Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Суд ишдан бўшатилган ходимни ишга қайта тикласа
Собиқ ходим ишдан бўшатишни ноқонуний деб ҳисоблаб, уни аввалги ишига қайтариш учун судга мурожаат қилди. Суд даъвони қаноатлантирди. Бу вазиятда иш берувчи нима қилиши кераклигини "Норма" эксперти, ҳуқуқшунос Ленара Ҳикматова тушунтиради:
Қарор кучга кирмаган бўлса, уни ижро этиш керакми?
– "Одатда, суд ходим фойдасига қарор чиқаргандан сўнг кўпчилик иш берувчилар бундан кейин нима қилишни билмайди. Кўпинча улар суд қарори ҳали кучга кирмаганлиги сабабли уни бажариш шарт эмас деб ҳисоблаб, қарорни ижро этишмайди. Бу нотўғри.
Албатта, агар иш берувчи биринчи инстанция судининг қароридан норози бўлса, ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида апелляция шикояти (протести) бериши мумкин . Умумий қоидаларга кўра суднинг ҳал қилув қарори, агар унинг устидан шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, апелляция шикояти (протести) бериш муддати ўтганидан кейин қонуний кучга киради. Ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда, ҳал қилув қарори ишни апелляция инстанцияси суди кўриб чиққанидан кейин қонуний кучга киради . Аммо, бу қоидадан истиснолар мавжуд.
Суднинг айрим қарорлари дарҳол ижро этилиши лозим ФПК 266-м. Улар орасида меҳнат шартномаси ноқонуний равишда бекор қилинган ходимни ишга қайта тиклаш тўғрисидаги қарор ҳам бор. Бунда, агар иш берувчи бундай қарорнинг бажарилишини кечиктирса, суд уни ижро кечиктирилган барча вақт учун ходимга ўртача иш ҳақи тўлашга мажбур қилади .
Шу тариқа, агар суд ходимни аввалги ишига тиклаган бўлса, ташкилот ушбу қарорни қуйидагилардан қатъий назар дарҳол бажариши шарт:
- иш берувчи бунга рози бўладими ёки йўқми;
- кучга кирдими ёки йўқми;
- шикоят қилинадими-йўқми.
Қарор бор ва у ижро этилиши керак.
Қарорда ижро этиш муддати кўрсатилмаган бўлса, уни дарҳол ижро этиш керакми?
ФПКнинг 255-моддасига кўра, суд ҳал қилув қарори дарҳол ижро этилишини зарур деб топган ҳолларда, бу ҳақда ҳал қилув қарорида кўрсатилади. Аммо, баъзида суд буни қилмайди. Бироқ, ҳар қандай ҳолатда иш берувчи суднинг ишдан бўшатилган ходимни дарҳол тиклаш тўғрисидаги қарорига риоя қилиши шарт, чунки бу тўғридан-тўғри норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан белгиланган.
"Дарҳол" сўзини қандай тушуниш керак?
Иш берувчи қарор эълон қилинган куни ходимни ишга қайта тиклаши шартми? Агар у 17.00да эълон қилинган бўлса-чи? Қонун бу саволга жавоб бермайди. Аммо, амалиётга кўра ходим суд қарори қабул қилинган куннинг эртасига иш вазифаларини бажаришга киришади ва иш берувчи унинг ишлашига рухсат беришга мажбур. Яъни, суд қарори қабул қилинганидан кейинги кундан кечиктирмай иш берувчи ходимни иш жойида қайта тиклаш ва у билан меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги буйруқни бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаради.
Агар қарор томонлар қўлига берилмаган бўлса, уни дарҳол бажариш керакми?
Қоида тариқасида, суд қарори эълон қилинган куни томонларга берилмайди. Бу одатда қарор қабул қилинган кундан бошлаб 5 кундан кейин, баъзан эса кейинроқ содир бўлади.
Агар қарор эълон қилишда иш берувчининг вакили иштирок этган бўлса, жавоб битта – ходимни суд қарорини олмасдан ишга тиклаш керак (чунки иш берувчининг вакили буни эшитган).
Агар қарор иш берувчи вакилининг иштирокисиз эълон қилинса (масалан, сиртдан бўлганда), иш берувчи фақат ходимнинг уни қайта тиклаш тўғрисидаги оғзаки баёнотига асосланиши мумкин эмас. Бундай вазиятда ходимдан қарорни тақдим этишни талаб қилиш ёки тегишли суддан олиш керак".
Агар жавобгар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган тақдирда ҳам суд мажлисига келмаса, бунинг узрли сабабларидан хабардор қилмаган ва унинг йўқлигида ишни кўриб чиқишни сўрамаган бўлса, даъвогар эътироз билдирмаса, иш сиртдан кўриб чиқилиши мумкин .Сиртдан қабул қилинган
ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхаси суд мажлисига келмаган тарафга ушбу қарор чиқарилган кундан эътиборан беш кундан кечиктирмай тилхат олиб топширилади ёки почта орқали ёхуд электрон ҳужжат тарзида юборилади .