Ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга қандай бўлинади
Тавсияномада:
– таътилни қисмларга қандай тўғри бўлиш керак:
жорий иш йили давомида таътилнинг қисмларидан фойдаланиш қоидалари;
таътилнинг қисмини кейинги иш йилига кўчириш қоидалари;
таътилнинг қисмини пулли компенсация билан алмаштириш қоидалари;
– қачон таътилни бўлиш мумкин эмас ва иш берувчи таътилни бўлишни рад этиши мумкинми;
нима учун иш берувчи ходимга таътилни қисмларга бўлишни рад этиши мумкин;
– иш берувчи ишлаб чиқариш зарурияти туфайли ходимнинг розилигисиз таътилни қисмларга бўлиб тақдим этиши мумкинми;
– таътилни қисмларга бўлиш қандай расмийлаштирилади;
ходимнинг ташаббусига кўра таътилни бўлишни расмийлаштириш;
иш берувчининг ташаббусига кўра таътилни бўлишни расмийлаштириш;
– таътилни қисмларга бўлиш таътиллар жадвалида қандай акс эттирилади.
Таътилни қисмларга қандай тўғри бўлиш керак
МК таътилни фақат тарафларнинг келишувига кўра қисмларга бўлишга йўл қўяди.
Таътилни қисмларга бўлишда асосийси – унинг қисмларидан бири 14 календарь кундан кам бўлмаслиги керак
. Бу таътилнинг бўлинмайдиган қисми. Ундан ходим бир йўла ва таътил берилган иш йилида (бундан кейин – жорий иш йили) фойдаланиши шарт.
Таътилнинг қолган кунларидан, ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра:
- жорий иш йили давомида фойдаланиш;
- кейинги иш йилига кўчириш – МК 230-моддаси қоидаларига кўра;
- пулли компенсация билан алмаштириш мумкин – таътилнинг 21 календарь кундан ортиқ бўлган қисмини
.
Таътилнинг қолган кунларидан жорий иш йили давомида қандай фойдаланиш керак
14 календарь кундан ортиқ бўлган таътилнинг қолган кунларидан жорий иш йилида бир йўла ёки қисмларга бўлиб: 1, 2, 3, 4 иш кунларидан ва ҳоказо фойдаланиш мумкин.
Қонун таътилни икки қисмдан ортиқ қисмларга бўлишни тақиқламайди. МКда таътилни бўлишда қисмлар сони бўйича чеклашлар ҳам йўқ. Асосийси – иш берувчи ва ходим бу ҳақида келишиб олишлари ва иккиси ҳам рози бўлишлари керак.
Ходимнинг ҳар йилги меҳнат таътили – 24 календарь кун. Ходим ва иш берувчининг ўзаро келишувига кўра таътил қисмларга бўлинди.
Таътилнинг 24 кунидан 14 кунини ходим қисмларга бўлмасдан, бир йўла ва албатта жорий иш йилида фойдаланиши шарт.
Таътилнинг қолган 10 кунидан бир йўла ёки қисмларга бўлиб, 1 кундан ҳам фойдаланиш мумкин.
Қонунчилик жорий иш йилида фойдаланиладиган таътил қисмлари ўртасидаги даврга талаблар қўймайди. Таътилнинг навбатдаги қисмидан, ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра, исталган вақт оралиғидан кейин фойдаланиш мумкин.
Таътилнинг қисмларидан қандай кетма-кетликда фойдаланиш ҳам аҳамиятга эга эмас. Дастлаб 14 кундан иборат бўлинмайдиган қисмидан, сўнг – қолган кунларидан ёки, аксинча, бўлинмайдиган қисмидан – охирида фойдаланиш мумкин. Бунда қонун бузилиши ҳолати йўқ. Қисмлар исталган кетма-кетликда бўлиши ва ходим билан қандай келишишингизга боғлиқ бўлиши мумкин.
