қандай чекловлар ва тақиқлар белгиланганлиги ҳақида янада батафсил маълумотномада билиб олинг.

Аммо техник жиҳатдан my.mehnat.uz тизими, агар ходимда амалдаги ўриндошлик шартномаси мавжуд бўлса, шартномани рўйхатдан ўтказишни блоклаши мумкин. Бу иш вақтини назорат қилиш учун қилинган. Агар ходим ўриндошлик бўйича бир нечта шартнома тузса, иш берувчи ЯММТ дирекциясига рўйхатдан ўтказишга рухсат беришни сўраб мурожаат қилишга ҳақли. Бунда шуни назарда тутиш керакки, ушбу масала бўйича қарор қабул қилишда дирекция қонунчилик талабларидан келиб чиқади.

Эслатиб ўтамиз
Ўриндошлик асосида ишлаш чоғида ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг мазкур тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (бундан соғлиқни сақлаш тизими ташкилотларининг шифокор ходимлари мустасно). Ўриндошга иш вақтини қандай тўғри белгилаш ҳақида янада батафсил тавсияномада>>

Ўриндошни ишга қабул қилиш қандай расмийлаштирилади

Ўриндошни расмийлаштиришга ҳам оддий ходимни ишга қабул қилиш чоғидаги қоидалар татбиқ этилади. Ишга қабул қилишни расмийлаштириш учта босқични ўз ичига олади:

  1. таништириш тартиб-таомили;
  2. меҳнат шартномасини тузиш;
  3. ишга қабул қилиш тўғрисида буйруқ чиқариш, маълумотларни меҳнат дафтарчасига ва “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий аппарат комплексига (ЯММТ) киритиш.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Танишитириш тартиб-таомилини қандай ўтказиш ҳақида янада батафсил экспертларнинг Ишга қабул қилиш қандай расмийлаштирилади ва меҳнат шартномаси қандай тузилади мақоласида ўқинг.
Вазият
Агар ўриндошнинг асосий иш жойи бўлмаса, бунинг иш берувчи учун хавфи борми

Агар ўриндош асосий иш жойидан бўшаган, аммо бошқа асосий иш жойига расмийлаштирилмаётган бўлса, нима қилиш керак? Бу ўриндош ишлаётган иш берувчига қандай хавф туғдиради? 

Бундай вазиятда иш берувчи учун тўғридан-тўғри хавф ва жарималар қонунчиликда назарда тутилмаган. 

Қонун иш берувчининг зиммасига ўриндошни қайта расмийлаштириш ва у билан асосий иш бўйича янги меҳнат шартномасини тузиш мажбуриятини юкламайди. Бироқ ўриндош асосий иш жойидан бўшаган, аммо бошқа асосий иш жойига расмийлаштирилмаётган бўлса, бу ўриндошлик моҳиятининг ўзига зиддир. Таърифга кўра, ўриндошлик – бу, ходимнинг ўзининг асосий ишидан ташқари, асосий ишидан бўш вақтида бошқа мунтазам ҳақ тўланадиган ишни бажаришидир.

Қайта расмийлаштиришга мажбурий талаблар йўқлигига қарамай:

  1. Ўриндошга асосий иш жойи сифатида сиз билан меҳнат шартномасини расмийлаштиришни таклиф этинг.
  2. Агар ходим рози бўлса, асосий иш жойи бўйича янги меҳнат шартномасини расмийлаштиринг.
  3. Агар ходим рад этса, ихтиёрий шаклда далолатнома тузинг. Далолатнома сиз меҳнат муносабатларини қонунчиликка мувофиқ расмийлаштириш чораларини кўрганингизни тасдиқлайди.

Иш берувчи ходимнинг асосий иш жойи бўлмаганлиги учун жавобгар эмас. Бироқ ходимнинг асосий иш жойига қайта расмийлаштиришни рад этганлиги тўғрисидаги далолатнома, эҳтимол текширувлар ўтказилган тақдирда, иш берувчига у томонидан қонунчилик талабларига риоя этилганлигини тасдиқлашга ёрдам беради.

1. Ишга қабул қилишда ўриндош тақдим этадиган ҳужжатлар

Ўриндошлар иш берувчига асосий ходимлар тақдим этадиган ўша ҳужжатлар пакетини тақдим этади. Фарқи фақат шундаки, ўриндош ўриндошлик асосидаги иш берувчига қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини тақдим этмайди, чунки у асосий иш жойи бўйича юритилади. Агар ходим меҳнат шароитлари зарарли ёки хавфли бўлган ишга қабул қилинаётган бўлса, у иш берувчига асосий иш жойи бўйича меҳнат шароитлари тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши лозим.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Иш берувчи тақдим этилиши мажбурий бўлмаган ҳужжатларни талаб қилишга ҳақли эмас, агар буни МК назарда тутмаган бўлса. Қандай ҳужжатларни ишга қабул қилиш чоғида, қандайларини эса кейин талаб қилишни тавсияномада билиб олинг.

