Ишдан бўшатишда ходим билан қандай ҳисоб-китоб қилинади

09.04.2024
author avatar

Ленара ХИКМАТОВА

«Норма» эксперти

«Ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинмоқда. Унга нимани ва қайси муддатда тўлаб беришимиз керак?».

Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК асосида тайёрланган.

– Иш берувчи ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилаётганда у билан ҳисоб-китоб қилиши, жумладан қуйидаги тўловларни амалга ошириши керак:

1) Охиригача олинмаган иш ҳақи.

«Иш ҳақи» тушунчасига қуйидагилар киради :

  • ходимнинг малакасига, бажарадиган ишининг мураккаблигига, миқдорига, сифати ва шароитларига қараб тўланадиган меҳнат учун мукофот суммаси;
  • компенсация хусусиятига эга тўловлар: компенсация хусусиятига эга қўшимча тўловлар ва устамалар, шу жумладан – нормал иш шароитларидан четга чиқадиган (ишдан ташқари иш, дам олиш ва байрам кунларидаги, тунги вақтлардаги иш) шароитларда ишлаганлик, ноқулай табиий-иқлим шароитларида ишлаганлик учун шундай қўшимча тўловлар ва устамалар ҳамда компенсация хусусиятига эга бошқа тўловлар ва рағбатлантирувчи тўловлар;
  • тақдирловчи тўловлар (рағбатлантирувчи хусусиятга эга қўшимча тўловлар ҳамда устамалар, мукофотлар).

2) Ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар учун компенсация.

Гап ходим жорий иш йилида унга тегишли бўлган меҳнат таътилидан фойдаланмасдан ишдан бўшаётган вазият ҳақида бормоқда. Агар ходим иш йили ҳисобига таътил олиб бўлган ва иш йили тугамасдан ишдан бўшаётган бўлса, тескари қоида қўлланилади: янги МКнинг 269-моддасига мувофиқ ундан таътилнинг ишлаб берилмаган кунлари учун ушлаб қолинади.

Ходимга жорий иш йилида фойдаланилмаган ҳар йиллик таътил учун тўланадиган компенсация унинг ушбу иш йилида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳисобланади. Бунинг учун янги МКнинг 224-моддасида белгиланган қоида қўлланилади:

  • ҳар йилги меҳнат таътилининг давомийлигини ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда унинг давомийлиги ҳар йилги асосий ва қўшимча меҳнат таътилининг тўлиқ миқдорини ўн иккига бўлиш ҳамда тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Ўн беш календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган ортиқча кунлар бир ой деб яхлитланади, ўн беш календарь кундан ками эса ҳисобга олинмайди. Ишлаб берилган вақтга мутаносиб равишда меҳнат таътили кунлари умумий давомийлигини ҳисоблашда олинган 0,5 га тенг ва ундан кўп ўнликлар бир кун деб яхлитланади, 0,5 дан ками эса ҳисобдан чиқариб ташланади.
Мисол
Фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблаш
Ходим ташкилотда 9 ой ишлади. У билан меҳнат шартномаси бекор қилинмоқда. Ходим 24 календарь кун давомийликдаги  таътилдан фойдаланмаган.

Ишдан бўшатилаётганда компенсация миқдорини аниқлаш учун таътилнинг давомийлиги:

24: 12 х 9 = 18 кунни ташкил қилади.

Иш берувчи ходимга фойдаланилмаган таътилнинг 18 куни учун пуллик компенсация тўлаши керак.

Эътибор беринг

Пуллик компенсация барча фойдаланилмаган асосий ва қўшимча таътиллар учун тўланади. Кўпинча амалиётда ходимга МК нормаларини бузган ҳолда, иш йили учун берилиши керак бўлган меҳнат таътили иш йилининг охиригача ўз вақтида берилмайди. Аммо бу таътиллар «куйишини» англатмайди.

Агар ходимда ишдан бўшатилган кунга қадар олдинги иш йиллари учун фойдаланилмаган таътил кунлари қолган бўлса, иш берувчи унга улар учун тегишли пуллик компенсация тўлаши шарт. Бу ҳақда батафсил қуйидаги тушунтиришда ўқинг:

Вазият
Фойдаланилмаган таътил учун компенсацияга нисбатан даъво муддати қўлланиладими

Ходим корхонада 20 йил ишлаган. Сўнгги 5 йил давомида унга меҳнат таътили берилмаган. Энди у ўз хоҳиши билан ишдан бўшайди. Корхона юристи фойдаланилмаган таътиллар учун компенсация фақат 3 йил учун тўланишини талаб қилади, чунки қолган йиллар бўйича даъво муддати тугаган. Бу тўғрими?

