Иш ҳақи сақланмаган ҳолда бериладиган таътил

preview

Давомийлиги ва бериш шартлари

Ходимга оилавий ёки бошқа вазиятларга кўра унинг аризаси асосида иш ҳақи сақланмайдиган таътил беринг. Бунда таътил бир календарь йил мобайнида жами 3 ойдан ортиқ бўлмаслиги кераклигини унутманг .

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни календарь кунлар билан ҳисобланг. Унга ҳафтанинг барча кунлари, шу жумладан дам олиш ва байрам кунларини киритинг.

Мисол
Ходимнинг қарамоғидаги кекса отаси касал бўлиб қолди.
Ходим унга қараш учун иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришларини сўраб ариза ёзди. Иш берувчи уни кўпи билан қанча муддатга расмийлаштириши мумкин?
– 3 ойга. Бу – ходимга 1 йил мобайнида берилиши мумкин бўлган иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг энг кўп муддати. Ходим бу муддат тугаганидан сўнг ишини давом эттиролмайдиган бўлса, у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ва ходим ишга чиқа олганида қайтадан ишга қабул қилиш мумкин бўлади.
Мисол
2018 йил 5 июнда ходим 1 ой муддатга – 5 июлгача иш ҳақи сақланмайдиган таътилни расмийлаштирди.
Ўша йил сентябрь ойида яна 1 ойга шундай таътил сўради. Ходим умумий ҳисобда 2018 йил 5 июндан икки ой давомида иш ҳақи сақланмайдиган таътил олди.
– 2019 йил 5 июнгача ходим иш берувчи билан келишувга кўра яна 1 ой шундай таътилдан фойдаланиши мумкин.
Мисол
Ходим 2018 йил 1 майдан бошлаб 14 календарь кунга иш ҳақи сақланмайдиган таътилни расмийлаштирди.
Шу даврга тўғри келадиган 9 май – ишланмайдиган кунни қандай ҳисобга олиш керак?
– 9 май – байрам куни, бироқ иш ҳақи сақланмайдиган таътил кунларини ҳисоблаш чоғида бу кунни ҳам ҳисобга оламиз. Дам олиш кунларини ҳам. Демак, таътил 1 майдан 14 майгача (шу кун ҳам қўшилади) давом этади.

Ходимга иш ҳақи сақланмайдиган таътилни бериш ёки бермаслик масаласини ўзингиз ҳал қилинг. Бироқ ходимларнинг шундай тоифалари борки, уларга бундай таътил бериш қонунчилик билан кафолатланган, уларга таътил беришингиз шарт. Улар:

● 1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва имтиёзлари жиҳатидан уларга тенглаштирилган шахслар – ҳар йили 14 календарь кунга қадар;

● ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронлари – ҳар йили 14 календарь кунга қадар;

● 12 ёшга тўлмаган 2 ва ундан ортиқ болани тарбиялаётган аёллар – ҳар йили 14 календарь кунга қадар;

● олий ўқув юртларига кириш имтиҳонларини топшираётган ходимлар –камида 15 календарь кун, ўқув юртлари жойлашган ерга бориш ва қайтиб келиш вақти бу ҳисобга кирмайди;

● олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг охирги курсларида ўқиётган ходимлар – диплом лойиҳасига материаллар тўплаш учун 30 календарь кун;

● аёл 2 ёшдан 3 ёшгача бўлган боласини парваришлаши учун (бу ҳолда иш ҳақи сақланмайдиган таътилнинг умумий давомийлигини 3 ойдан оширмаслик ҳақидаги қоида қўлланилмайди).  Ишлаб чиқариш зарурияти бўлса ҳам, юқорида кўрсатилган ходимларнинг илтимосини рад этманг. Бу ҳуқуқбузарлик ҳисобланади.