2. Меҳнат шартномасини тузиш

Иш берувчи ўриндошлик асосидаги ходим билан ҳам муддатсиз, ҳам муддатли меҳнат шартномасини тузишга ҳақли, МК 113-моддаси. Меҳнат шартномасининг мажбурий шарти – унинг ўриндошлик асосида тузилишини кўрсатиш. Меҳнат шартномасида иш берувчи ўриндошга топшириладиган ишга унинг мувофиқлигини текшириш мақсадида дастлабки синовни белгилаши мумкин. Меҳнат шартномаси асосий меҳнат шартларини ўз ичига олиши керак: лавозим, иш ҳақи, иш вақти, мажбуриятлар ва бошқа шартлар, назарда тутилган жиҳатлар. 

Эътибор беринг
Ўриндошлик асосида ишлаш учун ҳар доим меҳнат шартномаси расмийлаштирилади. Бунда, унинг ички ёки ташқи ўриндошлиги муҳим эмас. Асосийси – шартномада ўриндошлик тўғрисидаги шартни кўрсатиш.

3. Шартларни келишиш

Меҳнат шартномасининг таклиф қилинадиган шартларини ўриндош билан муҳокама қилинг. Барча тафсилотларини, жумладан иш тартибидаги, меҳнатга ҳақ тўлашдаги эҳтимол ўзгаришлар ва бошқа муҳим масалаларни аниқлаштириб олинг.

Вазият
Ўриндошлик асосидаги ходимни хизмат сафарига юбориш мумкинми ва бу даврни табелда қандай расмийлаштириш керак
Биз ўриндошлик асосида ишлаётган ходимни музокаралар учун хизмат сафарига жўнатишимиз керак. Шундай қилиш мумкинми ва буни қандай расмийлаштириш керак?
Ҳа, мумкин. Бироқ қийинчиликлар юзага келади. Агар ходимни хизмат сафарига асосий иш берувчи юборган бўлса, у ҳолда у ўриндошлик асосида ишлайдиган ташкилотда – у иш ҳақи сақланмайдиган таътилни расмийлаштирган бўларди. Агар ходим ўриндошлик асосида ишлаётган ташкилотда уни хизмат сафарига юбориш режалаштирилаётган бўлса, асосий иш берувчи ходимга бундай таътил беришга мажбур эмас. Бундай ҳолда сиз асосий иш берувчига хизмат сафари даврида ходимга иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришини сўраб хат юборишингиз мумкин.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Меҳнат шартномасининг қандай шартлари ҳақиқий эмас деб ҳисобланиши ва иш берувчи жаримага тортилиши мумкинлиги ҳақида Меҳнат шартномасига қандай шартлар киритилади тавсияномасида

4. Иш вақти

Ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимнинг иш вақти кунига тўрт соатдан ошмаслиги керак. Ўриндош асосий иш жойидаги ишдан бўш бўлган кунлари ўриндошлик асосида тўлиқ иш куни ёки сменада ишлаши мумкин. Бироқ шуни назарда тутингки, ўриндошлик асосида ишлашда иш вақтининг давомийлиги иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас. Демак, ўриндош кўпи билан ярим ставка ишлаши мумкин. Кам ишлаши мумкин, кўп ишлаши эса мумкин эмас..

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ўриндошлик асосидаги ходимга қисқартирилган иш вақтини белгилаш мумкинми? Бундай ҳолда унинг ишига қандай ҳақ тўлаш Қонун томонидан иш вақтининг қандай турлари назарда тутилган тавсияномасида
Вазият
Ходимни ўриндош сифатида тўлиқ ставкага расмийлаштириш имконияти
Пенсиядаги ходим компанияга доимий иш жойига ишга қабул қилинди ва маълумотлар ЯММТга киритилди. Унинг бошқа иш жойида доимий асосда 0,5 ставкада ишлаши аниқланди. Ундан меҳнат дафтарчаси талаб этилмади. У ишлайдиган ташкилот ЯММТда уни ўриндош сифатида 0,5 ставкага ўтказишни талаб қилмоқда. Бироқ компанияда у тўлиқ кун ишлайди ва 0,5 ставкага ўтказишнинг иложи йўқ.
Ходим асосий иш жойи бўйича 0,5 ставкада ва ўриндош сифатида тўлиқ ставкада ишлаши мумкинми?
Ходимнинг иккита асосий иш жойи бўлиши мумкин эмас. Шунинг учун иш берувчиларнинг бирида ходимни белгиланган тартибга қатъий мувофиқ равишда ўриндошлик асосидаги ишга қайта расмийлаштириш лозим. (МК 432 – 442-моддалари, 18.10.2012 йилдаги ВМҚ-297-сон қарорга илова).
Муҳими, тўлиқ ставка бўйича иш асосий иш жойи бўлиши, 0,5 ставка бўйича иш эса ўриндошлик асосидаги иш бўлиши керак. Бу МК 437-моддаси ва Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги Низомнинг 7 бандидан келиб чиқади (18.10.2012 йилдаги ВМҚ-297-сон қарорга илова).
Шундай қилиб, ходим асосий иш жойи бўйича иш берувчига у ерда уни ўриндошлик асосида қайта расмийлаштиришни сўраб мурожаат қилиши керак. Мазкур ташкилотда эса уни асосий иш жойи бўйича қолдириш лозим.
Kadrovik.uz тавсия қилади
Ўриндошга иш вақтини қандай тўғри белгилаш ҳақида батафсил, тавсияномада