Ходимнинг таътили – 30 кун. Ва у ёзги даврга тўғри келади. Оилавий шароитга кўра, ходим иш берувчидан таътилни қисмларга бўлишни сўради: таътилнинг 5 календарь кунини июнда, 5 кунини – июлда, 14 кунини – августда, қолган 6 кунини – иш берувчи билан келишган ҳолда иш йили тугагунга қадар бошқа вақтда.
Иш берувчи қарши эмас. Мазкур ҳолатда таътилни бўлиш белгиланган қоидаларга мувофиқдир.
Ходим ва иш берувчи ходимнинг давомийлиги 21 календарь кундан иборат бўлган меҳнат таътилини, ҳар бир қисми 1 ҳафтани ташкил этадиган қилиб, бўлишди. Яъни таътил ҳар бири 7 календарь кундан иборат 3 та қисмга бўлинади.
Таътилни бундай бўлишга йўл қўйиладими?
– Йўқ, таътилни қисмларга бундай бўлиш мумкин эмас. Меҳнат таътилининг бир қисми камида 14 кун бўлиши лозимлиги ҳақидаги МК талаби бажарилмаган.
Бу меҳнат қонунчилигини бузиш ҳисобланади ва бунинг учун меҳнат инспекцияси мансабдор шахсни – иш берувчини МЖтК 49-моддаси бўйича маъмурий жавобгарликка тортиши мумкин. Ушбу модда бўйича жарима БҲМ 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда назарда тутилган.
Компанияда ходимларга меҳнат таътилининг 14 календарь кундан иборат бўлинмайдиган қисмини бир йўла олишга рухсат берилади, қолган қисмини эса йил давомида 1 кундан отгул сифатида олиш имконияти берилади.
Бу қонунийми?
– Ҳа, таътилни бундай бўлиш вариантига йўл қўйилади. Бироқ мазкур ҳолатда «отгул» сўзини қўллаш нотўғри. «Таътил ҳисобига отгул» бериш МКда назарда тутилмаган. Мазкур ҳолатда ходим отгул эмас, балки ҳар йилги меҳнат таътилининг қисмини олади, ҳатто у бир кундан иборат бўлса ҳам.
Буйруқларда ходимга меҳнат таътилининг _____ календарь кундан иборат бўлган қисми тақдим этилади деб кўрсатиш тавсия қилинади. Бу тақдим этиладиган таътиллар ҳисобини енгиллаштиради ва Т-2 шаклдаги шахсий варақанинг «таътиллардан фойдаланиш» қисмини хатосиз тўлдириш имконини беради.
Бундан ташқари, ходимнинг бундай тартибга рози бўлиши ҳам муҳим. Чунки таътилни фақат тарафларнинг келишувига кўра қисмларга бўлиш мумкин. Агар ходим таътилдан бундай тарзда фойдаланишга рози бўлмаса, у ҳолда у тўлиқ энг кам давомийликдаги таътилга чиқишга ҳақлидир.
Тарафлар таътилни бўлиш тўғрисида келишиб олишлари лозим бўлган аниқ давр МКда йўқ. Буни таътиллар жадвалини тузиш босқичида ёки ундан кейинги босқичларда қилиш мумкин. Асосийси – бунга ходим ва иш берувчининг ўзаро рози бўлишидир. Агар таътилни бўлиш тўғрисидаги қарор таътиллар жадвалини тузиш босқичида қабул қилинган бўлса, ушбу маълумотларни унда акс эттириш лозим. Мазкур ҳолатда жадвалда ҳар бир қисмнинг аниқ давомийлиги ва уларни тақдим этиш вақти – аниқ саналари ёки календарь ойлари кўрсатилади.
Таътилнинг қолган кунлари кейинги иш йилига қандай кўчирилади
Меҳнат таътилининг 14 календарь кундан ортиқ қисмини кейинги иш йилига кўчириш мумкин. Бироқ буни фақат:
- ишлаб чиқариш хусусиятига эга сабабларга кўра жорий йилда меҳнат таътилини тўлиқ бериш имкони бўлмаган алоҳида ҳолларда;
- ходим ва иш берувчининг ўзаро келишувига кўра қилиш мумкин.