 Йўқ, юрист ноҳақ.

Меҳнат шартномаси бекор қилинганда, иш берувчи ходимга, муддати чекланмаган ҳолда, барча фойдаланилмаган йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пул компенсацияси тўлаши шарт  .

Бундан ташқари, меҳнат низолари бўйича комиссия ёки якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи суд ходимнинг пул талабларини асосли деб топганда, улар тўлиқ миқдорда қаноатлантирилади .

Диққат
Иш берувчи ишдан бўшатишда узил-кесил ҳисоб-китобни тўлаш муддатларини бузса, жазолаши ва ходимга компенсация тўлаш мажбуриятини юклаши мумкин .

Даъво муддати – бу шахс ўзининг бузилган ҳуқуқини суд тартибида ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Даъвонинг умумий муддати 3 йилни ташкил этади. Бироқ айрим турдаги талаблар учун махсус – қисқартирилган ёки узоқроқ даъво муддатлари белгиланган.

Меҳнат низолари бўйича мурожаат қилиш муддатлари улар қаерда ҳал этилишига боғлиқ:

Агар улар меҳнат низолари бўйича комиссияда ҳал этилса

Ходим ўз ҳуқуқининг бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 6 ой .

Муҳим
Агар мурожаат қилиш муддати узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган бўлса, КТС (меҳнат низолари комиссия) муддатни тиклаши ва низони мазмунан кўриб чиқиши мумкин.

Агар улар суд тартибида ҳал қилинса :

· ходимга иш берувчининг у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруғининг нусхаси топширилган кундан бошлаб 3 ой – ишга тиклаш тўғрисидаги низолар бўйича;

· иш берувчи томонидан етказилган зарар аниқланган кундан бошлаб 1 йил – ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича;

· бошқа меҳнат низолари бўйича – ходим ўз ҳуқуқининг бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 6 ой.

Муҳим
Ходимнинг ҳаёти ва соғлиғига етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар, шунингдек ходимга етказилган маънавий зарарнинг ўрнини қоплаш тўғрисидаги низолар бўйича судга мурожаат қилиш муддати белгиланмайди.

МТТга ёки якка тартибдаги меҳнат низоларини кўрадиган судга мурожаат қилиш муддатининг ўтиши якка тартибдаги меҳнат низосини медиация тартибида кўриб чиқиш даврига тўхтатиб турилади  .

Шундай қилиб, фойдаланилмаган йиллик таътиллар учун пул компенсацияси тўлаш тўғрисида судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат қилиш муддати ходим ўз ҳуқуқининг бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб 6 ойни ташкил этади. Кўриб чиқилаётган мисолда – ходим иш берувчидан ишдан бўшатишда фойдаланилмаган барча таътиллар учун компенсация тўлашдан бош тортган кундан бошлаб  .

Вазият
Ишдан бўшатишда компенсация тўланганда иш ҳақи сақланмайдиган таътилни қандай ҳисобга олиш керак

Ходим 2024 йил 10 январда ишга қабул қилинди, 28 майда у ишдан бўшади. Ушбу даврда у 20 кунлик иш ҳақи сақланмайдиган таътил олган. Фойдаланилмаган таътил учун бериладиган пулли компенсация ҳисоб-китобида буни ҳам ҳисобга олишимиз керакми? Меҳнат таътилининг давомийлиги – 24 календарь кун.

Меҳнат кодексининг  мувофиқ, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пулли компенсация тўланади. Бунда йиллик асосий таътил олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига ходим ҳақиқатда ишламаган , аммо унинг иш жойи (лавозими) сақланиб қолган вақт киради.

Ушбу қоидадан қуйидагилар мустасно:

  • қисман ҳақ тўланадиган бола паравариши бўйича таътиллар ;
  • 2 ҳафтадан ортиқ давом этадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътиллар.

Агар ходимга 2 ҳафтадан кўп муддатга иш ҳақи сақланмайдиган таътил расмийлаштирсангиз, унинг ҳар йилги таътилга ҳуқуқ берувчи иш стажидан 14 кундан ошадиган кунлар сонини чиқариб ташлашингиз керак.