5. Меҳнатга ҳақ тўлаш

Ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимлар меҳнатига ишланган вақтга мутаносиб равишда, ишлаб берилган ҳажмга қараб ҳақ тўланади. Шунингдек меҳнатга ҳақ тўлашни бошқа шартларда ҳам назарда тутиш мумкин, асосийси – уларни меҳнат шартномасида белгилаш ва шартлар қонунчиликка зид бўлмаслиги керак. Мисол учун, агар ўриндош маош ёки тариф ставкаси асосида ишлайдиган  бўлса, у ҳолда унинг меҳнатига ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.

Вазият
Ўриндошлик асосидаги ходимнинг иш ҳақи меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам, масалан, 600 минг сўм бўлиши мумкинми?
Ўриндошлар учун бизда ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўлаш белгиланган. Аммо ўриндошнинг иш ҳақи ойига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам чиқмоқда. Бу билан биз қонунчиликни бузаяпмизми ва ўриндошнинг иш ҳақи МҲЭКМдан кам бўлиши мумкинми?
Ҳа, мумкин
Меҳнат ҳақининг МҲЭКМдан кам бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги шарт фақат ташкилотда тўлиқ иш ҳафтасини ишлаб бераётган ходимларга тааллуқли. Уларнинг иш ҳақи МҲЭКМдан кам бўлмаслиги керак. Бироқ ўриндошлик асосидаги ходимлар иш кунининг фақат ярмини ишлашга ҳақли, демак, уларнинг иш ҳақи МҲЭКМдан кам бўлиши мумкин, чунки меҳнатга ҳақ тўлаш ишланган вақтга мутаносиб равишда амалга оширилади. Агар, мисол учун, ўриндош сизнинг ташкилотда иш ойини тўлиқ ишлаган бўлса, унинг ҳақи МҲЭКМдан кам бўлиши мумкин эмас.
Шундай қилиб, маош 1 200 000 сўм бўлганда, ярим ставкадаги ўриндошнинг иш ҳақи ой якунларига кўра 600 000 сўмни ташкил қилади.

6. Меҳнат дафтарачасида ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги ёзув ва ЯММТда рўйхатдан ўтказиш

Ходимнинг аризасига кўра ички ёки ташқи ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги ёзувни ходимнинг меҳнат дафтарчасига асосий иш берувчи киритади, МК 436-моддаси. Ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги ёзув ўриндошлик асосида ишга қабул қилишни тасдиқловчи маълумотнома асосида киритилади, МК 436-моддасининг 1 қисми. Бунда ёзувни ЯММТга киритиш лозим.

Вазият
ЯММТда ўриндошлар билан қайси меҳнат шартномалари рўйхатдан ўтказилиши керак

Агар ўриндош ходимнинг асосий иш жойи битта ташкилотнинг ўзи бўлса, my.mehnat.uz сайтида улар  билан меҳнат шартномаларини қандай рўйхатдан ўтказиш керак? Агар my.mehnat.uz асосий иш жойи бошқа ташкилот бўлган таклиф қилинган ўриндошнинг  меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказмаса, нима қилиш керак?.

1. Агар асосий иш жойи – битта ташкилот бўлса

– Агар ходим ташкилотда асосий иш жойи бўйича ишласа ва ўриндошлик асосида бошқа мутахассиснинг ишини бажарса, my.mehnat.uz сайтида меҳнат шартномаси асосий иш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилади, ўриндошлик эса акс эттирилмайди.

