Ходим раҳбарга мақбул келмаганда

preview

Ташкилотда ишлайдиган ходим раҳбариятга мақбул келмаяпти. Бунинг устига, унинг феъл-атворидаги нобоп хусусиятлар ҳамкасблари билан можароларга сабаб бўлмоқда. Ходимнинг ишдан бўшаш нияти йўқ. Ходимни қонун ҳужжатларини бузмаган ҳолда, тинч йўл билан ишдан бўшатиш мумкинми?

 

– Қонун ҳужжатларида «номақбул» тушунчаси белгиланмаган. Шунингдек ишдан бўшатишда «ҳамкасбларига ёқмаяпти», «раҳбариятга мақбул эмас» деган асослар ўтмайди. Бундай ҳолатда, одатда, субъектив ва объектив муносабатлар чегараси белгилаб олиниши шарт, фақат қонунга кўра – МКда назарда тутилган асослар доирасидагина иш тутиш лозим.

Ходимнинг шахсий сифатлари меҳнат вазифаларини бажаришга халал берадиган бўлса ёки феъл-атвори меҳнат интизоми бузилишига олиб келса, фақат Меҳнат кодексида назарда тутилган асослар бўйича уни ишдан бўшатиш тўғрисида қарор қабул қилиш мумкин. Қайси босқичда қандай асослар қўлланилиши мумкинлигини кўриб чиқамиз.

 

1. Дастлабки синов  

Ходимга дастлабки синов белгиланганда, синов натижаси қониқарсиз бўлганлиги муносабати билан синов муддати тугагунга қадар ходим билан тузилган меҳнат шартномасини МКнинг 87-моддасига кўра бекор қилиш мумкин. Бироқ бу ҳолат аниқ далиллар билан тасдиқланиши лозим. «Синовдан ўта олмади» деган сабабни кўрсатишнинг ўзи ишдан бўшатишга буйруқ чиқариш учун етарли бўлмайди. Ходимнинг иш сифати пастлигидан далолат берувчи материаллар келтирилиши шарт.

 

2. Ходимга белгиланган дастлабки синов тугаганда

Синов муддати тугаган тақдирда, ходим билан тузилган меҳнат шартномаси фақат МКнинг 100-моддаси 2-қисми 2, 3 ва 4-бандларига асосан бекор қилиниши мумкин:

  • 2-б. – ходимнинг малакаси етарли бўлмаганлиги сабабли бажараётган ишига нолойиқ бўлиб қолиши.

Ушбу банд бўйича ишдан бўшатиш учун ходим меҳнат шартномасига мувофиқ бажариши лозим бўлган ишни уддалай олмаётганлиги исботлаб берилиши лозим .

Аттестация натижалари, якун чиқарилган материаллар, текширувлар далолатномалари, яроқсиз маҳсулот чиқарилганлиги тўғрисида далолатномалар, бевосита раҳбарнинг иш ҳажми, белгиланган ишлаб чиқариш меъёри бажарилмаганлиги ҳақидаги маълумоти, ҳисоботлари, мижозларнинг ариза ва шикоятлари ҳамда бошқа ҳужжатлар тасдиқловчи далиллар бўлиши мумкин;

  • 3-б. – ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини мунтазам равишда бузганлиги.

Мазкур асосга кўра аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилган ёхуд унга нисбатан таъсир чоралари қўлланилган кундан эътиборан бир йил мобайнида такроран интизомга хилоф ножўя хатти-ҳаракат содир қилган ходимни ишдан бўшатиш мумкин.

Ушбу банд бўйича ишдан бўшатиш учун аввал меҳнат вазифаларини бузганлиги учун ходим интизомий ёки моддий жавобгарликка тортилганлиги ёхуд унга нисбатан таъсир чоралари қўлланилганлиги ҳақидаги буйруқ асос бўлади;

  • 4-б. – ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузганлиги.

Мазкур асосга кўра иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилишга олиб келиши мумкин бўлган меҳнат вазифаларини бир марта қўпол равишда бузишларга йўл қўйган ходимни ишдан бўшатишга ҳақли. Бундай рўйхат қуйидаги ҳужжатлар билан белгиланади:

a) ички меҳнат тартиби қоидалари (ИМТҚ);

b) корхона мулкдори билан корхона раҳбари ўртасида тузилган меҳнат шартномаси;

c) айрим тоифадаги ходимларга нисбатан қўлланиладиган интизом ҳақидаги низом ва уставлар.