Кейинги иш йили давомида таътилнинг кўчирилган қисмидан мажбурий тарзда ва асли ҳолида фойдаланиш керак. Таътилнинг ушбу қисмини кейинги иш йилларига кўчиришга йўл қўйилмайди.
Ходимнинг давомийлиги 21 календарь кундан иборат бўлган ҳар йилги меҳнат таътилини, тарафларнинг келишувига кўра, бўлишга қарор қилинди: 7 календарь кун жорий иш йилида тақдим этилади, 14 кундан иборат бўлинмайдиган қисми эса кейинги иш йилига кўчирилади.
Таътилни қисмларга бундай бўлишга йўл қўйилмайди. Аксинча – 14 кундан жорий йилда фойдаланиш, 7 кунни эса кейинги иш йилига кўчириш – мумкин.
Таътилнинг қисмини кейинги иш йилига кўчириш масаласини жорий иш йилининг исталган вақтида ҳал қилиш мумкин. Асосийси, ходим мажбурий 14 кундан таътил берилган иш йилида фойдаланишга улгуриши керак.
Таътиллар жадвалида ўтган иш йили учун берилган таътилларнинг «қолдиқлар»и кейинги иш йили учун бериладиган таътил кунларига қўшилади. Ходимнинг таътил кунлари бўйича барча изоҳларни алоҳида графада бериш мумкин. Янада батафсил «Таътиллар жадвалини қандай тузиш ва тасдиқлаш керак» тавсияномасида қаранг.
Вояга етмаган ходимлар ва ногиронлиги бўлган ходимларга ҳар йилги меҳнат таътилини албатта тақдим этинг. Бу ноқулай меҳнат шароитларидаги иш ва ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун ҳар йилги қўшимча таътилларга ҳам тааллуқлидир
.
Бундай таътилларни кейинги иш йилига, ҳатто қисман, кўчириш мумкин эмас. Тегишинча, уларни фақат жорий иш йили давомида бўлиш мумкин ва улардан ушбу йилда асли ҳолида фойдаланиш керак.
Меҳнат таътилини бўлишда таътилнинг қисмини пулли компенсация билан қандай алмаштириш керак
Таътилнинг қисмини кейинги иш йилига кўчиришдан ташқари, МК уни пулли компенсация билан алмаштиришга ҳам йўл қўяди. Бироқ буни МК 234-моддасининг қоидаларига қатъий мувофиқ ҳолда қилиш мумкин.
Биринчидан, иш даврида пулли компенсацияни фақат ҳар йилги меҳнат таътилининг энг кам давомийлигидан ортиқ қисми учун тўлаш мумкин. Ҳар йилги меҳнат таътилининг энг кам давомийлиги – 21 календарь кун
. Улардан ходим асли ҳолида фойдаланиши керак, бундан ортиқ қисмини эса пул билан алмаштириш мумкин.
Ходимнинг таътили 30 каленларь кунни ташкил этади. Тарафлар, ўзаро келишувга кўра, таътилни қисмларга бўлишга ва унинг қисмларидан бирини пулли компенсация билан қуйидагича алмаштиришга қарор қилишди:
- 14 кундан жорий иш йилида фойдаланиш (таътилнинг бўлинмайдиган қисми);
- 7 кунни кейинги иш йилига кўчириш;
- 9 кунни пулли компенсация билан алмаштириш.
Бундай вариант қонунийдир, чунки жами 21 календарь кундан асли ҳолида фойдаланилади: бир қисмидан – жорий йилда, яна бир қисмидан – кейинги йилда. Қолган 9 кун пулли компенсация билан алмаштирилади.
Ходимнинг таътили 24 календарь кунни ташкил қилади ва у ўзининг таътилини қуйидагича бўлишни хоҳлайди:
- 14 кундан жорий иш йилида фойдаланиш;
- 5 кунни кейинги иш йилига кўчириш;
- қолган 5 кун учун пулли компенсация олиш.