Ушбу ёндашув қуйидагилар билан боғлиқ:

  • ЯММТ тизимида ушбу шахснинг мазкур ташкилотдаги иши ҳақида маълумот аллақачон мавжуд;
  • агар ишда вақтинча бўлмаган ходимнинг ўрнига ёки бўш лавозим бўйича ишларни бажариш зарур бўлса, асосий иш берувчи ходимнинг  ўриндошлик асосида ишлашига рухсат беради. Бу вақтинчалик ҳолат саналади.

2. Агар асосий иш жойи бошқа ташкилот бўлса

Агар асосий иш жойи бошқа ташкилот бўлган ходим ўриндошлик асосидаги ишга жалб қилинса,  бу ҳолда ўриндош ходим билан меҳнат шартномаси my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказилиши керак.

Бунда, агар ходим аллақачон бошқа ташкилот билан ўриндошлик бўйича амалдаги меҳнат шартномасига эга бўлса, my.mehnat.uz ҳақиқатан ҳам ўриндош билан  шартномани рўйхатдан ўтказмаслиги мумкин.

Тизимдаги ушбу чеклов қонунчилик ҳужжатларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида белгиланган. Ўриндошлик асосида ҳамда  бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисидаги низомда қуйидагича ёзилган:

  • «Ўриндошлик асосида ишлашда ўриндошлик асосида ишлашнинг давомийлиги ходимларнинг ушбу тоифаси учун белгиланган иш вақти нормасининг ярмидан ортиқ бўлиши мумкин эмас (соғлиқни сақлаш тизими врач ходимлари бундан мустасно). Ходим асосий иш жойидаги меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод бўлган кунларда у ўриндошлик асосида тўлиқ иш кунида ишлаши мумкин»  .

Ушбу қоидадан келиб чиқиб, ходим биттадан ортиқ ташкилотда ўриндошлик асосида ишлаши мумкин бўлган ҳолатлар истисно ҳисобланади.

Бироқ биз битта шахс билан 7 тагача ташкилот ўриндошлик асосида меҳнат шартномасини рўйхатдан ўтказишга ҳаракат қилган вазиятларга ҳам дуч келганмиз.

Шу билан бирга бир киши бир нечта ташкилотлар билан ўриндошлик асосидаги  меҳнат шартномаларини тузиши мумкинлиги истисно қилинмайди. Бундай вазиятда иш берувчи Дирекцияга бундай шартномани рўйхатдан ўтказиш имкониятини тақдим қилиш илтимоси билан мурожаат қилиши мумкин. Бунда ушбу масала бўйича қарор қабул қилишда дирекция қонунчилик талабларидан келиб чиқишини эътиборга олиш керак.

Амалда бундай вазиятларда белгиланган тушунчаларни алмаштириш жуда кўп учрайди. Ушбу ҳолатларда мутахассис ва буюртмачи ўртасидаги муносабатлар кўпроқ муайян хизматларни бажариш учун фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартнома белгиларига эга. Бу вазиятда ҳамма нарсани ўз номи билан аташ икки тараф учун манфаатлидир.         

Вазият
Ташқи ўриндошга штат жадвали ва буйруқ расмийлаштириш тартиби

Ҳафтасига 20 соат ишлайдиган, аммо иш ҳақи тўлиқ ставка бўйича тўланадиган ташқи ўриндошни 0,5 ставкага ишга қабул қилсак, унга штат жадвали ва буйруқни қандай қилиб тўғри расмийлаштириш мумкин? Унга нисбатан шахсий устамани қўллаш мумкинми?.

– Штат жадвалида ўриндош қабул қилинаётган лавозим учун корхона эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда штат бирликлари сонини кўрсатинг:

  • 1 ставка кўрсатилиши мумкин, лекин бунда ходим 0.5 ставкага қабул қилинганидан кейин қолган 0,5 ставка бўш қолади, бу ЯММТда кўринади;
  • 0,5 ставка кўрсатилиши мумкин. Бу вазиятда ходим ишга қабул қилингандан сўнг вакансия ҳосил бўлмайди ва ЯММТда акс этмайди.

Ўриндошлик асосида ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқни меҳнат шартномаси асосида белгиланган тартибда расмийлаштиринг. Меҳнат шартномасида ҳам, ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда ҳам қуйидагиларни  ёзинг:

1) шартнома тури – ўриндошлик асосида;

2) ставка миқдори – 0,5;

3) иш вақти тартиби – ҳафтасига 20 соат;

4) иш ҳақи миқдори – штат жадвалига мувофиқ лавозим маошининг 50%и (ёки белгиланган сумманинг 1/2 қисми);

5) томонларнинг келишувига кўра шахсий устама миқдори (бу қонунчиликка зид эмас).

Буйруқ нусхаларини бухгалтерия бўлимига ва иш вақтини ҳисобга олиш табелини юритиш учун масъул ходимга беринг.

