Иш куни давомида танаффуслар қандай белгиланади

preview

Иш вақтидаги танаффус – бу иш вақти давомида бериладиган, ходим меҳнат мажбуриятларини бажаришдан озод этиладиган, иш вақти давомийлигига киритиладиган ёки киритилмайдиган вақт ҳисобланади. 

Амалиётда иш вақтидаги танаффуслар 2 турда бўлади:

  • дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслар, улар иш вақтига киритилмайди;
  • айрим тоифадаги ходимларга бериладиган қўшимча танаффуслар, қоидага кўра, улар иш вақтига киритилади.


Дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслар

Ходимга иш куни давомида дам олиш ва овқатланиш учун танаффус берилиши керак, бу танаффус иш вақтига киритилмайди .

Танаффусларнинг давомийлиги қонунда аниқ белгиланмаган. Шунингдек Меҳнат кодексида бундай танаффуслар иш бошлангандан кейин қайси вақтда берилиши белгиланмаган ҳамда уларнинг максимал давомийлиги чегараланмаган. Шу боисдан ҳар бир ташкилотда танаффус бериш вақти ва унинг аниқ муддати ички меҳнат тартиби қоидаларида, смена графикларида ёки ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга биноан белгилаб қўйилади .

Амалиётда иш вақтининг нормал давомийлигида кўпинча танаффуслар иш бошланганидан сўнг 4 соатдан кейин белгиланади ва 1 соатни ташкил этади.

Шунингдек сиз ташкилотда мавжуд шарт-шароитлардан келиб чиққан ҳолда бир соатдан ошмайдиган вақтга танаффус белгилашингиз мумкин. Масалан, агар корхонада ходимларни бепул тушлик билан таъминлайдиган ошхона бўлса, танаффусни камроқ вақтга белгилаш мумкин.

Мисол
Дам олиш ва овқатланиш учун танаффусни ҳисобга олган ҳолда иш вақти давомийлиги
Ходим учун 8 соатлик иш куни белгиланган – соат 9.00 дан 18.00 гача. Дам олиш ва овқатланиш учун соат 13.00 дан 14.00 гача вақт ажратилган.
Иш вақти давомийлиги 8 соатни ташкил қилади: тушлик учун танаффусга қадар 4 соат (9.00 дан 13.00 гача) ҳамда ундан кейин 4 соат (14.00 дан 18.00 гача).
Соат 13.00 дан 14.00 гача бўлган вақт иш вақтига киритилмайди.

Узоқ давом этадиган сменаларда иш вақтининг жамланган ҳисоби юритиладиган ходимлар учун дам олиш ва овқатланиш учун 2 та танаффус белгилаш мумкин. Танаффусларнинг ҳар бири 1 соатдан ошмаслиги, масалан, 30–45 дақиқа давом этиши лозим.

Мисол
Смена узоқ давом этганда дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслар
Ходимга 12 соатлик иш сменаси белгиланган. Иш 8.00 да бошланади.
Бунда биринчи танаффус, масалан, соат 12.15 дан 13.00 гача, иккинчиси – 17.15 дан 18.00 гача берилиши мумкин.
Танаффуснинг умумий давомийлиги 1,5 соатга (45 + 45) тенг. У иш вақтига киритилмайди.
Шу тариқа, 12 соатлик смена соат 8.00 дан 21.30 гача давом этади.

Айрим ҳолатларда дам олиш ва овқатланиш учун танаффусларни умуман белгиламаслик мумкин: иш вақти давомийлиги қисқартирилганда, тўлиқ бўлмаган иш кунида ва бошқалар. Масалан, агар иш режими соат 8.00 дан 12.00 гача этиб белгиланган бўлса, бундай танаффусларни белгилаш мантиқсиздир.

Эслатиб ўтамиз
Дам олиш ва овқатланиш учун танаффус иш вақтига киритилмаганлиги сабабли ходим ундан ўз хоҳишига кўра фойдаланиши мумкин. Масалан, танаффус вақтида корхонадан ташқарига чиқиши мумкин, ишлаб чиқариш шароитига кўра бундай танаффус бериш мумкин бўлмаган ҳолатлар бундан мустасно.

Ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятларига кўра айрим тоифадаги ходимларга дам олиш ва овқатланиш учун танаффус бериш мумкин бўлмаган ишларда ходимга иш вақтида овқатланиб олиш имконияти таъминланиши шарт. Бундай ишларнинг рўйхати, овқатланиш тартиби ва жойи ички меҳнат тартиби қоидаларида белгилаб қўйилади. Мазкур ҳолатда дам олиш ва овқатланиш учун танаффус иш вақтига киритилади ва ҳақ тўланади.

Мисол
Иш жойида овқатланиш учун танаффуслар
Корхонанинг ўтиш пункти ходимлари иш жойидан кета олмайди. Шу боисдан уларга ўтиш пункти биносида овқатланишга рухсат берилади. Ички меҳнат тартиби қоидаларида навбати билан бевосита иш жойида овқатланиш ва дам олиш тартиби белгиланиши лозим.
Масалан, ҳар бир ходим учун 20 дақиқадан белгилаш мумкин:
биринчиси учун – 12.00 дан 12.20 гача;
иккинчиси учун – 12.20 дан 12.40 гача ва ҳ.к.
Бу даврлар иш вақтига киритилади.

Қўшимча танаффуслар

Қонун ҳужжатларида дам олиш ва овқатланиш учун танаффуслардан ташқари, бажариладиган ишлар ва бошқа мажбуриятларнинг ўзига хос жиҳатлари ва тусини ҳисобга олган ҳолда қўшимча танаффуслар берилиши назарда тутилган.

Масалан, шаҳарлараро-вилоятлараро қатновларни, халқаро туристик-экскурсион ташишларни амалга оширадиган автобуслар жадвалида ҳайдовчилар учун автобусни 1,5 соат бошқарганидан кейин камида 15 дақиқа ёки 4,5 соат бошқарганидан сўнг 45 дақиқа танаффус белгиланиши шарт. 

Шунингдек ноқулай меҳнат шароитларида, оғир ва ноқулай иқлим шароитларида иш билан банд бўлган айрим тоифадаги ходимлар учун  қўшимча танаффуслар санитария қоидалари ва нормаларига биноан белгиланади.

Масалан, компьютер техникаси билан ишланганда иш бошлангандан кейин 2 соат ўтгач 15 дақиқалик, тушликдан сўнг ҳар бир иш соати оралиғида танаффуслар белгиланиши лозим 29.03.2007 йилдаги 0224-07-сон СанҚНнинг 7.6-б.

Ушбу қўшимча танаффуслар иш вақтига киритилиши лозим.

Корхонадаги қўшимча таътиллар локал ҳужжатлар ёки меҳнат шартномалари билан белгилаб қўйилиши мумкин.

Меҳнат кодекси билан 2 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар берилиши назарда тутилган.


Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар

2 ёшга тўлмаган боласи бор аёлларга, дам олиш ва овқатланиш учун бериладиган танаффусдан ташқари, болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар ҳам берилади . Бундай танаффуслар боласи бор аёлнинг хоҳишидан қатъи назар, мажбурий тартибда берилади.

Бу танаффусларнинг аниқ муддати ва уларни бериш тартиби жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, - ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгилаб қўйилади .

Болани овқатлантириш учун қўшимча танаффуслар камида ҳар 3 соатда бир марта ҳар бири 30 минутдан кам бўлмаган муддат билан берилади. 2 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи бўлган тақдирда, танаффуснинг муддати камида 1 соат қилиб белгиланади . Ана шу 3 соатга нафақат иш вақти, балки овқатланиш вақти ҳамда болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳам киритилади.
Яъни ўтган ҳар 3 соат инобатга олинади.

Мисол
8 соатли иш кунида болани овқатланиш учун танаффуслар берилиши
Ходима учун 8 соатлик иш куни белгиланган – соат 8.00 дан 17.00 гача.
Овқатлантириш учун дастлабки 30 дақиқалик танаффус соат 11.00 да, иккинчиси – 14.00 да берилиши лозим. 3 соатдан кейин 17.00 да иш куни тугайди, шу сабабли кейинги танаффус белгиланмайди.
Мисол
5 соатлик иш кунида болани овқатлантириш учун танаффус берилиши
Ходима учун 5 соатлик иш куни белгиланган – соат 8.00 дан 13.00 гача, овқатланиш учун танаффус белгиланмаган.
30 дақиқалик болани овқатлантириш учун бериладиган танаффус 11.00 га белгиланиши керак. Бунда иш кунининг тугашига атиги 2 соат қолганлиги, болани овқатлантириш учун иккинчи танаффус берилмаслиги ҳисобга олиниши лозим.
Шу тариқа, мазкур ҳолатда ходима фақат битта танаффусдан фойдаланиши мумкин.

Боласи бор аёлнинг хоҳишига кўра, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар:

  • дам олиш ва овқатланиш учун белгиланган танаффусга қўшиб берилиши;

ёки

  • умумлаштирилиб, иш кунининг (иш сменасининг) бошига ёки охирига кўчирилиб, иш куни (иш сменаси) шунга яраша қисқартирилиши мумкин .
Мисол
Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффусларни тақсимлаш
Ходима учун 8 соатлик иш куни белгиланган – 8.00 дан 17.00 гача.
Танаффусларни тақсимлашнинг I варианти
Соат 11.00 да бошланадиган болани овқатланиш учун дастлабки танаффусни соат 12.00 да бошланадиган овқатланиш учун танаффусга қўшиб юбориш мумкин. Овқатланиш учун танаффус соат 13.30 гача давом этади , яъни 12.00 дан 13.00 гача + 30 дақиқа болани овқатлантириш учун бериладиган танаффус.
Болани овқатлантириш учун иккинчи танаффус 3 соатдан кейин, яъни соат 16.30 да бошланади ва 17.00 гача (иш куни тугайдиган вақтгача) давом этади. Бинобарин, ходиманинг иш куни 12.00.дан 13.30 гача белгиланган овқатланиш ҳамда болани овқатлантириш учун бериладиган умумий танаффусни ҳисобга олган ҳолда 8.00 дан 16.30 гача давом этади.
Танаффусларни тақсимлашнинг II варианти
Болани овқатлантириш учун берладиган 30 дақиқалик иккита танаффус қўшилади ва иш кунининг охирига кўчирилади. Тегишинча, ходиманинг иш куни соат 8.00 дан 16.00 гача давом этади.

Болани овқатлантириш учун бериладиган танаффусларни иш вақтига киритинг ва ўртача ойлик иш ҳақи ҳисоби бўйича ҳақ тўланг .


Ўзбекистонда иш вақти - иш вақти меъёрлари, иш вақти турлари иш вақти, ўзбекистонда иш вақти, иш вақтини ҳисобга олиш, иш вақтини ҳисоблаш, иш вақти меъёрлари Ўзбекистонда иш вақти. Ўзбекистондаги иш вақти ме’ёрлари билан кадровик.уз сайтида танишишингиз мумкин. Бу эрда иш соатларининг турлари мавжуд. 2024 йилда иш вақтини ҳисоблаш, шунингдек, иш вақтини қандай қилиб тўғри ёзишни билиб олишингиз мумкин /uz/publish/doc/text176703_ish_kuni_davomida_tanaffuslar_qanday_belgilanadi