Таътилнинг қисмини пулли компенсация билан алмаштиришнинг мазкур варианти ғайриқонуний, чунки ходим асли ҳолида, МК 234-моддасида белгиланиши бўйича, 21 кундан эмас, 19 кундан фойдаланади.
Иккинчидан, МКда фақат асли ҳолида фойдаланиш назарда тутилган таътилларнинг қисмини пул билан компенсация қилиш мумкин эмас:
- вояга етмаганларга ва I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган ходимларга ҳар йилги асосий узайтирилган таътиллар
; - ноқулай меҳнат шароитларидаги иш учун қўшимча таътиллар
; - ноқулай табиий-иқлим шароитларидаги иш учун қўшимча таътиллар
.
Ходимнинг таътили 24 календарь кунни ташкил этади. Яна 6 кун унга, иш ўринларини аттестациядан ўтказиш асосида белгиланган, ноқулай меҳнат шароитларидаги иш учун берилади. Жами – 30 календарь кундан иборат таътил.
Ходим таътилни қисмларга бўлишни хоҳлайди: 14 кундан жорий иш йилида фойдаланиш, 7 кунни кейинги иш йилига кўчириш, қолган 9 кунни пулли компенсация билан алмаштириш. Бундай бўлиш мумкинми?
– Йўқ, таътилни бундай бўлиш варианти Меҳнат кодексининг талабларига жавоб бермайди. Мазкур ҳолатда таътилнинг 30 кунидан:
- таътилнинг 3 кунини (24 – 21) пулли компенсация билан алмаштириш мумкин;
- ноқулай меҳнат шароитларидаги иш учун қўшимча таътилнинг 6 кунидан фақат асли ҳолида ва албатта жорий иш йилида фойдаланилади;
- асли ҳолида фойдаланиладиган 21 куннинг 14 кунидан асли ҳолида жорий иш йилида фойдаланилади, 7 кунни эса кейинги иш йилига кўчириш мумкин.
Шундай қилиб, жорий иш йилида ходим таътилнинг 20 кунидан – қўшимча таътилнинг 6 ва асосий таътилнинг 14 кунидан фойдаланиши керак, 7 кунни кейинги иш йилига кўчириш, 3 кунни эса пулли компенсация билан алмаштириш мумкин.
Ногиронлиги бўлган ходимнинг ҳар йилги асосий узайтирилган таътили – 30 календарь кун. Бундан ташқари, унга, МК 220-моддасига кўра, битта ташкилотдаги кўп йиллик иш стажи учун 4 кун қўшимча таътил берилиши керак. Жами – 34 календарь кундан иборат меҳнат таътили.
Ходим, иш берувчи билан келишувга кўра, таътилни 3 қисмга бўлмоқчи: уларнинг 2 тасидан 15 кундан – жорий иш йилида 3 ойлик танаффус билан фойдаланиш, «стаж» учун қўшимча таътилнинг 4 куни учун эса – пулли компенсация олиш.
Таътилни бундай бўлиш қонунийми?
– Ҳа, қонуний. Асосийси, ногиронлиги бўлган ходим асосий узайтирилган таътилдан асли ҳолида жорий иш йилида фойдаланади. Битта ташкилотдаги кўп йиллик иш стажи учун таътилни пулли компенсация билан алмаштириш қонунчиликда тақиқланмаган.
Қачон таътилни бўлиш мумкин эмас ва иш берувчи таътилни бўлишни рад этиши мумкинми
Меҳнат таътилини қисмларга бўлиш мумкин эмас, агар:
- МК 231-қисмининг нормалари бузилса, унда айтилишича, мазкур таътил қисмларининг ҳеч бўлмаганда биттаси 14 календарь кундан кам бўлиши мумкин эмас;
- таътилнинг қисмини кейинги иш йилига кўчириш бўйича талабларни бажариш имкони бўлмаса
. Яъни, агар таътилни қисмларга бўлиш муносабати билан ходимга мажбурий 14 таътил кунини бериш имкони бўлмаса, таътилни бўлиш мумкин эмас.