Устама

1. Белгиланган иш ҳақига устама ходим ишга қабул қилинаётганда – ўзаро келишув бўйича тайинланиши мумкин. Ушбу шарт ходим билан меҳнат шартномасига киритилади.

2. Шунингдек, бундай доимий устама ўзаро келишувга кўра иш жараёнида ҳам белгиланиши мумкин. Бу ҳақида ходим билан меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузилади.

3. Ниҳоят, иш берувчи вақтинчалик шахсий устамани белгилаш тўғрисида ўзи қарор қабул қилиши мумкин – рағбат сифатида ёки бошқа сабабларга кўра. Бундай ҳолда, ушбу шарт меҳнат шартномасига киритилмайди, балки ишга қабул қилиш тўғрисидаги буйруқда алоҳида банд билан кўрсатилади ёки алоҳида буйруқ чиқарилади. Ходим ушбу буйруқ билан таништирилади.

Вазият
Учта ташкилотда рўйхатдан ўтказиш

Ишга жойлашмоқчиман, аммо mehnat.uz қабул қилмаяпти (ҳозирда иккита жойда ишлайман). Бироқ, эшитишимча, mehnat.uz шарт эмас экан, қоғоз шаклида расмийлаштириш, банкка қўнғироқ қилиб, уларга пластик карта маълумотларини бериш ва иш ҳақини олиш мумкин экан (фақат ШЖБПҲ ва солиқ тўланса бўлди). Агар шундай йўл тутилса, бу қонун бузилиши ҳисобланмайдими?

Меҳнат муносабатларини ЯММТда рўйхатдан ўтказиш, ташкилий-ҳуқуқий шакли ва идоравий бўйсунишидан қатъи назар, барча иш берувчилар учун мажбурий ҳисобланади. Бундан давлат хавфсизлиги соҳасидаги, шунингдек штат жадвали маҳфий ҳисобланган ташкилотлар мустасно.

Тизимда ходим иккита ташкилотда расмийлаштирилган бўлиши мумкин. Бироқ учинчи ташкилотга расмийлаштиришда учинчи иш жойига рўйхатдан ўтказиш мумкин эмаслиги тўғрисида хабарнома чиқади.

Агар учта ташкилотда иш вақтининг давомийлиги иш вақти нормасидан ошмаса (тизимда бу 1,5 ва 2 ставка)  , иш берувчи ходимни учинчи ташкилотга расмийлаштириш учун ЯММТ қўллаб-қувватлаш гуруҳига мурожаат қилиши керак.

Вазият
6 ойдан кам ишлаган ўриндошга таътил

Ташкилотимизга сентябрь ойида ўриндошлик асосида ходим қабул қилинди. 22 октябрь куни ўриндош директорга уч ҳафтадан кейин режалаштирилган асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда йиллик таътил беришни сўраб ариза юборди. Директор ходимнинг илтимосини рад этиб, у меҳнат шартномаси тузилганидан кейин ҳали 6 ой ишлаб бермаганини айтди. Бундай вазиятда нима қилишимиз керак?

Ўриндош-ходим, МКнинг 227-моддасида мустаҳкамланган кафолатларга мувофиқ, таътил олиш ҳуқуқига эга. Директор аризани олгач, ходим аризада кўрсатган муддатда таътил бериши шарт эди. Директорнинг таътил беришни рад этиши меҳнат қонунчилигини бузиш ҳисобланади.

МКнинг 227-моддасига мувофиқ, айрим тоифадаги ходимларга ҳар йилги таътил уларнинг хоҳишига кўра ўзлари учун қулай вақтда берилади. Бундай тоифаларга ўриндошлик асосида ишлайдиганлар ҳам киради. Ҳар йилги таътиллар уларга асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда берилади. Агар ходим ўриндошлик асосидаги ишда олти ой ишламаган бўлса, таътил аванс сифатида берилади. Ва бундай таътилга ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.

Шундай қилиб, ўриндош-ходимдан ёзма ариза олинганда иш берувчи аризани қабул қилиши ва ходимга йиллик таътил бериш тўғрисида, таътилнинг бошланиш ва тугаш санасини кўрсатган ҳолда, буйруқ чиқариши керак.

Ўриндошга таътил қандай берилади

МК ходимнинг ташқи ўриндошлик асосида ёки асосий иш жойи бўйича ишлашига қараб, таътил давомийлигини чекламайди. Демак, ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимнинг ҳар йилги асосий ҳақ тўланадиган меҳнат таътили камида 21 календарь кундан иборат бўлиши керак.

