Меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузган ходимни ишдан бўшатиш тартиби

preview

Тавсияда:

– меҳнат вазифаларини бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий қоидалари;
– ходимни прогул учун ишдан бўшатишга оид йўриқнома.

 

Меҳнат вазифаларини бузганлиги учун меҳнат шартномасини бекор қилишнинг умумий қоидалари

Сиз ходим меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 4-банди бўйича у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга ҳақлисиз. Бу ходимни муқаддам унга нисбатан интизомий жазо қўлланилган ёки қўлланилмаганлигига қарамай, ишдан бўшатиш мумкинлигини англатади.

Мазкур асос бўйича ишдан бўшатишнинг асосий шарти Ички меҳнат тартиби қоидаларида (ИМТҚ) меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати берилиши ҳисобланади. Ҳар бир ташкилот бундай рўйхатни ўз фаолиятига хос хусусиятлардан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқади.

Корхона раҳбарига келсак, бундай рўйхатни унинг корхона мулкдори (ваколат берилган орган) билан тузилган меҳнат шартномасига киритинг. Шунингдек, айрим тоифадаги ходимлар (хусусан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари) истисно этилади, улар бундай асос бўйича бошқа ҳужжатлар (интизом тўғрисидаги низомлар ва ҳ.к.) қўлланилган ҳолда ишдан бўшатилиши мумкин.

ИМТҚни Идоравий мансублиги, мулкчилик ва хўжалик юритиш шаклларидан қатъий назар, корхона, муассаса, ташкилот ички меҳнат тартибининг намунавий қоидаларига асосан ишлаб чиқинг . Уни қуйидаги тартибда расмийлаштиринг:

  • касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи (кейинги ўринларда – касаба уюшмаси қўмитаси) билан келишган ҳолда;
  • ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тасдиқлаш орқали (касаба уюшмаси қўмитаси билан келишилганидан кейин) .

Шу тариқа, Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 4-бандига кўра қуйидаги ҳолатларда ходимни ишдан бўшатиш мумкин эмас:

  • корхонада ИМТҚ мавжуд бўлмаганда;
  • қонунда белгиланган ИМТҚни тасдиқлаш тартиби (касаба уюшмаси қўмитаси билан келишиш ва ташкилот раҳбарининг буйруғи билан тасдиқлаш) бузилганда;
  • ИМТҚ мавжуд бўлиб, бироқ уларда ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхати берилмаганда .

Акс ҳолда суд ходим ишдан бўшатилишини ноқонуний деб эътироф этиши ва сизга ишдан бўшатиш орқали етказилган зарарни қоплаш мажбуриятини юклаган ҳолда ходимни ишга тиклаши мумкин.

Эътибор беринг
ИМТҚни келишиш учун фақат касаба уюшмаси раисининг розилигини олиш етарли бўлмайди. Касаба уюшмаси қўмитаси – коллегиал орган бўлиб, қарор унинг кўпчилик аъзолари овоз бериши орқали қабул қилинади ва баённома билан расмийлаштирилади. Касаба уюшмаси қўмитасининг ижобий қарори билан баённома иш берувчи томонидан ИМТҚни тасдиқлаш учун асос бўлади. Келишиш баённомаси санаси ва рақамини ИМТҚнинг титул варағида қайд этинг.

Ички меҳнат тартиби қоидаларига киритиш мумкин бўлган меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари:

  • ижро интизомини бузиш (иш берувчининг фармойишлари ва топшириқларида белгиланган вазифалар ўз вақтида ва тўлиқ бажарилмаганда);
  • иш куни давомида узлуксиз ёки жамланган ҳолда белгиланган соатдан ортиқ бўлган прогул (узрли сабабларсиз ишга чиқмаслик);
  • ишга алкоголь, наркотик ёки токсик моддалар таъсирида келиш ва бу ҳолат гувоҳларнинг кўрсатмалари ёки тиббий хулоса билан тасдиқланганда;
  • иш жойида корхона мол-мулкини ўғирлаш ва бу ҳолат гувоҳлар томонидан тасдиқланганда;
  • тарбияловчи вазифасини бажарадиган ходим томонидан аҳлоқсиз хатти-ҳаракатлар содир этилганда ва у ишини давом эттиришига номувофиқ бўлганда;
  • техника хавфсизлиги, ишлаб чиқариш технологияси қоидалари қўпол равишда бузилганда ва бу корхонадаги ходимларнинг, шу жумладан қоидабузарнинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғдирганда;
  • ходим томонидан меҳнат вазифалари бузилганда ва бу ҳолат белгиланган суммадан ортиқча моддий зарар етказилишига сабаб бўлганда;
  • ходим билан тузилган меҳнат шартномасида сирни ошкор қилмаслик шарти белгиланган бўлишига қарамай, ходим томонидан тижорат сири ошкор этилганда;
  • бевосита пул ёки товар қимматликлари билан муомала қилувчи ходим ножўя хатти-ҳаракат содир этганда, ушбу хатти-ҳаракатлар иш берувчининг унга бўлган ишончининг йўқотилиши учун асос бўлган тақдирда.

