Ходим билан тузилган муддатсиз меҳнат шартномасини муддатлисига ўзгартириш

preview

«Номуайян муддатга ишга қабул қилинган мутахассис муассисларнинг умумий йиғилиши қарори билан бош директор лавозимига ўтказилмоқда. Бироқ корхонанинг ички ҳужжатларига мувофиқ директор билан тузилган меҳнат шартномаси ҳар йили қайтадан тузилиши лозим. Бу МКнинг 75-моддаси нормаларига зид бўлмайдими?».

Саволга «Норма» компанияси эксперти Валерия ЛЯНДРЕС жавоб берди:

 

– Йўқ, мазкур ҳолатда ходим бошқа ишга ўтказилишига қарши бўлмаса, зиддиятлар келиб чиқмайди. Айнан корхона раҳбарлари (директорлар) билан МКнинг 76-моддасига мувофиқ бирор-бир қўшимча асослар ва сабабларсиз муддатли меҳнат шартномалари тузилиши мумкин. Бироқ аввалбошдан мутахассис билан меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилганлигини ҳисобга олиб, уни бир томонлама тартибда муайян муддатга қайта тузиш мумкин эмас. Ходимнинг розилигини олиш лозим .

Ходимга директор бўлиб ишлайдиган шартларни тушунтиринг. Унинг розилиги билан:

1) лавозим ва меҳнат шартномасининг амал қилиш муддатини ўзгартирган ҳолда бошқа ишга ўтказишни расмийлаштириш мумкин,

ёки

2) аввалги лавозими бўйича ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш ва янги лавозими бўйича янги шартномани тузиш мумкин.

Бунда ходимга у ёки бу вариантда қайта расмийлаштириш жиҳатларини батафсил тушунтиринг.

 

Амалдаги шартнома муддатини ўзгартирадиган бўлсангиз

Мазкур ҳолатда амалдаги меҳнат шартномасига қўшимча битимни тузинг. Ходимнинг қўшимча битимдаги имзоси унинг бошқа ишга ўтишга ва меҳнат шартлари ўзгаришига розилигини англатади.

Кўриб чиқилаётган вазиятда мутахассис директор этиб тайинланаётганлиги сабабли унинг шартномасидаги кўпгина шартлар ўзгариши мумкин: лавозим (мутахассислик) номи, ҳуқуқ ва мажбуриятлар, меҳнат ҳақи, таътил давомийлиги ва ҳ.к. Шу боисдан қўшимча келишувни тузишга жиддий ёндошиб, унга дастлабки шартнома матнига нисбатан барча ўзгартирилаётган жиҳатларни киритишни тавсия этамиз.

Меҳнат шартномасида тузатишлар кўп бўлмаса, унинг янги таҳририда фақат тегишли бандларни баён қилинг. Битимда меҳнат шартномаси тузатишларни ҳисобга олган ҳолда қўлланилишини кўрсатинг.

Қўшимча битимга ҳамда муассислар йиғилишининг баённомасига асосан бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги буйруқни расмийлаштиринг.

Қўшимча битим тузилганда ходимда жорий давр учун таътилдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Ходим билан ҳисоб-китоб амалга оширилмайди ҳамда фойдаланилмаган меҳнат таътили учун пуллик компенсация тўланмайди. Таътил тақдим этиладиган иш даври ўзгармайди, ходим иш даври мобайнида таътил олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Бироқ, янги лавозимга ўтказишдан кейинги барча таътилларга янги маош бўйича пул тўланади  

Аввалги шартномани бекор қилиб, янгисини тузадиган бўлсангиз

Мазкур ҳолатда меҳнат шартномаси тарафларнинг келишувига кўра бекор қилинади .

Ходим билан тўлиқ ҳисоб-китоб қилинг ҳамда аввалги маоши бўйича фойдаланилмаган таътил кунлари учун компенсация тўланг. Янги шартлар белгиланган янги меҳнат шартномаси тузилгандан кейин ходим (директор) янгидан ишга қабул қилинган ҳисобланади. Унда йиллик таътил олиш ҳуқуқи, агар ташкилотнинг ички ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, 6 ой ишлаганидан кейин пайдо бўлади .

 

Меҳнат дафтарчаси

Фойдаланилаётган вариантга қараб қоғоз шаклидаги меҳнат дафтарчасига ва ЯММТ тизимига турли ўзгартиришларни киритишга тўғри келади:

Биринчи ҳолатда – янги лавозимга тааллуқли қисмида меҳнат шартномасига ўзгартиришлар ва бунга тегишли батафсил маълумотларни киритинг. Ўзгартиришлар ЯММТга киритилганидан кейин электрон меҳнат дафтарчаси ҳам автоматик тарзда ўзгаради.

Иккинчи ҳолатда аввал мутахассис билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинганлигини, сўнгра (кейинги куни) янги меҳнат шартлари белгиланган ҳолда директор лавозимига янги меҳнат шартномаси тузилганлигини рўйхатдан ўтказинг.


Бошқа ишга ўтиш, ўриндошлик Бошқа ишга ўтиш, ўриндошлик Бошқа ишга ўтиш, ўриндошлик /uz/publish/doc/text180972_hodim_bilan_tuzilgan_muddatsiz_mehnat_shartnomasini_muddatlisiga_uzgartirish