Иш берувчи ўриндошлик асосидаги ходимга ҳар йилги меҳнат таътилини асосий иш жойи бўйича берилган таътил билан бир вақтда бериши шарт. Акс ҳолда ходим ўзининг дам олиш ҳуқуқидан фойдалана олмайди, чунки у ўриндошлик бўйича ишлайди, асосий иш жойи бўйича эса дам олади ва аксинча. Бунда, ходимнинг ўриндошлик асосидаги ишда олти ой ишлаган ёки ишламаганлиги муҳим эмас, МК 223-моддасининг 3 қисми.

Эътибор беринг
Ўриндошлик асосидаги ишда ходимнинг биринчи иш йили учун таътилига ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади, МК 439-моддасининг 3 қисми.

Асосий иш жойи бўйича йиллик меҳнат таътилининг давомийлиги ўриндошлик асосидаги ишдаги меҳнат таътилининг давомийлигига тўғри келмаса, ўриндошлик бўйича иш берувчи ходимнинг илтимосига кўра унга тегишли давомийликда иш ҳақи сақланмайдиган таътил беради, МК 439-моддасининг 4 қисми. Асосий иш берувчи ўхшаш вазиятда ўриндошни қўллаб-қувватлаши шарт эмас. Жадвалда ўриндошнинг таътилини режалаштириш учун ундан, масалан, унинг асосий иш жойидан таътиллар жадвалидан кўчирма ёки тегишли маълумотномани тақдим этишини илтимос қилишингиз мумкин.

Вазият
Ўриндош ходимга таътил пули ва фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация тўлаш керакми

– Ҳа, сиз ўриндошларга таътил пули ва фойдаланилмаган таътил учун компенсация тўлашингиз шарт. Барча ходимлар, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимлар ҳар йилги меҳнат таътилига чиқиш ҳуқуқига эга .

Ўриндош ходимлар асосий ходимлар билан бир қаторда ташкилотда ўрнатилган қўшимча ёки узайтирилган таътилларни , битта ташкилотда ёки тармоқда ишлаган узлуксиз стаж учун ҳар йилги қўшимча меҳнат таътилини олишга ҳақли .

Ҳар йилги асосий энг кам меҳнат таътилининг давомийлиги йигирма бир календарь кунни ташкил этади .

Шундай қилиб, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга барча фойдаланилмаган ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътиллари учун пулли компенсация тўланади , иш даврида эса уларнинг хоҳишига кўра ҳар йилги меҳнат таътили учун таътилнинг энг кам давомийлигидан ташқари пулли компенсация тўланиши мумкин  .  

Ўриндош ходимларга ҳам таътил тақдим қилинишига эътибор беринг:

  • тиббий муассаса томонидан тасдиқланган ҳомиладорлик ва туғиш варақасининг нусхаси асосида нафақа тўлаш билан ҳомиладорлик ва туғиш таътили   ;
  • аёлнинг хоҳишига кўра – бола икки, уч ёшга тўлгунига қадар иш ҳақи сақланмайдиган болани парваришлаш таътили ;
  • ўқув таътили –ходимнинг танловига кўра асосий иш жойи бўйича ёки ўриндошлик асосидаги ишда .

Ўриндошни ишдан бўшатишнинг хусусиятлари қандай

Ўриндош билан меҳнат шартномасини асосий ходим билан бўлгани каби ўша асосларга кўра бекор қилиш мумкин, МК 155-моддаси. Бунда МК ўриндош билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг қўшимча асосларини мустаҳкамлайди:

  1. Мазкур ишга ўзи учун асосий иш жойи бўлган ходим қабул қилинган тақдирда, ўриндош билан меҳнат шартномасини бекор қилиш мумкин, МК 441-моддаси. Ушбу асос бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида иш берувчи ўриндошни камида икки ҳафта олдин огоҳлантириши шарт. Ушбу асос ҳам ташқи, ҳам ички ўриндошларга нисбатан қўлланилиши мумкин.
  2. Қонунчиликда ёки ташкилотнинг касаба уюшмаси қўмитаси билан келишувга мувофиқ ўриндошлик асосида ишлашга чекловлар жорий этилганлиги муносабати билан.
Kadrovik.uz тавсия қилади

Меҳнат шартномасини бекор қилишда хатоларга йўл қўймаслик учун, меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий ва қўшимча асосларини  фарқлай олиш керак. Ходимни қандай қўшимча асосларга кўра ишдан бўшатиш мумкинлиги тавсияномада

Вазият
Қандай қилиб ўриндошлик асосида ишлашни асосий қилиш мумкин

Ўриндош ходим асосий ишидан бўшамоқда ва ўриндошлик асосий ишга айланишини хоҳлайди. Ўриндошлик асосида ишлайдиган ходимнинг иш берувчиси бунга рози.

