Пригодится каждому кадровику в декабре:
ОТМ томонидан юборилган битирувчини ишдан бўшатиш мумкинми
«Компанияда ОТМ томонидан ўқишни «грант асосида» битиргандан сўнг юборилган битирувчи ишлайди. Ўз мажбуриятларини ёмон бажаради, меҳнат интизомини бузади – ишга кечикади, иш вақти тугашидан олдин кетади. Биз унга интизомий жазо қўллашимиз ёки ишдан бўшатишимиз мумкинми?».
«Норма» эксперти, юрист Ленара Хикматова иш берувчи ушбу тоифадаги ходимлар билан меҳнат муносабатларини қандай ўрнатиши кераклигини тушунтирди:
– Давлат грантлари бўйича таълим олган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари билан якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар олий таълим ташкилотининг тақсимот комиссияси томонидан берилган меҳнат шартномаси асосида уларни ишга юбориш натижасида юзага келади .
Бундай ходимлар аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифалари жумласига киради, шунинг учун уларга ишга жойлаштириш соҳасида қўшимча кафолатлар белгиланган :
агар улар олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч ой ичида йўлланма бўйича олинган мутахассислигига доир ишга кираётган бўлса, уларга дастлабки синов белгиланмайди .
Бошқа ҳолларда ушбу тоифадаги ходимлар билан меҳнат муносабатлари Меҳнат кодексида белгиланган умумий қоидалар бўйича шаклланади. Агар ходим меҳнат интизомини бузса, ўз меҳнат вазифаларини нотўғри бажарса ёки бажармаса, унга нисбатан қуйидаги интизомий чоралар қўлланилиши мумкин :
1) ҳайфсан;
2) ўртача ойлик иш ҳақининг ўттиз фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима. Меҳнат тартиби қоидаларида ўртача ойлик иш ҳақининг эллик фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима солиниши учун асослар белгиланиши мумкин;
3) МКнинг 161-м. 2-қ. 4-б. (меҳнат мажбуриятларини мунтазам равишда бузганлиги учун) ёки 5-б. бўйича (меҳнат мажбуриятларини бир марта қўпол равишда бузганлиги) меҳнат шартномасини бекор қилиш.
Тегишинча, агар ОТМ томонидан юборилган битирувчи интизомий ҳуқуқбузарлик содир этган бўлса, унга ҳайфсан эълон қилиш, жарима солиш ва ҳатто интизомий жавобгарлик чораларини қўллаш тартибига мувофиқ ишдан бўшатиш мумкин .
Аммо – меҳнат шартномасини бекор қилиш каби интизомий жавобгарлик чорасини қўллаш билан боғлиқ битта фарқ мавжуд. Эслатиб ўтамиз, Меҳнат кодексининг 161-модда 2-қисм 4 ва 5-бандлари иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш учун асослар рўйхатига киритилган. Худди шу модда давлат грантлари бўйича ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч йил ичида биринчи марта ишга кираётган ОТМ битирувчилари билан меҳнат шартномаси тугатилганда маълум талабни белгилайди. Агар улар билан меҳнат шартномаси ушбу меҳнат шартномаси тузилган кундан эътиборан уч йиллик муддат ўтгунига қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилинганда иш берувчи бу ҳақда маҳаллий меҳнат органига ёзма шаклда хабар қилиши керак.
Хабарномада ходимнинг Ф.И.О., лавозими, аҳолининг аниқ бир эҳтиёжманд тоифасига мансублиги, меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос ва ишдан бўшатишга сабаб бўлган ҳолатларни кўрсатинг.
Бундан ташқари, иш берувчининг ташаббуси билан меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий тартибига риоя қилинг. Хусусан:
1)ходимнинг айбли ҳаракатлари муносабати билан бўлғуси ишдан бўшатиш тўғрисида камида уч кун олдин огоҳлантиринг ёки огоҳлантириш муддатининг давомийлигига мувофиқ келадиган пулли компенсация тўланг ;
2) агар бу жамоа келишуви ёки жамоа шартномасида назарда туилган бўлса, касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органининг розилигини олинг.
Шунингдек, янги МКнинг 163-моддасида белгиланган тақиқлар ҳақида унутманг. Меҳнат шартномасини қуйидагилар бўйича бекор қилманг:
- МК ёки бошқа қонунларда назарда тутилмаган асослар бўйича;
- агар бу меҳнат ва бандлик соҳасида камситишга олиб келадиган бўлса ;
- вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даврида, ходимнинг таътилларда бўлиши;
- ходим давлат ёки жамоат мажбуриятларини бажарганлиги муносабати билан ишдан озод этилган даврда ;
- ходим хизмат сафарида бўлган даврда;
- агар бу ҳомиладор аёллар ва уч ёшгача боласи бўлган ходимлар учун кафолатларни бузса .