Меҳнат шартларини ўзгартириш тартиби

preview

«Фирма директори 5 кунлик иш ҳафтаси ўрнига 40 соатдан иборат 6 кунлик иш ҳафтасини жорий этиб, ходимларнинг иш вақти давомийлигини ўзгартиришга қарор қилди. Ҳуқуқшунос ва кадрлар бўлими бошлиғига тегишли ҳужжатларни тайёрлаш топширилди. Уларни тузишда нималарни ҳисобга олиш керак?».

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

– Иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир . Бунинг учун иш жадвалини ўзгартириш (янги меҳнат шартларини жорий этиш) тўғрисида буйруқ чиқариш керак.

Меҳнат шартлари деганда меҳнат жараёнидаги ижтимоий ва ишлаб чиқариш омилларининг жами тушунилади . Меҳнат кодекси 3 та шундай асосий шартни ажратади: иш вақти давомийлиги, меҳнатга ҳақ тўлаш ва таътил олиш ҳуқуқи.

Шунинг учун, агар директор иш вақти режимини ўзгартиришга қарор қилган бўлса, барча ходимларни  бўлажак ўзгаришлар ҳақида камида икки ой олдин ёзма равишда огоҳлантириб, тилхат олиши шарт. Огоҳлантиришда нафақат ўзгаришларнинг ўзи, балки уларнинг келиб чиқиш сабабларини ҳам тушунтиринг.

Кўриб чиқилаётган вазиятда хабарнома берилган кундан бошлаб 2 ой давомида корхонада 5 кунлик иш ҳафтаси сақланиб туриши керак. Ушбу муддат якунида иш берувчи 6 кунлик иш ҳафтасини жорий этишга ҳақли. Ушбу 2 ой давомида ходимлар янги шартларда ишлашни исташ-истамасликларини ҳал қилишлари мумкин. Бунда ходим меҳнат шартномасини 2 ойлик огоҳлантириш муддати тугашидан олдин бекор қилишга ёки янги шартларни қабул қилишга ҳақли .

Агар ушбу муддатдан кейин ходим меҳнат шартномасига қўшимча келишув имзоламаган бўлса, у билан меҳнат шартномаси у янги меҳнат шартлари асосида ишлашни давом эттиришни рад этганлиги сабабли бекор қилинади.  Бу ҳолда иш берувчи унга ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдорда ишдан бўшатиш нафақаси тўлаб беради .

Агар ходим билан меҳнат шартномаси ушбу асосда бекор қилинган  бўлса, иш қидириш даврида ойлик ишдан бўшатиш нафақасини ҳисобга олган ҳолда ўртача ойлик иш ҳақи сақланади, аммо у 2 ойдан ошмаслиги керак.