Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Ҳарбий хизматга чақирилган ходимни ишдан бўшатиш
Ходим ҳарбий хизматга чақирилди. У кадрлар бўлимига бу ҳақдаги ҳужжатларни тақдим этди. Бунга жавобан раҳбар унга «ўз хоҳишига кўра» ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишни таклиф қилди. Шундай қилиш тўғрими?
– Йўқ, ходимни «ўз хоҳишига кўра» ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзишга мажбурлаш – қонунга зид. Ходим шундай қилишга ҳақли, бироқ мажбур эмас.
Бу ҳолда тарафлар ихтиёрига боғлиқ бўлмаган ҳолат – ходимнинг ҳарбий хизматга чақирилиши меҳнат шартномасини бекор қилиш учун асос ҳисобланади, бунда ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақасини тўлаш назарда тутилади .
Ходим ҳарбий хизматга чақирилган бўлса, у мазкур ҳолат юзасидан ҳеч қандай ариза ёзиши керак эмас. Мудофаа ишлари бўйича ҳудудий бўлимнинг чақирув қоғози асосида меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ расмийлаштирилади.
Ҳарбий хизматга чақирилган, лекин кейинчалик резервга бўшатилган ёки истеъфога чиққан ходим, агар унинг ҳарбий хизматга чақирилган кунидан бошлаб 3 ойдан ортиқ вақт ўтмаган бўлса, аввалги иш жойига (лавозимига) қайтиб келиш ҳуқуқига эга .