Кўриб чиқилаётган мисолда ходим 20 кун давомида иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган. У тўлиқ иш йилини ишлаб бермаган, шу сабабли қанча таътил куни компенсация қилинишини аниқлаш учун, таътилнинг давомийлигини ишлаган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқамиз.

Бунинг учун Меҳнат кодексининг  белгиланган қоидани қўллаймиз: таътиллар муддатини ишланган вақтга мутаносиб равишда ҳисоблаб чиқаришда уларнинг муддати ҳар бир тўлиқ таътил миқдорини 12 га бўлиб, сўнг тўлиқ ишланган ойлар сонига кўпайтириш йўли билан аниқланади. Бунда 15 календарь кунга тенг ва ундан кўп бўлган қолдиқ кунлар бир ой деб яхлитланади, 15 календарь кундан ками эса – чиқариб ташланади.

2024 йил 10 январдан 28 майгача ходим тўлиқ 4 ой ва 19 кун ишлаган. У 20 кунлик иш ҳақи сақланмайдиган таътил олганлиги сабабли, унинг иш стажидан 6 кун (20–14) чиқариб ташланади. Шундай қилиб, ходимнинг фойдаланилмаган таътилни компенсация қилиш учун иш стажи 4 ой-у 13 кунни ташкил этди. Меҳнат кодексининг  қоидасига кўра, 13 кун қолдиқ сифатида чиқариб ташланади, роппа-роса 4 ой қолади.

Энди таътилнинг давомийлиги (24 календарь куни) 12 га бўлинади ва 4 ой иш кунига кўпайтирилади (24 : 12 х 4). Демак, ходимга фойдаланилмаган меҳнат таътилининг 8 календарь куни учун пулли компенсация тўлашингиз керак.

Таққослаш учун, ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътилни 20 кунга эмас, балки роппа-роса 2 ҳафтага олди деб, тахмин қилайлик. Унда фойдаланилмаган таътил учун компенсацияни ҳисоблаш учун стаж 5 ойни ташкил қилган бўлар эди. Бу ҳолда ушбу 14 кун ходимнинг иш стажидан чиқариб ташланмаган, 19 кун миқдоридаги қолдиқ кунлар эса тўлиқ ойгача яхлитланган бўлар эди. Ўшанда  ходимга 10 календарь кун учун компенсация тўланар эди (24 : 12 х 5).

Вазият
МКдаги ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда ишдан бўшатиш чоғида компенсация ҳисоблаш

Ташкилотимиздан ходим ишдан бўшаб кетмоқда ва биз унга фойдаланилмаган меҳнат таътили учун компенсация ҳисоблашимиз керак. Илгари биз ҳисоблашнинг стандарт  тартибини қўллар эдик, бироқ Меҳнат кодексига киритилган ўзгартишларни ҳисобга олган ҳолда бизда саволлар туғилди.

Энди фойдаланилмаган таътил учун пулли компенсацияни қандай тўғри ҳисоблаш керак? Ходимда бир неча йиллар учун фойдаланилмаган таътиллар қолган бўлса, нима қилиш керак? Тўловларда хатоларга йўл қўймаслик учун амалдаги қоидалар бўйича тушунтиришлар олишни истардик.

Ходим томонидан фойдаланилмаган барча асосий ва қўшимча таътиллар компенсация қилинади.

Меҳнат кодексига киритилган ўзгартишларга кўра, фойдаланилмаган меҳнат таътили учун пулли компенсацияни ҳисоблашда иккита муҳим жиҳатни ҳисобга олиш зарур:

1️. Компенсацияни тўлашда
МК 234-моддасининг 3 қисмига мувофиқ, фойдаланилмаган таътил учун компенсация ҳисоблашда якшанба инобатга олинмайди. Бу шуни англатадики, ҳақ тўланиши керак бўлган кунлар сонини аниқлашда қуйидаги формуладан фойдаланиш лозим:

Компенсация кунлари сони = Таътилнинг календарь кунлари сони ÷ 7 × 6

Масалан, ходимга ишдан бўшатилгунигача бўлган иш даври учун фойдаланилмаган таътил учун 10 календарь кун компенсация белгиланган. Ҳисоблаш қуйидагича бўлади:

10 ÷ 7 × 6 = 8,57

Бутун сонгача яхлитлангандан кейин 9 кун бўлади, ушбу кунлар учун иш берувчи компенсация тўлаши керак.