Меҳнат вазифаларини қўпол равишда бузиш ҳолатлари рўйхати:

1. Корхона мол-мулки, буюмлар, товарлар ёки молиявий маблағлар ўғирланиши.

2. Ишга алкоголь, наркотик ёки токсик моддалар таъсирида келиш.

3. Техника хавфсизлиги қоидалари бузилиши.

4. Ходим томонидан ишини давом эттиришига номувофиқ бўлган аҳлоқсиз хатти-ҳаракатлар содир этилиши.

5. Ходимнинг меҳнат вазифаларига эҳтиётсизлик ва  совуққонли билан ёндашиши ва бу ҳолат корхона мол-мулкининг йўқолишига, яроқсиз ҳолга келишига сабаб бўлиши.

6. Корхона ходимига таҳдид қилиш ёки унга нисбатан жисмоний куч ишлатиш.

7. Прогул, шу жумладан иш куни мобайнида узрли сабабларсиз муайян вақт давомида ишда бўлмаслик.

8. Меҳнат вазифаларининг бузилиши ва бу молиявий интизомнинг, бошқа ходимлар меҳнат ҳуқуқларининг жиддий равишда бузилишига, ишлаб чиқаришда авариялар содир бўлишига, моддий зарар етказилишига ёки узоқ вақт бекор туриб қолишга олиб келиши мумкин бўлганда ёки шундай ҳолатга олиб келганда.

9. Меҳнат шартномасида сир сақланиши келишилган тижорат сири ёки махфий ахборотнинг ошкор этилиши.

10. Бевосита раҳбар, кадрлар бўлими бошлиғи, корхона раҳбарининг лавозим мажбуриятлари доирасида қонуний талабига бўйсунмаслик ва бошқа ҳолатлар.

Ушбу рўйхат тўлиқ эмас. Ҳар бир ташкилот фаолиятининг ўзига хос жиҳатларига қараб бундай рўйхатни мустақил белгилашга ҳамда унга лозим деб топган қоидабузарлик ҳолатларини киритишга ҳақли.

Ходимнинг ўз меҳнат вазифаларини бузиши қўпол тусга эгалиги ёки эга эмаслиги масаласи ҳар бир муайян ҳолда содир қилинган ножўя ҳаракатнинг оғир-енгиллигига ҳамда бундай бузиш туфайли келиб чиққан ёки келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларга қараб ҳал этилади.

Эътибор беринг
Юқоридаги асосларга кўра меҳнат шартномасини бекор қилишда ушбу таомилни тўғри расмийлаштириш муҳим: ходимни ишдан бўшатилиши ҳақида огоҳлантириш, жамоа шартномаси ёки келишувида ходимлар вакиллик органининг розилигини олиш назарда тутилган бўлса, шундай қилиш лозим (МКнинг 87-моддасига кўра ишдан бўшатиш ҳолатлар бундан мустасно).

Ходимни ишдан бўшатишнинг яна бир мақбул варианти – ходимга МКнинг 97-моддаси  1-қисми бўйича тарафларнинг келишувига биноан ишдан кетишни таклиф этиш. Мазкур ҳолатда ишдан бўшатиш учун асос – тарафларнинг ҳақиқатдан меҳнат муносабатларини бекор қилишга доир ўзаро келишуви .

Мазкур ҳолатда ходим ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшаш тўғрисида ариза тақдим этмайди. Бунинг ўрнига ходим билан иш берувчи ўртасида меҳнат муносабатларини бекор қилиш тўғрисида ёзма келишув тузилади. Унда корхонанинг молиявий ҳолатидан келиб чиқиб ишдан бўшатишда фойдали таклифлар назарда тутилиши мумкин. Масалан, – меҳнат шартномаси бекор қилинганидан кейин ходимни моддий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун қўшимча тўловлар.

Ходимга ўз ихтиёрига кўра ишдан бўшашни таклиф қилиш (уни кўндиришга уриниш, босим ўтказиш) мумкин эмас. Меҳнат шартномасини бекор қилишга фақат ходимнинг ёзма аризаси асос бўлиб, у ҳақиқатдан унинг меҳнат муносабатларини бекор қилиш тўғрисидаги хоҳиш-истагини намоён этиши лозим .

Валерия ЛЯНДРЕС, «Норма» компанияси эксперти,

Ленара ХИКМАТОВА, «Норма» компанияси эксперти.

Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш Меҳнат шартномасини бекор қилиш /uz/publish/doc/text180410_hodim_rahbarga_maqbul_kelmaganda