Ходимга давомийлиги 24 календарь кундан иборат таътил берилиши керак. Таътилнинг бошланиши 25 июнга режалаштирилган. Ходим таътилдан қисмларга бўлган ҳолда фойдаланмоқчи, бироқ 2 июлда ушбу таътил берилаётган иш йили тугайди.
Мазкур ҳолатда таътилни қисмларга бўлиш ноқонуний бўлади, чунки ходим таътилнинг мажбурий бўлган 14 кунидан иш йилининг якунига қадар фойдаланишга улгурмайди.
Иш берувчи ходимнинг меҳнат таътилини қисмларга бўлиш ҳақидаги илтимосини қондиришга мажбур эмас. Бундай мажбурият таътилни узайтиришда ёки кўчиришда, агар таътилдан МК 229-моддасига кўра фойдаланиш имкони бўлмаган объектив сабаблар мавжуд бўлганда, вужудга келиши мумкин.
Компанияда, ишлаб чиқариш хусусиятига кўра, ходимларнинг кўпчилиги меҳнат таътилига ёзги даврда чиқади. Барча ходимлар учун давомийлиги 24 календарь кундан иборат асосий узайтирилган таътил белгиланган. Ходимларнинг бири таътилни икки қисмга бўлиш: 10 ва 14 кундан – қишки ва ёзги даврларда олишни илтимос қилган ҳолда ариза билан мурожаат қилди.
Иш берувчи ходимнинг илтимосини қондириши шартми?
– Йўқ, амалдаги қонунчилик иш берувчига ходимнинг таътилини унинг илтимосига кўра қисмларга бўлиш мажбуриятини юкламайди. Ушбу масала тарафларнинг келишувига кўра ҳал қилинади.
Агар иш берувчи қарши бўлса, у ходимнинг илтимосини рад этиши мумкин. Ҳатто у таътил улар учун қулай вақтда тақдим этиладиган ходимлар тоифасига кирадиган бўлса ҳам
. Ушбу тоифадаги ходимлар таътилни улар учун қулай вақтда тақдим этишни талаб қилишлари мумкин, аммо уни қисмларга бўлишни талаб қилишлари мумкин эмас.
Нима учун иш берувчи ходимга таътилни қисмларга бўлишни рад этиши мумкин
Биринчи навбатда, бу иқтисодий ҳисоб-китоб: таътилни бўлишда ишлаб чиқариш иш кунларини йўқотади.
Мисол келтирамиз: ходимнинг меҳнат таътилининг умумий давомийлиги – 21 календарь кун, иш жадвали – шанба ва якшанба дам олиш кунлари билан 5 кунлик иш ҳафтаси.
Агар таътил тўлиқ бериладиган бўлса, унинг давомийлигига 3 шанба ва 3 якшанба кунлари киритилади.
Агар таътил қисмларга бўлинадиган бўлса, у ҳолда унинг бўлинмайдиган қисмига 2 шанба ва 2 якшанба киритилади. Қолган 7 календарь кун, агар ходимнинг хоҳишига кўра узлуксиз фойдаланилмай, қисмларга бўлинадиган бўлса, дам олиш кунларининг учинчи жуфтлиги киритилмаслиги мумкин. Яъни ходим ушбу 7 кундан улар фақат иш кунларига тўғри келадиган ҳолда фойдаланиши мумкин. Тегишинча, иш берувчи 2 кунга кўпроқ ходимсиз қолади, ходимнинг ўрнига бошқа ходимни топиш масаласини янада узоқроқ муддатга ҳал қилади, бошқа ходимларнинг таътиллар жадвалини суришига тўғри келади ва ҳоказо.
Агар бўлинмайдиган мажбурий қисмдан – 14 календарь кундан кейин қолган 7 календарь кундан ходим узлуксиз дам олган ҳолда фойдаланадиган бўлса, иш берувчи иқтисодий нуқтаи назардан ҳеч нарса йўқотмайди. Чунки у ҳолда таътилнинг ушбу қисмига шанба ва якшанба киради.
Шунинг учун ҳар бир ишлаб чиқаришда ва ҳар бир ташкилотда ушбу масалага турлича ёндашилади. Ҳар қандай аниқ бир ҳолат юзага келган шароитлардан келиб чиққан ҳолда алоҳида ҳал этилади.
Иш берувчи, ишлаб чиқариш зарурияти туфайли, таътилни ходимнинг розилигисиз қисмларга бўлган ҳолда тақдим этиши мумкинми
Иш берувчи ўзининг ташаббусига кўра ходимларнинг меҳнат таътилларини уларнинг розилигисиз қисмларга бўлишга ҳақли эмас. Ҳеч қандай вазиятлар, шу жумладан ишлаб чиқариш зарурияти билан боғлиқ бўлган вазиятлар ҳам, бунинг учун сабаб бўлолмайди.
Таътилни қисмларга бўлиш масаласи фақат тарафларнинг ўзаро келишувига кўра ҳал қилинади. Ходим унга тақдим этилиши керак бўлган таътилдан, уни қисмларга бўлмаган ҳолда, тўлиқ фойдаланишга ҳақли.
Таътилни қисмларга бўлиш қандай расмийлаштирилади
Қисмларга бўлинган ҳолда тақдим этиладиган таътилни расмийлаштириш бўйича қонунчиликда алоҳида талаблар йўқ. Таътилнинг келишилган ҳар бир қисми учун алоҳида ариза ва алоҳида буйруқ (фармойиш) расмийлаштиришни тавсия қиламиз.
Ходимлар уларга таътилни қисмларга бўлиб тақдим этишни доим сўраб мурожаат қилишади. Лекин директор бунга қатъий қарши. У таътилларни фақат ўта зарур бўлган ҳолларда бўлиш мумкин деб ҳисоблайди. Ходим ўзининг илтимосини далиллар билан асослаши лозим, қарорни эса иш берувчи қабул қилади.
Бундай йўл тутиш қонунийми?
– Ҳа, иш берувчининг тутган йўли қонуний!
МК 231-моддаси меҳнат таътилларини қисмларга бўлишни назарда тутади. Аммо ушбу норманинг матнини қандай бўлса, шундайлигича тушуниб олайлик: «Ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра ҳар йилги меҳнат таътили қисмларга бўлиниши мумкин. Бунда ушбу таътилнинг ҳеч бўлмаганда бир қисми ўн тўрт календарь кундан кам бўлмаслиги керак».
Бу ерда муҳим сўзлар: «ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра». Бинобарин, биргина ходимнинг хоҳиши етарли эмас. Меҳнат кодекси иш берувчини таътилни қисмларга бўлишга мажбурламайди, фақат бўлиш мумкинлигига йўл қўяди. Демак, иш берувчи: 1) ходимни таътилдан қисмларга бўлиб фойдаланишга мажбурлашга ҳақли эмас; 2) уни қисмларга бўлиб тақдим этишга мажбур эмас. Ходим, ўз навбатида, ҳатто объектив сабаблар бўлган тақдирда ҳам, шунингдек таътилни қисмларга бўлишни талаб қилишга ҳақли эмас. Бироқ, агар тарафлар таътиллар жадвали тасдиқланиши олдидан бундай келишувга эришсалар, у ҳолда унда ҳар бир қисмдан фойдаланишнинг аниқ вақти кўрсатилиши керак. Бу тақдирда иш берувчи келишувни бажариши шарт. Агар таътилни бўлиш зарурати тўсатдан – таътиллар жадвали тасдиқлангандан кейин юзага келса, у ҳолда масала ҳар бир алоҳида ҳолатда тарафларнинг келишувига кўра ҳал қилинади
. Эришилган келишув таътиллар жадвалида қайд этилиши шарт.
Агар ташаббускор ходим бўлса, таътилни қисмларга бўлиш қандай расмийлаштирилади
Меҳнат таътилларини фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра қисмларга бўлиш мумкин. Бунда ташаббус ходимдан ҳам, иш берувчидан ҳам бўлиши мумкин. Агар таътилни қисмларга бўлиш ташаббуси ходимдан бўлса, у ихтиёрий шаклда тегишли ариза ёзади. Ходим аризада қуйидагиларни кўрсатиши мумкин:
- таътилнинг ҳар бир қисмларининг аниқ бошланиш саналарини;
- таътилнинг қисмларидан фойдаланишнинг, аниқ саналари кўрсатилмаган ҳолда, исталган даврлари, айниқса агар ходим таътилнинг қисмидан кейинги йилда фойдаланмоқчи бўлса.
Шунингдек, иш берувчи объектив қарор қабул қила олиши учун, ходим аризада таътилни бўлишни сўрашининг сабабларини кўрсатиши керак.
Иш берувчи ходимнинг таътилни қисмларга бўлиш илтимосини қондиришга ҳам, рад этишга ҳам ҳақли. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, ходимнинг аризасига асосан иш берувчининг таътилни қисмларга бўлиш тўғрисидаги буйруғи расмийлаштирилади ва таътиллар жадвалига тегишли маълумотлар киритилади. Таътиллар жадвалини тузиш ва расмийлаштириш ҳақида батафсил «Таътиллар жадвали қандай тузилади ва тасдиқланади» тавсияномасида қаранг.
Агар ташаббускор иш берувчи бўлса, таътилни қисмларга бўлиш қандай расмийлаштирилади
Агар таътилни қисмларга бўлишдан манфаатдор иш берувчи бўлса, у бу ҳақида ходимни хабардор қилиши ва унинг розилигини олиши керак. Иш берувчининг ходимга қандай шаклда мурожаат қилиши кераклиги қонунда аниқ кўрсатилмаган – масала оғзаки ҳал қилиниши ҳам мумкин. У ҳолда таътилни қисмларга бўлиш тўғрисидаги буйруқда нафақат ходимни буйруқ билан таништириш фактини, балки унинг бундай бўлишга розилигини ҳам акс эттирган маъқул. Ходим бу ҳақида ўз қўли билан ёзиб ва ўз имзоси билан мустаҳкамласин.
1. Ходимга таътилни қисмларга бўлиш тўғрисида ёзма таклиф юборинг.
Ҳужжатнинг мазмуни таътилни бўлишнинг қандай варианти таклиф этилаётганига боғлиқ. Масалан: «сизга тақдим этилиши лозим бўлган таътилни, ишлаб чиқариш зарурияти муносабати билан, қисмларга бўлишни таклиф этамиз: давомийлиги 14 календарь кундан иборат биринчи қисмидан 2024 йилнинг 1 мартидан бошлаб фойдаланиш, қолган қисмини ушбу йилнинг ноябрь ойига кўчириш (ёки – кейинги иш йилига кўчириш ва 2025 йил мартда фойдаланиш)»;
2. Агар ходим иш берувчи томонидан таклиф этилаётган таътилни қисмларга бўлишга рози бўлса, унинг розилигини қайд этинг.
Ходим иш берувчининг ёзма таклифига тегишли ёзувни киритиши ёки алоҳида ариза бериши мумкин. Ёзув ҳам, ариза ҳам, масалан, қуйидагича мазмунда бўлиши мумкин: «Менга тақдим этилиши лозим бўлган таътилни қисмларга бўлинишига: давомийлиги 14 календарь кундан иборат биринчи қисмидан жорий 2024 йилнинг 1 августидан фойдаланиш, қолган қисмини шу йилнинг ноябрига кўчиришга (ёки – кейинги иш йилига кўчиришга ва 2025 йилнинг мартида фойдаланишга) розиман»;
3. Ушбу ҳужжатлар асосида таътилни қисмларга бўлиш тўғрисида буйруқ расмийлаштиринг.
4. Тегишли ўзгартиришларни таътиллар жадвалига киритинг.
Таътилни қисмларга бўлиш таътиллар жадвалида қандай акс эттирилади
Тарафларнинг келишувига кўра таътилни қисмларга бўлишни бевосита таътиллар жадвалида назарда тутиш, яъни буни келгуси календарь йил учун жадвал тузишда бир йўла акс эттириш мумкин.
Таътиллар жадвалида таътил қисмларидан ҳар бирининг давомийлиги ва уларнинг тақдим этилиш вақти кўрсатилади: таътилнинг 2 ёки ундан кўп бошланиш саналари ёхуд таътилдан фойдаланиш режалаштирилаётган 2 ёки ундан кўп календарь ойлар. Таътиллар жадвалини қандай тўлдириш ҳақида батафсил «Таътиллар жадвали қонунчиликка мувофиқ қандай тузилади ва тасдиқланади» тавсияномасида қаранг.
Агар таътиллар жадвалида таътилдан қисмларга бўлиб фойдаланишнинг аниқ саналари кўрсатилган бўлса – фақат буйруқни расмийлаштиринг. Агар жадвалда таътилдан қисмларга бўлиб фойдаланишнинг календарь ойлари кўрсатилган бўлса, у ҳолда таътилнинг аниқ бошланиш санаси ҳақида ходимни 15 кун олдин хабардор қилиш, сўнг буйруқни расмийлаштириш керак.
Ходимнинг таътили 24 календарь кунни ташкил қилади. У улардан қисмларга бўлиб фойдаланмоқчи: икки марта бир ҳафтадан, сўнг – қолган 10 кундан. Бунга йўл қўйиладими? Агар йўл қўйилса, буни қандай тўғри расмийлаштириш керак? Иш берувчи ходимнинг таътилини унинг хоҳишига кўра бўлишга мажбурми?
– Ҳар йилги меҳнат таътилини қисмларга бўлиш мумкин, аммо бунга фақат ходим ва иш берувчи ўртасидаги келишувга кўра йўл қўйилади. Агар ходим ўзининг таътилини қисмларга бўлмоқчи бўлса, у тегишли ёзма ариза билан иш берувчига мурожаат қилиши керак. Иш берувчи, ўз навбатида, ходимнинг илтимосини қондириши ҳам, рад этиши ҳам мумкин
.
Бундан ташқари, агар ҳатто иш берувчи ходимнинг таътилининг бўлинишига қарши бўлмаган тақдирда ҳам, у ходим сўраётган бўлишнинг ҳар қандай шартларига рози бўлишга мажбур эмас.
Таътилнинг сўралаётган қисмларидан бири 14 календарь кундан кам бўлмаслиги керак, таътилнинг қолдиғини эса ходимнинг хоҳишига кўра бўлиш мумкин МК 231-моддаси.
Яъни, кўрсатилган мисолда таътилни ходим сўраганидек тарзда қисмларга бўлиб бўлмайди. Аммо, масалан, қуйидагича бўлиш мумкин: 14 кун + 10 кун – аввал таътилнинг давомийлиги 2 ҳафтадан иборат бўлинмайдиган қисми берилади, сўнг – қолган 10 кун тақдим этилади. Ёки, аксинча: аввал 10 кун, сўнг 2 ҳафта. Бошқа вариантлари ҳам бўлиши мумкин:
- 7 + 14 + 3;
- 14 + 10 ва ҳоказо.
Шу билан бирга, ходимнинг тўлиқ дам олиши нуқтаи назаридан, таътилни ўта қисқа қисмларга бўлиш тавсия қилинмайди.
Таътилни қисмларга бўлишни аввал бошдан таътиллар жадвалида назарда тутиш мумкин. Ёки ходим ва иш берувчи бу ҳақида бевосита таътилни тақдим этиш олдидан келишиб олишлари мумкин.
Агар таътилни бўлиш қарори таътиллар жадвали тасдиқлангандан кейин қабул қилинса, иш берувчи:
- ходимга у сўраган таътил қисмини тақдим этиш тўғрисида алоҳида буйруқ (фармойиш) чиқаради;
- таътиллар жадвалига ўзгартиришлар киритади.
Телеграм канали