2️. Ўртача иш ҳақини ҳисоблашда
МК 257-моддасининг 2 қисмига аниқлик киритилди ва энди ўртача иш ҳақини ҳисоблаб чиқариш учун ходимнинг иш берувчи томонидан ҳақиқатда тўланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги барча даромадлари ҳисобга олинади. Бу шуни англатадики, эндиликда ўртача иш ҳақи у ҳисобланадиган ойдан олдинги 12 календарь ой учун ходимнинг барча даромадлари суммасининг 1/12 қисми миқдорида белгиланади.

Kadrovik.uz тавсия қилади
Меҳнат кодексига яна қандай муҳим ўзгартишлар киритилди, маълумотномада билиб олинг.

3) Бошқа тўловлар, агар улар меҳнат қонунчилиги, меҳнат тўғрисидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ёки меҳнат шартномасида назарда тутилган бўлса.

Масалан:

  • меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда тўланадиган ишдан бўшатиш нафақаси ;
  • Неустойка. Муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинган тақдирда ушбу шартномада тарафларнинг неустойка тўлаш ҳақидаги ўзаро мажбурияти назарда тутилиши мумкин.  Агар меҳнатга оид муносабатлар ходимнинг айбли ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ бўлмаган асослар бўйича иш берувчининг ташаббусига кўра тугатилган бўлса, иш берувчи ходимга неустойка тўлайди ;
  • Янги МКнинг 165-моддасига мувофиқ меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда огоҳлантириш муддати эвазига пуллик компенсация;
  • Бошқа тўловлар, шу жумладан жамоа шартномаси, ички ҳужжатлар, меҳнат шартномасида назарда тутилган тўловлар.

Ходим билан қанча муддатда «ҳисоб-китоб» қилиш керак

Иш берувчидан ходимга тегишли бўлган барча суммалар меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда тўланади.

Агар ходим ўша куни ишламаган бўлса, ушбу тўловлар ходим томонидан тегишли талаб қўйилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тўланиши керак. Агар иш берувчи иш ҳақини нақд пулда тўласа, ушбу уч кун унга банк муассасалари ишининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда хизмат кўрсатувчи банкдан пул олиш имконини беради. Бунда МКнинг 172-моддасида уч кунлик муддат бу вазиятда иш кунларида ҳисобланишига аниқлаштиришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз. Ахир ходим тўловни жума куни кечқурун талаб қилиши мумкин, тегишинча агар муддат календарь кунларда ҳисобланса, унга душанба куни пул тўлаш керак бўлади.  Ёки масалан, ходим талабини узоқ давом этадиган байрамлар арафасида тақдим қилди. Банклар, одатда, ишланмайдиган байрам кунларида ишламайди. Демак, иш берувчи ходимга унинг иш ҳақини кечиктирмасдан нақд пул билан бера олмайди.

Агар ходимга давр якунлари бўйича мукофот берилиши керак бўлса, меҳнат шартномаси эса бекор қилинган бўлса

Агар меҳнат шартномаси бекор қилинган ходимга  ички ҳужжатлар ёки меҳнат шартномасига мувофиқ меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейинги даврда – ой, чорак ёки йил якунлари бўйича мукофотлар ҳисобланган бўлса, ушбу тўловлар ходим томонидан тегишли талаб қўйилганидан кейин уч кундан кечиктирмай тўланиши керак .

Эътибор беринг

Иш берувчи барча санаб ўтилган тўловларни ходимга меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда тўлайди. Шунингдек, ходим ишдан бўшатилгандан кейин тўланиши керак бўлган тўловлар ҳам мавжуд. Хусусан, янги МКнинг 100-моддасига мувофиқ меҳнат шартномаси алоҳида асосларга кўра бекор қилинганда ходимда иш қидириш даврида ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади.

Тушунтиришлар материал эълон қилинган пайтда амалда бўлган нормаларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган ва экспертлар фикрини акс эттиради. Якуний қарорни фойдаланувчи аниқ вазиятларни ҳисобга олган ҳолда мустақил равишда қабул қилади
Kadrovik.uz янгиликларини биринчи бўлиб олиш учун Telegram-каналга обуна бўлинг