Бир неча лавозимда ишлаганда иш ҳақи қандай ҳисоблаб чиқарилади?

preview

Амалиётда ходим ўзининг асосий ишидан ташқари яна қўшимча иш бажарадиган вазиятлар юзага келади. Мисол учун – таътилга чиққан ходим учун ёки бўш лавозим бўйича тегишли номзод-мутахассисни излаш даврида.

Бундай бир неча ишни бажаришни қандай тўғри расмийлаштириш ва иш ҳақини ҳисоблаб чиқаришни buxgalter.uz илтимосига биноан “Норма”нинг меҳнат ҳуқуқи бўйича эксперти Ленара ХИКМАТОВА тушунтирди:

- Бир неча касбда (лавозимда) ишлаш тартиби МКнинг 160-моддаси ва Ўриндошлик асосида ҳамда бир неча касбда ва лавозимда ишлаш тартиби тўғрисида низом билан тартибга солинади.

Бир неча касбда ва лавозимда ишлаш – бу ходим томонидан ўзининг асосий иши билан бир қаторда айни шу ташкилотда иш вақти давомида бошқа касб ва лавозимдаги қўшимча ишни бажариш.

Ходимга бир неча касбда ва лавозимда ишлашдан ташқари хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтириш ёки ишлар ҳажмини кўпайтириш мумкин.

Ходимга юкланадиган қўшимча ишни бажариш муддати ва ҳажми унинг ёзма розилиги бўйича белгиланади.

Касблар ва лавозимларда бир неча касб ва лавозим асосида ишлашга, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтиришга, ишлар ҳажмини кўпайтиришга, қоидага кўра, жумласига ушбу ходим кирадиган ходимларнинг ана шу тоифаси доирасида рухсат этилади.

Касблар ва лавозимларда бир неча касб ва лавозим асосида ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтирганлик ёки ишлар ҳажмини кўпайтирганлик учун қўшимча ҳақ тўлаш миқдори, агар жамоа шартномасида ёхуд бошқа локал ҳужжатда ўзгача тартиб назарда тутилмаган бўлса, томонларнинг келишуви бўйича белгиланади.

 

Эътибор беринг
Бюджет ташкилотларида бир неча касб ва лавозимда ишлаганлик, хизмат кўрсатиш зонасини кенгайтирганлик, ишлар ҳажмини кўпайтирганлик учун қўшимча ҳақ тўлаш миқдори бир неча касб ва лавозимда ишланаётган лавозим бўйича маошнинг (тариф ставкасининг) 50%идан ортиқ бўлиши мумкин эмас.

 

 

Мисол
Ўзининг асосий лавозими ва бўш лавозимда қўшимча ишни бажарганда иш ҳақи ҳисоб-китоби
Компанияда 2 000 000 сўм маош билан кадрлар бўйича инспектор бўш лавозими мавжуд. Компания ушбу лавозимга ходимни топгунича, кадрлар ишини юритиш бўйича тегишли вазифалар юрисконсультга ( маоши – 3 000 000 сўм) юклатилди. Жамоа шартномаси бир неча лавозимда ишлаганлик учун бир неча лавозимда ишланаётган лавозим бўйича маошнинг 30%и миқдорида қўшимча ҳақ тўлашни назарда тутади. Юрисконсультга бир неча лавозимда ишлашни инобатга олган ҳолда иш ҳақини ҳисоблаш:
3 000 000 + (2 000 000 х 30%) = 3 600 000 сўм.

 

 

Мисол
Таътилга чиққан ходимнинг лавозимида қўшимча ишлашда иш ҳақи ҳисоб-китоби
3 000 000 сўм маош оладиган бўлим бошлиғи ойнинг 1 санасидан ойнинг якунига қадар таътилга чиқади. Унинг вазифалари 4 000 000 сўм маош оладиган директор ўринбосарига юклатилади.
Жамоа шартномаси бир неча лавозимда ишлаганлик учун бир неча лавозимда ишланаётган лавозим бўйича маошнинг 50%и миқдорида қўшимча ҳақ тўлашни назарда тутади.
Директор ўринбосарига бир неча лавозимда ишлашни инобатга олган ҳолда иш ҳақини ҳисоблаш:
4 000 000 + (3 000 000 х 50%) = 5 500 000 сўм.

 

Меҳнатга ҳақ тўлаш Меҳнатга ҳақ тўлаш Меҳнатга ҳақ тўлаш /uz/publish/doc/text175576_bir_necha_lavozimda_ishlaganda_ish_haqi_qanday_hisoblab_chiqariladi1