Ходимларни назорат қилишда қандай қилиб хатоларга йўл қўймаслик мумкин

07.02.2025

Тавсияномада:

  • Раҳбарлар қўл остидаги ходимларни назорат қилишда йўл қўядиган хатолар
  • Раҳбар қандай қилиб самарали назоратни шакллантириши мумкин
  • Назоратни қандай қилиб ходимлар учун шаффоф ва фойдали қилиш мумкин

Раҳбар назорати – бу компания доирасидаги вазифалар бажарилишини мониторинг қилиш ва бошқариш жараёнидир. Бироқ у адолатли бўлиши керак: баъзиларини қаттиқ текшириш мумкин эмас, бошқалари эса умуман назорат қилинмайди.

Бунда назорат даражаси ходимга боғлиқ. Янги келганларни тез-тез текшириб туришади, чунки улар эндигина ўзлашяптилар. Тажрибали ходимлар асосий босқичларда назорат қилинади, уларга вазифаларни бажариш ишониб топширилади. Баъзан норозилик сабаби назоратнинг ўзи эмас, балки унинг муваффақиятсиз ташкил этилишидир. Бундай ҳолатда раҳбар ёндашувни қайта кўриб чиқиши лозим.

Раҳбарлар қўл остидаги ходимларни назорат қилишда йўл қўядиган хатолар

1. Назорат фақат салбий вазиятларда қўлланилади, шу сабабли у жазо сифатида қабул қилинади. Бу ходимларни демотивация қилади, муаммоларни яширишга мажбур қилади ва саботажга олиб келиши мумкин.

2. Назорат ҳаддан ташқари батафсил ва кенг қамровли. Бу вақтинчалик натижа бериши мумкин, аммо охир-оқибат ташаббусни камайтиради ва ходимларни масъулиятсиз қилади.

3. Назорат яширин: ходимлар уларни ким ва қандай текшираётганини билмайдилар. Бу манипуляцияга айланиб, ишончга путур етказади.

4. Текис бўлмаган назорат. Агар баъзилар доимий равишда текширилса, бошқаларга деярли тегилмаса, бу коллективда хавотир, норозилик ва низоларни келтириб чиқаради.

5. Назорат ходимларга босим ўтказиш ва ўч олиш учун ишлатилади, бу раҳбар ва ходимлар ўртасидаги шахслараро муносабатлардаги муаммолар мавжудлигини англатади.

6. Назорат ҳеч қандай оқибатга эга эмас: хатолар жавобсиз қолади, муваффақиятлар эса тан олинмайди. Натижада назорат ўз маъносини йўқотади.

Вазият
Ходим ва раҳбар ўртасидаги зиддият қандай ҳал қилиниши мумкин
Ходимдан раҳбар томонидан ҳаддан ташқари назорат қилинаётгани юзасидан шикоят келиб тушган. Унинг сўзларига кўра, бошқа ходимлар бошлиқ томонидан бундай назоратга дуч келишмайди.

Вазиятни ҳал қилиш ва ходим билан раҳбар ўртасидаги муносабатларни қандай йўлга қўйиш мумкин?

Муаммони ҳал қилиш учун, HR мутахассиси иштирокида ходим ва раҳбар ўртасида мулоқотни ташкил этиш муҳимдир. Ходим томонидан қандай ҳаракатлар ҳаддан ташқари назорат сифатида қабул қилинишини аниқланг ва бу назоратнинг холислигини текширинг. Раҳбарга барча ходимларга тенг ёндашиш муҳимлигини тушунтиринг. Эҳтимол, тушунмовчиликларни бартараф этиш учун, ходимнинг иш юкламаси ва унинг иш натижаларини таҳлил қилиш керакдир.

Раҳбар қандай қилиб самарали назоратни шакллантириши мумкин

Самарали назорат учта босқични ўз ичига олади:

  • дастлабки – ходим вазифани олади, муддатлар, талаблар ва кутилаётган натижа муҳокама қилинади;
  • оралиқ – раҳбар ишнинг қандай кетаётганини, ёрдам ёки тузатиш керак-керамаслигини аниқлайди;
  • якуний – натижа режа билан солиштирилади, тузатиш, ўқитиш ёки рағбатлантириш тўғрисида қарор қабул қилинади.

Назорат режалаштириш билан чамбарчас боғлиқ. Вазифалар қанчалик аниқ қўйилган бўлса, шунчалик уларни текшириш осон бўлади.

Назоратни бошлашдан олдин учта саволга жавоб бериш муҳим:

  • нимани назорат қилиш керак? – нимани кузатиш кераклигини аниқлаш;
  • мезонлар қандай? – кутилаётган натижани тавсифлаш;
  • қачон ва қандай? – назорат усулларини танлаш.

Назорат доимий ёки танлама, режали ёки тўсатдан бўлиши мумкин – ҳаммаси иш жараёнлари ва мақсадларига боғлиқ.

Масалан, сервис компанияларида хизмат кўрсатишнинг юқори даражасини сақлаб туриш муҳимдир. Бунинг учун фронт-офис ходимлари турли усуллар билан текширилади: қўнғироқлар таҳлил қилинади, мижозлар билан ишлаш кузатилади.

Бошқа соҳаларда назорат ҳужжатларни текшириш ёки ҳисоботларни таҳлил қилиш орқали амалга оширилиши мумкин.

Маслаҳат
Кундалик назоратнинг энг оддий воситаси – «Нима қилиш керак?» варақасидир. Кун ёки ҳафта бошида ходим иш режасини шакллантиради ва раҳбарга тақдим этади, кун ёки ҳафта охирида ҳисобот беради.

Назоратни қандай қилиб ходимлар учун шаффоф ва фойдали қилиш мумкин

Шаффоф ва фойдали назорат ходимларга талабларни тушунишга, ўз ютуқларини кўришга ва ривожланишига ёрдам беради.

Бунинг учун қуйидагилар зарур:

  • нима ва қандай назорат қилиниши, қайси мезонлар бўйича ва қайси муддатларда амалга оширилишини тушунтириш;
  • вазифаларни аниқ ифодалаш, кутилаётган натижани тавсифлаш ва дедлайнни ўрнатиш;
  • ходимларни иш учун зарур бўлган барча нарсалар: ресурслар, вақт, ахборот, бошқарув қарорлари билан таъминлаш.

Шаффоф ва фойдали назорат ходимларнинг ютуқларини тан олишни ҳам ўз ичига олади. Ходимлар ўз саъй-ҳаракатлари қадрланаётганини кўрса, бу мотивацияни оширади ва раҳбариятга бўлган ишончни мустаҳкамлайди. Ходимларнинг ютуқларини мунтазам равишда қайд этиб бориш, уларнинг ҳиссалари ва ютуқларини эътироф этиш муҳимдир, ҳатто улар вазифани ўз вақтида бажариш билан боғлиқ бўлмаса ҳам. Бу масъулият ҳиссини ривожлантиришга ёрдам беради, жамоавий руҳни мустаҳкамлайди ва умумий унумдорликни оширади.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг