Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Бухгалтерлардан кимларни бўшатиш мумкин
Ташкилот штатни қисқартиришни режалаштирмоқда. Шу жумладан – бир нечта бухгалтерлар ишлайдиган молия бошқармасида. Фақат улардан бири ишда қолади. Ушбу омадлини қандай мезонлар бўйича танлашни buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА сўзлаб берди:
- Бундай вазиятда иш берувчи ҳал қилишига тўғри келадиган энг асосий масалалардан бири – ходимлардан ким ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуққа эга эканлигидир. Бу ерда ҳам ўз қоидалари мавжуд. “Маъқул-маъқул эмас” тамойилига амал қилишнинг – имкони йўқ.
МКнинг 103-моддаси штат қисқартирилиши муносабати билан ишдан бўшатишда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимга берилишини буюради.
Малака – бу муайян иш турини бажариш учун зарур касбий тайёргарлик, тажриба, билим ва кўникмалар даражасидир. У маълумоти, малака оширганлиги, касбга қайта тайёрланганлиги тўғрисидаги ҳужжатлар, малака тоифалари (разрядлари) ва ҳ.к. бериш тўғрисиидаги комиссиялар баённомаларидан кўчирмалар билан тасдиқланади.
Малака разряди – ходимнинг касбий тайёргарлиги даражасини акс эттирувчи қиймат.
Малака тоифаси, қоидага кўра, иккита кўрсаткични ўз ичига олади: маълумоти ва мутахассислик бўйича иш стажи.
Шу тариқа, малакани баҳолашда қуйидагиларни инобатга олиш лозим:
- маълумоти даражаси;
- синфлик, даражаси, унвони, тоифаси ва ҳ.к.;
- ўз ташаббусига биноан ва иш берувчи йўлланмасига асосан малака оширганлиги;
- бажарадиган ишининг сифати;
- малака даражасига таъсир кўрсатадиган бошқа омиллар.
Меҳнат унумдорлигини баҳолашда қуйидагилар инобатга олинади:
- унинг учун ўрнатилган ишлаб бериш меъёрларининг, иш ҳажминининг ходим томонидан бажарилиши (ошириб бажарилиши);
- натижадорлик;
- меҳнат меъёрлари бажарилмаганлиги муносабати билан интизомий жазолар;
- меҳнат унумдорлигининг бошқа омиллари.
Бинобарин, олий маълумотли ходим эгаллаган лавозими (мутахассислиги, касби) бўйича ўрта махсус маълумотга эга ходим олдида имтиёзли ҳуқуққа эга, олий тоифали ходим эса – биринчи тоифали ходим олдида имтиёзли ҳуқуққа эга.
Агар ходимларда малака ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлсачи?
Бу ерда эса МКнинг 103-моддаси 2-қисмида назарда тутилган бошқа мезонларни инобатга олишга тўғри келади. Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:
1) қарамоғида 2 ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;
2) оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;
3) мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;
4) ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаётган тақдирда 2 йил мобайнида;
5) мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;
6) уруш ногиронлари, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;
7) атом объектларидаги фалокатлар оқибатида келиб чиққан оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга; ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногиронларга; ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиларига, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.
Бунда ушбу ҳолатлар санаб ўтилган тартиб аҳамиятга эга эмас. Яъни қарамоғида одамлар бўлган мезон, масалан, корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган мезонга нисбатан “катта салмоққа” эга эмас. Барча ҳолатлар бир хилда инобатга олинади. Бинобарин, малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда иккинчи навбатда инобатга олинадиган ҳолатлар сони бўйича устун ходимни ишда қолдиришлари керак.
Учинчи навбатда, ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ тўғрисидаги масалани ҳал қилишда жамоа шартномасида назарда тутилган ҳолатлар инобатга олинади. Бироқ – ходимларнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда ва МКнинг 103-моддаси 2-қисмига мувофиқ бир-бирини олдида ишда қолдириш афзалликларидан фойдаланишмаса.
Шу тариқа, МКнинг 103-моддаси 2-3-қисмларида ўрнатилган ҳолатлар фақат ходимларнинг малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қўлланилади. Ҳатто ходим ўз ҳамкасбидан иккинчи ва учинчи навбатда инобатга олинадиган мезонлар бўйича устун бўлса, бироқ малака ёки меҳнат унумдорлигида ён берса ҳам, ишда қолдириш учун у имтиёзли ҳуқуққа эга бўлмайди.