Буни ўриндошлик асосида эмас, балки асосий иш деб ҳисобланадиган қўшимча келишув билан расмийлаштириш мумкинми? Ёки ўриндош ходимни аввал ишдан бўшатиб, кейин эса ўша асосий иш жойидаги лавозимга қабул қилиш керакми?

Ўриндошлик бўйича меҳнат шартномасини бекор қилиш ва асосий иш жойи бўйича янги меҳнат шартномасини тузиш керак.

Ўриндошлик асосида ишлаш – бу асосий ишдан бўш вақтда алоҳида меҳнат шартномаси шартлари асосида ҳақ тўланадиган бошқа мунтазам ишдир. Ўриндошлик бўйича иш асосий иш жойидаги меҳнат шартномаси шартларидан фарқ қиладиган бошқа иш бўлганлиги сабабли – иш ҳам, меҳнат шартномасидаги шартлар ҳам бошқача бўлади. Шундай қилиб, ходимни асосий иш жойига қабул қилиш фақат унинг аввалги меҳнат шартномасини бекор қилиш ва янги меҳнат шартномасини тузиш йўли билан мумкин.

Бу ҳолда сиз ходим билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилиб ва фойдаланилмаган барча меҳнат таътиллари учун компенсация тўлаб, ёки фойдаланилган, лекин ишлаб берилмаган таътил кунлари учун тегишли суммани ушлаб қолган ҳолда, ходимни ишдан бўшатасиз.

Асосий иш жойи бўйича янги меҳнат шартномаси тузилганда ходим иш бошланган кундан бошлаб 6 ой ўтгандан кейингина биринчи меҳнат таътилини олишга ҳақли бўлади. Бироқ ходим ва иш берувчи таътилни эртароқ беришга келишиб олишлари мумкин.

Диққат
Ходимни тарафларнинг келишувига кўра ёки ходимнинг ташаббуси билан фақатгина унинг розилиги билан ишдан бўшатиш мумкин.

Меҳнат шартномасини бекор қилишни МКнинг 170-171-моддаларида назарда тутилган қоидалар бўйича расмийлаштиринг ва my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказинг.

Сўнгра асосий иш жойи бўйича ишга қабул қилишни одатдаги тартибда расмийлаштиринг: бошқа шартлар билан янги меҳнат шартномасини тузинг, уни my.mehnat.uz сайтида рўйхатдан ўтказинг, буйруқ чиқаринг, ишга қабул қилинганлик тўғрисидаги ёзувни қоғоз меҳнат дафтарчасига киритинг – меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги ёзувдан кейин.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ишга қабул қилишни қандай расмийлаштириш ва меҳнат шартномасини тузиш ҳақида экспертлар тавсияномасидан билиб олин.
Вазият
Ўриндош ходим асосий иш жойидан бўшатилса

Ходим асосий иш жойидан ташқари ўриндошлик асосида иккита жойда ишлайди. У асосий иш жойидан бўшаш ниятида. У иккита бошқа иш берувчида ўриндошлик асосида ишлашни давом эттириши мумкинми? Буларнинг барчаси унинг меҳнат фаолияти бўйича ёзувларда қандай акс эттирилиши керак?

– «Ўриндош» тушунчасининг мазмунидан келиб чиқадики, асосий иш жойидан бўшаётганда ўриндошлик асосидаги ишлардан бири ходим учун асосий ишга айланиши керак .

Бунинг учун ходим, ўз хоҳишига кўра, иш берувчилардан бирига уни асосий иш жойи бўйича ишга ўтказиш тўғрисида илтимос билан мурожаат қилиши мумкин. У асос сифатида асосий иш жойи бўйича меҳнат шартномаси бекор қилингани тўғрисидаги ёзув киритилган меҳнат дафтарчасини тақдим этиши керак.

Одатда, ташкилотнинг асосий ходими тўлиқ ставкада ишлайди, ўриндошлар эса ярим ставкадан кўп бўлмаган иш билан таъминланади . Ўриндош ходимларнинг иш тартиби ҳам асосий иш жойи бўйича ишлайдиган ходимларнинг иш тартибидан фарқ қилади. Ўриндошнинг иш вақти режимини қандай ўрнатиш ҳақида батафсил тавсияномадан билиб олинг.

Ходим иш берувчидан меҳнат шартномаси шартларидаги барча ўзгаришлар (ставка миқдорининг ўзгариши, иш ҳақининг ошиши, иш вақти тартибининг ўзгариши) билан уни тўлиқ иш кунига ўтказишни сўраши мумкин. Ёки бўлмаса унга худди ўша меҳнат шартларини (тўлиқсиз иш вақти, иш ҳақи ва бошқалар) қолдиришни, лекин бунда уни асосий ходим деб ҳисоблашни сўраши мумкин.

Қарорни иш берувчи қабул қилади.