Ташкилот фаолиятининг ўзига хос хусусиятига қараб бошқа турдаги қоидабузарлик ҳолатларини ҳам киритишингиз мумкин.

Вазият
Ходим узрли сабабларсиз ишга келмаган
Ходим ишга 2 соат кечиккан. У тушунтириш хатини ёзган, бироқ маъмурият кўрсатилган сабабларни узрли деб топмаган ва меҳнат шартномасини бекор қилишни таклиф қилган.
Бундай хатти-ҳаракат учун иш берувчи ходимни ишдан бўшатишга ҳақлими?
– Ҳаммаси ташкилотда тасдиқланган ИМТҚга боғлиқ. Агар узрли сабабларсиз ишга кечикиб келиш ҳолати меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхатига киритилган бўлса, ушбу хатти-ҳаракат қонуний бўлади. Бунда ИМТҚда ходим узрли сабабларсиз ишга келмаган айнан қайси давр прогул ҳисобланиши белгиланиши лозим: бутун иш куними ёки белгиланган муайян соатларми – икки, уч соат ва ҳ.к. Икки соат давомида узрли сабабларсиз ходимнинг иш жойида бўлмаганлиги ишдан бўшатилишига олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларнинг рўйхатига киритилмаган бўлса, иш берувчи ходимга нисбатан бошқа интизомий ундирув чорасини қўллашга ҳақли. Масалан, ҳайфсан ёки жарима белгиланиши мумкин .

Айбдор ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ножўя хатти-ҳаракат аниқлангандан бошлаб, ходимнинг касал ёки таътилда бўлган вақтини ҳисобга олмасдан, узоғи билан бир ой ичида бекор қилинг.  

Мисол
Ходимнинг маст ҳолатда ишга келиши
11 июнь куни участка бошлиғи томонидан ходим иш жойида маст ҳолатда бўлганлиги аниқланган ва бу ҳақда далолатнома тузилган. Ходимнинг тушунтиришларига қарамай, иш берувчи уни ишдан бўшатиш ҳақида қарор қабул қилди.
Мазкур ҳолатда Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 4-бандига кўра меҳнат шартномаси 11 июлга қадар, яъни бир ойдан кечиктирмасдан бекор қилиниши лозим эди. Бироқ, 13 июнь куни ходим оёғини синдириб олди ва касаллик варақасини расмийлаштирди, ушбу варақа 11 июлга келиб ҳали ёпилмаган эди.
Иш берувчи ишдан бўшатиш учун белгилаган муддат бир ойдан ошиб кетганлигига қарамай, ходимни ишдан бўшатиш касаллик давридан кейинга қолдирилади.

Ножўя хатти-ҳаракат ҳақида корхона раҳбарига, унинг ўринбосарига ёки таркибий бўлим раҳбарига ёхуд ходим бўйсунадиган бошқа раҳбарга маълум бўлган кун бир ойлик муддатни ҳисоблашни бошлаш учун асос бўлувчи ножўя хатти-ҳаракат аниқланган кун ҳисобланади. Дарвоқе, ушбу мансабдор шахс интизомий жазо бериш ҳуқуқига эга бўлиш-бўлмаслиги муҳим эмас .

Ножўя хатти-ҳаракат содир этилган кундан бошлаб 6 ой ўтганидан кейин жазони қўллаб бўлмайди. Молия-хўжалик фаолиятини тафтиш этиш ёки текшириш натижасида аниқланганда эса - содир этилган кундан бошлаб 2 йил ўтганидан кейин қўллаб бўлмайди .

