Синов муддатининг вақт чегараси

preview
Эътибор беринг
Тушунтириш 2023 йил 30 апрелдан кучга кирадиган янги МК бўйича тайёрланди.

Ишга қабул қилинаётганда синов муддати 3 ойдан ошиши ёки, масалан, 1 ҳафтани ташкил қилиши мумкинми? Меҳнат кодексида ушбу тартиб-таомил учун қандай вақт чегараси ва қўллаш қоидалари назарда тутилган?

Kadrovik.uz тушунтиради:

 

– Дастлабки синов ташкилотларнинг раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун кўпи билан олти ойга белгиланишига рухсат берилади.

Бошқа ходимлар учун дастлабки синов муддати уч ойдан ошмаслиги керак .

Қонунчиликда  синовнинг минимал муддати  белгиланмаган. У 1 ҳафта, 10 кун, 1 ой ва ҳоказо бўлиши мумкин. Асосийси, юқорида келтирилган қонунчилик билан белгиланган 3 ва 6 ойлик чегарадан ошиб кетмаслик керак.

Эътибор беринг
Вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври ва ходим ҳақиқатда ишда бўлмаган бошқа даврлар дастлабки синов муддатига қўшилмайди . Яъни, янги МК бўйича, ишда йўқлигининг сабаби узрли ёки узрсиз эканлиги аҳамиятга эга эмас. Тегишинча, ҳатто прогул вақтида ҳам синов муддати тўхтатилади.

 

Иш берувчига дастлабки синов нима беради

Дастлабки синов тўғрисидаги келишув меҳнат шартномасининг қўшимча шартларидан биридир .

У ҳақдаги шарт, агар томонлар бу ҳақда келишишган бўлса, меҳнат шартномасининг ўзида кўрсатилади. Айнан меҳнат шартномаси синов муддати билан ишга қабул қилиш ҳақида буйруқ чиқаришга ассос бўлади .

Агар иш берувчи ходимга ишонса, синовни белгиламаса ҳам бўлади. Аммо бу ҳолда иш берувчи синовдан ўтмаган ходимни ишдан бўшатиш учун назарда тутилган меҳнат шартномасини соддалаштирилган тартибда бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум бўлади .

 

Қониқарсиз синов натижалари туфайли ходимни қандай ишдан бўшатиш керак

Иш берувчи:

1) ходимни камида уч кун олдин ёзма шаклда огоҳлантиради.

Бу муддат фақат ходимнинг розилиги билан қисқартирилиши мумкин. Агар синов муддати тугаган бўлса ёхуд ушбу муддат тугашига камида уч кун қолган бўлса ҳамда ходим ёки иш берувчи уч кунлик огоҳлантириш муддатини қисқартиришга ўз розилигини бермаса, уни синовдан ўтмагани учун ишдан бўшатиб бўлмайди.

Меҳнат шартномаси амал қилишда давом этади, иш берувчи уни энди бошқа сабабларга кўра бекор қилиши мумкин;

2) меҳнат шартномасини бекор қилиш ҳақидаги огоҳлантиришда  ходимни синовдан ўтмаган деб эътироф этиш учун асос бўлиб хизмат қилган сабабларни кўрсатади .

 

Дастлабки синов кимларга белгиланмайди  

Қуйидагилар ишга қабул қилинганда дастлабки синов белгиланмайди:

  • ҳомиладор аёл, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган ота (васий);
  • захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун юборилган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар;
  • давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч ой ичида йўлланма бўйича олинган мутахассислиги бўйича ишга кираётган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;
  •   тегишли таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан бир йил ичида биринчи бор ишга кираётганда олинган мутахассислиги бўйича мустақил равишда ишга жойлашаётган умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларининг битирувчилари;
  •  ўзи билан олти ойгача муддатга меҳнат шартномаси тузилаётган ходимлар;
  •   ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар;
  • ишга қайтадан қабул қилинган тақдирда иш берувчи илгари қайси ходимлар билан меҳнат шартномасини алоҳида асослар бўйича бекор қилган бўлса, ўша шахслар;
  •  ишлаб чиқаришда ўқитиш шартномаси бўйича ушбу иш берувчида ўқишни ўтаган ўқувчилар;
  •  жамоа келишувларида, шунингдек жамоа шартномасида ва иш берувчининг ички ҳужжатларида назарда тутилган бошқа ходимлар .
Эътибор беринг
Дастлабки синов фақат ишга қабул қилинаётганда белгиланади. Бошқа ишга ўтказишда ва бошқа иш берувчига вақтинча хизмат сафарига юборилганда ходимга дастлабки синов белгилашга йўл қўйилмайди .

Ленара ХИКМАТОВА

 ҳуқуқшунос, «Норма» эксперти

Ишга қабул қилиш - Ўзбекистонда ишга қабул қилиш тартиби, Ўзбекистон Республикасида ишга жойлашиш ҳақида ҳамма нарса ишга қабул қилиш, ўзбекистонда ишга қабул қилиш, ишга қабул қилиш тартиби Ўзбекистонда ишга ёллаш қандай ишлайди? Бу йерда сиз Ўзбекистон Республикасида ишга қабул қилиш тартиби ҳақида мақолалар билан танишасиз. Ўзбекистонда меҳнат шартномаларини тузиш ва ишга қабул қилиш қоидалари ҳақида ҳамма нарса kadrovik.uz сайтида /uz/publish/doc/text185712_sinov_muddatining_vaqt_chegarasi_qanday1