Вазият
II гуруҳ ногирони йиллик асосий таътилидан фойдаланиб бўлган заҳоти иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришларини сўраб ариза ёзди.
Ходим бажариши зарур бўлган ишлар кўпайиб кетгани сабабли раҳбарият бунга эътироз билдирди. Директор аризани қаноатлантиришдан бош тортишга ҳақлими?
– Йўқ, ҳақли эмас. Иш берувчи ҳар қандай вазиятда ногирон ходимнинг талабига кўра унга 14 календарь кун давом этадиган иш ҳақи сақланмайдиган таътил беришга мажбур. Ходим 14 кундан кўп муддатга таътил сўраса, икки ҳафталик таътил учун буйруқ расмийлаштириб, ундан ортиғига рад жавоби беринг.

Жамоа шартномасида ёки корхонанинг бошқа локал ҳужжатида қўшимча асосларни ва иш берувчи юқорида кўрсатилган ходимлардан ташқари иш ҳақи сақланмайдиган таътил бериши шарт бўлган ходимлар тоифалари рўйхатини қайд этишингиз мумкин.

Ходимга ҳақли равишда таътил беришни рад этган бўлсангиз, у эса ўзбошимчалик билан кетган бўлса – буни прогул деб ҳисобланг.

Иш йўқ бўлса (ходимнинг айбисиз бекор туриб қолинган вақтда) ҳам ходимларни мажбурий равишда иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқарманг. Иш вақтинча тўхтаб қолган, бироқ ходим иш ҳақи сақланмайдиган таътилни олишдан бош тортаётган бўлса, бекор туриб қолиш ҳақида буйруқ расмийлаштиринг ва ходимга ўртача иш ҳақини тўланг.

Вазият
Молиявий қийинчиликлар туфайли директор 9 кишини номаълум муддатга иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқаришга қарор қилди.
Омборхоналарга хизмат кўрсатувчи ишчилар учун буйруқ чиқарди. Улардан буйруқ билан танишганликлари тўғрисида тилхат беришларини сўрашди. Корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотларга талаб пастлиги, омборни сақлаш учун маблағ йўқлигини оғзаки тарзда тушунтиришди. Эндиликда маҳсулот тўғридан-тўғри цехдан сотилишини айтишди. Раҳбар қонуний хатти-ҳаракат қилаяптими? Ишчилар ушбу буйруққа имзо чекишга мажбурми?
– Директор МК 150-м. 1-қ. бузган. Ишчиларни иш ҳақи сақланмайдиган таътилга чиқишга мажбурлаб бўлмайди. Бунга фақат ишчининг розилиги билан йўл қўйилади. Бундан ташқари, бундай таътил фақат маълум муддатга берилиши мумкин. Ишчилар буйруқни имзолашга мажбур эмаслар. Уларнинг имзоси кўрсатилган шартларга рози эканликларини эмас, балки буйруқ билан танишганликларидан гувоҳлик беради.
Ишчилар буйруқни имзолаётганда таътил олиш учун ариза ёзмаганликларини қайд этиб ўтишлари мумкин. Бу иш берувчининг хатти-ҳаракатлари ноқонунийлигини тасдиқлайди.
Директорнинг хатти-ҳаракатлари МЖТК 49-м. бўйича квалификацияланади. Унга нисбатан маъмурий иш қўзғатилиши мумкин.
Вазият
Буюртмалар йўқлиги сабабли бир нечта ходим ишсиз қолди.
Муассислар вазият ижобий томонга ўзгаришини кутаётганликлари сабабли ишчилар сонини қисқартириш ёки фирмани ёпишни истамаяптилар. Директорга ишчилар билан суҳбатлашиб, уларни 3 ойга иш ҳақи сақланмайдиган таътил олишни сўраб ариза ёзишга кўндиришни топширдилар. Ишчиларнинг бир қисми бунга рози бўлди. Бошқалари эса рози бўлмай, бекор туриб қолганликлари учун компенсация тўлашни талаб қилишди. Улардан шу тарзда таътил учун ариза ёзишни талаб қилиш қонунийми? Ишчилар таътилга чиқишни узил-кесил рад этса, иш берувчи қандай йўл тутиши керак?
– Раҳбариятнинг иш ҳақи сақланмайдиган таътилга ихтиёрий равишда чиқишни таклиф этиши қонунбузарликка кирмайди. Ишчилар бу таклифни қабул қилиб, ариза ёзишлари мумкин.Бироқ директор уларни бунга мажбурлашга ҳақли эмас. Бунинг учун унга МЖТК 49-м. асосида жарима солишлари мумкин.
Ишчилар таътилга чиқишдан бош тортганда иш берувчи қуйидаги вариантлардан бирини қўллаши мумкин:
  • ишлаб чиқариш зарурияти муносабати билан уларни бошқа ишга ўтказиши. Бунда ишлаб чиқариш зарурияти деб ҳисобланадиган ҳолатлар рўйхати жамоа шартномасида кўрсатилиши, у тузилмаган бўлса – ходимларнинг вакиллик органи билан келишиб, алоҳида локал ҳужжат билан белгиланиши керак;
  • бекор туриб қолинган вақтда ходимларга ўртача иш ҳақини тўлаши.
Икки ҳафталик иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиш вақтини йиллик асосий таътилни олиш ҳуқуқини берувчи иш стажига қўшинг. Ундан кўп муддатни меҳнат ёки жамоа шартномасида ёхуд бошқа локал ҳужжатда назарда тутилган ҳоллардагина ҳисобга олинг.
Вазият
Ходим иш йили давомида бир неча бор иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлган.
Уларнинг умумий муддати 25 кунни ташкил этган. Корхонанинг локал ҳужжатларида 2 ҳафтадан кўп муддатга олинган иш ҳақи сақланмайдиган таътил иш стажига киритиш учун ҳисобга олиниши айтилмаган. Бундай ҳолатда 25 кун йиллик таътил учун стажга қўшиладими?Иш йили иш ҳақи сақланмайдиган таътилда бўлиш кунлари сонига узайтириладими?
– Меҳнат таътилини бериш учун иш стажига фақат 2 ҳафталик иш ҳақи сақланмайдиган таътилни киритинг. Қолган 11 кунни (25 – 14) киритманг.
Иш йилини иш стажига киритилмаган иш ҳақи сақланмайдиган таътил кунлари сонига, мазкур ҳолатда – 11 кунга узайтиринг.

Ҳужжатларни расмийлаштириш

Иш ҳақи сақланмайдиган таътилни ходимнинг ёзма аризаси асосида буйруқ билан расмийлаштиринг. Оғзаки мурожаат асосида буйруқ чиқарманг.

Таътил сўраш сабабини аниқлаштиришни унутманг. Уни узрли деб ҳисобламасангиз ёки ходимга таътил беришга имконингиз бўлмаса, уни расмийлаштиришни рад этишингиз мумкин. Бундай таътил берилиши кафолатланган шахслар тоифасига кирадиган ходимлар бундан мустасно.

Таътилга чиқиш сабабларини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилинг.

Масалан:

● I ёки II гуруҳ ногиронидан, шунингдек 16 ёшгача ногирон фарзанди бўлган аёлдан – ногиронлик ҳақидаги тиббий хулосани;

● 2 ёшдан 3 ёшгача фарзанди бўлган, уни парваришлаш учун таътил сўраган аёлдан ёхуд 12 ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ болали аёлдан – боланинг (болаларнинг) туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини;

● ОТМга кираётган ходимдан – ОТМ қабул комиссияси томонидан берилган ҳужжатни;

● имтиҳонларни топшириш, диплом ишини тайёрлаш ва ҳ.к. учун таътил бераётганда – ходим ҳақиқатан мазкур ўқув муассасасида таҳсил олиши ҳақидаги ОТМ маълумотномасини.

Ҳужжатларнинг нусхасини шахсий йиғмажилдга тикиб қўйинг. Ҳужжатлар тақдим этилмаганда таътил беришни рад этинг.