Октябрь ойида ҳар бир ходим учун фойдали бўлади:
Қоғоз шаклидаги касаллик варақалари яқин орада йўқ бўладими
2022 йил 1 сентябрдан бошлаб вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ҳақидаги ахборот «Тиббиёт ахборот тизими» (mis.ssv.uz) ахборот тизимига киритилмоқда.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг «ITMED» МЧЖ директори ўринбосари Фарҳод АКБАРОВ «Норма» илтимосига кўра махсус kadrovik.uz учун меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини расмийлаштириш яқин орада тўлиқ электрон форматга ўтказилиш-ўтказилмаслиги ҳақида гапириб берди:
– Тиббиёт муассасалари 2667-сон Меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага мувофиқ ишлашда давом этмоқдалар. Бу меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ва маълумотномалар беморларга қоғоз шаклида – қатъий ҳисобот бланкаларида расмийлаштирилиши ва берилишини англатади. Тиббиёт муассасалари зарур миқдорда бланкалар билан таъминланади.
Шу билан бирга ушбу соҳага янгиликлар ҳам киритилган. 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб берилган барча меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ҳақидаги ахборот махсус дастур – касаллик варақаларини «Тиббиёт ахборот тизими» ахборот тизимида рўйхатдан ўтказиш учун модулга киритилмоқда. У қуйидаги ҳужжатлар доирасида ишлаб чиқилган:
- 25.07.2022 йилдаги ПФ-175-сон Фармон – «Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»;
- 14.02.2022 йилдаги ПҚ-128-сон қарор – «Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатларининг самарадорлигини янада ошириш ва давлат молиявий назорати органлари фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида».
Бундай ҳужжатларни беришга ваколатли барча тиббиёт муассасалари ва ҳудудлардаги молия бошқармаларига Молия вазирлиги ва Соғлиқни сақлаш вазирлигининг қўшма хати йўлланган, унда ушбу тизим билан қандай ишлаш тушунтирилган.
Бугун ушбу тиббиёт муассасаларида кун давомида тиббиёт муассасасида расмийлаштирилган барча касаллик варақалари ҳақидаги ахборотни ҳар куни тизимга киритадиган ходим бор.
Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари ҳақидаги ахборот бюджет ташкилотлари ходимларига касаллик варақалари бўйича тўловни автоматик равишда ҳисоблаш, тўлаш ва тўланишини назорат қилиш учун «Тиббиёт ахборот тизими» тизимидан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизимига ва ЎзАСБО дастурига узатилади.
Нобюджет ташкилотлари ходимларига касаллик варақалари бўйича тўловни ташкилот бухгалтерияси ходим қоғоз шаклида тақдим этган касаллик варақасига асосан ҳисоблайди ва тўлайди.
Бунда шуни қайд этаман: тиббиёт муассасалари қоғоз шаклидаги вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик варақасини барча ходимларга – улар бюджет ёки нобюджет ташкилотида ишлашларидан қатъи назар берадилар. Ходимлар ушбу варақаларни иш берувчига тақдим этадилар.
Касаллик варақалари бўйича барча тўловлар меҳнатга лаёқатсизлик варақаларига асосан 1136-сон Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича нафақалар тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ ҳисобланади.
Келгусида меҳнатга лаёқатсизлик варақаларини рўйхатдан ўтказиш учун яратилган модуль касаллик варақаларини қоғоз шаклида расмийлаштириш амалиётидан воз кечиш ва ушбу жараённи тўлиқ электрон кўринишга ўтказиш имконини бериши мумкин. Табиийки, бунда барча иш берувчиларга молиялаштириш шаклидан қатъи назар электрон касаллик варақалари ҳақидаги ахборот билан танишиш имкони берилади. Бироқ ҳозирча бундай қарор қабул қилинмаган.
Олег ГАЕВОЙ тайёрлади.