Ходим асосий ходимга айланадиган ташкилот келгусида унинг қоғоз меҳнат дафтарчасини юритишда давом этади.

Барча меҳнат шартномалари ЯММТда мажбурий рўйхатдан ўтказилиши муносабати билан  ўриндош ходимнинг иши тўғрисидаги маълумотлар унинг электрон меҳнат дафтарчасида автоматик равишда акс этади.

 

Kadrovik.uz тавсия қилади
Ўриндошлик асосидаги ишни қандай қилиб асосий қилиш ҳақида батафсил экспертнинг жавобида билиб олинг. 

Ўриндошлик ва бир неча лавозимда ишлашнинг фарқлари

Ўриндошлик ва бир неча лавозимда ишлаш ўртасида фарқ бор – бу иккита ҳар хил тушунча ва уларнинг расмийлаштирилиши ҳам ҳар хил. Бир нечта лавозим бўйича ишлайдиган ходим асосий вазифалари билан бир қаторда ушбу ёки бошқа лавозим бўйича қўшимча ишни қўшимча ҳақ эвазига бажаради. Бунда ходим бунга ёзма розилик бериши керак.

 Жадвал

Ўриндошлик ва бир неча лавозимда ишлашнинг фарқлари


Ўриндошлик асосида ишлашда

Бир неча лавозимда ишлашда

– иш асосий ишдан бўш вақтда бажарилади;

– алоҳида меҳнат шартномаси тузилади;

– ходимнинг хоҳишига кўра меҳнат дафтарчасига ўриндошлик асосидаги иш тўғрисидаги ёзув киритилади, электрон меҳнат дафтарчасида (ЯММТ) маълумотлар мажбурий тартибда акс этирилади;

– меҳнатга ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳақ тўланади.

– иш асосий ишдан озод қилинмаган ҳолда бажарилади;

– меҳнат шартномасига қўшимча келишув тузилади ёки қўшимча лавозим буйруққа асосан тайинланади;

– маълумот қоғоз шаклидаги ҳам, электрон шаклидаги ҳам меҳнат дафтарчасида акс эттирилмайди.

Бир неча лавозимда ишлаганлик учун қўшимча ҳақ тарафларнинг келишувига кўра белгиланади:

– бюджет ташкилотлари ходимларига – бир неча лавозимда ишлаганлик учун тариф ставкасининг 50 фоизидан кўп бўлмаган миқдорда;

– бюджетдан молиялаштирилмайдиган ташкилот ходимларига – бир неча касбда ҳақиқатда бажарилган ишга доир иш ҳақи миқдорида.

Йўқ. Филиалларнинг раҳбарлари ва бош бухгалтерлари ташкилотнинг ваколатли органи ёки ташкилот мулкдори ёхуд мулкдор томонидан вакил қилинган шахс (орган) нинг рухсати билан бошқа иш берувчида ўриндошлик асосида ишлаши мумкин.

Бошқа тоифадаги ходимлар учун бундай шарт йўқ. Улар иш берувчининг, касаба уюшмаси қўмитасининг (ходимлар вакиллик органининг) ёки асосий иш жойидаги бошқа органнинг розилигисиз ташқи ўриндошлик асосида ишлашга ҳақлидирлар.

Эслатиб ўтамиз

Асосий иш жойи иш берувчи ходимнинг меҳнат дафтарчасини юритадиган ташкилотдир. Ўриндошлик асосида ишлаш бу асосий ишдан ташқари ва ундан бўш вақтда алоҳида меҳнат шартномаси шартлари асосида бажариладиган ҳақ тўланадиган бошқа ишдир.

Бошқа иш берувчига ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар (ташқи ўриндошлик) меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан тасдиқланган шаклдаги маълумотномани тақдим этадилар. Бундай маълумотномасиз бошқа ташкилот шахсни ўриндошлик асосида ишга қабул қилишга ҳақли эмас. Ходим ўриндошлик асосида бошқа жойга ишга жойлашиш нияти тўғрисида асосий иш берувчини хабардор қилади ва маълумотнома беришни сўрайди. Агар ходим қуйидаги лавозимларга эга бўлмаса, иш берувчи бундай маълумотномани бериши шарт:

·         ташкилот раҳбари;

·         ташкилот раҳбарининг ўринбосари;

·         ташкилотнинг бош бухгалтери;

·         ташкилотнинг алоҳида бўлинмаси раҳбари. 

Шунингдек агар ходим санаб ўтилган тоифалардан бирига мансуб бўлса, иш берувчи маълумотнома бериш ёки бермаслик ҳуқуқига ҳам эга.

Чтобы получать новости от Kadrovik.uz первыми, подписывайтесь на Telegram-канал