Ходимни прогул учун ишдан бўшатишга доир қадамма-қадам йўриқнома 

1-қадам. Прогул далилини ҳужжатлар билан тасдиқланг. Прогулни иш вақтини ҳисобга олиш табелида қайд этинг. Ходим иш жойида бўлмаганлиги тўғрисида далолатнома тузинг ҳамда уни икки ва ундан ортиқ гувоҳларга имзолатинг.

Ишга келмаган ходимнинг бевосита раҳбари бўлса, ундан ташкилот раҳбари номига тузилган ҳисобот хатини (далолатнома билан бирга ёки унинг ўрнига) олинг. Унда қўл остидаги ходим ишга келмаганлиги маълум қилиниши ва уни излаб топиш учун кўрилган чораларни (уй ва мобиль телефон рақамларига амалга оширилган қўнғироқлар, уй манзилига бориш ва ҳ.к.) санаб ўтилиши лозим. Далолатномада ва ҳисобот хатида ходим ишда бўлмаган вақтни аниқ (соат ва дақиқаларда) кўрсатинг.

Ходим ишга узоқ муддат мобайнида келмаган тақдирда, унинг уй манзилига билдириш хати юборинг. Билдириш хатида ишга келмаганлиги сабабини тушунтириб беришини сўранг. Бу буюртма хат бўлиши ва уни олганлиги тўғрисида хабарнома билан бирга юборилиши керак. Уни ташкилот хатлари учун мўлжалланган бланкада расмийлаштиринг. Почта хабарномаси келгандан кейин жавобни кутинг (икки ҳафта етарли бўлади). Жавоб келмаган, ходим эса ишхонага ташриф буюрмаган тақдирда, тушунтиришлар берилмаганлиги ҳақида далолатнома тузинг ҳамда уни икки ва ундан ортиқ гувоҳларга имзолатинг.

2-қадам. Ходим прогулдан кейин ишга чиққанида ундан ишга келмаганлиги сабабларини ёзма тарзда баён қилишини сўранг. Агар ходим тушунтириш хатини ёзишдан бош тортса, бу ҳақда далолатнома тузинг.

3-қадам.  Касаба уюшмаси қўмитасининг меҳнат шартномасини бекор қилиш бўйича розилигини олинг. Буни қандай амалга ошириш кераклигини  «Иш берувчининг ташаббусига кўра ишдан бўшатишнинг ўзига хос жиҳатлари»да қаранг.

4-қадам. Меҳнат шартномаси бекор қилиниши тўғрисида ходимни камида 3 кун олдин огоҳлантиринг (буни кейинчалик тасдиқлаш учун ёзма равишда амалга оширганингиз маъқул) ёки огоҳлантириш муддати ўрнига унга мутаносиб пуллик компенсация тўланг .

5-қадам. Ходим ишда бўлмаганлиги юзасидан узрли сабабларни келтирмаган бўлса, меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисида буйруқ чиқаринг. Буйруқда ишдан бўшатиш учун асос бўлган сабабларни кўрсатинг. Охирги иш кунида меҳнат шартномаси бекор қилинишини ЯММТда рўйхатдан ўтказинг, ходимга ишдан бўшатиш тўғрисидаги ёзув қайд этилган қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасини (мавжуд бўлган тақдирда), ишдан бўшатилиши тўғрисидаги буйруқ нусхасини беринг ва ходим билан ҳисоб-китоб қилинг . Батафсил «Ишдан бўшатишни расмийлаштиришнинг умумий тартиби»да қаранг.

Эътибор беринг

Ходимнинг қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасида ишдан бўшатиш учун асосни кўрсатманг. Бу амалдаги қонун ҳужжатларида тақиқланган. Акс ҳолда сиз аввалги ёзув ҳақиқий эмаслиги ҳақидаги бошқа ёзувни киритишга мажбур бўласиз.

Қуйидаги ёзув тўғри бўлади: «Меҳнат шартномаси бекор қилинди».

Қуйидаги ёзувлар киритилиши мумкин эмас:

  • «Прогул учун меҳнат шартномаси бекор қилинди»;
  • «Ходим ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги учун меҳнат шартномаси бекор қилинди»;
  • «Меҳнат кодексининг 100-модда 2-қисм 4-бандига кўра меҳнат шартномаси бекор қилинди».