Биринчи таътилни олти ой ишламасдан ким олиши мумкин

preview

Меҳнат кодексининг 143-моддасига кўра, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Ходимларнинг қайси тоифалари 6 ойлик муддатга риоя қилишлари шарт эмас?

Kadrovik.uz  тушунтиради:

 

– Умумий қоидага кўра, йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун олти ой ишлангандан кейин берилади. Иккинчи ва кейинги иш йиллари учун уни таътиллар жадвалига мувофиқ исталган вақтда олиш мумкин . Бу кафолатлар барча учун назарда тутилган. 

Бироқ, таътил ходимларнинг хоҳиши бўйича биринчи иш йили учун олти ой  ишламасдан олдин мажбурий тартибда бериладиган тоифа мавжуд. Булар: 

  • аёллар — ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин;
  • I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар;
  • ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
  • муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчилар;
  • ўриндошлик асосида ишлаётганлар — асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда, ўриндошлик асосида ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда;
  • ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда умумий таълим мактабларида, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларида ўқиётганларга, агар улар ўзларининг йиллик таътилларини имтиҳонлар, синовлар (зачётлар) топшириш, диплом, курс, лаборатория ва бошқа ўқув ишларини бажариш вақтига тўғрилаб олишни хоҳласалар;
  • технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки ишлар хусусияти ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ходимлар ;
  • мактаблар, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртлари, кадрларнинг малакасини ошириш, уларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш институтлари ва курсларининг муаллимлар таркибига биринчи иш йилида йиллик таътил уларнинг мазкур ўқув юртига ишга кирган вақтидан қатъи назар ҳақиқий ишлаган вақтига мутаносиб равишда ҳақ тўлаган ҳолда ёзги таътил даврида тўлиқ берилади.

 

Бундан ташқари, ишлаётган эркакларга йиллик таътил уларнинг хоҳишларига биноан хотинининг ҳомиладорлик ва туғиш таътили даврида берилади .  

Агар ходим ушбу тоифалардан бирига тегишли бўлса, у 6 ой ишламасдан таътилга чиқиш ҳуқуқига эга. Агар бу рўйхатга киритилмаган бўлса, зарурат бўлганда йиллик асосий таътилни у вақтидан олдин олиши мумкин, фақат бу иш берувчи билан келишилган бўлиши керак.

Бундан ташқари, жамоа шартномаси ёки корхонанинг бошқа локал ҳужжатларида 6 ойлик иш муддати тугагунига қадар таътил бериш тартиби назарда тутилиши мумкин. Қоида тариқасида, бундай ҳужжатда бунга йўл қўйиладиган вазиятларнинг рўйхати кўрсатилади. Агар ходимнинг вазияти ушбу рўйхатга мос келса, иш берувчи таътил тақдим қилишга мажбур бўлади.