Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Таътиллар жадвалини бузиш ҳолатлари
Корхонада касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилган йиллик таътилларни бериш жадвали тасдиқланган. Бироқ, иш берувчи ходимга интизомий жазоси борлиги учун жадвал бўйича лозим бўлган таътилни ёз даврида беришни рад этди. Ёз ўтди ва ходим таътилдан белгиланган даврда фойдалана олмади.
Бу қонунийми? Касаба уюшмаси қўмитаси жадвалнинг ижро этилишини назорат қилиши керакми?
Бу ноқонуний. Таътиллар жадвали иш берувчи ва ходим бажариши шарт бўлган локал норматив ҳужжат саналади. Иш берувчи ҳам, ходим ҳам жадвалда белгилаб қўйилган таътилга кетиш вақтини бир тарафлама тартибда алмаштиришга ҳақли эмас. Меҳнат кодексининг 144-моддасида барча ташкилотларда уни тасдиқлашнинг мажбурий эканлиги белгилаб қўйилган, унга мувофиқ ташкилот ходимларига уларнинг вакиллик органи билан келишувга кўра таътил бериш навбати белгиланади.
Агар ходимни жадвал билан белгиланган таътил вақти қаноатлантирмаса, у иш берувчига ва вакиллик органига уни ўзгартириш илтимоси билан мурожаат қилиши мумкин.
Тасдиқланган таътиллар жадвали ташкилотдаги барча ходимларга етказилади. Одатда жадвал бўлинмаларда илиб қўйилади ёки ходимлар у билан тилхат берган ҳолда таништирилади. Иш берувчи ҳар бир ходимни таътил бошланишидан камида 15 кун олдин бу ҳақда хабардор қилиши керак (МКнинг 144-моддаси).
Ходимга интизомий жазо қўлланилганлиги сабабли йиллик таътилни бермаслик меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилмаган. Агар иш берувчи таътил бериш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этмаса ва тасдиқланган таътиллар жадвалини бузса, ходимлар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун назорат қилувчи органларга (Давлат меҳнат инспекцияси, прокуратурага) ёки меҳнат низоларини кўриб чиқувчи органларга (корхонанинг меҳнат низолари комиссиясига, судга) мурожаат қилишга ҳақли.
Таътил бериш жадвали ижросини назорат қилиш мажбурияти ходимларнинг вакиллик органи зиммасига ҳам тушади (МКнинг 9-моддаси).